USD = 8188.33 (+1.38) SUM   EUR = 10057.73 (-139.12) SUM
Тошкент

4.Ватанга муҳаббат туйғуси

Дата публикации: 29 01 2018

“Буюк тарихни тиклаган ва янги тарих яратган шахс” туркумидан.

Тўртинчи йўналиш— тарихни қайта тиклаш билан юртимизда давлатчиликнинг қадимий илдизларга эга эканлигини кўрсатиш ҳамда унинг келгуси тараққиёт йўлларини белгилаб беришдан иборат эди.


 Бу масаланинг Ислом Каримов олдида кўндаланг туриши ва унга давлат раҳбари сифатида жавоб излаши бежиз эмасди. Негаки, мустақилликнинг илк йилларида мамлакатимиз ўзининг янги давлатчилигини эълон қилган пайтларда юртимиз тарихини билмайдиган ва билишни истамайдиган мухолифлар томонидан “Ўзбекистон қадимий давлатчилик тарихига эга эмас. Бу ўлкада давлатчилик тарихи 1924 йилда бошланган. Шунинг учун бу республика ўзини-ўзи бошқара олмайди”, деган нохолис фикрлар ўртага ташланган ва бунга дунё жамоатчилигини ишонтиришга уринишлар бўлган эди. Биринчи Президентимиз шу сабабли ҳам тарихчиларимиз, олимларимиз олдига тарихни, хусусан, юртимизнинг давлатчилик тарихини ҳаққоний ёритиш ҳамда бу борадаги энг ишончли маълумотларни дунё жамоатчилигига етказиш масаласини ўртага қўйган эди. Шу билан бирга юртбошимизнинг ўзи ҳам ўша пайтда бу борада улуғвор ишларни амалга оширди.

2001 йилда Урганч шаҳрида Шовот канали соҳилида Биринчи Президентимиз  фармонига биноан “Авесто” боғи ва ёдгорлик мажмуаси яратилди. Ёдгорлик юксакликка бўй чўзган иккита устундан ва бу устунларнинг юқори қисмини бирлаштирувчи халқадан иборат. Бу халқага яна учта асос келиб бирлашади. Ёдгорликнинг пастки қисмида эса каттакон китоб. Китоб саҳифаларига “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” сўзлари битилган. Бу ёдгорлик бундан 3,5 минг йиллар илгари яратилган, инсоният тарихида биринчи китоб сифатида қадрланадиган, улуғланадиган “Авесто” асарининг асосий ғоясини ифодалаган. Марказдаги икки устун мамлакат ва халқнинг тимсолларидир. Уларга бориб бирлашадиган учта асос эса эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амалларнинг ифодаларидир. Яъниким, дунёда инсон яшар экан ҳаётни гўзал қилиши, яшнатиши, яхшиликни барқарор этиши учун эзгу фикр қилиши керак. Бу эзгу фикрни сўзга айлантириши, сўзда ифодалаши зарур. Эзгу сўз эса ҳаётда амалий ифодасини топиши шарт. Ана шунда мамлакат гуллаб-яшнайди, халқ қудратли бўлади.

Аждодларимизнинг олис ўтмишда яратган бу ғоялари асрлар оша ўтиб, ҳаётда сайқалланиб бугунги кунгача етиб келган ва ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ушбу ёдгорликнинг айнан Хоразмда ўрнатилиши ҳам бежиз эмас. Чунки асар айнан Хоразмда яратилган, унда бу ўлка ҳаёти билан боғлиқ воқеалар қаламга олинган. Ёдгорликнинг очилиши билан бир вақтда “Авесто” асари яратилганининг 2700 йиллигига бағишланган тантаналар ҳам бўлиб ўтди. Бу тантаналар халқаро ЮНЕСКО ташкилоти, дунё ҳамжамияти билан биргаликда ўтказилди. Бу юртимизнинг қадим тарихи, маданияти, илм-фанига бўлган эҳтиром ифодаси эди.

Айни пайтда “Авесто” асарига бундай эҳтиромнинг яна бир сабаби ҳам бор эди. Маълумки, асарда бундан 3 минг йиллар муқаддам ўлкамизда яшаган халқлар, уруғлар, қабилалар қишлоқлар, воҳалар ва бошқа бирликлардан иборат ҳолда Хванириата — марказий мамлакат бошқарув тизимини, яъни давлатчилик тизимини яратганлар. Бу эса давлатчилик тизими мамлакатимизда 30 аср илгари ҳам мавжуд бўлганини, аждодларимиз бу соҳада ҳам бошқа халқларга ибрат, ўрнак бўлганлигини кўрсатади. Шунинг учун ҳам Биринчи Президентимиз “Бу нодир китоб бундан ХХХ аср муқаддам икки дарё оралиғида, мана шу заминда умргузаронлик қилган аждодларимизнинг биз авлодларига қолдирган маънавий, тарихий меросидир. “Авесто” айни замонда бу қадим ўлкада буюк давлат, буюк маънавият, буюк маданият бўлганлигидан гувоҳлик берувчи тарихий ҳужжатдирки, уни ҳеч ким инкор этолмайди”, деб айтганида тўла ҳақ эди. Мазкур асар, айни пайтда Хоразмда 3 минг йиллар илгари “Катта Хоразм” давлати бўлганлиги ҳақида тарихчилар талқин қилган маълумотларни ҳам исботлаб берди. Бу Ислом Каримовнинг юртимизда давлатчилик тарихи ниҳоятда қадимий эканлигини намоён қилувчи ишларидан бири эди.

Ўзбекистон Давлат тарихи музейида бир ноёб осори-атиқа сақланади. Бу тумор шаклида тошдан ишланган иккита илоннинг бир-бирига чирмашиб турган ҳолатидир. Ҳар иккита илоннинг кўзлари, арқондай чўзилган танасининг аксарият қисми зумрад, аниқ, феруза каби ноёб тошлар билан безатилган бўлган. Қадимшунос олимлар бу илон бошли тош тумор 3-3,5 минг йиллик тарих билан боғлиқ, деб баҳо беришади. Тош тумор юртимиз ҳудудларидан топилган. Ушбу ноёб осори-атиқанинг мамлакатимиз бош музейидан ўрин олишининг ҳам сабаби бор. Маълумки, қадим даврларда илон давлат тимсоли ҳисобланган. Демак, бу илон бошли тумор ҳам юртимиздаги давлатлардан бирининг рамзи саналган. Музейда бундан ташқари юртимиз ҳудудларида турли даврларда ҳукмронлик қилган — Хоразмдаги сиёвушийлар, африғийлар, хоразмшоҳлар, Бухородаги бухорхудотлар, сомонийлар, Самарқанд ва Фарғонадаги сўғдийлар, ихшидийлар, Тошкентдаги илоқлиқлар, ҳоқонликлар, Сурхондарёдаги бақтрлар, тоҳарлар, Термиздаги Археология музейида термизийлар, чағонийлар, Тошкентдаги Темурийлар тарихи музейида Амир Темур ва темурийлар даври давлатлари тарихи билан боғлиқ қимматбаҳо осори-атиқалар, ашёлар, нодир маълумотлар тўпланган. Булар ҳам мамлакатимизда давлатчилик тарихи ниҳоятда қадимий эканлигини кўрсатади. Ушбу музейларнинг ва бошқа кўплаб мозийхоналарнинг барпо этилиши ва уларда тарихимиз, хусусан, давлатчилик тарихимиз билан боғлиқ ноёб осори-атиқаларнинг тўпланиши ҳам бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ.

Давлатчилик шаклланиши жараёнларининг мамлакатимизда ҳам, бутун дунёда ҳам жиддий сиёсий масалалардан бири сифатида қўйилишининг ўзига яраша сабаблари бор. Негаки, давлат жамият тарихининг маълум босқичида тараққиётнинг кучайиши, илм-фаннинг ривожланиши, шаҳарсозликнинг юзага келиши, инсонлар руҳоният оламининг юксалиши, одамлар, уруғлар, қабилалар орасида ҳамкорликнинг қарор топиши,ишлаб чиқаришнинг тараққий этиши ва буларнинг ҳаммасининг марказлашган ҳолда бошқарилиши натижасида юзага келади. Давлатнинг мавжудлиги ҳар қандай миллатнинг қудратли кучга айланганлигини кўрсатади. Бу эса ҳар бир халқнинг дунё тарихида тутган ўрнини белгилашга хизмат қилади. Шу маънода Биринчи Президентимиз ташаббуси билан бошланган ўтмиш меросимизни ҳаққоний, холис тадқиқ этиш иши халқимизнинг нафақат инсоният тарихида, балки дунёда давлатчилик шаклланиши тарихида ҳам катта роль ўйнаганлигини кўрсатди. Шу билан бирга Ислом Каримов ана шундай тарихий давлатчилик заминида, аждодларимиз тажрибаларига таянган ҳолда янги давлатни шакллантирди. Ўзбекистон деб аталган буюк давлат қарор топди. У кишининг бу борада тарихга мурожаат қилишининг сабаблари ҳам ана шунда эди. Бу хусусда бундай деган эди: “Ҳеч бир соҳада ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодгина буюк давлат барпо этиши мумкин. Нега деганда, буюк давлатни қуриш учун маърифатли, тарихни биладиган, ундан сабоқ чиқара оладиган одамлар керак”.

Энди юқоридаги фикрларнинг ҳаммасидан шундай хулосага келиш мумкин. Биринчи Президентимиз мамлакатимизнинг 25 йиллик истиқлол даври ҳаётида халқимизнинг, Ватанимизнинг олис ўтмишдаги буюк тарихини тиклаган ва янги тарихини яратган шахс сифатида муҳрланди.

Тарихни холислик билан ҳаққоний ўрганиш ва уни келажакка хизмат қилдириш борасида Биринчи Президентимиз бошлаб берган улуғвор ишлар бугунги кунда ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда. Айтайлик, агар Ислом Каримов раҳбарлик пайтида буюк аждодларимизнинг тарихий меросини ўрганишга,номларини улуғлашга, хотираларини абадийлаштиришга эътибор қаратган бўлса, эндиликда Президентимиз Шавкат Мирзиёев илм-фанни ривожлантириш, китоблар нашрларини яхшилаш ва халқимизнинг китобхонлик даражасини юксалтириш, қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш борасидаги фармон ва қарорлари асосида ўтмишда яшаб ўтган буюк алломаларимиз, шоирларимиз асарларини тўла ҳолда чоп қилиш, уларни китобхонларга етказиб бериш, улуғ мутафаккирларимизнинг яратиб кетган илмий кашфиётларини юртимиз тараққиёти учун хизмат қилдириш, улардан халқимизни баҳраманд этиш масалаларини асосий мақсад қилиб қўйди.

Ёки бўлмаса, Биринчи Президентимиз олис ўтмишда яшаб ўтган аждодларимиз меросини кенг тадқиқ этиш, хотираларини абадийлаштириш борасида ибратли ишларни амалга оширган бўлса, ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари бу ишларни давом эттириб яқин тарихимизда ўтган улуғ салафларимиз номларини улуғлаб, меросларини эъзозлашга эътиборни қаратди. Шу асосда Наманганда Исҳоқхон Жунайжуллахожа ўғли Ибратга бағишланган ёдгорлик мажмуаси,Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаби, Қаршида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати, Андижонда Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб, Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаб кабилар бунёд этилди. Хоразмда Комилжон Отаниёзов номидаги ижод маркази ишга туширилди.

Ёҳуд Ислом Каримов даврида у кишининг ташаббуси билан улуғ алломаларимиз, буюк аждодларимизнинг қадамжолари қайта тикланиб, гўзал,обод ёдгорлик мажмуаларига айлантирилган бўлса, эндиликда республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу ёдгорлик мажмуаларида ўша алломаларимиз, буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросидан, асарларидаги илғор ғояларидан дунё аҳлини баҳраманд қилишга интилмоқда. Шу мақсадда Самарқандда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси қошида Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Исо ат-Термизий ёдгорлик мажмуасида Имом Термизий халқаро  илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ҳазрати Имом ёдгорлик мажмуасида эса халқаро миқёсдаги  Ислом  маданияти маркази барпо этилмоқда. Демак, келгусида юртимизга ташриф буюрадиганлар нафақат мамлакатимиздаги муқаддас масканларни, тарихий ёдгорликларни зиёрат қиладилар, балки аждодларимизнинг илм-фан йўлидаги ўлмас меросидан ҳам баҳраманд бўладилар. Республикамизда тарихни улуғлашга, уни келажак йўлида хизмат қилдиришга бағишланган улуғвор ишлар эса давом этаверади.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти халқимиз тарихининг  кескин бурилишлар, янгиланишлар, ўзгаришлар палласида фаолият кўрсатди. У тарихнинг энг муҳим масалаларини пухта ўрганиб, бу борадаги ҳаётий муаммоларнинг ечимига донишмандлик ва жасорат билан ёндашди. Тарихни замон билан уйғунлаштирди, бугунги кунга хизмат қилдирди. Қилдирмоқда.  Унинг бу ишларни амалга оширишдан кўзлаган пировард мақсади бор эди. Бу мақсад ҳар бир юртдошимиз, халқимиз қалбида Ватанга,она Ўзбекистонга муҳаббат туйғусини шакллантириш эди. Бу хусусда унинг ўзи бундай деб ёзади: “Инсон ўзлигини англагани, насл-насабини чуқурроқ билгани сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, улғая боради. Бу илдиз қанча теран бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар юксак бўлади. Жаҳон кенг, дунёда мамлакат кўп, лекин бу оламда бетакрор она юртимиз,Ўзбекистонимиз яккаю ягона. Бу гўзал юрт, бу муқаддас замин фақатгина бизга аталган.Мана шу улуғ туйғу ҳар биримизнинг  дилимизга жо бўлиши, ҳаётимиз  мазмунига айланишини истардим.” Не бахтки,Биринчи Президентимизнинг бу орзулари, истаклари ҳам бугунги кунда рўёбга чиқмоқда.

Камол Матёқубов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

 

Количество просмотров

105

Янгиликлар лентаси