21 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +27,1 °C

6 Мар  2019 3054

Имконсизликни енгиб, дунёни кўрган спортчи қиз

...Форумлар уйи ёнига ҳашаматли лимузин секин келиб тўхтади. Ҳайдовчи одоб-назокат билан эшикни очди.  Қизил гилам тўшалган йўлакка кичкинагина қиз тушиб келди. Ажойиб кўйлакда, сочи чиройли турмакланган. Зинадан юриб эмас, балки ҳавода сузиб кўтарилгандай бўлди. Роза Қўзиева паралимпиячилар ичида йилнинг энг яхши спортчиси, дея тан олинди.

- Бу кийимда шогирдимни таний олмадим, - дейди мукофотни топшириш маросимида Пауэрлифтинг бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи  Фазлиддин Умирзоқов. – Розанинг жамоадаги дугоналари Муслима Музаффарова ва Шаҳноза Мамадалиевалар билан бир хонага қамалиб олишиб, нималарнидир қилишаётганидан хабарим бор эди, албатта. Ҳатто, улар Форумлар уйигача кузатиб боришимизга ҳам рози бўлишмади.

- Чиндан ҳам ҳайратдаман, - давом этди Фазлиддин Умирзоқов. – Афтидан бу, қизларнинг бошқалар англай олмайдиган сири, шекилли. Бу кеча унга қараб туриб, болаликдаги касаллик зўрайиши сабаб Розанинг ногирон бўлиб қолганига ҳеч ким ишонмаса керак.

Кичкиналигида оқсаши сабабли тортиниб ўтирмаган, тенгдош дугоналари каби бўлмаса ҳам югурган, сакраган. Улардан қолиб кетарди, аммо жон-жаҳди билан уларга етиб олишга интиларди.

Мураккаб ўсмирлик ёшида ўз қобиғига ўралиб олди. Ҳеч кимни ёнига йўлатмасди. Бошқаларга ўхшамаслигини биларди. Тез-тез мактабдаги ўқишини қолдирарди. «Бундай юришга уяляпман, кейин менга ачиниб қарашларини истамайман», дерди қуйилиб келаётган кўз ёшларини зўрға жиловлаб.

Ота-онаси, яқинлари ташвишга тушиб қолишди. Унга кўпроқ эътибор қаратишга уринишарди. Бир куни Хивадаги оғир атлетика секциясида шуғулланадиган укаси, ўзи билмаган ҳолдами ёки атайданми, уни пауэрлифтинг мусобақасига олиб борди. Унда имкониятлари чекланган йигитлар ва қизлар ҳам чиқиш қилишди.

Ўн уч ёшли қизалоқнинг кўзларида ўт чақнади. Ўзгарди. Укалари билан эрталаб туриб, ҳовлида машқ қила бошлади, тошлар кўтаришга тушди. Секцияга жуда-жуда қатнашгиси келарди. Мақсадига эришди ҳам. Уни қабул қилишди. 42 килограмм вазнга эга бўла туриб 31 килограммлик штангани кўтара олди. 14 ёшида шахсий рекорд ва Хоразм вилояти биринчилигида ғалаба! Ўзидан ёши каттароқ қизларни ҳам ортда қолдирган.

Сўнг қизалоқ мураббийларнинг назарига тушди. Тошкентга ўқув-машқ йиғинига таклиф этишди. Аммо ота-онаси рози бўлишмаган. «Ўзи Урганчда бор-йўғи бир-икки марта бўлган, холос. Пойтахтга қандай боради? Уйдан ҳеч қаёққа чиқмаган қиз бўлса», деганди онаси. Дарров бошини қуйи солган Розани кўрган отаси рози бўлди.

- Бошида қийналганман, - эслайди Қўзиева. – Қадрдон уйи, яқинларидан узоқда бўлиш осон эмас экан. Боз устига юкламалар ҳам борган сари ошириб бориларди. Илгари бажонидил шуғулланган бўлсам, бора-бора штангага ҳар бир яқинлашиш азобга айланди. Шунда хизмат кўрсатган мураббий, терма жамоа менежери Даниил Ким менга: «Агар юқори натижаларга эришишни истасанг, чарчоқ нималигини билмай ишлашинг керак. Сен истеъдодли қизсан, аммо биргина истеъдоднинг ўзи билан узоққа бориб бўлмайди», деганди. Тўғри айтилган гап, боз устига тез дугоналашиб кетган Шаҳноза Мамадалиева ва Муслима Музаффаровалар ҳам тишини-тишига қўйиб шуғулланаётганини кўрардим. Икковиям узоқдан, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидан келишган. Бироқ нимага интилишаётганларини билишарди. Халқаро ареналарда ҳам чиқишган, совринларни қўлга киритишган.

Роза ҳам худди талаб қилинганидек, кундалигига қайдлар ёза бошлади. Тонналарга айланадиган бир кун, ҳафта, ой давомида кўтарилган килограммларни ёзиб борди. Ва натижа – расмий мусобақаларда шахсий натижаларига ҳеч бир муболағасиз граммлар қўшилди.

Биринчи муҳим натижалари: ўн тўққизга кирганида ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди. Кейин Бирлашган Араб амирликлари ва Мексикада ўтказилган Жаҳон кубоги шоҳсупаларининг учинчи ва иккинчи поғонасига кўтарилди. Японияда ўтказилган Осиё ва Океания чемпионатида ғолиб бўлди ва 55 килограммлик вазнда рекордчига айланди. Ётиб кўтаришда у 115 килограммлик штангани ўзига бўйсиндирди. Кейин Францияда ўтказилган Европа очиқ биринчилигида кумуш медалга сазовор бўлди, Бразилия ва Венгрияда омадга эришди. Сафарлар географияси жуда кенг. У имконсизликни енгиб, дунёни кўрди.

Шундай қилиб, Қўзиева ўз мақсади сари қадамма-қадам яқинлашарди. Мақсад эса Индонезияда ўтказиладиган Параосиё ўйинларида ғолиб бўлиш. Жакартада 120 килограммлик шахсий натижасини такрорлай олмаган бўлса-да, Ватанига чемпион бўлиб қайтди, рақибларини катта захира билан ортда қолдирганди.

- Бунинг учун, албатта, мураббийларимдан миннатдорман, - дейди Роза. – Дугоналарим билан уйида салкам икки йил яшаган ва машқ қилган Владимир Кимдан ҳам миннатдорман. Ота-онам ҳам келишганда машқ қилиш учун бундай шароитни яратиб бера олмасликларини айтишган. Фазлиддин Умирзоқов ҳам бизни ўз қизларидай кўради. Ўзига хос хўжалик мудири ҳам ҳисобланган мураббий Ислом Абдурасулов бизни қўлида ҳам кўтарган. Спортзалга бориш учун автомобилга мустақил ўтира олмасдик. Ёки масалан, Европа очиқ чемпионати ўтказилган Франциянинг Берк-сюр-Мер шаҳрида биз учун шведча стол ташкил этилганди. Қўлтиқтаёқларда ёки ногиронлар аравачасида у ёки бу таомни олиб бўлмасди. Устозларимиз бизга официантлик ҳам қилишган. Соғлом инсонлар учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган нарса биз учун ўтиш керак бўлган тўсиқ ҳисобланади. Қаерда бўлмайлик, устозларимиз экскурсиялар ташкил этишарди. Музейлар ва галереяларда бўлардик, ҳатто, у-бу харид қилишимиз учун шоп-турлар ҳам ташкил этишган. Негаки, қайси қиз ёки аёл чет элдаги дўконларни айланишни истамайди, дейсиз?! Улар ўзимизни бахтиёр ҳис қилишимиз учун бизга ҳамиша эътиборли бўлишди, қўлидан келган барча ишни қилишди...

Тимур Низаев,

«Правда Востока» шарҳловчиси.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech