USD = 8188.33 (+1.38) SUM   EUR = 10057.73 (-139.12) SUM
Тошкент

2.КОМИЛ ИНСОН ТАРБИЯСИ

Дата публикации: 16 01 2018

“Буюк тарихни тиклаган ва янги тарих яратган шахс” туркумидан.

Иккинчи йўналиш, тарихни комил инсон тарбияси йўлида хизмат қилдириш билан боғлиқ масаладир. Айтиш мумкинки, комил инсонни тарбиялаш барча даврларда улуғ алломалар, шоирлар, адиблар, маънавият ва маданият аҳли ва бошқа кўплаб соҳа вакилларининг умум мақсади бўлиб келган. Шунинг учун буюк аждодларимиз ўз асарларида инсон онгини, ақл-заковатини, юксак ҳис-туйғуларини, хулқ-атворини, дунёқараши, ҳаётга муносабати ва яна кўплаб гўзал хислатларини улуғлаб келганлар. Шу тариқа тарих бағрида комил инсонни тарбиялашдек улуғвор ишга хизмат қиладиган бой мерос тўпланган. Аммо халқимиз собиқ шўролар ҳукмронлиги даврида ана шу меросни бир ёқлама, чекланган доирада ўрганишга маҳкум қилинган, ундан тўла баҳраманд бўлиш имконияти йўқ эди. Шу сабабли Биринчи Президентимиз асосий эътиборни мана шу камчиликни бартараф этишга, энг аввало, буюк аждодларимиз меросини тиклаш, улуғ алломалар, ижодкорлар номларини улуғлаш, хотираларини абадийлаштириш, асарларини нашр эттириш, улар ҳаёти ва ижоди намуналарини халққа таништириш, бой меросни холислик билан чуқур тадқиқ қилиш каби масалаларга қаратди. Бу тарихни инсон камолоти йўлида хизмат қилдиришнинг юксак намунаси эди. Шунинг учун бу ҳақда тўхталиб “Биз комил инсон тарбиясини давлат сиёсатининг устувор соҳаси деб эълон қилганмиз”, деб таъкидлаган эди.


Аслида Биринчи Президентимиз томонидан аждодлар меросини ўрганишга эътибор мамлакатимиз ҳали мустақилликка эришмасдан илгари бошланганди. 1990 йилнинг кузида Тошкентда улуғ аллома, машҳур муҳаддис Абу Исо Муҳаммад ат - Термизийнинг 1200 йиллик юбилейи халқаро миқёсда нишонланди. Аллома меросини ўрганишга бағишланган дунё олимлари иштирокида анжуман ўтказилди. Ислом Каримов ташаббуси билан алломанинг Сурхондарё вилояти Шеробод тумани Чуқуркўл қишлоғида жойлашган мақбараси ва унинг атрофлари ободонлаштирилиб, қайта қурилиб, таъмирланиб юртимизнинг муқаддас масканига айлантирилди. Энг машҳур асарлари илмий тадқиқ этилиб, нашр этилди.

1991 йил мамлакатимизда Биринчи Президентимиз ташаббуси билан “Алишер Навоий йили” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан улуғ шоир номини улуғлаш, хотирасини абадийлаштириш борасида кўп ишлар қилинди. Тошкент шаҳри марказидаги собиқ ёшлар боғи Алишер Навоий номидаги Миллий боққа айлантирилди. Боғнинг юксак нуқтасида шоирнинг улуғвор ҳайкали гумбазли айвон остида қад ростлади. Республика Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти ҳам улуғ мутафаккир номи билан аталди. Шу йили буюк ижодкорга бағишланиб халқаро миқёсда илмий-амалий анжуман ўтказилди. Ўша йиллардан бошланган навоийхонлик анжуманлари мамлакатимизда ҳамон давом этмоқда. Унинг аввал 20 жилдлик, кейин 10 жилдлик Тўла асарлар тўпламлари нашрдан чиқарилди. Улуғ шоирнинг Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Туркия, Германия, Франция, Россия, Голландия, Англия, Канада ва бошқа яна ўнлаб давлатларда сақланаётган ноёб қўлёзма асарлари тадқиқ этилиб, чоп қилинмоқда. Кейинги йилларда улуғ алломага эҳтиром сифатида Самарқанд ва Навоий шаҳарларида ҳайкаллари ўрнатилди. Ҳайкаллар атрофида боғлар, хиёбонлар, майдонлар барпо этилди. “Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, миллатимизнинг ғурури, шону шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир. Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади”. Биринчи Президентимизнинг берган бу баҳоси ва уни улуғлаш йўлида бошлаган ишлари халқаро миқёсда ўзининг ҳақиқий эътирофини топди. Улуғ шоирнинг номи улуғланиб, унинг ҳайкаллари Москва, Боку, Токио шаҳарларида қад ростлади.

Юртимизда Алишер Навоийга буюк эҳтиром билан бошланган ишлар бошқа шоирлар ижодий меросини ўрганиш, номини улуғлаш борасида ҳам давом этди. Бобораҳим Машрабнинг 350 йиллиги нишонланиб, Наманганда унинг номида боғ ва музей барпо этилди. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 510 йиллиги хотирланиб Андижонда, Огаҳийнинг - 190, Ажиниёзнинг 175 йилликлари тўй қилиниб Урганч ва Нукусда, Махтумқулининг 190 йиллиги улуғланиб Хива шаҳрида ҳайкаллари ўрнатилди. Буларнинг ҳаммаси Ислом Каримовнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан амалга оширилди.

Ўтган асрнинг 90-йиллари охирларида Самарқанд шаҳридаги қадимий масканлардан бирида археологик қазишма ишлари бошланди. Қазишмалар натижасида ушбу жой ислом оламида ниҳоятда муқаддас ҳисобланган, муаррихларнинг эътироф этишича, 3 мингдан ортиқ шайхлар ва алломалар дафн этилган Чокардиза қабристони эканлиги маълум бўлди. Айни пайтда бу ерда IX-X асрларда яшаб ўтган буюк аллома Абу Мансур Мотурудий дафн этилган жой ҳам аниқланди. Шундан кейин бу маскан собиқ шўролар даврида амалга оширилган бузғунчиликлардан тозаланди. Атроф обод ва кўркам ҳолга келтирилди. Бу жойнинг марказида Абу Мансур Мотурудийнинг мухташам мақбараси  бунёд этилди. Мақбара атрофида боғ ва хиёбонлар яратилди. Шундай қилиб бу кўркам маскан  нафақат Абу Мансур Мотурудий номини улуғловчи, балки бу ерда дафн этилган барча аждодларимиз хотирасини эслатиб турувчи ёдгорлик  мажмуага  айланди. 2000 йилда Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Абу Мансур Мотурудий таваллудининг 1130 йиллиги халқаро миқёсда нишонланди.

Муаррихларнинг маълумотларига кўра, ушбу қабристонда, Абу Мансур Мотурудий қабри ёнида яна бир буюк аллома Бурҳон уддин валл-милла, яъни ислом динининг далили, исботи деб улуғланган Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг ҳам қабри бўлган. Бу алломанинг ҳоки унинг ўзи туғилиб ўсган Риштондаги гўзал қилиб барпо этилган ёдгорлик мажмуасига қўйилди. Мажмуада улуғвор тарзда Бурхониддин ал-Марғинонийнинг Чокардиза қабристонида мавжуд бўлган мақбарасига монанд тарзда янги мақбара тикланди. Мақбара ҳам, атрофидаги айвонлар, хиёбонлар ҳам ўзбек миллий меъморчилиги анъаналари асосида яратилди. Айни пайтда, Марғилон шаҳрида катта майдон барпо этилиб, унинг юксак нуқтасида айлана шаклда, кўк гумбазли, олти устунли маҳобатли айвон бунёд қилинди. Айвон остида алломанинг бутун ислом дунёсида машҳур бўлган, фиқҳ-қонунчилик масалаларини мукаммал ҳал қилиб берган “Ал-ҳидоя” асарига атаб ёдгорлик қўйилди. Дарахтлар, гулларга бурканган, фавворалар ўрнатилган майдон Бурҳониддин Марғиноний номи билан аталди. Марғилон шаҳрининг 2000 йиллиги муносабати билан қайта қуриш ва ободончилик ишлари олиб борилаётганда бу ерда яна бир тарихий маскан Бурҳониддин Марғиноний яшаган ҳужра аниқланди. Ушбу ҳужра ҳам қайта қурилиб, таъмирланиб аллома номи билан боғлиқ қадамжога айланди. Ана шулар асосида мамлакатимизда улуғ алломанинг 910 йиллиги халқаро миқёсда нишонланди. Бурҳониддин Марғинонийнинг номи, хотираси, илмий мероси Биринчи Президентимиз томонидан ана шундай улуғланди.

Булардан ташқари, бевосита Ислом Каримов ташаббуси билан Бухорода Абдулҳолиқ Ғиждувоний, Абу Али ибн Сино, Баҳовуддин Нақшбанд, Самарқандда Имом Бухорий, Хожа Дониёр, Руҳобод, Хоразмда Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Маҳмуд аз-Замахшарий, Сурхондарёда Ҳаким ат-Термизий, Султон Саодат, Қаршида Одина мадрасаси, Қашқадарё устида қурилган кўприк, Тошкентда Ҳазрати Имом, Занги ота, Шайх Хованди Тоҳур каби қадамжолар тўла қайта қурилиб, таъмирланиб, обод ва кўркам ёдгорлик мажмуаларига, муқаддас масканларга айлантирилди. Бу буюк аждодларимизнинг бир неча асрлик анжуманлари халқаро миқёсда ўтказилиб, мероси дунё аҳлига таништирилди.

XVI аср ўрталарида илм оламида бир янгилик рўй берди. Дунё олимлари ой бағрида иккита кратер борлигини аниқладилар. Бу икки кратерни жаҳон астрономлари Шарқнинг ўрта асрлардаги улуғ алломалари Аҳмад ал-Фарғоний ва Мирзо Улуғбек  номлари билан атадилар. Атоқли астроном олим Ян Гевелий 1647 йилда нашр қилинган “Селенография” асарида ана шу ҳақда маълумот беради. Бу ўринда, Мирзо Улуғбекни халқимиз яхши билади. Лекин Аҳмад ал-Фарғоний ким бўлган, деган савол туғилади. Тарихни ўрганиш оқибатида Аҳмад ал-Фарғоний юртимизда, қадимий Қубо (ҳозирги Қува) кентида VIII асрнинг охирларида таваллуд топгани, Бағдод Маъмун академиясида фаолият юритгани, астрономияга оид ўнлаб асарлар ёзгани, “Астрономия асослари ҳақида китоб” асари XII асрда лотин ва иврит тилларига таржима этилиб, университетларда ўқитилгани, аллома Европада “Альфраганус” номи билан машҳур бўлгани, Нил дарёси бўйича “Миқёс ул-Нил” деб аталган сув ўлчагич иншоотини яратгани ва бу иншоотнинг ҳозиргача хизмат қилаётгани маълумотлар орқали аниқланди. Кейинги 130-150 йил давомида номи ҳам, асарлари ҳам, мероси ҳам унитилган, халқимизга маълум бўлмаган бу алломанинг меросини тиклаш, хотирасини абадийлаштиришга Биринчи Президентимиз алоҳида эътиборни қаратди. Қува шаҳридаги қадимий шаҳристон ўрнида архелогик қазишмалар олиб борилиб, унинг тарихи тикланди. Қува ва Фарғона шаҳарларида алломанинг ҳайкаллари ўрнатилди. Майдонлар, хиёбонлар барпо этилди. Асарлари нашр қилинди. 1998 йилда Аҳмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллик юбилейи халқаро ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳамкорликда дунё миқёсида нишонланди. 2007 йилда эса Қоҳира шаҳридаги Равзо оролида “Миқёс ул-Нил” сув ўлчагич иншооти яқинида алломанинг муҳташам ҳайкали қад ростлади. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Аҳмад ал-Фарғоний номининг, меросининг улуғланиши илк ўрта асрларда яшаб ўтган, юртдошларимиз ҳисобланган, илмий мерослари халқимизга номаълум бўлган Яҳё ибн Абу Мансур, Аббос ал-Жавҳарий, Абдуллоҳ ибн Амажур ат-Туркий, Аҳмад ас-Сағоний каби алломалар ҳаёти ва фаолиятини тадқиқ этишга ҳам киришилди. Ўша йиллар тарих саҳифалари давлатимиз раҳбари саъй-ҳаракати билан ана шундай кашф қилина бошланди.

1994 йилда мамлакатимизда ва бутун дунёда улуғ мутафаккир олим Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллиги нишонланди. Ўшанда Биринчи Президентимиз фармони билан бу тантаналарга катта тайёргарлик кўрилди. Тошкентда, Самарқандда, Нукусда алломанинг ҳайкаллари ўрнатилди. Аввало Самарқанд шаҳрида, кейин Парижда ЮНЕСКОнинг қароргоҳида “Мирзо Улуғбек ва буюк темурийлар даври” мавзуида халқаро илмий конференциялар ўтказилди. Бу конференцияларда олимлар Улуғбекнинг ибратли ҳаёти, фаолияти, бемисл илмий кашфиётлари бугунги кунда ҳам дунё аҳлини ҳайратга солаётгани ва илм-фан учун хизмат қилаётганини эътироф этдилар. 2005 йил дунё ҳамжамияти томонидан белгиланган “Астрономия йили” Мирзо Улуғбек йилига айлантирилди. Литвада алломани улуғлаб ҳайкал ўрнатилди.

 1996 йил Ислом Каримов томонидан мамлакатимизда “Амир Темур йили” деб эълон қилинди. “Куч – адолатда” деган сўзларни ўзига шиор қилиб олган соҳибқирон бобомизнинг ҳаёти, фаолияти, давлатни бошқаришдаги ўзига хос санъати, турли ўлкаларда амалга оширган бунёдкорлик ишлари хусусида кўплаб илмий-тадқиқий асарлар яратилди. У ҳақда ёзилган асарлар нашр этилди. Темурийлар тарихи давлат музейи ишга туширилди. Тошкентда Амир Темур хиёбонида, Самарқандда Кўксарой, Шаҳрисабзда Оқсарой майдонларида соҳибқирон ҳайкаллари қад ростлади. “Амир Темур ва унинг жаҳон тарихидаги тутган ўрни” мавзуида Тошкентда, Самарқандда, Парижда, Лондонда, Анқарада, Лаҳор ва бошқа кўплаб шаҳарларда Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган конференциялар бўлиб ўтди. Соҳибқирон бобомизнинг анжуманларини халқаро миқёсда ўтказишдан кўзланган мақсад бор эди. Бу ҳақда Биринчи Президентимиз бундай деган эди: “ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳида Амир Темур бобомизнинг тўйларини ўтказишдан мақсад нима эди? Комил бу инсоннинг, энг аввало, буюк давлат асосчиси, буюк бунёдкор, ижодкор шахс бўлганини, фан, маданиятга ҳомийлик қилиб, жаҳон цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшганини олам аҳлига билдириш эди”. Ўша пайтда давлатимиз раҳбари ўз мақсадига эришди. Амир Темурнинг тарихдаги роли ҳаққоний баҳосини олди.

Ёҳуд 1999 йилда Урганч шаҳрида миллий қаҳрамонимиз, мўғул босқинчиларига қарши юрт озодлиги учун курашган Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллик тантаналари ўтказилди. Ушбу тантаналар муносабати билан шаҳар марказида, Шовот канали соҳилида Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуаси барпо этилди ва бу ерда унинг маҳобатли ҳайкали ўрнатилди. Буларнинг бари Биринчи Президентимизнинг тарихий ҳақиқатни юзага чиқариш, буюк аждодларимиз меросини тиклаш орқали комил инсонларни тарбиялаш йўлида амалга оширган улуғ ишларидан айрим лавҳалардир.

Тарихимизда буюк сиймоларнинг кўплиги халқимизнинг улуғлигини намоён этувчи ноёб ҳодисадир. Шундай экан, Ислом Каримовнинг бундай сиймоларнинг номларини улуғлаш, асарларини халқимизга етказиб бериш, қилган бунёдкорлик ишларини кенг оммага таништиришдан кузатган мақсади нима эди, деган савол туғилади. Мақсади аён эди, энг аввало, у буюк аждодларимиз меросини тиклаш билан тарихий ҳақиқатни намоён этишга, шу асосда халқимизнинг, миллатимизнинг кўп асрлар давомида шаклланган ғурурини, ифтихорини, қудратини уйғотишга эътиборни қаратди. Иккинчидан, буюк аждодларимиздан мерос қолган муқаддас қадамжоларни қайта қуриш, уларнинг ҳайкалларини барпо эттириш билан нафақат тарихни тиклади, уларни обод, гўзал, кўркам масканларга айлантириш билан янги тарих ҳам яратди. Учинчидан, буюк аждодларимиз асарларида, уларнинг қилиб кетган ишларида инсонларни комилликка етакловчи барча хусусиятлар ифодасини топганки, булар замондошларимиз учун ибрат ва руҳий куч-қувват эди. Булар юртдошларимизнинг Ватан мустақиллиги йўлида фидойи авлод сифатида шаклланишига хизмат қилади. Ана шуларнинг ҳаммаси Биринчи Президентимизнинг Ватан келажаги йўлида узоқни кўзлаб бошлаган улуғвор ишлари эди.

(Давоми бор).

Камол МАТЁҚУБОВ,

журналист.

Количество просмотров

169

Янгиликлар лентаси