USD = 8188.33 (+1.38) SUM   EUR = 10057.73 (-139.12) SUM
Тошкент

Деҳқон бу – ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчи

Дата публикации: 09 12 2017

9 декабрь куни пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.


Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари дастлаб барча йиғилганларни юртимизда биринчи маротаба нишонланаётган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами билан муборакбод этди.

Президентимиз айтганларидек, деҳқон бу – ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчидир.

Президент Шавкат Мирзиёев йил якунига етаётган ҳозирги паллада аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва келаси йил учун энг муҳим чора-тадбирларни белгилаб олиш долзарб вазифа эканини таъкидлади.

Қайд этилганидек, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида, мамлакатимизда кейинги йилларда 160 мингдан ортиқ фермер хўжалиги шаклланиб, улар бугунги кунда 10 дан ортиқ йўналишларда самарали фаолият юритмоқда. Кейинги икки йилда кўп тармоқли фермер хўжаликлари 45 фоизга кўпайиб, уларнинг сони 75 мингтага етди. Фақат шунинг ҳисобидан жойларда, узоқ-узоқ қишлоқларда юз минглаб янги иш ўринлари яратилди.

Жорий йил мамлакатимизда 8 миллион 377 минг тонна ғалла, 2 миллион 930 тоннадан зиёд пахта, 12 минг 450 тонна пилла, 318 минг тонна шоли, 23 миллион тонна мева-сабзавот, 13 миллион тонна гўшт ва сут маҳсулотлари етиштирилди.

Мамлакатимизда биринчи марта шафран экиш йўлга қўйилди, соя экиш кенгайди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 132 минг тоннаси қайта ишланиб, 100 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди. 856 миллион долларлик 724 минг тонна ҳўл мева четга сотилди.

Анжуманда Президент Шавкат Мирзиёев ушбу қутлуғ байрам арафасида аграр соҳада улкан ютуқларни қўлга киритган, юртимиз қишлоқ хўжалигининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган, бу борада ўзига хос мактаб яратган фидойи юртдошларимиздан бир гуруҳини Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганини эълон қилиб, уларни тантанали равишда эгаларига топширди.

Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари томонидан айтилган режа ва дастурларни амалга ошириш учун ўзларида куч ва имкониятлар, билим ва тажриба етарли эканини, юрт равнақи йўлида ғайрат билан меҳнат қилишини таъкидладилар.

Анжуман якунида Ўзбекистон санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

 

 

Количество просмотров

488

Янгиликлар лентаси