USD = 8085.11 SUM   EUR = 9487.07 SUM
Тошкент

“Аждодлар мероси”

Дата публикации: 04 12 2017

    Буюк алломаларимизнинг бебаҳо илмий меросини янада теран тадқиқ этиш ва оммалаштириш, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, аждодларимиздан фахрланиш руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб аҳамиятга эга. Аждодларга муносиб ворис бўлиш, уларнинг ибратли ишларидан ўрнак олиш, мустақилликни мустаҳкамлаш ва Ватан равнақи йўлида юрт хизматига бел боғлаш – юксак шараф.

Бугун илк бор эътиборингизга ҳавола этаётганимиз “Аждодлар мероси” рукнини ана шундай эзгу мақсадда очдик. Қуйида таниқли публицист, ёзувчи ва тадқиқотчи К.Матёқубовнинг ушбу мавзудаги дастлабки мақоласини ўқийсиз.


Абу Исо Муҳаммад Ат-Термизий

Қадимий Бақтрия, Кушонлар давлати, тоҳарлар ўлкасининг марказий қалъаларидан бири ҳисобланган, Амударёнинг ўнг соҳилида жойлашган, тарихда Тармита, Тармантис, Окс Искандарияси, Окс Антиохияси, Ғулғула каби номлар билан аталган Термиз шарқнинг улуғвор шаҳри сифатида эътироф этилади. Муаррихлар асарларида ислом оламида “Мадинат ул-рижол”(Мардлар шаҳри) унвонига мушарраф бўлган Термизни “зардуштийлар, бақтрлар, сўғдийлар, юнонлар, буддавийлар, эфталийлар тарихини бағрида жамлаган, уларнинг ўзаро уйғунликдаги тамаддуни учун замин бўлган, илм-фан ва маданиятлар чорраҳасидаги шаҳар”, деб атаганлар. Бу шаҳардан нафақат Шарқ, балки дунё илм-фани, маданияти, тамаддунига катта ҳисса қўшган кўплаб алломалар етишиб чиққан. Термизий нисбаси билан фаолият юритган Солиҳ ибн Муҳаммад ат-Термизий, Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизий, Ал-Жаруд ибн Муоз ат-Термизий, Собир ат-Термизий, Самандар ат-Термизий, Али ибн Ҳасан ат-Термизий, Ҳаким ат-Термизий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Варроқ ат-Термизий каби юзлаб алломалар илм-фаннинг турли соҳалари бўйича беқиёс мерос қолдирганлар. Ана шулар орасида Абу Исо ат-Термизий буюк аллома, улуғ муҳаддислардан бири сифатида улуғланган.

Абу Исо ат-Термизийнинг тўлиқ исм ва насаби Муҳаммад ибн Исо ибн Савра бин Мусо ибн Заҳҳок ас-Сулламий ал-Буғий ат-Термизий деб айтилади. Унинг исмидаги Абу Исо куняси ҳисобланади. Ас-Сулламий, ал-Буғий, ат-Термизий нисбалари алломанинг аждодлари, туғилган жойи, яшаган масканига нисбатан олинган. Унинг яна ад-Дарийр номли тахаллуси ҳам бўлган. Бу унинг умри охирида кўзи ожиз бўлиб қолганлигига ишора тарзида қўйилган. Муҳаммад ибн Исо ҳижрий 209 (милодий 824) йилда Буғ қишлоғида, эндиликда Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Чуқуркўл қишлоғида дунёга келган. Бу хусусда тарихчи Нуриддин Аттор “Имом ат-Термизий” асарида батафсил маълумот беради. Муаррих Абдулкарим ас-Самъоний эса “Насабнома” китобида аллома Термиздан 6 фарсах узоқликдаги Буғ қишлоғида вафот этганлиги учун Буғий тахаллуси билан аталганлиги ҳақида ёзиб қолдирган. Абу Исо Муҳаммад таълим олиш учун дастлаб Термизга, кейин Бухорога боради. Бу шаҳарларда мадрасаларда ўқийди. Ўша даврда Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг йирик илмий марказлари ҳисобланган Самарқанд, Марв, Ҳирот, Балх ва бошқа шаҳарларда фаолият юритган алломаларнинг асарларини синчиклаб ўрганади. Ёшлик йилларида унинг қалбида илоҳиёт, ҳадисшунослик илмига муҳаббат уйғонади. Бу илмни мукаммал эгаллаш учун Ироқ, Хуросон ўлкаларига, Ҳижоз, Макка, Мадина, Дамашқ шаҳарларига бориб, улуғ алломалардан илм ал-қироат, ал-баён, фиқҳ, тарих, фалакиёт каби фанларни чуқур ўрганади. Бу кейинчалик унинг улуғ мутафаккир, қомусий аллома даражасига етишишига хизмат қилади.

Ислом динининг пайдо бўлиши ва унинг кейинчалик Шарқнинг катта ҳудудларига ёйилиши туфайли турли халқлар ўртасида бу дин асосларини кенгроқ ўрганиш, Қуръони карим моҳиятини англаб етиш, уни тушунтириш ҳаётий заруратга айланди. Бунинг учун Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаёти, фаолиятини ёритишга, диний-ахлоқий масалаларга доир қарашларини, исломнинг моҳиятини тадқиқ этишга эътибор қаратилди. Шу билан бирга VIII асрдан бошлаб Расулуллоҳнинг ҳаёт аъмоллари, турфа фикрлари, панд-насиҳатлари, ислом дини борасида билдирган ибратомуз сўзлари, яъни ҳадисларни тўплашга қизиқиш кучайди. Чунки ислом таълимотида ҳадислар Қуръони каримдан кейин турадиган муҳим манба ҳисобланади. Шунинг учун алломалар бу ҳадисларнинг тўғри, ишончли, ҳаққоний манбалар асосида, уларнинг хато, ноаниқ, сохта ва чалкашликлардан ҳоли бўлишига эътибор берганлар. Натижада ислом алломалари орасида ишончли манбалар асосида тўпланган ва тартибга келтирилган олтита ҳадислар тўплами “Ас-сиҳоҳ ас-ситта” муаллифлари энг нуфузли муҳаддислар деб тан олинган. Ана шу эътироф этилган Имом ал-Бухорий, Муслим ибн-Ҳажжож, Довуд Исжистоний, Аҳмад ан-Насоий, Муҳаммад ибн Можжа каби ас-сиҳоҳлар орасида Абу Исо ат-Термизий номи ҳам улуғланади. Умуман, IX-XI асрлар ислом оламида ҳадисшунослик илмида олтин аср деб юритилади. Ҳадисшуносликдаги шу олтин асрнинг юзага келишида Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Довуд, Имом Абу Довуд каби устозлардан сабоқ олган ва ўнлаб улуғ муҳаддислар тайёрлаб берган Абу Исо ат-Термизийнинг ҳам хизматлари беқиёс. У нафақат ишончли ҳадисларни тўплади, балки уларнинг манбаларини ҳам илмий асосда аниқлаб берди.

Абу Исо ат-Термизий ҳадис илмига бағишлаб кўплаб асарлар ёзган. Шулардан аксарияти, “Ал-жомеъ ас-саҳийҳ” (“Ишончли тўплам”), “Аш-шамоил ан-набавийа” (“Пайғамбарларнинг алоҳида фазилатлари”), “Ал-илал фил-ҳадийс” (“Ҳадислардаги оғишишлар”), “Рисола фил-хилоф вал-жадал” (“Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола”), “Китоб ат-тарих” (“Тарих китоби”), “Китоб аз-зуҳд” (“Тақво ҳақида китоб”), “Китоб ул-асмо вал-куна” (“Исмлар ва лақаблар ҳақида китоб”) асарлари бизнинг давримизгача етиб келган. Алломанинг энг машҳур асари “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” бўлиб, у пайғамбар ҳақидаги энг ишончли олтита ҳадислар тўпламларидан бири ҳисобланади. Бу асар илмий манбаларда “Ал-жомеъ ал-кабир” (“Катта тўплам”), “Жомеъ ат-Термизий” (“Термизий тўплами”), “Сунан ат-Термизий” (“Термизий суннатлари”) номлари билан ҳам юритилади. Алломанинг ислом оламида улуғланган асарларидан яна бири “Аш-шамоил ан-набавийа” бўлиб, бу асарда Расулуллоҳнинг шахсий ҳаёти, фаолияти, фазилатлари, одатларига оид 408 ҳадиси шариф ўрин олган. Асар икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида пайғамбарнинг ташқи қиёфасига, иккинчи қисмида унинг ички дунёси, фазилатларига доир саҳиҳ ҳадислар келтирилган. Маълумки, ислом оламида жуда кўп муҳаддислар пайғамбар суврати ва сийратига оид ҳадисларни тўплашга интилганлар. Лекин улар орасида фақат Абу Исо ат-Термизийгина бу ҳадисларни тўла даражада тўплаб, уларни мукаммал китоб ҳолида яратиш бахтига эришган. Алломанинг бошқа асарлари ҳам ҳадис илмининг турли масалаларига бағишланган. Шунинг учун Имом ал-Бухорий шогирди Исо ат-Термизийни улуғлаб, “Сен мендан баҳра топганингдан кўра мен сендан кўпроқ баҳра топдим”, дея унга юксак баҳо берган эди.

Ислом оламида ҳадис илми Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаёт аъмоллари, фикрлари, сўзларини ишончли манбалар асосида тўплашдан бошланган. Кейинчалик уларни илмий тадқиқ этишга киришилган. IX асрдан кейин бу соҳада илмий тадқиқотлар янада кучайган. Шундай экан, ҳадисшуносликнинг илмий асослари нималардан иборат бўлган, деган савол туғилади. Маълумки, ўрта асрлар алломалари асарларида “Аллоҳ”, “маърифат”, “илм” истилоҳларини ёнма-ён қўллайдилар ва “маърифат ал-илм биллоҳ” — “Аллоҳни билим билан таниш” шиорини ўзлари учун асос қилиб олганлар. Ислом динида илм иймонга тенг қўйилади. Илм ва иймон эса тасдиқ, иқрор маънолари билан уйғунликда келади. Бошқача айтганда, Аллоҳни билиш, англаш учун уни қалбда ҳис этиш, қалб билан тасдиқлаш ва унга тилда иқрор бўлиш керак. Бунда ил — илдизни, иймон — тилни, тасдиқ — қалбни, иқрор — аҳкомни намоён этади. Ислом алломалари булар билан ёнма-ён яқин сўзини ҳам ишлатадилар. Яқин эса ишонч, шубҳа-гумонлардан, хатолардан тамоман ҳоли илмнинг энг олий шаклидир. “Илм ал-Яқин” атамаси ана шундан пайдо бўлган. Аллома Абу Бакр Варроқ “Яқин уч турлидир: яқин — хабар, яқин — далиллаш, яқин — мушоҳада”, деб ёзади. Ҳадисшуносликнинг илм сифатида шаклланишида яқиннинг шу уч мезони асосий ўринда бўлган. Яъни Исо ат-Термизий ҳар бир ҳадисни ана шу мезонлар асосида тадбил этган. Натижада ҳадисларнинг саҳиҳлик даражалари ва илмий асослари пайдо бўлган. Шунинг учун ҳадисшунос алломалар “Имом ат-Термизий “Сунан” асарида ҳадисларни бобларга ажратиб тасниф қилиши — бир илм. Унда фиқҳий масалаларни баён этиши — иккинчи илм. Ҳадисларнинг саҳиҳини тўғрисидан ажратиши — учинчи илм. Ҳадис ровийларининг исм ва куняларини баён қилиши — тўртинчи илм. Ҳадиснинг иллат ва камчилигини айтиши — бешинчи илм. Ҳадис санадида ким Расул алайҳиссаломни кўрган ёки кўрмаганлигини зикр этиши — олтинчи илм. Ҳар бир ҳадисни бир неча ровий ривоят қилгани ҳақида маълумот бериши — еттинчи илм. Умуман, бу асарда ҳадиснинг бундай илмий асослари кўп”, деб хулосалар чиқарадилар. Ҳофиз Абул Фазл Муҳаммад ал-Мақсадий эса уни “Исо ат-Термизий ҳадис илмида иқтидо этиладиган имомлардан бири. “Ал-жомеъ”, “Ат-таворих”, “Ал-ҳол” асарлари  унинг улуғ аллома, дуроятли (ақл-идрок ва тажриба борасида) буюк инсон эканлигини намоён қилган”, деб улуғлайди.

Ҳадисларни тўплашга, турли даражаларга — саҳиҳ ва заифларга бўлиб ўрганишга муҳаддислар VIII асрлардан бошлаб киришганлар. Ҳадис илмини Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Довуд каби алломалар юксак даражага олиб чиқишган. Уларнинг тўплаган саҳиҳ ҳадислари кейинги авлод муҳаддислари учун илмий асос бўлди. Исо ат-Термизий ҳам фаолиятида салафлари бошлаб берган илмий йўналишни давом эттирди. Айни пайтда, у устозлари тўплаган барча ҳадисларни фақат маъқуллаш ва тан олиш йўлидан бормади, балки уларни илмий тадбил қилди. Шу асосда бу соҳада илмий янгилик яратди. Ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан, заиф, ғариб деб атаб, тўртта тоифага ажратди. Уларнинг энг ишончлиларини саҳиҳ қисмига киритди. Яхши, маъқул ҳадисларни ҳасан деб атади. Хато, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ҳадисларни эса заиф номи билан юритди. Ғалати ҳодисаларни эса ғариб деб баҳолади. Шунинг учун аллома Такиуддин ибн Тайния “Абу Исо ат-Термизий биринчи бўлиб ҳадисни саҳиҳ, ҳасан, заиф, ғарибга тақсим этган зот ҳисобланади”, деб эътироф этади. Бундан ташқари, Исо ат-термизий “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” асарида ҳадис илмининг саккизта соҳаси — сийрат, одоб, тафсир, ақоид, фиқҳ, аҳком, шарт ва маноқибларини ҳам ёритиб берган. У бу асарида ҳадисларни яна мазҳаблар ва далил келтириш (истидлол) жиҳатидан, шарҳ ва таъдил (қиёслаб тўғрилаш) жиҳатидан ҳам илмий тадқиқ қилади. Асарнинг “Китоб ал-илал” деб номланган қисмида эса ҳадислардаги иллатлар алоҳида келтирилади. Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийнинг ҳадисшунослик илмидаги ютуқларига аллома Абу Исмоил ал-Ансорий юқори баҳо бериб, “Менинг учун Термизийнинг “Сунан” китоби Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки Бухорий ва Муслимдан фақат теран илмли мутахассис олимларгина истифода этади. Термизийдан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин”, деб ёзади. Бу бошқа алломларнинг ҳам юксак эътирофига монанд эди.

Алломанинг “Сунани ат-Термизий” асарида Пайғамбар алайҳиссаломга нисбат берилган энг саҳиҳ, ишончли деб келтирилган ҳадислардан намуналар:

— Кимки бир олимни зиёрат қилса, мисли мени зиёрат қилгандай бўлади.

— Икки нарса борки, кўпчилик уларнинг қадрига етмайди. Бири — соғлик, иккинчиси — бўш вақт.

— Ҳеч бирингиз эзгулик ишининг кичкинасини ҳам эътибордан қолдирмангиз.

— Ҳеч бир ота яхши адабдан ва гўзал ахлоқдан кўра яхшироқ нарсани ўз фарзандига ҳадя қилмайди.

— Яхши хулқ очиқ юзликдир, эзгуликни ёйиш ва одамлардан азиятни узоқлаштиришдур.

— Кимники Аллоҳга ва охиратга иймони бўлса, яхши гап айтсин, бўлмаса сукут қилсин.

— Яхшилик қилиш умрни узайтиради.

— Бир фақиҳ олим шайтон учун мингта серибодат кишидан кўра қўрқинчлироқдур.

— Ҳикматли сўз мўмин кишининг қидирган нарсасидур. Қаердан топса, ўша ердан олаверади.

— Саломлашишнинг энг улуғи қўл ушлашиб кўришмоқдур.

— Толиби илм, олиму шоирларга меҳрибон бўл! Улар Худонинг севган бандалари.

Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийдан бой илмий мерос қолди. Унинг асарларининг қўлёзмалари бугунги кунда дунёнинг турли кутубхоналарида, музейлари ва хазиналарида сақланмоқда. Унинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”, “Аш-шамоил ан-набавийа” асарлари ислом дорилфунунларида ўқитилмоқда. Маълумки, аллома асарларини араб тилида ёзган. Эндиликда бу асарларнинг бир қисми ғарб ва шарқнинг ўндан ортиқ тилларига ўгирилган. Кўплаб шарҳлар ёзилган. “Аш-шамоил ан-набавийа”нинг XVI асрга оид бир қўлёзмаси Тошкентда Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда. У бир неча бор қайта нашр қилинди. “Сунани Термизий” асари ўзбек тилига таржима қилинди. Ҳозирги пайтда алломанинг бошқа асарларини ҳам турли тилларга таржима қилиш ва илмий тадқиқ этиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатимизда аллома номини улуғлаш, хотирасини абадийлаштириш борасида ҳам хайрли ишлар қилинмоқда. 1990 йил сентябрь ойида Тошкентда Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллик тўйи халқаро миқёсда нишонланди. Тўй муносабати билан Сурхондарё вилояти Шеробод тумани Чуқуркўл қишлоғидаги аллома қабри, мақбараси қайта қурилиб, таъмирланди. Мақбара атрофи ободонлаштирилди, унинг яқинида масжид, шийпон қад ростлади. Хиёбон ва боғ барпо этилди. 1200 йиллик тўй тантаналари ана шу муқаддас қадамжода ҳам давом этди. Улуғ аллома хотирасини абадийлаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Кўчалар, мактаблар, корхоналар, турли масканлар унинг номи билан аталмоқда. Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов Исо ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан халқаро анжуман қатнашчиларига йўллаган табригида “Бугунги кунда Термизийнинг маънавий мероси нафақат аҳли дин орасида, балки дунёвий илм соҳиблари, кенг миқёсдаги аҳли жамоа орасида ҳам ўз қадрини топмоқда. Алломанинг асрлар давомида фозилу фузалоларга дастур бўлиб келган ақлу одоб, инсофу диёнат, адолату инсонпарварликни тарғиб этувчи ғоялари сердолға давримизнинг мураккаб ва зиддиятли ахлоқий-маънавий масалаларини ҳал этишда замонавий аҳамият касб этмоқда”, дея халқимизнинг ва дунё аҳлининг улуғ алломага эҳтиромини ифодалаган эди.

Йиллар ўтаверади, ҳаёт давом этади. Вақт отлиғ ҳакам аждодлар ва авлодлар ўртасидаги даврий масофани узоқлаштиради, аммо улар ўртасидаги руҳий ришталарни, бой меросни, ҳаётий аъмолларни ўзаро бир-бирига мустаҳкам боғлайди. Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий сингари улуғ аждодларимиз келажак авлодлар учун ҳам хизмат қилаверади.

Камол Матёқубов.

Количество просмотров

136

Янгиликлар лентаси

Анонс

16.12.2017 89