USD = 8163.93 SUM   EUR = 9978.77 SUM
Тошкент

26 йилда бажарилмаган ишлар бир йилда фазовий тезликда амалга оширилди

Дата публикации: 30 12 2017

Кейинги йилда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги икки томонлама муносабатлар яхшиланиб бораётгани кузатилмоқда. Бунга кўп жиҳатдан Ўзбекистон туфайли эришилмоқда. Унинг раҳбари мамлакат Президенти лавозимини эгаллаши билан қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилашни Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош устувор йўналиши сифатида белгилади.


Президент Шавкат Мирзиёев қисқа вақт ичида минтақанинг аксарият мамлакатларида бўлди ва Ўзбекистоннинг бу истаги самимий эканлигини амалда исботлашга улгурди. Бу борада Қирғизистон билан муносабатлар яхшиланганини намуна деб ҳисобласа бўлади. Чунки ҳукумат ва бизнес вакиллари иштирокида кўплаб расмий учрашувлар ўтказилди, 26 йил давомида ҳал қилинмаган кўплаб масалаларга ечим топиш имконини берган муҳим келишувларга эришилди ва шартномалар имзоланди.

Қирғизистон билан кўп қиррали, кўп даражали, ўзаро манфаатли ва амалий алоқаларни шакллантириш Ўзбекистоннинг устувор мақсадларидан бири ҳисобланади. 2016 йил октябрь ойида бошланган ва йил охирига қадар давом этган икки мамлакат ҳукумат делегацияларининг мунтазам учрашувлари буни тасдиқлайди. Бир фактни қайд этиш зарур: 2017 йил август ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлараро комиссияси қайтадан иш бошлади. Уни икки мамлакат Бош вазирлари бошқармоқда. Ўзбекистоннинг комиссия ишида бундай юксак даражада иштирок этиш амалиёти фақат Россия ва Хитой билан амал қиларди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи чоғида имзоланган чегара тўғрисидаги шартнома давлат чегара чизиқларининг 85 фоизи бўйича келишиб олиш имконини берди. Музокараларда икки давлат раҳбарлари Қирғизистон – Ўзбекистон чегарасини дўстлик чегарасига айлантириш истагини билдирдилар. Бу борада ҳали маълум қийинчиликлар бўлишига қарамай, қолган ҳудудлар бўйича ҳам келишиб олиш учун барча имконият мавжуд.

Шартномага мувофиқ, «Дўстлик» (Андижон вилояти), «Косонсой» ва «Баймоқ» (Наманган вилояти) назорат-ўтказиш пунктлари иши қайта тикланди. 1 октябрдан Қирғизистон фуқаролари учун «Қадамжой» ва «Водил» (Фарғона вилояти) пунктлари орқали чегарадан ўтиш тартиби соддалаштирилди. Бунда икки мамлакат фуқаролари ҳеч қандай таклифларсиз чегарани соддалаштирилган тартибда кесиб ўтади.

Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбековнинг декабрь ойи бошида Ўзбекистонга амалга оширилган расмий ташрифи икки давлатнинг ўзаро муносабатларни чуқурлаштиришга содиқ эканини яна бир бор исботлади. Энг муҳими, икки мамлакат ҳам сувдан фойдаланиш, иқтисодий ва сиёсий масалаларда бир тўхтамга келди. Қирғизистон ва Ўзбекистон Республикалари халқаро миқёсда Марказий Осиё минтақасидаги вазиятга ижобий таъсир кўрсатган геосиёсий ҳамкорликка асос солди.

2017 йил январь-сентябрь ойларида савдо айланмаси 231,1 миллион долларни ташкил этганини ўзаро муносабатларни яхшилашнинг муҳим кўрсаткичларидан бири сифатида қайд этиш мумкин. Бу 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 60 фоизга кўпдир. Мамлакатлар кесимида олсак, Қирғизистон Ўзбекистонга 109 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган, бу ўтган йилга нисбатан 17 фоизга ошган. Ўзбекистондан импорт ҳажми эса 122,1 миллион долларни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 2,6 баробар кўпдир. Йил якунлари бўйича товар айланмаси ҳажми 280 миллион долларга етиши кутилмоқда, қисқа муддатли истиқболда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмини 500 миллион долларгача етказиш режалаштирилган.

Қирғизистон Миллий ишбилармонлик клуби ва Қирғизистон Республикаси бозорлар ассоциацияси президенти Сергей Пономарёв ҳозирги вақтда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, сиёсий ва маданий мулоқот фаол ривожланаётганини қайд этмоқда.

Унинг таъкидлашича, Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбековнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида делегация таркибида қирғизистонлик ишбилармонлар ҳам бор эди. Тошкентда қирғизистонлик ва ўзбекистонлик ишбилармонлар «G to B» (ҳукумат вакилларининг ишбилармон доиралар билан учрашуви) ҳамда «B to B» (бизнес вакилларининг учрашуви) шаклидаги учрашувларда иштирок этди.

С.Пономарёв Ўзбекистон Қирғизистон иқтисодиётида қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган етарли даражадаги озиқ-овқат ва саноат тармоқларига эга эканини таъкидлайди. "Ушбу мамлакатда 32 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади, шунинг учун ҳам бизнинг товарларимиз Ўзбекистон бозорларида рақобатбардош бўлиши мумкин", дея қайд этади у.

Қирғизистон Республикаси бозорлар ассоциацияси президенти қирғизистонлик тадбиркорлар Ўзбекистонда енгил саноат юксак даражада ривожланаётгани билан танишишганини мисол тариқасида келтиради. Иқтисодчи икки давлат ҳам бир-биридан кўп нарсани ўрганиши мумкинлигини ошкора қайд этмоқда.

«Мен буни яхши маънода гапираяпман, чунки қўшни мамлакат биз билан ўз тажрибасини алмашиши ва, ўз навбатида, биз ҳам улар билан ютуқларимизни ўртоқлашишимиз учун етарли асос бор. Шунингдек, савдо-иқтисодий алоқаларни нафақат ЕОИИ доирасида, балки Ўзбекистон ва Хитой билан ҳам ривожлантириш имкониятига эгамиз. Ҳозирги вақтда ҳамкорлик қирраларини топишга уринишлар амалга оширилмоқда», дейди у.

Декабрь бошида Бишкекда бўлиб ўтган Қирғизистон – Ўзбекистон қўшма корхонаси тақдимотини икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг дастлабки одимларидан бири десак, муболаға бўлмайди. Қўшма корхона Қирғизистоннинг Бишкек, Ўш ва Чуй вилоятидаги Қора-Болта шаҳарларида автомобиллар йиғишни йўлга қўйиши режалаштирилмоқда.

Шу масала юзасидан ўтказилган матбуот анжумани чоғида «GM Ўзбекистон» АЖ вакили Жаҳонгир Тиллаев Қирғизистон Республикасига мазкур лойиҳа орқали хорижий инвестициялар оқими 5 миллион 180 минг долларни ташкил қилишини айтиб ўтди. Шунингдек, у илк босқичда 50 иш ўрни яратилишини, техника йўналишидаги олий ўқув юртлари талабалари ва битирувчиларини ишга жалб қилиш режалаштирилаётганини таъкидлади.

С.Пономарёв Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни янада яхшилаш ҳақида гапирар экан, юқоридаги барча лойиҳалар Қирғизистонда амалга оширилишига умид билдирди. Унинг фикрича, Ўзбекистонда “бугунги кунда биз Россия, Қозоғистон ва Хитойдан харид қилаётган” кўплаб товарлар ишлаб чиқарилмоқда. “Шу боис, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида шериклик эшиклари очилмоқда. Биз давлат раҳбарларининг тарихий учрашувлари мунтазамлик касб этганининг гувоҳи бўлмоқдамиз”, деб қайд этади иқтисодчи.

Шунингдек, у Ўзбекистон билан енгил саноат соҳасида ҳам қўшма корхона тузиш масаласи муҳокама қилинганини қўшимча қилди. “Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз бўйича эзгу ниятларимиз кўп, биз нафақат яхши қўшничиликни, айни дамда савдо-иқтисодий муносабатларни ҳам ривожлантирамиз”, дейди С.Пономарёв.

Халқаро ишлар бўйича эксперт Эдил Осмонбетовнинг фикрича, 2017 йил Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда тарихий босқич бўлди. “Чунки биз икки томонлама алоқалар нуқтаи назаридан 26 йилда бажарилмаган ишларни бир йил ичида фазовий тезликда амалга оширдик, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига эришдик”, дейди у.

Сиёсатшуноснинг фикрича, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар минтақадаги бошқа давлатлар ва МДҲ мамлакатлари учун андоза бўла олади.

“Агар биз Ўзбекистон билан барча иқтисодий, чегарага оид, транзитни диверсификация қилиш масалаларига миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ечим топсак, қўшни мамлакат билан алоқаларимиз тенг ҳуқуқли бўлади. Минтақадаги бошқа давлатлар бунга эътибор қаратиб, уни асос қилиб олади ва Марказий Осиёда 2018-2019 йилларда тамоман бошқа муҳит кузатилади”, деб таъкидлайди Э.Осмонбетов.

Сиёсатчининг фикрича, Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон Республикаси Президентлигига сайланганидан сўнг хорижга илк расмий ташрифини Ўзбекистонга уюштиргани мамлакат раҳбариятининг Ўзбекистон билан ўзаро алоқаларга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолатдир.

Шавкат Мирзиёевнинг “Қирғизистон ва Ўзбекистон муносабатларида чегара бўлмаслиги керак”, деган сўзлари сўзнинг асл маъносида эмас, муносабатлардаги барча йўналишларда чегара бўлмаслигини англатади. Яъни ҳар икки мамлакат ижтимоий ҳаёт ва иқтисодиётнинг барча соҳаларида бир-бири билан ҳамкорлик қилиши зарур, деб таъкидлайди эксперт.

Бу икки томонлама алоқалар бутунлай янги, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг тараққиёт босқичига кўтарилганидан гувоҳлик беради.

“Бунда мамлакатлар раҳбарлари ва ҳукуматлар, энг асосийси – халқларимиз ўртасидаги ишонч ва самимийлик муҳим ўрин тутади”, деб таъкидлайди сиёсатшунос.

Э.Осмонбетов мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси 250 миллион АҚШ долларига етгани икки томонлама алоқалар тарихида ҳали кузатилмаганини, бу давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада юксалтирувчи кўрсаткичлардан эканини таъкидлади.

“Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Ўзбекистоннинг энг яқин қўшниси, деган сўзлари биз минтақада стратегик шериклик даражасига кўтарилганимизни англатади”, деб қўшимча қилади эксперт.

Қирғизистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси, Қирғизистон Халқ ассамблеяси раҳбари Токон Мамитов бугунги кунда Қирғизистон ва Ўзбекистон муносабатлари ўз тарихи давомида тўртинчи тараққиёт босқичини ўтамоқда, деб ҳисоблайди. Унинг таъкидлашича, ушбу босқич Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевнинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувидан бошланган. “Бахтимизга, мазкур тўртинчи босқич Қирғизистон ва Ўзбекистон учун янада самарали бўлди ва янги сифат босқичига кўтарилди”, дейди у.

Қирғизистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси тўртинчи босқич 2017 йил сентябрь ойидан бошланганига эътибор қаратди. Ўшанда ташкил этилган икки учрашув ва октябрь ойидаги учрашувлар ўзаро муносабатларни янада яхшилашга туртки бўлди. Т.Мамитовнинг кузатувларига кўра, бунинг самарасида, биринчидан, чегаралар очилди, иккинчидан, улар нормал даражада фаолият юрита бошлади. “Барча чегаралар бўлмаса ҳам, лекин улар фаолият юритишни бошлади”, деб алоҳида таъкидлайди у.

Учинчидан, Т.Мамитовнинг сўзларига кўра, икки мамлакат фуқароларининг борди-келди қилишига имконият яратилди. “Ҳеч кимга сир эмаски, ҳар икки мамлакатда ҳам қўшни давлат фуқаролари билан қуда-анда тутинган кишилар кўпчиликни ташкил этади. Яқингача улар орасидаги алоқалар узилиб қолган эди”, дейди у.

Унинг фикрича, чегара масаласини ҳал этишга туртки берилгани муҳим аҳамият касб этди. «На биринчи, на иккинчи Президент, Қирғизистон Республикаси муваққат ҳукумати раҳбари ушбу масалани ҳал қилишда масъулиятни ўз зиммасига олмаган эди. Мана энди Президентлар А.Атамбоев ва Ш.Мирзиёев томонидан сиёсий қарор қабул қилинди», дейди Т.Мамитов. Шундан сўнг, таъкидлайди у, икки мамлакат ҳукумат комиссияларига ишлашга топшириқ берилди ва улар томонидан барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, чегара муаммолари ҳал қилинди.

Ҳозирги кунда чегаранинг 85 фоизи бўйича шартнома имзоланган.

Қирғизистон Халқ ассамблеяси раҳбари шундан сўнг икки мамлакат ўртасида маданий-гуманитар алоқалар, иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорлик йўлга қўйилганини қўшимча қилди. «Биз улкан сармоявий ҳамкорлик бўсағасида турибмиз», дейди у.

Буларнинг барчаси ҳамкорликнинг уч босқичидан фарқ қилувчи жиҳатдир. «Шунинг учун, ўйлайманки, тўртинчи босқич дастлабки уч босқичдан сифат жиҳатдан кескин фарқ қилади ва ҳамкорликнинг бу босқичи Қирғизистон учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам ўзаро манфаатли бўлишига умид қиламан», деб мамнуният билан қайд этди Токон Мамитов.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни яхшилаш изчил давом эттирилаётганини қайд этар экан, Т.Мамитов яна бир жиҳатга урғу берди. «Қирғизистон ва Ўзбекистон Фарғона водийси, умуман олганда, Марказий Осиёдаги икки муҳим давлатдир", дейди у. Шунинг учун бутун дунё ушбу масалага эътибор қаратмоқда. «Халқаро ҳамжамият икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар ривожланаётгани, чегара муаммолари ҳал бўлаётгани ва сармоявий характердаги масалалар муҳокама қилинаётганининг гувоҳи бўлмоқда», дейди Қирғизистон Халқ ассамблеяси раҳбари. Сўзи сўнгида Токон Мамитов «бироқ улар ҳарбий-сиёсий соҳадаги масалалар қандай ечим топиши, Ўзбекистон ва Қирғизистон халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасига ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга келишиб олишармикин деб кузатиб турибди", дея таъкидлади.

«Кабар» ЎзА учун махсус.

Количество просмотров

121

Янгиликлар лентаси