USD = 8146,38 SUM   EUR = 9965,47 SUM
Тошкент

Абдуллоҳ Ан-Норинжоний

Дата публикации: 18 12 2017

Ёзнинг сокин тунларида само бағри юлдузларга тўла бўлади. Олислардан нур таратиб турадиган бу юлдузлардан қанчасининг номлари аниқ, уларнинг коинотда қачон пайдо бўлиши ва қай маҳалда ботиши ҳақида етарли маълумотлар мавжуд. Башарият учун хизматлари ҳам кашф этилган. Лекин улар орасида ҳали номи ҳам, ўзи ҳам номаълум бўлган, илмий тадқиқ этилмаган, ўрганилмаган юлдузлардан қанчаси бор. Заминдаги инсонлар тақдири ҳам ана шу юлдузларга ўхшайди. Тарихда қанча улуғ, буюк шахслар қаторида инсоният учун катта ишлар қилган, аммо кечмиши, тақдири, фаолияти, мероси тадқиқ этилмаган, номлари кўпчиликка номаълум инсонлар қанча. Улар меросини ўрганиш ва халққа таништириш тарихий зарурат. Ана шулардан бири Абдуллоҳ ан-Норинжонийдир.


Абдуллоҳ Норинжоний шарқ алломалари орасида улуғ шайх, имом, Аллоҳ кароматларини ерда пайдо қилувчи шахс сифатида улуғланади. Унинг таваллуд санаси ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Баъзи манбааларда IX-X асрларда яшаб ўтганлиги ҳақида фикр билдирилса, бошқа манбааларда XIII-XIV асрларда ҳаёт кечирганлиги тўғрисида сўз юритилади. IX асрнинг иккинчи ярми X асрнинг бошларида яшаган араб муаррихи Абу Жаъфар ат-Таборий “Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи” асарида бу аллома, шайхни кўрганлиги ҳамда унинг иккита қўлёзма асари – одоб-ахлоқ ва мусулмонлар ақидалари ҳақидаги рисолаларини ўқиганлиги хусусида сўз юритади. Бу маълумот Абдуллоҳ Норинжонийнинг ҳаёти ва фаолияти IX-X асрлар билан боғлиқлиги тўғрисидаги далиллар тўғри эканлигини исботлайди. Тарихий битикларда унинг Марвдаги мадрасада таълим олганлиги, илм иштиёқида мусулмон оламидаги кўплаб мамлакатларга борганлиги, Жунайд Бағдодий, Имом Аҳмад ан-Насоий, Аҳмад ибн Идрис ал-Ашъорий, Имом Абу Довуд Сулаймон Сижжистоний каби алломалар билан учрашганлиги, ҳамсуҳбат бўлганлиги, ваъзлар эшитганлиги хусусида маълумотлар берилади.

Алломанинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Мусо ибн Довуд Абу Абдуллоҳ. Унинг исми-шарифидаги Норинжоний нисбаси яшаган жойига нисбатан олинган. Абдуллоҳ Норинжоний ҳаётининг асосий қисмини Хоразмнинг шаҳарларида кечирган. Кейинчалик Норинжон шаҳрида муқим яшаган. Имомлик, шайхлик рутбалари унинг мадрасаларда таълим-тарбия соҳасидаги хизматлари учун берилган. Одоб-аҳлоқ, ислом фалсафаси, диалектикаси, исломий ақидалар, фиқҳ илми билан боғлиқ ўнлаб рисолалар яратган. Бу рисолалар 9-асрда мусулмон Шарқидаги мадрасаларда ҳам кенг ўқитилган. Булар ораситда алломанинг Қуръони Каримга ёзган шарҳлари ҳам машҳур бўлган. Афсуски, кейинги даврларда алломанинг номи унутилгани каби асарлари, рисолалари ҳам сақланмаган, улардан бирортаси ҳозирги кунгача етиб келмаган. Маълумки, 13-асрдан кейин ислом дини ва унинг ғояларини тушунтиришда турлича қарашлар вужудга келган. Исломий ақидаларни нотўғри талқин қилувчилар пайдо бўлган. Ислом ғояларини, Қуръони Карим асосларини халққа тўғри тушунтиришда калом илми юзага келган. Кўплаб мутакаллимлар фаолият юритганлар. Абдуллоҳ Норинжоний ҳам ана шундай мутакаллимлардан бири сифатида исломий ғояларнинг мазмун-моҳиятини ҳаққоний далиллаб, халқни тўғри йўлга бошлаган. Шунинг учун ҳам у халқ орасида “Аллоҳ кароматларини ерда пайдо қилувчи” кароматгўй авлиё сифатида улуғланган.

Тарих саҳифаларида аллома номининг кам эсланиши, асарларининг унутилиши турли даврлар тўфонлари билан биргаликда у яшаган шаҳарнинг фожиавий кечмишига ҳам боғлиқ. Қадимшуносларнинг маълумотларига кўра, Амударёнинг қуйи қисмида, Қизилқум этакларида аждодларимиз эрамиздан олдинги 3-2 мингингчи йилликларда каналлар қазиб суғорма деҳқончиликка асос солганлар, илк қалъалар, шаҳарлар барпо этганлар. Норинжон шаҳри эрамизнинг 2-4 асрларида Гавҳар канали тармоқларидан бири бўйида қалъа сифатида қурилган Лекин қалъа араблар босқини туфайли вайрон қилинади. IX асрга қадар бу ерда ҳаёт сўнади. IX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб хароба қалъа атрофида шаҳристон ва рабодларига эга  Норинжон шаҳри қад ростлайди. Икки қатор мудофаа деворларига эга, ҳунармандчилик ривож топган шаҳар Африғийлар даврининг йирик илмий марказларидан бирига айланади. XIII аср бошларида мўғуллар ҳужуми туфайли бу шаҳар ҳам харобага айланади. Орадан кўп ўтмай шаҳар қайтадан тикланади. Аммо IV асрнинг охирларига келиб  урушлар натижасида каналлар бузилади, шаҳар вайрон қилинади. У қум остига кўмилиб тарих саҳифаларидан ном-нишонсиз ўчиб кетади. Шаҳар билан бирга унинг бағридаги архитектура ёдгорликлари, бу ерда яшаган улуғ инсонлар, улар яратган асарлар ҳам ўтмиш қўйнида изсиз йўқолади. Эндиликда Тўрткўл шаҳридан 25-30 километр узоқликда жойлашган бу масканда қадимий шаҳар рабоди ўрнида пайдо бўлган қабристон ва Норинжонбобо мақбара мажмуасининг бир қисми олис ўтмиш гувоҳлари сифатида қад ростлаб турибди.

Абдуллоҳ Норинжонийнинг вафоти санаси тарихий асарларда ҳижрий 310 йил, милодий 922-923 йиллар деб белгиланган. Бу маълумот алломанинг мақбарасидан ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида топилган тош битикда ҳам ёзилган. Археолог Яҳё Ғуломов томонидан ўқилган бу тош битик эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси санъат музейида сақланмоқда. Араб имлоси, сулс хатида битилган битикда алломанинг ҳаёти, фаолияти, вафоти ҳақидаги маълумотлардан ташқари унинг қабри машҳур ва муқаддаслиги ҳам эътироф қилинган. Айни пайтда, мақбарадаги қабрда яна бир битиктош мавжуд. Араб тилида, насх услубида 13 қатор қилиб ёзилган бу битиктошда ҳам алломанинг аждодлари, фаолияти, тақдири тўғрисида маълумот берилади. Лекин унинг охирида ҳижрий йил, милодий 1312 йил санаси келтирилади. Баъзи тарихчилар ушбу китобадаги санага асосланиб алломанинг вафоти 1312 йил деб белгилайдилар. Бу маълумот эса тарихий ҳақиқатга тўғри келмайди.

Алломани вафотидан кейин ўз васиятига кўра Норинжон шаҳрининг ғарбий томонида мудофаа деворига туташ жойда дафн қилишади. Археологларнинг маълумотларига кўра, Х асрда қабр устида мақбара бунёд этилан. Кейин унинг олдига зиёратхона қурилган. Бу иккала иншоотнинг барпо этилган даври Х асрга хослигини ўша даврда Кўҳна Урганч, Марв, Термизда қурилган иморатларга ўхшашлигидан ҳам билса бўлади. XIII асрга келиб мақбара атрофидаги иморатлар кўпайган. Мақбарага кириш қисми, узун йўлак, айвон, қишки масжид ва бошқа хоналар тикланган. XIV аср бошларида эса мақбаранинг шарқий қисмида масжид ҳамда хонақоҳ қурилган. XVIII асрнинг охирларига келиб мақбара аҳолининг табаррук қадамжосига айлангани сабабли ёзги масжид ва қаландархона ҳам барпо қилинган. Буни ўша даврда усталар томонидан ишланган ва мақбарадаги кўплаб хоналарга қўйилган нақшинкор эшиклар, улар тепа қисмидаги икки қатор ёзув ҳамда 1796-1798 йиллар санаси ҳам тасдиқлайди. Буларнинг бари ушбу табаррук масканда аждодларимиз минг йилдан ошиқ вақт ичида меъморчилик, яратувчилик ишларини олиб борганликларини кўрсатади.

Халқимизнинг улуғ шайх, алломага эҳтироми қанчалик улуғвор, юксак бўлмасин бу мақбара ва унинг таркибидаги ёдгорликларнинг тақдири  оғир кечди. Қадимшунослар фикрича, мақбара ва бу ердаги бошқа иморатлар бир неча бор оғир талофат кўрган. 13-аср бошларида мўғуллар босқинидан кейин шаҳар билан бирга мақбара ҳам вайрон қилинган. Харобага айланган ёдгорлик қум остида қолган. 1250-1260 йилларда хоразмлик аллома халқ орасида Остона бобо номи билан машҳур бўлган Шайх Мухтор Вали мақбарани қумдан тозалатиб қайта қурдиради, таъмирлатади. XIV аср бошида мақбара  урушлар натижасида бузилиб яна бир марта қум барханлари тагига кўмилади. Қабрдаги битиктошда 1312 йил санасининг қўйилиши мақбаранинг қумдан тозаланиб қайтадан таъмирланиши даври билан боғлиқ. Норинжон шаҳри XIV аср охирларида бузилиб кетганидан кейин мақбара ҳам қум барханлари остига кўмилади. XVIII асрнинг иккинчи ярмига келиб унинг бир қисми қумлардан тозаланади. Иморатлар қайта қурилади. Лекин XIX асрнинг иккинчи ярмидан XX асрнинг 60-йилларига қадар мақбара ва унга ёндош ёдгорликлар эътиборсизлик, қаровсизлик натижасида кўчма қум барханларининг ҳуружи остида вайронага айланади. Ёдгорликларнинг бир қисми бутунлай бузилиб кетади. Собиқ шўролар даврида табаррук қадамжо бутунлай ёпиб қўйилди. Айрим ёдгорликлар бузиб ташланди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг бошқа тарихий ёдгорликлар, табаррук қадамжолар сингари Норинжонбобо мақбарасидаги ёдгорликлар ҳам қайта қурилди, таъмирланди, атрофлари ободонлаштирилди. Мажмуа жойлашган жой қум барханларидан тозаланди. Атрофи девор билан ихоталанди. Мақбара, зиёратхона, олди очиқ айвон ўз асл ҳолида тикланди. Масжид ва хонақоҳ ўринлари белгиланди. Қадимий қудуқ яна оби ҳаёт бера бошлади. Алломанинг қабри тарихий кўринишда таъмирланди. Тош битик ўз жойига қўйилди. Ғаройиб гумбазли, ўймакор устунли, тош тўшалган файзли иморатлардан иборат бу обод маскан эндиликда нафақат Абдуллоҳ Норинжонийнинг муқаддас қадамжоси сифатида, балки тарих саҳнасидан бутунлай ўчиб кетган Норинжон шаҳрининг қадимий ёдгорлиги сифатида ҳам қад ростлаб турибди.

Камол МАТЁҚУБОВ

Количество просмотров

240

Янгиликлар лентаси