USD = 8188.33 (+1.38) SUM   EUR = 10057.73 (-139.12) SUM
Тошкент

Ўзбекистон ва АҚШ Президентларининг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди

Дата публикации: 20 12 2017

19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент мвтбуот хизмати хабар берди.


Икки давлат раҳбарлари кўп қиррали Ўзбекистон-Америка ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон ва АҚШ раҳбарларининг 2017 йил май ойида Ар-Риёд шаҳрида ва жорий йил сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтган учрашувлари сиёсат ва хавфсизлик, савдо, инвестиция, молия, технологиялар соҳаларида ва маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашишига хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Президент Дональд Трампга Ўзбекистон делегациясининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш мақсадида АҚШга ташрифи чоғида уюштирилган самимий қабул, шунингдек, АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси томонидан ташкил этилган йирик бизнес-форум иштирокчиларига йўллаган табрик сўзи ва ушбу анжуманни қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик изҳор этди.

Ўз навбатида АҚШ Президенти Ўзбекистон халқига чуқур ҳурмат-эҳтиромини билдириб, унинг меҳнаткашлиги таҳсинга лойиқ эканини таъкидлади. У мамлакатимизда амалга оширилаётган, демократик ва иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи, жумладан фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган аниқ тадбирларни яна бир бор қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шунингдек, томонларни қизиқтирган долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон ва АҚШ Президентлари ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга содиқлигини таъкидладилар.

Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли режаларини биргаликда кўриб чиқиш мақсадида Президент Дональд Трамп мамлакатимиз раҳбарига АҚШга расмий ташриф билан боришни таклиф этди.

Количество просмотров

230

Янгиликлар лентаси