15 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +20,8 °C

"Бўстон" - бўстонга айланяпти

Спидометр кўрсаткичи масофани ҳисоблаб, 70 километрдан ошганини кўрсатмоқда. Барчамиз Тошкент вилояти Бўка туманидаги ўша машҳур «Бўстон» маҳалласига йўл олганмиз. Хўш, маҳалла нимаси билан шунчалик машҳур бўлиб кетди? Маҳаллада кутилмаганда бошланиб кетган туб ўзгаришларни узоқ кутишган. Бу ерда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг амалга оширилиши қизғин кетмоқда. Мамлакатимиз раҳбари топшириғига биноан Ватанимизнинг ушбу чет бурчагини ўзгартириш бир вақтнинг ўзида битта эмас, балки бир нечта йўналишда амалга оширилмоқда. Ҳамкасбларимиз ҳам сал олдин бу ерга ташриф буюришган, энди «Правда Востока»нинг бошқа таркиби йўлга чиққанмиз. Бизга нафақат режалаштирилган вазифаларни амалга ошириш жараёнини ўз кўзларимиз билан кўриш, балки бунга нисбатан аҳолининг фикри ҳам қизиқ эди. Ахир, бунинг бари улар учун қилинмоқда. Мана шу югуриб ўтаётган бир тўда ўғил-қизлар, улар кетидан бир-бир одимлаётган мўйсафидлар, эркаклар ва аёллар, бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг барча аҳолиси каби, чиндан ҳам, энг яхшисига муносиб.

Адҳам аканинг орзуси

Одамларимиз очиқюзли. Бегоналарга, ҳатто, бирор кўрсаткичлари бўлмаган жойда ҳам бажонидил йўл кўрсатиб юборишади. «Олдин тўғрига, кейин чапга буриласизлар, у ёғига керакли жойга етиб келганингизни тушуниб оласиз». Шундай дея жилмайиб ҳам қўйишади. Бироздан сўнг нима учун бу ўзгаришлар ҳудудини сезмасликнинг иложи йўқлигини тушунамиз. Бу ерда бир ойдан бери кенг кўламли қурилиш ҳамда бунёдкорлик ишлари кетмоқда ва аҳоли унинг якунига етишини сабрсизлик билан кутмоқда.

«Бўстон» кафтдек кўриниб тураркан, йўлни йўқотиб қўймайсиз. Бу мазкур жойда илк марта бўлганлар учун ҳам қулай. Меҳмонлигимизни одамлар дарров пайқади. Аммо худди ўзлариникидек қабул қилишди.

Адҳам Тешаев билан реконструкция ишлари жадал суръатларда кетаётган паркда тўқнаш келдик. Бу ерда кўп ҳам эмас-оз ҳам эмас 50 йилдан бери яшаркан. Жонажон қишлоғидаги ўзгаришларни ундан сўрамасак, бошқа кимдан ҳам сўрардик.  

- Ўзим Фарғона вилоятида туғилганман, - дейди у. - Кейин бу ерларга кўчиб келдик ва шу ерда ўтроқлашиб қолдик. Оилам билан яшайман, илгари ишлаганман, ҳозир пенсия оляпман. Ким бўлиб, дейсизми? Мусиқа ўқитувчиси, кейин агроном, сўнг бригадир ва бўлим бошлиғи. Гарчи узоқ вақт мусиқадан дарс бермаган бўлсам-да, лекин ёшлар билан ишлаган, уларга миллий созларимизни чалишни ўргатганимни ҳали-ҳали эслайман. Мусиқа ҳар қандай сўздан ҳам муҳимроқ, у орқали жуда кўп нарсани тушунасиз. Бу, айниқса, ёшларни тарбиялашда жуда катта кучдир. Бугун унга катта эътибор қаратилаётганидан жуда хурсандман. Болалар - келажагимиз ва бу, шунчаки қуруқ гап эмас. Келажакда улар биздан кўра яхшироқ бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун янги авлодларга инвестиция киритиш жуда муҳим. Ҳувв анави маданият марказини кўряпсизми, у ҳам ўзгаради. Ишлар ҳали ниҳоясига етмаган, унинг очилишини кутяпмиз. Ахир, аҳолининг бўш вақтини мароқли ўтказиши учун, жумладан, ёш авлод учун ҳам, кўпроқ имкониятлар пайдо бўлади. Биласизми, 50 йил ичида бу ерда биринчи марта бундай ўзгаришларни кўрмоқдаман. Масалан, биз ҳозир суҳбатлашиб турган паркни олайлик. У илгари ҳам бўлган, албатта. Энди унинг ҳудуди ободонлаштирилиб, турли аттракционлар келтирилди.

Адҳам аканинг оиласи катта: беш фарзанди, 17 набираси бор, энг кичига – энди бир ойлик бўлган. Турмуш ўртоғи Матлуба опа билан эллик йил бирга аҳил-тотув умргузаронлик қилган. Ҳаммаси ҳам бирга яшашмаса-да, Шоҳиста, Шаҳноза, Шоҳида  қизлари, Умид ва Ҳамид исмли ўғиллари доим ота-онасидан хабар олиб туришади.  Хўш, нега яна ўзи туғилган водийга қайтиб кетмаган? Оиласи ёнида, иши яхши эди, бошқа нимаям керак? Эҳтимол, фарзандлари бахтли, рўзғорида барака, ишли бўлишини истагандир? Оддий қадриятларга ҳаммавақт ҳам осонгина эришиб бўлмайди, албатта. Бироқ у тўсиқларни қандай енгиб ўтишни шипшиб қўйиши ҳам мумкин. Бутун умри меҳнатда ўтган, катта оила бошлиғи бўлиш масъулиятини яхши тушунган киши ўз фарзандларига ҳамиша тўғри маслаҳатлар бера олади, албатта.

Унинг йўли - сал олдин бу ерда бўлмаган йўл орқали, чиройли ва анвойи гуллар экилган гулзор ёнидан ўтади. У эҳтимол, сал кейинроқ қишлоқдошлари йиғилиб ҳордиқ чиқарадиган ўриндиқлар ёнидан ҳам ўтади. Кетишга чоғланаётганда ундан бу ерга яна нималар етишмаяпти, дея сўрадик? Бахт учун ниманидир қўшимча қилиб айтиш мумкин, аммо унинг ўлчови қандайлигини ким ҳам биларди? Бу ҳар кимда турлича бўлади. Шунда Адҳам ака яна кўришни истайдиган нарсалари борлигини айтиб қолди. Бироз сукут сақлади, энди гаплари ўн дақиқа олдин биз билан суҳбатлашгандек чиқмасди. Худди энг муҳим нарсани айтаётгандек: «Болалар учун мактаб йўли ва олдига асфальт ётқизилса зўр бўларди. Болалар ҳам ўқишига қийналмай қатнарди», деди.

Ўтмиш ва келажак ўртасида

Отахон бизни боғда қолдириб, ўз йўлига равона бўлди. Паркда ишлар кетаётганига қарамай, унинг эшиклари ланг очиқ. У реконструкция қилинмоқда ва унга кўп нарсалар олиб келиб ўрнатишга ваъда қилишган. Биз ҳам ўша ўзгаришларнинг гувоҳларига айланиб турибмиз. Қуёш жазирамасидан энг яхши ҳимояланган баланд ва серяпроқ дарахтлар соясига баъзи аттракционлар аллақачон ўрнатилган. Бундан ташқари, тренажёрлар ҳам ўрнатилаётган экан. Демак, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш томон яна бир қадам ташланмоқда.

Бу орада болакайлар гуруҳи бир-бирини қувлаб, ортда қолдириб, бир арғимчоқдан иккинчисига, учинчисига ўтишмоқда. Улар гапиришади, кулишади. То ота-онаси ёки оиланинг бирор каттаси уларни уйга чақириб қолишмагунча қоринни ҳам унутиб ўйнайверишади. Арғимчоқ томонга югураётган болакайни ҳеч тўхтатиб кўрганмисиз? Яна улар яп-янги, ёрқин рангларда ва илгари бу ерга қўйилмаган бўлса? Олдиндан ишонч билан айтиш мумкинки, уддалай олмасангиз керак. Шунинг учун ҳам ота-оналар уларни чақириб олишга шошилишмайди. Майли, худди мультфильмнинг ўзидан келтирилгандай кўринувчи паровозчада учишсин.

Ҳозирча аттракционлар ишга туширилмаган. Аммо бу болакайларни безовта қилмайди, улар ўз ўйин сценарийсига эга. Улардан бири бошқаларига поезднинг ҳозир жўнашини ва ҳамма жой-жойига ўтириб олишини айтади. Қолганлари ҳам дарров ғимирлашга тушиб, гўёки поезд чиндан ҳам кетиб қоладигандай ҳаракат қила бошлайдилар. Бу ўз-ўзидан тушунарли, олдинда уларни қизиқарли саргузаштлар кутмоқда, дунёнинг исталган нуқтасига боришлари мумкин. Ҳозирча бу ёлғондакам, шунчаки, ижодий ёқилғида - тасаввур кучидан фойдаланиб.

Хўш, яқин орада нима бўлади? Келажакда бу болакайларни катта имкониятларга эга олам кутмоқда. Бўка туманида бешта ташаббуснинг амалга оширилиши ҳам фаровон ҳаёт учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ҳам фуқаролар салоҳияти, истеъдодини юзага чиқаришга қаратилган. Улар мавжуд муаммоларни комплекс ҳал қилишни ва ҳар бир аҳоли учун мустаҳкам пойдевор, тенг шароитлар яратишни назарда тутади.

Энг муҳими, иш бор

- Мен бу паркни кўп йиллардан бери биламан, - дейди Муродхўжа Азимов. - Илгари у бутунлай бошқача эди, мана шу дарахтлар бунга шоҳид.

Суҳбат асносида унинг илгари темирчи бўлиб ишлаганини, ҳозирда қоровул эканини билдик.  Ҳеч қачон меҳнатдан қочмаган. Айниқса, фарзандларига иш топиш вақти етганида ташвишга тушиб қолди, бу ерда уни қандай топсин.  Қишлоқдошларидан баъзилари қўшни туманга, бошқалари пойтахтга кетган, ҳатто, хорижга жўнаганлари ҳам бор. Бироқ, содир бўлаётган ўзгаришлар унга яна умид берди.

У ҳар куни бу ерга ўзгаришларни кўриш учун келади. Бу ерга дарвозалар ўрнатилди, қурилиш учун пойдевор қўйилди ва эртаси куни том ёпишга тушдилар. Мухтасар қилиб айтганда, қурилиш тўхтамайди. «Тўғри, ҳамма ишлар ҳам тезда битавермайди, - дейди у, - лекин асосиси, бошлаб олишди-ку?!»

 Қўшниси Адҳам ака каби у ҳам бу ерда узоқ йиллардан бери яшайди. Отаси - Йўлдошхўжа Азимов бу эрга кўчиб келган, ҳозир 91 ёшда. Муродхўжанинг ўзи олти набиранинг бобоси – хуллас, авлод давом этмоқда. Ўзгаришлардан жуда мамнун эканини таъкидлайди. Бу аҳоли учун кўпроқ шароитлар яратилмоқда, дегани. «Сал юрсангиз, тикув цехига етасиз. Бўка туманидаги кўплаб аёллар ишли бўлишди. Улар учун хурсандман, бу улар оилалари учун ҳам катта мадад», дейди хайрлаша туриб.

Янги ҳаёт учун тезкор курслар

Эсингизда бўлса, «Олтин бузоқча»да Остап Бендер Балагановдан бахт учун қанча пул керак бўлишини сўрайди. У: «100 рубль», деб жавоб беради. «Йўқ, мени тушунмадингиз. Бугунги кун учун эмас, балки умуман. Бахт учун. Тушуняпсизми? Дунёда ҳаммаси яхши бўлиши учун», аниқлик киритади суҳбатдоши. Шура унга олти минг тўрт юз рублни ҳисоблаб беради.

Муаллифлар Илья Ильф ва Евгений Петров бир қаҳрамоннинг бахти нархини мисол келтирдилар. У бу тушунчани моддий қиймат билан ўлчамайди, лекин агар керак бўлса, ўша рақамни келтира олади – жуда баланд, осмондаги рақамни. Бугун кимдан сўраманг - ҳар бири ўз шахсий вариантини айтади, албатта.

«Пойтахт барака чеварлари» тикувчилик корхонасида янги кўникмаларни ўзлаштирган аёллар учун бахт – ишнинг борлиги ва ўз-ўзини намоён қила олиш имкониятидир. Бу янги ҳаётга йўлланма, дегани ҳам. Бундан олдин уларнинг ҳеч бири иш билан банд эмас эди ва уни топиш ҳам осон бўлмаган.

Кўзимиз биринчи бўлиб, тоғ-тоғ қилиб тахлаб қўйилган тайёр маҳсулотлар орасида ажралиб турувчи ёрқин яшил тусдаги иш кийимига тушди. Барча оила аъзоларига тўғри келадиган босма нақшли асл трикотажлар. Маҳсулот «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи билан чет элга жўнатилади. Дастлабки буюртма - Россиядан.

Бир вақтнинг ўзида бир неча ўнлаб тикув машиналари, оверлоклар ишлаётган, қайчи билан кесилаётган ва буғлаб дазмолланаётган жойни тинч, деб бўлмайди, албатта. Бироқ аёлларга бу маъқул, уларнинг ҳар бири муайян вазифани муҳим деталларини ҳам унутмаган ҳолда диққат ва эҳтиёткорлик билан бажармоқда.

- Олти кунлик иш жадвали – иш соат 8:00 дан 17:00 гача, - дейди ишлаб чиқариш бўйича уста Машҳура Абдуғаффорова. - Бундан олдин ишчилар коллеж базасида ўқитилди. Қисқа муддатли тикув курслари учун гуруҳлар ҳам тезда йиғилди. Асосий эътибор амалиётга қаратилди. Бу ердаги ҳар бир ишчи сертификат олган.

Тасодифий тасодифни қаранг…

Бу 39-мактабда мутлақо бошқа масалаларни ўрганиш учун ташриф буюрган ХТВ ходимларини кўрганимизда шундай ўй кўнглимиздан кечди ҳам. Айтишади-ку, керакли пайтда - керакли жойда, деб. Вазир ўринбосари Дилшод Кенжаев Бўка туманидаги у ерда ҳам келажакка мўлжалланган дастурлар амалга оширилаётган 3-мактабдан тўғри шу ерга келишгани ҳақида гапирди. Халқ таълими ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари 10-11-синф ўқувчилари ўртасида уларнинг қайси касбларга энг кўп мос келиши ва мойиллигини аниқлаш мумкин бўлган лойиҳани ишга туширишибди. Касб-ҳунар танлашга йўналтирилган тест компьютерда ечилади ва олинган натижалар касбни тўғри танлашга ёрдам беради. Тестларга жами 27 касб киритилган. АКТ йўналишига тўғри келадиганлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги курсларида ўқишлари мумкин мумкин. Демак, бунда улар компьютер дастурлари борасида янги билимларга эга бўладилар.

Тумандаги жами 49 та мактаб, 2500 га яқин ўқувчи қамраб олиниши таъкидланди. Бироқ, бу ҳаммаси эмас. Китобхонлик марафони ташаббуси доирасида мактаблар бадиий адабиётлар билан таъминланмоқда. Бу ерга классиклар ва замондошларнинг асарлари ҳам келтирилган. Бу вазифани амалга оширишни давом эттириш режаси борлиги ҳам айтилди. Келажакда олиб келинган китоблар сони минг нусхага кўпаяди ва нашрлар янги жавонларга жойлаштирилади.

Саккизинчи синф ўқувчиси Севара Мансурованинг қўлида Чеховнинг китоби. Маҳаллий таржимонлар ёрдамида Антон Павлович ўзбек тилида «сўзлаган». Айтганча, ўқувчи қиз ҳам келажакда ёзувчи бўлмоқчи экан.

Мактабнинг бошқа ўқувчилари каби қизнинг адабий диди ҳам бу ерга териб қўйилган асарлар номлари билан ҳайратланарли даражада мос келади. Нафақат мактаб ўқув дастури бўйича, балки мутолаага ҳам қизиқиш катта. Бироқ у атрофдаги мавжуд нарсалар асосида қурилган. Яъни агар бир қатор муаллифларнинг бошқа асарлари ҳам қўйилса, ёш китобхонларда танлов кенгаярди.

Қидирилган нарса топилдими?

«Бўстон» маҳалласида бўла туриб, беихтиёр 39 қуш ҳақидаги афсонани эсладик. Улар битта, 40-чисини қидиришган. Афсонага кўра, у ҳар қандай тўсиқларни енгиб, қийинчиликларга дош бера оладиган кучли галани ҳосил қиларкан. Қушнинг исми ҳам аниқ ва уни топиш керак эди, холос. Гала бутун дунё бўйлаб парвоз қилди, сайёрамизнинг ҳар бир бурчагига етиб борди, йўлда жуда кўп қийинчилик ва синовларга дучор бўлди. Бироқ барибир ўз мақсадига эриша олмади. Ва фақат йўлнинг охиридагина гала излаётган қушнинг номи «39 қуш», дея таржима қилинишини тушуниб етдилар.

Бу туманда биз билан учрашган ҳар бир кишига бирдамлик, меҳрибонлик, очиқюзлилик хос экан. Биргаликда улар кўп нарсага эришиши мумкин. Ахир, салоҳиятлан ташқари, энг муҳими, меҳнат қилиш, янги чўққиларни забт этиш ва тўсиқларни енгиб ўтиш истаги мавжуд. Фақат зарур шарт-шароитларни яратиш ва қўллаб-қувватлаш қолади.

39-мактабда машғулотлар кетмоқда. Улардан бири Назира Турдибоева 3 «Д» синфда сабоқ беради. У ҳам ўқувчиларининг ўқишни яхши кўришларини айтади. Ўқитувчининг фикрича, бунда энг муҳими, матнни ўқиш эмас, балки тушуниш ҳам керак. Шунинг учун уларга ижодий вазифалар беради. Улар эртакни ўқидилар, энди улар ўзлариникини тўқишлари керак. Ёш ёзувчилар қаҳрамонларни кашф этадилар, уларнинг феъл-атворларини тасвирлайдилар, ўзига хос сюжет яратадилар. Шунингдек, улар эркин мавзуда шеърлар ҳам ёзадилар. Ўқитувчи ўқувчиларни қўллаб-қувватлайди, мабодо бирон нима ўхшамаса, сўзларни қандай танлашни биргаликда муҳокама қилади. Ҳатто, шундай жараёнлар бўладики, унда бутун синф ўқувчилари иштирок этади. Ўқитувчи бундан мамнун негаки, ўқувчилар ижодий фикрлашни, ўз нуқтаи назарини ифода этишни ўрганадилар.

Бошқа инглиз тили ўқитиладиган синф хонасидаги деярли ҳар бир буюмга рангли стикерлар ёпиштирилган: «board» - «доска»,  «door» - «эшик» каби. Ўқувчилар ҳар куни ўтиб, сўзларни эслаб қолади. Ўқитувчилардан бири Гавҳар Ҳақбердиева ҳам бошланғич, ҳам юқори синфларда дарс беради.

- Мактабда 18 йилдан бери дарс бераман, - дейди инглиз тили ўқитувчиси. – Ана шу вақт ичида болалар ўзгарди, замон ҳам бошқача. Улар биздан фарқли ўлароқ, мутлақо бошқача дунёқарашга эга. Бунда замонавий технологияларнинг роли катта, албатта. Уларсиз ҳаётимизни тасаввур этиш қийин. Ҳозирда интернетдан  инсталган маълумотни юклаб олиш мумкин. Виртуал тармоқ - ўқитувчилар учун ҳам муҳим маълумотлар манбаидир, чунки ундан дарсларни ўтказиш борасида қизиқарли ғояларни топса бўлади. Кутубхонамизда инглиз тилида ҳам китоблар мавжуд ва ўқувчилар ўртасида талаш. Ўйлайманки, болаларнинг нафақат синфда, балки уйда ҳам ўқишлари жуда муҳим.

Юлианна Мороз.

Блиц-интервью

Наргиза Ҳасанова, тикувчи-моторист:

- Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон ҳаётида ўз ифодасини топмоқда. Биз бешта ташаббусни амалга ошириш жараёнини аниқ ҳаётий мисолларда ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз.

Илгари уй бекаси бўлиб, асосан, рўзғор юмушлари билан шуғулланардим. Ҳозирда яқинда очилган ва унда ҳаёт қайнай бошлаган «Пойтахт барака чеварлари» цехида ишлаяпман. Турмуш ўртоғим фермер хўжалигида меҳнат қилади.

«Бўстон» маҳалласида тикувчилик цехи очилганидан барчамиз хурсанд бўлдик. Нима учун? Биринчидан, барча тикувчилар яқин атрофда яшайди. Мисол учун, бизнинг уй цех биносининг орқасида, яъни ишдан икки қадам нарида жойлашган. Бундан ташқари, улар тез орада доимий равишда бепул тушлик ташкил этишга ваъда бердилар.

Фарзандларим мени қўллаб-қувватлайди. Катта ўғлим пойтахтдаги тўқимачилик корхоналаридан бирида ишлайди. Энг кичик қизим тўгаракда дуторда чалишни ўрганяпти.

Севара Мўминова, 5-синф ўқувчиси:

- Мактабимизда турли тўгаракларга - тўқиш, чет тили ва бошқа йўналишларга ёзилиш мумкин. Мен расм чизиш тўгарагини танладим. Табиатни тасвирлаш жони-дилим. Агар бирон ишим ўхшамаса, устозимга мурожаат қиламан. У эса ҳамиша рангни қандай тўғри танлаш, сояни акс эттиришни тушунтириб беради. Келажакда таниқли рассом бўлишни орзу қиламан.

Абдулазиз Камолов, 5-синф ўқувчиси:

- Бўш вақтимда ўқишни яхши кўраман. Ҳамид Олимжон ва Худойберди Тўхтабоевларнинг асарлари менга жуда ёқади. Ҳозир расм тўгарагидан ташқари, ўзбек жанг санъати билан ҳам шуғулланяпман. Улғайганимда спортчи бўламан, мусобақаларда биринчи ўринларни эгаллайман.

Малика Омонова, 39-мактаб кутубхоначиси:

- Президент томонидан эълон қилинган бешта ташаббуснинг амалга оширилишига бизнинг туманга биринчилардан бўлиб эътибор қаратилди. Айниқса, китобхонликка, жумладан, ёшлар орасидада ҳам, алоҳида эътибор қаратилаётганидан хурсандман. Кутубхонамизда энг кўп сўрашадиган китоблар орасида Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдурауф Фитрат, замондошларимиз Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов асарлари ўрин олган. Хорижий адиблардан Эрнест Хемингуей, Антон Чехов, Иван Тургенев, Александр Пушкин, Чингиз Айтматов, Ганс Христиан Андерсен ва Даниель Дефонинг китобларига талаб катта. Ўқувчиларининг ота-оналари ҳам мактаб кутубхонасига мурожаат қилиши ва севимли китобини олишлари мумкин. Тез орада мактабда эмас, балки алоҳида объект сифатида яна бир кутубхона очилади ва буни интиқлик билан кутяпмиз.

Умид Султонов, Тошкент вилояти Бўка тумани Халқ таълими бўлими мудири:

- Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта ташаббус туманни ривожлантириш, бандликни таъминлаш, ёшлар салоҳиятини очишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бўка туманидаги 49 та мактабда вазият атрофлича ўрганилганда уларга спорт анжомлари ва китоблар, шунингдек, замонавий технологиялар етишмаётгани аниқланди. Ҳозирда оптик толали кабелларни тортиш масаласи ҳал қилинмоқда, демак интернет ҳам бўлади.

 Таълим муассасаларини китоблар билан таъминлаш вазифаларимиздан биридир. Бунда тумандаги барча мактаблар қамраб олинади. Бундан ташқари, келгусида эски компьютерларни алмаштириш, спорт жиҳозларини янгилаш, айрим таълим муассасаларини таъмирлаш режалаштирилмоқда.

Нурпўлат Нурқулов ёзиб олди.

Тимур Кайсаров сурати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech