USD = 8188.33 (+1.38) SUM   EUR = 10057.73 (-139.12) SUM
Тошкент

Президент Қорақалпоғистонга ташриф буюрди

Дата публикации: 15 12 2017

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.


Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистонда бўлиб, ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирларни белгилаб берган эди. Ўтган вақт мобайнида улар тўла амалга оширилди.

Ташриф якунларига кўра ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, саноатни ривожлантириш борасида умумий қиймати 160 миллиард сўмга яқин 242 та лойиҳа бажарилди. Бу қарийб 4 мингта иш ўрни ташкил этиш имконини берди.

Масалан, Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” корхонасида биринчи босқичда йилига 200 минг тонна цемент, Нукус шаҳридаги “Техник глобал” корхонасида “Самсунг” бренди остида йилига 150 минг дона телевизор, “Нукус полимер” корхонасида йилига 8 минг тонна полиэтилен труба ва хўжалик буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Қорақалпоқ эли учун ниҳоятда муҳим ва долзарб масала бўлган ичимлик суви муаммоси йиллар давомида ҳал этилмай келаётган эди. Шуни инобатга олиб, қисқа вақт давомида 101 километрлик “Қўнғирот-Мўйноқ” сув қувури ва “Қўнғирот” сув тақсимлаш иншооти қуриб битказилди. Бунинг натижасида Мўйноқ туманидаги 25 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Нафақат Қорақалпоғистон, балки бутун мамлакатимизнинг фахри бўлган, дунёда “Саҳродаги Лувр” деб шуҳрат қозонган И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейининг муҳташам иккинчи корпуси қурилиб, юксак халқаро стандартлар асосида жиҳозланди ва фойдаланишга топширилди.

Шу боис Қорақалпоғистон аҳолиси Президентимизнинг бу галги ташрифини ҳам кўтаринкилик билан кутди. Ташриф доирасида шу пайтгача бажарилган ишларни таҳлил қилиш, барча соҳаларни ривожлантириш бўйича келгуси икки йилда амалга оширилиши зарур бўлган устувор йўналишлар ва долзарб вазифаларни белгилаб олиш режалаштирилган, дейилади ЎзА хабарида.

Количество просмотров

599

Янгиликлар лентаси