USD = 8085.11 SUM   EUR = 9487.07 SUM
Тошкент

“Навоий” халқаро интермодал логистика маркази фаолияти такомиллаштирилади

Дата публикации: 07 12 2017

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 6 декабрь куни “Навоий” халқаро интермодал логистика маркази фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

 2008 йили Навоий шаҳри аэропорти базасида халқаро интермодал логистика маркази ташкил қилиниб, Ўзбекистон транспорт-транзит салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда “Навоий” эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ташқи бозорларга етказиш йўлга қўйилган эди.

Ушбу логистика марказига аввалбошдан барча турдаги солиқ имтиёзлари ва божхона преференциялари берилди. Йўлдош инфратузилма барпо этилди, бошқарув “Korean Air” компаниясига топширилди.

Бироқ, марказ фаолияти таҳлил қилинганда, шунча қулайлик ва имкониятларга қарамай, терминал қувватидан амалда тўлиқ фойдаланилмаётгани аниқланди. Йилига 100 минг тонна юк ўтказиш қувватининг 20 фоизидан ҳам камроғи ишга солинмоқда, холос. Ўтган саккиз йил давомида ушбу аэропорт орқали 300 минг тонна юк ташилгани буни яққол тасдиқлайди.

2017 йил якунига кўра, терминалда умумий юк айланмаси 2016 йилдагига нисбатан 11 фоиз ёки 33 минг тоннагача камайиши прогноз қилинмоқда.

Бундай ҳолат юзага келишига бу соҳага бевосита масъул бўлган айрим мансабдор шахсларнинг бепарволиги, масъулиятсизлиги, ушбу марказни чуқур ўйланган стратегия асосида ривожлантирмагани сабаб бўлди, деди давлатимиз раҳбари. Кўп йиллар мобайнида Навоий аэропорти ва логистика марказининг ноёблиги, жозибадорлиги, бошқалардан ажралиб туриши тўғрисида баландпарвоз гаплардан нарига ўтилмади.

Статистик маълумотларга кўра, марказда кунига ўртача иккита парвоз амалга оширилмоқда. Бу эса ушбу логистика маркази ва аэропорт салоҳиятидан фойдаланиш даражаси мақтовдан анча йироқ эканини кўрсатади.

Ишни ташкил қилишга муносабатнинг қанчалар аянчли ҳолда бўлганини шундан ҳам билса бўладики, ҳозирги кунгача “Навоий” логистика маркази объектларини фойдаланишга топшириш бўйича давлат қабули амалга оширилмаган, деб қайд этди Президентимиз. Марказдаги ёқилғи-мойлаш материалларини сақлаш сиғимлари ҳам охиригача қуриб битказилмаган.

Санаб ўтилган камчиликлар ва йўл қўйилган масъулиятсизликлар ҳамда “Навоий” логистика маркази фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва бошқа масалалар юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Количество просмотров

167

Янгиликлар лентаси

Анонс

16.12.2017 89