USD = 8163.93 SUM   EUR = 9978.77 SUM
Тошкент

“Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзуида халқаро медиа-форум бошланди

Дата публикации: 29 11 2017

Пойтахтимизда 28 ноябрь куни “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзуида халқаро медиа-форум бошланди.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, ЮНЕСКО ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг (Германия) мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро анжуманда сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дунёдаги етакчи музей, кутубхона, илмий институтлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этмоқда.

Медиа-форумнинг очилишида Ўзбекистон Респубикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, маданият вазири ўринбосари К.Оқилова, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Б.Абдуҳалимов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Д.Бадарч мамлакатимизда тарихий-маданий меросни ҳар томонлама чуқур ўрганишга алоҳида аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг бой маданий меросига оид ноёб манбалар дунёдаги кўплаб музейлар, илмий-тадқиқот институтлари, галереялар ва архив фондларида сақланмоқда. Уларни излаб топиш ва халқимизга етказиш мақсадида “Ўзбекистон маданий мероси” медиа-лойиҳаси доирасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Халқаро форум доирасида лойиҳанинг “Шарқ ёзма ёдгорликлари дурдоналари” номли янги туркуми тақдимоти ўтказилди.

Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти ва Франция миллий кутубхонасида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони”, “Меърожнома”, “Темур тузуклари”, “Девони Ҳусайн Бойқаро”, “Равзатус-Сафо” (Поклик боғи) қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари Ўзбекистонга топширилиши тадбирнинг муҳим воқеаси бўлди. Ушбу нусхалар қўлёзмаларнинг аслига жуда яқин, олтин қопламали қоғозда битилган.

Анжуманда ушбу туркумга кирувчи навбатдаги бешта китоб-альбом тақдимоти бўлиб ўтди.  Ушбу тўпламлар 49 мамлакатдан келган 136 музей ва кутубхона вакилларига топширилди. 

Тадбирда 2018 йилда чоп этилиши режалаштирилган китоб-альбомлар ва фильмлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Китоблар Ўзбекистон, Буюк Британия, Россия, Франция, Туркия ва Япониядаги фондларда сақланаётган, юртимизнинг нодир осори-атиқаларига бағишланади.

Медиа-форумнинг биринчи кунида Ўзбекистон ҳудудида турли маданиятлар ва бадиий анъаналар, жаҳон коллекцияларида Ўзбекистон санъати каби мавзуларда маърузалар тингланди. Япониялик олимларнинг музей экспонатлари ёшини аниқлаш бўйича янги технологиялар ҳақидаги тақдимоти иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.

Россиянинг “Культура” телеканали томонидан тақдим этилган “Ўзбекистон: кашф этилган синоатлар” ҳужжатли фильми қатнашчиларда катта таассурот қолдирди.

Количество просмотров

273

Янгиликлар лентаси