USD = 8146,38 SUM   EUR = 9965,47 SUM
Тошкент

Хитой телеканалида Ўзбекистон ҳақида кўрсатув намойиш этилди

Дата публикации: 30 11 2017

Хитойнинг “Travel Satellite TV” телеканали мамлакатимизнинг тарихий-маданий мероси ва замонавий ривожланишига бағишланган кўрсатувни эфирга узатди.

Унда ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олган Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари Буюк Ипак йўлининг марказлари бўлгани қайд этилган, дейилади “Жаҳон” АА хабарида.

Кўрсатув чоғида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги тарихий алоқалар ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди. Муаллифларнинг қайд этишларича, эрамиздан олдинги II асрнинг иккинчи ярмида Ғарбий-Хан империяси элчиси Чжан Сяннинг қадимги Фарғонага (Даван) келгани замонавий Ўзбекистон ҳудудига туташ ўлкаларнинг кўҳна Хитой давлатлари билан дипломатия муносабатлари ўрнатилишига кўмаклашган.

Кўрсатувда, шунингдек, қадимги Самарқанд технологияси бўйича қоғоз тайёрланиши тарихи ҳамда ўзбек каштадўзлиги ҳақида ҳикоя қиладиган лавҳалар ҳам хитойлик телетомошабинларнинг эътиборига ҳавола қилинди.

Юқоридагилар билан бирга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида сайёҳлик индустриясини ривожлантириш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган диққатга сазовор ишлар хусусида ҳам муҳим фикр-мулоҳазалар тилга олинди. Таъкидланганидек, “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг ҳаётга тадбиқ этилиши Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги сайёҳлик алмашувларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида Пекинга давлат ташрифи чоғида икки мамлакат сайёҳлик идоралари ўртасида 2017 – 2020 йилларда ҳамкорликни ривожлантириш дастурининг имзолангани муҳим аҳамиятга эгадир, дея қайд этди “Травел Сателлите ТВ” канали.

Ушбу кўрсатув доирасида хитойлик томошабинлар “I Love Uzbekistan” (“Мен Ўзбекистонни севаман”, “Come to see Samarkand” (“Самарқандни кўргани келинг”), “Ўзбегим” ва  “Welcome to Bukhara” (“Бухорога хуш келибсиз”) видеолавҳалари, шунингдек, ўзбек миллий либослари намойиши тўғрисидаги тасвирлар билан ҳам танишдилар.

Количество просмотров

246

Янгиликлар лентаси