USD = 8146,38 SUM   EUR = 9965,47 SUM
Тошкент

2018 йилда экспортнинг умумий молиявий қиймати 12,1 миллиард АҚШ долларига тенг бўлиши кутилмоқда

Дата публикации: 26 12 2017

25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз экспорт имкониятларини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.


 

Унда Президентнинг давлат маслаҳатчилари, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди. Шунингдек, видеоконференция алоқаси орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарияти, маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари, экспортчи корхоналар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари қатнашди.

Йиғилишда 2017 йил якуни бўйича прогноз кўрсаткичлари тўлиқ бажарилишини таъминлаш, миллий маҳсулотлар экспорти географиясини кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини ташқи бозорларга йўналтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари  иқтисодий сиёсатда нореал рақамлар ортидан қувиш, амалда самара бермайдиган режалар ҳақида баландпарвоз гаплар билан сўз юритишдек номаъқул иш услуби танқид қилди.

Ҳисобот учун эмас, муайян натижага эришишни мақсад қилган ҳолда иш юритишни ташкил қилиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2017 йилда иқтисодий ўсиш 5,5 фоизни ташкил этди, экспорт ҳажми қарийб 15 фоизга кўпайди. 2018 йил давомида экспортнинг умумий молиявий қиймати 12,1 миллиард АҚШ долларига тенг бўлиши кутилмоқда.

Йиғилишда сўнгги бир йил давомида тадбиркорларнинг экспорт соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳсулотларни олдиндан тўлов асосида экспорт қилиш, валюта тушумларини мажбурий сотиш, ҳозирги кун талабига жавоб бермайдиган, ортиқча рухсатномаларни бекор қилиш ҳамда экспорт фаолиятида солиқ имтиёзларини қўллашни кенгайтиришга доир қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар қабул қилингани таъкидланди.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди ва муҳокама қилинди. Айрим тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарларида масъулият, талабчанлик ва ташаббускорлик етишмаётгани, экспорт дастурини бажаришда сусткашликка йўл қўйилаётгани танқид қилинди.

Давлатимиз раҳбари тегишли мутасаддиларга мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, экспорт географияси ва номенклатурасини кенгайтириш, экспортчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги тадбиркорлик субъектларини экспорт фаолиятига жалб қилиш юзасидан аниқ топшириқлар берди.

Количество просмотров

192

Янгиликлар лентаси