USD = 8188.33 (+1.38) SUM   EUR = 10057.73 (-139.12) SUM
Тошкент

Буюк тарихни тиклаган ва янги тарих яратган шахс

Дата публикации: 15 01 2018

1.Ўзликни англаш саодати.

Дунё сирларини тадқиқ этувчи олимлар, донишмандлар, файласуфлар ҳаётдаги барча ўзгаришлар, янгиланишлар маълум бир қонуниятлар асосида, сабаб ва оқибатлар натижасида рўй беради, деб эътироф этадилар. Ҳақ гап. Аммо ҳаётда яна бир қонуният борки, ҳаётнинг кескин бурилиш, юксалиш ёки таназзулга юз тутиш нуқталарида, улкан ўзгаришлар жараёнларида улуғ тарих яратилади. Бу тарих бағрида эса буюк шахслар — халқни орқасидан эргаштиришга қодир йўлбошчилар, дунё тамаддунига йўл очиб берадиган буюк алломалар, миллат номини улуғлайдиган қаҳрамонлар бўй кўрсатадилар. Айни пайтда, бу буюк шахслар ўз қудрати билан тарихни янгилайдилар, уни ўзгартирадилар, янги йўлга бошлайдилар. Тарихда мангуликка менгзагулик буюк ишларни амалга оширадилар. Ўлмас мерос қолдирадилар. Тарихда бутун бир давр улар номи билан боғланади. Инсоният тарихида ҳам, халқимиз босиб ўтган ҳаёт йўлларида ҳам бундай жараён билан боғлиқ кўплаб мисолларни келтириш мумкин.


Айтайлик, араблар босқини туфайли қадимги Хоразм маданияти, санъати, илм-фани батамом йўқ қилинганидан кейин, араб тили орқали илм-фанни қайтадан юксалтириш зарурати туғилганда бу соҳада IX асрда тарих саҳнасида Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий пайдо бўлди. У илм-фаннинг математика, алгебра, геометрия, астрономия, география каби соҳаларида буюк кашфиётлар яратди. Бағдод Маъмун академиясини бошқарди ва унинг номини оламга ёйди. Илм-фаннинг келгуси тараққиёти учун янги йўллар очиб берди. Ёки XI асрда ҳаётда илм-фан тараққиётига талаб кучайган пайтида Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби алломалар тарих саҳнасига чиқдилар. Улар минералогия, геология, геодезия, фармакология каби фанларга асос солдилар. Тиб илмини, математика, география, астрономия фанларини тараққий эттириш қонуниятларини яратиб бердилар. Хоразм Маъмун академиясига асос солиб, унинг илм-фан тамаддунидаги беқиёс ролини намоён қилдилар. Илм-фан соҳасида Беруний ва Ибн Сино асри деган атамалар пайдо бўлди.

XIII аср бошларида юртимизда мўғул босқинчиларига қарши кураш авж нуқтасига кўтарилганда халқимиз орасидан мард саркарда Жалолиддин Мангуберди етишиб чиқди. У ўн бир йил давомида кучли давлат барпо этиб, Чингизхон ва унинг қўшинига қақшатқич зарба берди. Жангларда мардлик, қаҳрамонлик кўрсатди. Шу вақт мобайнида кўп халқларни ва давлатларни мўғуллар ҳужумидан ва зулмидан асраб қолди. Шунинг учун дунё олимлари “Унинг тимсолида хоразмшоҳлар ўз жони ва қони эвазига Европани мўғуллар ҳужумидан, унинг тараққиётини таназзул ботқоғидан асраб қолди”, деб эътироф этдилар. Шу туфайли у нафақат юртимизнинг, миллатимизнинг ватанпарварига, балки Осиё халқларининг ҳам қаҳрамонига айланди.

Ёҳуд XIV асрнинг иккинчи ярмида халқимизни, юртимизни мўғуллар зулмидан халос қилиш жараёнида машҳур саркарда Амир Темур тарих майдонига чиқди. У мамлакатимизни босқинчилардан нафақат халос қилди, балки кўплаб ўлкаларни, давлатларни бирлаштириб улкан салтанат яратди. Ўнлаб шаҳарларни дунё маданиятининг марказларига айлантирди. Румликлар, византияликларнинг босқинчилик юришларининг олдини олиб, Европанинг ҳалоскорига айланди. Темурийлар даври тарих саҳнасида мангуга муҳрланди.

Қадимда халқимиз орасидан етишиб чиққан, уни улуғворликларга бошлаган бундай буюк шахслар кўп. Не бахтки, ҳаёт, тақдир халқимизни бугунги кунда ҳам шундай буюк инсонлардан бенасиб қилмади. ХХ аср охирларида юртимиз шўролар ҳукмронлиги остида оғир аҳволга тушган, халқимиз “ўзбеклар иши” деб аталган қатағон туфайли турли азобларга гирифтор қилинган, ҳалол меҳнат билан топган бойликларидан мосуво этилган пайтда мамлакатимиз сиёсат саҳнасида бир улуғ шахс — Ислом Каримов пайдо бўлди.

Тарих унинг зиммасига кўп вазифаларни юклади ва бу вазифаларни Юртбошимиз шараф билан уддалади. Ана шу вазифалардан биринчиси, юртимизни истиқлолга эриштириш эди. Маълумки, мустамлакачилик кишанларидан бирор бир халқ осонликча қутила олмаган. Озодлик, хурлик курашларсиз қўлга киритилмаган. Ислом Каримов томонидан эълон қилинган мустақиллик ҳам халқимизнинг бир асрдан ошиқ вақт мобайнида олиб борган курашларининг натижаси эди. Агар у бошқа бирор иш қилмай фақат юртимизни мустақилликка эриштирган инсон бўлганда ҳам муборак номи халқимиз тарихига мангу муҳрланган бўларди. Лекин у тарих елкасига юклаган яна бир улуғвор вазифани — мамлакатимиз мустақиллигини сақлаб қолиш ва уни кучли давлатга айлантиришдек ишни ҳам муваффақият билан адо этди.

Тарихда мустақилликни сақлаб қолиш, кучли давлат барпо этиш озодликни, эркни қўлга киритишдан кўра ҳам мураккаброқ иш эканлиги ҳаётий ҳақиқат. Агар ҳақиқий истиқлолчи бўлса, озодликка эришиш учун ортидан кўплаб курашчиларни эргаштира олса бас, мақсадига етишиши мумкин. Аммо истиқлолни сақлаш,давлатни мустаҳкамлаш учун Йўлбошчи халқни орқасидан эргаштира оладиган қудратли шахс бўлишидан ташқари иқтисод, сиёсат, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини, шунингдек,халқи қалбини, тарихини, адабиёти, санъати, маданиятини, диний руҳоният оламини мукаммал биладиган етук инсон бўлиши керак. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти ана шу хусусиятларнинг барчасини ўзида жамлаган — Ўзбекистонда истиқлол меъмори, мустақилликнинг оташин ҳимоячиси, буюк давлатнинг асосчиси даражасига кўтарилган шахс эди. Албатта, бир мақола доирасида Биринчи Президент Ислом Каримов феноменига хос барча хусусиятларни таҳлил ва тадқиқ қилиш қийин. Шу сабабли бу мақолада унинг Ватанимиз ва халқимиз тарихини холислик билан ўрганиш, ўтмиш меросини ҳаққоний ёритиш, қадимий обидалар, ёдгорликларни қайта қуриш, тиклаш,аждодларимизнинг илм-фан соҳасидаги улуғвор ютуқлари билан дунё аҳлини таништириш, қадимий шаҳарсозлиқ ва давлатчилик, тарихимизнинг илдизларини очиб бериш,бир сўз билан айтганда, асл тарихимизни тиклаш борасида амалга оширган ишлари хусусида сўз юритамиз.

Маълумки, мустамлакачилик даврида халқимиз, Ватанимиз тарихи яхши ўрганилмас эди. Ўрганилганда ҳам тарихий ҳақиқат нотўғри кўрсатилар, нохолис фикрлар айтиларди. Бунинг сабаби аён эди. Бу хусусда Биринчи Президентимиз бундай деб ёзади. “Шўро даврида ўзбек миллати тарихини бузиб кўрсатишдан, уни чалкаштириб ёритишдан, баъзи саҳифаларини, умуман, кўрсатмасликдан мақсад нима эди? Чор Россиясининг Скобелев деган генерали ўз императорига мурожаат қилиб, шундай деб ёзган эди: “Маҳаллий халқ биз ўйлагандан кўра маданиятли экан. Уларни бўйсундира олмаяпмиз. Бу халқнинг ўтмишда яратилган барча осориатиқаларини, масжиду мадрасаларини, диний китобларини ер билан яксон қилибгина, уларнинг маънавиятини (тарихини) сўндирибгина ўз қанотимиз остига олишимиз мумкин”. Мустамлакачиларнинг мақсади халқимизнинг онгини юксалтириш эмас, уни қуллик занжири остида тутиб туриш, тарихини ҳам, аждодларини ҳам билмайдиган манқурт кимсаларга айлантириш эди. Улар кучларини халқимизни тарихидан ажратишга, ўтмиш меросимизни нотўғри талқин қилишга қаратгандилар. Лекин дунёда одамзот борки, авлод-аждодини, насл-насабини, ўзи туғилиб ўсган юрт, халқ тарихини билишга интилади. Бусиз яшай олмайди. Шу сабабли Ислом Каримов мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб “Модомики, ўз тарихини билган, ундан руҳий қувват оладиган халқни енгиб бўлмас экан, биз ҳаққоний тарихимизни тиклашимиз, халқимизни, миллатимизни ана шу тарих билан қуроллантиришимиз зарур. Халқ қачон халқ бўлади — агарки ўзининг тарихини билса”, дея халқимиз, юртимиз тарихини тиклаш борасидаги мақсадини баён этди. Бу мақсадни амалга оширишга киришди. Бу ишда унинг тарих билан боғлиқ кўплаб мақолалари, асарлари  асосий дастур бўлиб хизмат қилди. Уларда тарихнинг инсоният ва жамият ҳаётидаги роли, аҳамияти бир неча йўналишларда кўрсатиб берилди.

Биринчи йўналиш, бу тарихни, тарихий меросни инсониятнинг ўзлигини англаш йўлида хизмат қилдириш билан боғлиқ эди.

Ҳаётда ҳар бир халқ ва авлод “Биз аслида киммиз?” деган сўроққа жавоб ахтаради. Бунда авлодлар аждодларини, халқ эса қадимиятини билишни истайди. Билганда ҳам аниқ тарихий фактлар,ҳаққоний маълумотлар асосида ўрганишни хоҳлайди. Мамлакатимиз ҳудудларида милоддан олдинги III-II мингинчи йилликларда саклар, массагетлар, апасиаклар, кейинчалик хоразмликлар, сўғдиёналиклар, бақтрлар каби халқлар вакиллари яшаб ўтганлар. Улар шу ҳудудда кекса тарих гувоҳлари бўлган, эндиликда вайроналарга айланган Қалъалиқир, Жонбосқалъа, Тупроққалъа, Кўктепа, Афросиёб, Ерқўрғон, Сополлитепа, Далварзинтепа, Қанқа, Шоштепа, Дабусия каби кўплаб қалъа, кент ва шаҳарларни барпо этганлар. Ўша даврлар ҳақида буюк аллома ва тарихчиларнинг баъзи маълумотлари сақланиб қолган. Айтайлик, Абу Райҳон Беруний “Хоразмликлар йил ҳисобини ўз мамлакатларида аҳоли жойлашган вақтдан, “Искандардан аввалги 980 йилдан, янги эрадан аввалги 1292 йилдан бошлайди” деб ёзса, Наршахий “Ҳали Бухоро шаҳри вужудга келмаган, лекин қишлоқлардан баъзилари пайдо бўлган эди. Подшоҳ турадиган катта қишлоқ Бойканд эди. Шаҳар “Қалъайи Дабусий — “Дабусий қалъаси бўлиб, шаҳар деб шуни атар эдилар”, деб маълумот беради. Ёки Исҳоқхон тўра Ибрат “Қубод ва Афросиёб вақтида Фарғона бино бўлган бўлса, ҳазрати Сулаймон вақтлари экан. Ҳазрати Сулаймон хилқати Одамдан беш минг йил кейин эди. Алҳолда хилқати Одамдан етти минг тўрт юз йил кўброқ ўтти. Бу ҳисобда Фарғонани бино бўлганига икки минг беш юзларга яқин бўлса керакдур”, деб ёзади. Бу маълумотлар ҳам тарих ҳақиқатининг бир бўлаги ҳисобланади. Биринчи Президентимиз тарихни олис қадимиятдан бошлаб мана шундай асосда ўрганишни ва уни халқимизга етказиб беришни орзу қилган эди. Шу сабабли ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади, деган ғояни ўртага ташлаган ва бу ғояни давлат сиёсати даражасига кўтарган эди. Бу борада у олимлар олдига шундай вазифа қўяди: “Сизлар миллатимизнинг ҳаққоний тарихини яратиб беринг, токи у халқимизга маънавий куч-қудрат бахш этсин, ғурурини уйғотсин. Биз юртимизни янги босқичга, янги юксак маррага олиб чиқмоқчи эканмиз, бунда бизга ёруғ ғоя керак. Бу ғоянинг замирида халқимизнинг ўзлигини англаши ётади. Ҳаққоний тарихни билмасдан туриб эса ўзликни англаш мумкин эмас”.

Кейинги 25 йил ичида юртимиз тарихини тиклаш, уни тадқиқ этиш, ҳаққоний асосда ёритиб бериш, улардан халқимизни баҳраманд этиш борасида кўп ишлар қилинди. Тарихий мақолалар, тадқиқот ишлари, илмий рисолалар, катта асарлар яратилди. Тарихимиз бир неча минг йиллик қадимият билан боғлиқлиги исботланди. Лекин Биринчи Президентимиз бу билан ҳам қаноатланмади. У тарихни ўрганишда давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқди. Яъни, кекса тарих гувоҳлари бўлган шаҳарларни илмий ўрганиш билан чекланиб қолмади. Уларнинг ёшларини аниқлатди. Юртимиздаги ўнлаб шаҳарлар тарихий шаҳарлар деб эълон қилинди. Уларнинг тарихийлик мақоми белгиланди. Энг муҳими, бу шаҳарларнинг тарихий шаҳарсозлик қиёфасини намоён этувчи намуналар — қадимий ёдгорликлар, обидалар, осориатиқалар қайта қурилиб, таъмирланиб улар замонавий шаҳарсозлик билан уйғунлашиб, обод ва гўзал масканларга айланди. Шу асосда Биринчи Президентимиз кўплаб шаҳарларнинг бир неча асрлик тўйларини ўтказишда бош бўлди.

Марғилон шаҳрининг 2000, Тошкент шаҳрининг 2200, Бухоро, Хива, Термиз шаҳарларининг 2500, Қарши, Шаҳрисабз шаҳарларининг 2700, Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик тўйлари халқаро ЮНЕСКО ташкилоти билан биргаликда нишонланди. Бир мамлакатдан 8 шаҳарнинг 15-20 йил ичида халқаро миқёсда 20-25 асрлик тўйларининг ўтказилиши тарихда мисли кўрилмаган ҳодиса эди. Бу,бир томондан, мамлакатимиз тарихини қайта тиклаб, халқимизнинг ўзлигини англашга хизмат қилди, инсоният тарихининг бешикларидан бири эканлигини дунё аҳлига намоён этди. Айнан ўша йиллари юртимиздаги тўрт шаҳардаги — Хива, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабздаги тарихий обидалар, ёдгорликлар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий меросининг рўйхатига киритилди. Бундан ташқари, мамлакатимиз ҳудудида мавжуд тўрт мингдан зиёд моддий-маданий обида ҳам умумжаҳон меросининг ноёб намунаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатидан ўрин олди. Бу Ўзбекистон тарихининг қадимийлиги ва шу ерда яшаган халқлар яратган маданий мерос ноёблигининг халқаро миқёсда эътирофи эди.

Иккинчи томондан, Ислом Каримов бу тарихий шаҳарларда дунё андозаларига мос келувчи замонавий миллий меъморчилик, бунёдкорлик ишларини амалга оширишга бош бўлди. Катта, кенг кўчалар, маҳобатли иншоотлар, гўзал, кўркам бинолар қад ростлади. Гулларга бурканган хиёбонлар, кўкаламзор майдонлар, шаҳарларга салқинлик бағишловчи фавворалар барпо этилди. Қурилиш жараёнида жаҳон архитектурасининг ютуқлари миллий меъморчиликнинг энг яхши анъаналари билан уйғунлашди. Натижада бу шаҳарларда тарих ва замонавийлик бир-бирини тўлдирди. Шу тариқа Биринчи Президент юртимизда нафақат тарихий меъморчиликни тиклади, балки замонавий меъморчилик, шаҳарсозликни ҳам бошлаб берди.

Наршахий “Бухоро тарихи” асарида шундай бир воқеани келтиради. Қутайба Бойканд шаҳрини босиб олиш учун кўп ҳаракат қилади. “Мис” шаҳар деб ном олган қалъа ҳимоячилари қаттиқ қаршилик кўрсатадилар. Лекин шаҳар алдов йўли билан қўлга киритилади. Шунда шаҳар аҳли Қутайбага катта миқдорда пул тўлаб, уни талон-тарождан асраб қолади. Қутайба ўз сафдошларидан Бохилий деган кимсани Бойканд ноиби қилиб тайинлаб ўзи Бухоро сари юришини давом эттиради. Бохилий эса бойкандлик бир одамнинг иккита қизини зўрлик билан тортиб олади. Бунга чидай олмаган ота Бохилийни пичоқлайди. Бундан хабар топган Қутайба Бойкандга қайтиб, аҳолисининг бир қисмини қирғин қилдиради. Аёллар ва болаларни қул сифатида соттиради. Шаҳарни талон-талож қилиб, вайронага айлантиради. Бойкандликларнинг аксар қисми савдо иши билан шуғулланганлар. Ана шулардан бир гуруҳи шаҳрига қайтиб келсалар юқоридаги аҳволни кўрганлар.Шунда улар ўз шаҳрига меҳр-муҳаббати, фидойилиги туфайли катта маблағ тўплаб, шунинг эвазига омон қолган бойкандликларни қулликдан озод қилганлар, шаҳарни аввалгидан ҳам кўркам тарзда қайтадан обод қилиб барпо эттирганлар. Мен бу воқеани эсласам, Биринчи Президентимизнинг мустамлакачилик зулмидан, талон-тарож ва босқинлардан омон чиққан Ўзбекистонни обод қилиш, халқимизнинг ғурурини юксалтириш, мамлакатимиз тарихини қайта тиклаш йўлидаги меҳр-муҳаббат ва фидойилик билан қилган улуғвор ишлари кўз ўнгимдан ўтади. Бу ишларнинг ҳаммаси аждодлар қалбидаги Ватанга муҳаббат, садоқат, ҳурмат-эҳтиром туйғуларининг, халқимиз яратган буюк қадриятларнинг асрлар оша ўтиб авлодлар қалбида ўзликни англаш йўлида қайта бўй тиклаганини, бунда Биринчи Президентимиз ташаббускор ва етакчи бўлганлигини кўрсатади.

(Давоми бор)

Камол МАТЁҚУБОВ,

Журналист.

Количество просмотров

263

Янгиликлар лентаси