USD = 8163.93 SUM   EUR = 9978.77 SUM
Тошкент

2018 йилдаги солиқ ставкаларидаги асосий ўзгаришлар — рақамлар ва таққослар

Дата публикации: 02 01 2018

2017 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3454 сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.


Ушбу қарорда солиқларнинг турлари ва уларнинг ставкаларига боғлиқ бир қатор ўзгаришлар белгилаб берилган. Келинг, янги йилдан солиқлар борасида қандай ўзгаришлар содир бўлишини, уларнинг натижаларини аввалги йилларга таққослаган ҳолда ўрганиб чиқайлик.

ЖШДС — жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари шкала бўйича: 0 — 7.5 — 16,5 — 22,5 фоиз (шу вақтга қадар 0 — 7,5 — 17 — 23 фоиз бўлган).

Ўзгаришлар натижаси: келгуси йилда даромад солиғи йирик миқдордаги ойликларда камроқ тўланади.

ЖБПТ – жамғариб бориладиган пенсия таъминоти бўйича ажратмалар — 2 фоиз (шу вақтга қадар — 1 фоиз).

Натижа: жамғариладиган пенсия ҳисобварақларига кўпроқ маблағ йиғилади ва келгусида кўпроқ маблағ аҳоли ихтиёрида бўлади.

Ташкилотлар учун ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи — энди йўқ, чунки фойда солиғи таркибига бириктирилган (шу вақтга қадар 8 фоиз бўлган).

Натижа: солиқ турлари биттага камайди ва умумлаштириш ҳисобига соддалаштирилди.

Йирик ташкилотлар (умумий тартибда солиқ тўловчилар)дан фойда солиғи — 14 фоиз (шу вақтга қадар 7,5 фоиз эди, бироқ ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи билан қўшиб ҳисоблаганда — 15,5 фоизни ташкил этган).

Натижа: йирик ташкилотлар умумий ҳисобда камроқ солиқ тўлашади ва маблағларини иқтисод қилишлари мумкин.

Тижорат банклари фойда солиғи — 22 фоиз (шу вақтга қадар 15 фоиз эди, бироқ ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи билан қўшиб ҳисоблаганда — 23 фоизни ташкил этган).

Натижа: банклар ҳам умумий ҳисобда камроқ солиқ тўлашади ва маблағларини иқтисод қилишлари мумкин.

Давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар — 3,2 фоиз (шу вақтга қадар 3,5 фоиз ва 3 қуйидаги уч қисмдан ташкил топган ҳолда алоҳида тўланган:

1. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар — 1,6 фоиз;

2. Республика йўл жамғармасига мажбурий тўловлар (мажбурий ажратмалар ва йиғимлар) — 1,6 фоиз;

3. Мактаб таълими жамғармасига ажратмалар — 0.5фоиз).

Натижа: умумий солиқ тўловчи ташкилотлар учун ажратмалар сони камаяди ва солиқ тўлови миқдори ҳам нисбатан камайган ҳолда кўпроқ маблағ ташкилотлар ихтиёрида қолиши мумкин.

Мобил алоқа операторлари томонидан тақдим этилган рақамларга нисбатан абонент тўлови — ойига 4000 сўм этиб белгиланди. (Шу вақтга қадар 2017 йилда 2000 сўм ва 2016 йилда 1500 сўмни ташкил қилган).

Натижа: мобил алоқа операторлари хизматлари нархи ошиши кутилади.

Юридик шахслар учун мол-мулк солиғи фақат кўчмас мулклар учун тўланадиган бўлди. (Шу вақтга қадар балансда акс эттирилган асосий воситаларнинг йиллик ўртача қолдиқ қийматидан тўланган. Асосий воситалар таркибида: бино ва иншоотлар, асбоб-ускуна ва жиҳозлар, ўтказувчи мосламалар, транспорт ва молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган бошқа асосий воситалар кирган).

Натижа: юридик шахслар томонидан тўланадиган мулк солиғи миқдори камаяди ва ташкилотлар ҳисобида кўпроқ маблағ қолади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар эндиликда ягона солиқ тўловига ўтиш имконига эга. (Шу вақтга қадар уларда фақат умумий тартибда солиқ тўлаш имконияти бўлган).

Натижа: ННТ 2018 йил 1 январдан бошлаб қанча ходим фаолият юритишидан қатъи назар, ягона солиққа ўтишлари мумкин. Бу уларга кўпроқ маблағни тежаш имкониятини беради.

Қуйидаги турдаги солиқ ва ажратмалар ставкалари ўзгаришсиз қолган:

ҚҚС — қўшилган қиймат солиғи: 20 фоиз;

ЯИТ — ягона ижтимоий тўлов: ягона солиқ тўловчилари учун — 15 фоиз, умумий тартибда солиқ тўловчилар учун — 25 фоиз;

Фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари — 8 фоиз;

Фоиз ва дивиденд кўринишидаги даромадлардан солиқ тўлови – 10 фоиз;

Юридик шахслар учун мол-мулк солиғи — 5 фоиз;

Умуман олганда, солиқ ва мажбурий тўловлар ставкаларининг босқичма-босқич камайтирилиши ҳисобига хўжалик юритувчи субъектлар (тадбиркорлар)нинг фаоллигини ошириш 2018 йилда асосий мақсад қилинганини ушбу ўзгаришлардан англаш мумкин. Шунингдек, ҳудудлардаги маҳаллий бюджет маблағларини тасарруф этиш бўйича ҳам маҳаллий ҳокимиятларга кўплаб ваколатлар берилган.

 

Мансур Тангишов,

молиячи эксперт (Kun.uz).

Количество просмотров

257

Янгиликлар лентаси