15 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +20,8 °C

Бўка тажрибаси: яхши ҳаётнинг бошланиши

Бу йил республикамиз мустақилликнинг 28 йиллигини нишонлайди. Энди мамлакат ўзининг янги ривожланиш даврига кирди. Президент Шавкат Мирзиёев Наврўз тантаналарида таъкидлаганидек, «...Жонажон Ўзбекистонимиз ҳам бугун ўз миллий тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда. Бу – эркинлик ва озодликнинг янги даври, бунёдкорлик ва фаровонликнинг янги, юксак босқичидир». Ватанимизнинг барча бурчакларида Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ кенг кўламли ўзгаришлар рўй бермоқда. Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили давлат дастурлари, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла», «Ҳар бир оила - тадбиркор», «Ёшлар - келажагимиз» каби давлат дастурлари ва одамлар турмуш даражасини тубдан яхшилаш ва барча соҳаларни янгилашга хизмат қиладиган бошқа муҳим ташаббуслар самарали амалга оширилмоқда. Уларни ёритиш учун «Правда Востока» газетаси «Ўзбекистон: янги давр» рукни остида янги туркум мақолалар чоп этмоқда. Махсус лойиҳанинг биринчи нашри Президентимизнинг бешта ташаббусига ва уларни Тошкент вилоятининг Бўка тумани мисолида муваффақиятли амалга оширилаётганига бағишланган.

«...Жонажон Ўзбекистонимиз ҳам бугун ўз миллий тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда. Бу – эркинлик ва озодликнинг янги даври, бунёдкорлик ва фаровонликнинг янги, юксак босқичидир. Бу – «Халқ манфаати ҳамма нарсадан улуғ» деган эзгу ғоя амалий ишлар билан ўз тасдиғини топаётган даврдир. Янги-янги уй-жойлар, замонавий корхоналар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, обод қишлоқ ва шаҳарлар юртимиз чиройига чирой қўшаётган давр бу... Бугун кўпни кўрган, мард ва олижаноб халқимиз ўзининг фидокорона меҳнати билан, келажакка мустаҳкам ишончи билан шонли тарихимизнинг янги саҳифасини яратмоқда».

(Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзидан)

 

Ўзбекистон давлат ва жамоат қурилишида юз бераётган ўзгаришлар одамларнинг фаровонлигини оширишга қаратилган. Муаммони ҳал қилиш учун жалб қилинган турли хил воситалар ҳайратланарли. Масалан, Президентимизнинг ёшларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга қаратилган бешта ташаббусининг амалга оширилиши истиқболда нафақат тўғридан-тўғри мақсадларни амалга оширишни, балки бир қатор ижобий таъсирини ҳам таъминлайди. Ўзгаришларни ўз кўзлари билан кўриш учун Бўка туманига бориб келган «Правда Востока» мухбирлари бунга ишонч ҳосил қилишди.

Бугун Бука ҳаёти қувончли воқеалар билан боғлиқ. Бу ерда давлатимиз раҳбари томонидан янги тизим бўйича ёш авлод билан ижтимоий ва маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш бўйича илгари сурилган бешта ташаббус ўз ифодасини топмоқда. Бор-йўғи бир ой ичида «Бўка тажрибаси» ибораси муомалага кириб улгурди ва туманнинг ўзи эса ишончли тарзда намуналига айланишга ҳаракат қилмоқда.

...Тошкентдан йўлга чиққанимизда ўзгаришлар фақат туман маркази атрофида бўлса керак, деб ўйлагандик. Бироқ машина туман марказидан ҳам ўтиб, Бекобод йўлига чиқиб олди. Бироз юрганимиздан сўнг «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини бурилиши келди. Нимага бу томонга кетаётганимизни кейин тушундик.

Олдин. Аҳоли сўнгги йилларда қандай қийин бўлганини сўзлаб берди. Электр энергияси, сув, газ билан боғлиқ муаммолар (ҳозирда суюлтирилган газ тўлдирилган баллонлар етказиб берилмоқда)... Ҳатто, унча узоқ бўлмаган Бўкага автобус ва йўналиш таксилари қатнамаган, лекин барча расмий муассасалар, маиший хизматлар туман марказида жойлашган. Бир неча йил олдин у ерда тезкор операцияларни ҳам амалга оширишган шифохонани ёпишибди. Шундан сўнг кунлари қишлоқ врачлик пунктига қолган, яъни икки шифокор ва ўн нафар ҳамшираларга.

Асосий бош оғриғи – бандлик масаласи. Бугун энг катта иш берувчилар - иккита мактаб, болалар боғчаси ва юқорида тилга олинган ҚВП. Бу 3800 нафар аҳоли яшайдиган маҳаллада бўлиб, уларнинг чорак қисми 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Ишсизлар - 500 дан зиёд киши. Мавсумий қишлоқ хўжалиги юмушлари ва кунлик ишлар билан шуғулланишларига тўғри келган. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, тирикчиликни деб кўплари Тошкентга, ҳатто, чет элга ўқишга ва ишлашга жунашарди.

Ҳозирда. Бурилганимиз ҳамоноқ жуда кўп ишчилар меҳнат қилаётганига кўзимиз тушди. Юк машиналари  у ёқ-бу ёққа қатнаган, ҳаммаёқда қурилишлар ёки бўяш ишлари кетмоқда. Кираверишда экскаватор каналга туташган ерни текислаяпти. Марказий қўрғон деб номланувчи марказий кўчани бундан бир ой муқаддам ҳамкасбимиз бутунлай бошқача бўлганини айтиб қолди. Ўшанда янгича ҳаётнинг ўзига хос бошланиши бўлган биринчи китоб карвони Бўка туманига келганди. Одамларнинг юзларидаги, айниқса, бахтиёрликдан ирғишлаётган болаларнинг самимий қувончини кўрсангиз эди. Улар китобларни қўлларига олишиб, дарҳол варақлашга тушиб кетишганди...

Олдин ўйдим-чуқур йўлга эндиликда янги асфальт ётқизилган, унинг икки томонидаги эски уйлар ёрқин рангларга бўялиб, томлари алмаштирилиб чиройли кўринишга келтирилмоқда. Янги сув қувурлари ётқизилди - энди сўнгги ўн йилликлар давомида бўстонликларнинг ҳаётини анча қийинлаштирган ичимлик сув муаммоси унут бўлади. Албатта, таъмирлаш фақат биттагина кўчага тааллуқли бўлмаса керак? Қишлоқдаги ишларни бошқарадиган тўртинчи сектор штаб-квартирасида тушунтиришларича, бу ҳали бошланиши экан. Ҳатто, кам таъминланган оилаларнинг уйларини ҳам қамраб олинади. Кейин – ундан ҳам кўпроғи.

Илгари уйларнинг кўча томонида хунук ва кўримсиз тўсиқлар бўларди, баъзи жойларда иморатларни кўчадан ҳеч нарса ажратиб ҳам турмасди. Бугун кўча бўйлаб замонавий мустаҳкам тўсиқлар кўтарилмоқда. «Бўстон»нинг янги меъморий кўринишини яратиш учун қурилиш материаллари ва бўёқлар ҳамма жойда бир хил ишлатиляпти. Симёғочларда - Мирзо Улуғбек, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф ва турли соҳа вакиллари тасвирланган баннерлар. Шунингдек, намойиш учун уйларнинг олдинги ва кейин акс этажак тасвирлари, бутун маҳалла режаси осиб қуйилган.

Йўл қишлоқнинг асосий объектлари жамланган доира билан тугайди. Унинг марказида «I love Buka» ёзувли гуллар экилган майдонча. Бу ерда бир жойда - фуқаролар йиғинининг янги бинолари, поликлиника (ҚВП ўрнига очилган), тикувчилик цехи (у умуман йўқ эди), шунингдек, қайта тикланган маданият маркази ва яқинда ярим ташландиқ ҳолдаги парк жойлашган. Қайта тикланган стадион ва кутубхонага, илгари бу ерда етишмаган 130 ўринли болалар боғчасига, бир қадамгина йўл. Худди шу нарса уни бошқа туманлардан ажратиб туради - бу ерда бешта ташаббуснинг рўёбга чиқишини намойиш этувчи барча муассасаларнинг бари бир жойда жамланган. Шу боис ҳам бошқаларга кўрсатиш учун уни танлашган.

Шунингдек, супермаркет, сузиш ҳавзаси, спорт зали, ҳаммом қуриш, туман маркази билан транспорт қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган. Кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари эса банд бўлмаган маҳаллий аҳолини ишга жойлаштириш имконини берди. Маҳалла «Обод қишлоқ», «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастурлари сабаб ўз кўринишини ўзгартиради. Молиялаштиришнинг асосий қисми дастурлардан ва маҳаллий бюджетдан амалга оширилмоқда. Ижтимоий тузилмалар ва ҳомийлар ўз ҳиссасини қўшяптилар. Туман аҳолиси бундай эътиборни ҳеч қачон кутмаган кўринади...

- Президентнинг ташаббуслари ҳақида эшитганимизда ҳамма хурсанд бўлди! Биз учун худди тушдаги каби улкан ўзгаришлар рўй берди. Биз - барчамиз давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз! – эслайди сўнгги 8,5 йил давомида маҳалла фуқаролар йиғинига раҳбарлик қилган ва яқингинада уни бошқага топширган Моҳира Сулаймонова. - Бу ерда жуда кўп муаммолар йиғилиб қолганди, улар ҳақида илгари турли инстанцияларга шикоят қилганмиз. Бугун ўзгаришларга қараб, халқнинг ҳам кайфияти ўзгармоқда. Яна нима керак?

Суҳбатдошимизни жуда кўп чалғитишди, Бўка тажрибасини кўриб, унга баҳо беришга бошқа туманлардан ҳам меҳмонлар келишибди. Барчанинг юзида ажабланиш ва табассум. Бир неча йил олдин тараққиёт марказ бўлмаган жойларга етиб бормайдигандай туюларди. Лекин етиб борди, қаранг. Агар илгари аҳолининг суҳбатларида афсусу надоматлар жаранглаган бўлса, бугун уларнинг кўзлари чақнаган, нуқул энди ҳаммаси зўр бўлиб кетиши ҳақида гапиришади. Ҳа, энди у чинданда зўр!

Биз, давлатимиз раҳбарининг бешта ташаббуси бўйича қандай аниқ натижаларни шахсан кўриш мумкинлиги билан қизиқдик.

1. Ёшларнинг мусиқа, чизмачилик, адабиёт, театр
ва бошқа санъат турларига қизиқишини ошириш.

Майдонда устунлари чиройли бино дарров кўзга ташланади. Бу таъмирлаш ишлари давом этаётган маданият маркази. Илгари бор-йўғи тўрт ёки бешта тўгарак бор эди.

Биз келишимиздан олдин бу ерга бир неча ўнта мусиқа асбоблари ва юзлаб китоблар келтирилибди. Энди улар камида 15 та тўгарак очишлари мумкин - биринчи навбатда ижодий: қўшиқ куйлашдан тортиб рубобда чалишгача. АКТ йўналиши ҳам пайдо бўлади. Маҳалланинг мажлислар залини ўйма нақш безаган ва марказда ҳали целлофан ўрамлари очилмаган янги ўриндиқлар ва саҳна пардаси ўз навбатини кутиб турибди.

Кейин 39-ўрта мактабга боришга қарор қилдик. Уч қаватли мактаб биносининг узоқ вақтдан бери модернизацияга муҳтожлиги кўриниб турарди. Мактаб 1964 йилда қурилган, иккинчи биноси эса 1991 йилда кўтарилган. Шу пайтга қадар мактаб ходимлари ва болаларнинг ота-оналари муассасани тартибда сақлашга кўмаклашиб туришган. Ўқитувчилар этишмаслиги, айниқса, аниқ фанлар бўйича, мавжуд, аммо энг муҳими, ўқув жараёни тўхтаб қолмаган.

Бизнинг ташрифимиз ҳақида билишмасди, шу боис ҳар бир синфда болаларнинг, намойиш учун эмас, балки мусиқа, ўқиш, АТ билан берилиб шуғулланишаётганини кўрдик. Мактаб стадионида футбол ўйнаётганлар ҳатто, меҳмонларни ҳам кўрмадилар. Бизга эса қисқа интервьюлар, суратга олиш учун уларни ва ўқитувчиларни чалғитиш ноқулай бўлди.

- Бешта ташаббус устида иш бошлангач, хорда куйлаш, рубоб ва доира чалиш, компьютер технологиялари бўйича янги тўгараклар очдик, - дейди директор ўринбосари Зафар Холмуродов. - Спорт борасида аллақачон ютуқларимиз мавжуд: болаларимиз орасида белбоғли кураш бўйича мамлакат чемпионлари бор. Ҳозирда футбол, волейбол, стол тенниси, кураш ва ўзбек жанг санъати секциялари фаолият кўрсатмоқда. Китобхонлар доираси кенгайтирилди, драма тўгараги ўнлаб ўқувчиларни бирлаштирди. Улар биринчи натижаларни яқинда пойтахтдан ташриф буюрган меҳмонларга - ижодий учрашувга келган маданият арбобларига намойиш этдилар. Алишер Навоий ва Гули ўртасидаги суҳбат саҳнаси, гиёҳвандлик зарари ҳақида мини-спектакль намойиш этилди. Адабиётшунослар ўқувчиларимизнинг ижодий қобилиятига жуда яхши баҳо беришди, кейинчалик эълон қилиш учун муаллифлик шеърларидан олиб кетишди. Бу ерда қўллаб-қувватланиши лозим бўлган истеъдодларни кўришди.

Мажлислар залида мусиқа дарси ўтилаётган экан. Кўплаб ўғил-қизлар устозини ўраб олган. Чорак асрдан кўпроқ вақт мусиқадан ўқувчиларга сабоқ берган Қудрат Тўйчиев дарсларда ўз шахсий пианиносидан фойдаланарди, бошқаси мактабда бўлмаган. Яқинда Жанубий Корея гранти бўйича, «Правда Востока»да бу ҳақда ёритилди, бу ерга бутун Ўзбекистон таълим муассасаларига келтирилган 2000 тадан бири - замонавий рақамлиси келтирилди.

- Биласизми, болалар уни кўриб анграйиб қолишди! Бирданига янги мусиқа асбоби билан шуғулланиши истаганлар кўпайиб кетди. Бугун бизда 70 та бола мактаб дастуридан ташқари мусиқа ўрганмоқда, - дейди Қ. Туйчиев. – Шахсий пианиномни эса маданият марказига совға қилдим. Яқинда туманнинг бошқа мактаблари каби бизга ҳам рубоблар ва доиралар олиб келишади.

Қўшни синфхонасида 15 компьютер бор экан. Яна бир нечта янгисини келтиришларини айтишди. Болаларни экранлардан чалғитиб бўлмайди. Нима қилишаётганини сўрадик. «Матнни ёзишни ўрганяпман»,  дейди учинчи синф ўқувчиси. «Реферат тайёрлаяпман», дея мониторни кўрсатади ёши каттароқ қиз. Яқинда бу ерга интернет уланади, шунда технология дунёсини кашф қилиш учун ўқувчиларда кўпроқ имкониятлар пайдо бўлади.

Кутубхонага ўтамиз, у ерда барча ёшдаги болалар мутолаага киришиб кетган. Кимдир эртак, бошқаси билим берувчи нашрларни ўқимоқда. Китоб фонди катта эмас, аммо жавонларда кўплаб янги маҳсулотлар жойлаштирилган. Хўш, улар қаердан келган?

- Бешта ташаббус туфайли бир ой олдин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ёшлар Иттифоқи, Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги, Маънавият ва маърифат марказидан, асосан, бадиий адабиётларни совға сифатида қабул қилдик. Ўтган йиллардаги битирувчилар ҳам ёрдам берди. Айниқса, Пиримқул Қодиров ва Ойбекнинг янги нашрларидан шахсан ўзим мамнун бўлдим, - дейди З. Холмуродов. – Бу эса болаларни илҳомлантирди! Бу ой давомида ташриф буюрувчилар сони сезиларли даражада ошди, ўзингиз қаранг!

Суҳбатдошимиз ташрифлар журналини очади: ўтган кўрсаткич - 90 киши, ҳозиргиси - аллақачон 569. Аммо мактабда 765 ўқувчи ўқийди, холос. Улар замонавий наср ва шеърият, болалар ва техникага оид нашрлар билан кўпроқ қизиқишади. Ахир, бу муваффақият эмасми?

2. Ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида
қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш.

Бўка туманидаги «Бўстон» маҳалласи яқин вақтгача оддий қишлоқ, маҳаллий стадиони эса ўтхўр жониворлар боқиладиган жой эди. Аҳоли пунктининг ўзига хос хусусияти шундаки, бу ерда барча инфратузилма, ижтимоий кайфият ва аҳолининг фаровонлиги кафтдек намоён. Энди ҳамма жойда қурилиш кетмоқда. Баъзи жойларда аллақачон натижалар пайдо бўлган, бошқа жойларда фақат объект учун эндигина ер майдони ажратилган ёки пойдевори қуйилган, фойдаланишга топширишдан олдин сўнгги ишлар ниҳоясига  етказилаётганлари ҳам бор.

Сўнггисига футбол стадионини мисол келтириш мумкин. Бу қандай қарашга ҳам боғлиқ, албатта. Майдоннинг ўзи қарийб тайёр, аммо келгусига ҳам режалар бор - яқин атрофда душ ва ечиниш хонаси бўлган сендвич-панелли ёпиқ машқ зали ҳам қурилади. Шундай қилиб, янгиланган стадион келгусида спорт мажмуасининг бир қисмига айланади.

- Майдон профессионал учрашувларни ўтказишга тайёр, биринчи бўлиб, иккинчи лигадан «Бўстон» жамоаси иштирок этади, - дейди Тошкент вилояти Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси минтақавий бўлими бошлиғи ўринбосари Азамат Туробов. - Трибуналар таъмирланди, йўл ётқизилди (ариқ орқали стадионга ўтиш асфальтланмаган эди), стадион майсаси керакли ҳолатга келтирилди. Энди футболчилар учун ечиниш хоналарини ўрнатамиз. Бундан, айниқса, ёшлар хурсанд, чунки катта профессионал майдоннинг ёнгинасида ҳаваскорлар учун кичиги ҳам жойлашган.

- Бундай стадионда ўйнаш жуда ёқимли, - дейди қурувчилар ишини кузатаётган ёш футболчи Жамшидбек. - Энди дарвозаларнинг тўри бор. Ўтказиб юборилган голдан кейин узоқ жойга югуриб, тўпни олиб келишга тўғри келмайди.

Яқин келажакда маҳаллий болалар спорт маҳоратини янада кучайтиришлари мумкин. Стадион ёнида волейбол-бадминтон майдони қуриш режалаштирилган, кўча охирида жойлашган истироҳат боғида аллақачон резина қопламали баскетбол майдони қурилиши бошланган.

Юқорида айтиб ўтилган мактабда болаларнинг футболга кучли қизиқишига гувоҳ бўлгандик. Жисмоний тарбия машғулотларига кўпчилик болалар севимли футболчиларининг кийимида чиқишади. Биринчи ўринда «Барселона» ва «Реал» каби испан клублари формасида.

Маълумотларга кўра, «Бўстон» маҳалласи ҳам кирадиган Бўка туманининг тўртинчи секторида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 4,6 минг нафар ёш истиқомат қилади. Спортга бўлган қизиқишни аниқлаш учун ўтказилган сўров натижаларига кўра, 1,2 минг киши 14 турдаги жисмоний фаолият билан шуғулланишни хоҳлайди. Ушбу маҳалладан ташқари, стадионлар яна тўртта қишлоқда пайдо бўлади. Ўғил-қизларни 70 дан зиёд спорт секцияларига жалб этиш режалаштирмоқда.

3. Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари
ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш.

Президентимизнинг бешта ташаббуси Бўка туманида ҳаётга татбиқ этилиши телекоммуникация инфратузилмасини сезиларли даражада яхшилашни тақозо этди. Зеро, биргина «Бўстон» маҳалласида юқори тезликдаги интернетга муҳтож ўнлаб объектлар мавжуд - мактаблар, кутубхона ва маданият маркази, реконструкция қилинаётган Wi-Fi-ҳудудли парк.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳар бир таълим муассасасининг компьютер синфларини юқори тезликдаги интернетга улаш учун шароит яратади. Мутахассислар таъкидлаганидек, оптик толали алоқа линияларини ўрнатиш ва мактабларни улаш аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш имконини ҳам беради.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, телекоммуникация тармоқларининг туман марказига ўтказиш ҳажми икки бараварга ошган. IP-телевидение ва бошқа хизматлардан фойдаланиш имкониятини берувчи 768 портдаги замонавий станциялар фойдаланишга топширилган. Мактаблар, болалар боғчалари, кутубхоналар ва бошқа муассасаларни юқори тезликдаги интернетга улаш учун 328,5 километр узунликдаги оптик толали алоқа линиялари тортилмоқда.

Туман марказида рақамли технологиялар бўйича ўқув маркази фойдаланишга топширилади. Бу ерда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар IТ соҳасида бизнес-ғояларни тайёрлашлари, электрон тижорат, дастурлаш ва киберспорт асослари бўйича бепул курсларда ўқишлари мумкин. Бу ерда йилига 430 дан зиёд ўғил-қиз билимларга эга бўлиши кутилмоқда.

Бўка туманида махсус таълим бутунлай янги даражага кўтарилади. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг-а: қишлоқ ёшлари веб-дизайнер ва дастурчи каби замонавий касбларни ўзлаштиради, мобиль иловаларни яратишни ўрганади ва шу соҳада ўз бизнесни бошлайди. Киберспорт - компьютер ўйинлари усталари бутун дунёдаги тенгдошлари билан рақобатлашади, халқаро чемпионатларда қатнашади ва катта пул мукофотларини қўлга киритадилар. Аслида интернетнинг ўзи чексиз билимлар дунёсига очилган эшикдир. Унинг кенгликларида сиз хорижий тилларни, касбларни ўрганишингиз, қизиқишларингиз мос келадиган дўстлар топишингиз мумкин.

4. Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни
кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш.

Қишлоқда қачонлардир кутубхона бўлган ва кейин ёпилган. Ходимлари ишдан бўшатилиб, китоблар бир коллежнинг ахборот-ресурс марказига топширилган, аммо у ерга етиб бориш ҳам керак... Бироқ бу ерда ўқишни истайдиганлар кўп. Худди ана шу ўй Турдинисо Жумановани узоқ вақтдан бери безовта қиларди. Уни кутубхонанинг собиқ ходимаси ёки педагог, деб ўйлаётган бўлсангиз керак? Йўқ, аёл кўп йиллар давомида маҳаллий дорихонада ишлаган, кейинчалик ўша бинони сотиб олган, аммо яқин вақтдан бери у бўш ётганди. Президентнинг бешта ташаббусини эшитгач, у Ёшлар иттифоқи туман кенгашига йўл олди.

- Ана шу бир қаватли бинони халқ кутубхонасига айлантиришни таклиф қилдим. Биздан - бино, Ёшлар иттифоқидан - таъмирлаш ва жиҳозлаш. Ғояни қўллаб-қувватлашди! – дея ҳаяжон билан сўзлайди Турдинисо опа.

Бинонинг марказий кўчада жойлашгани ҳам бир омад эди. Энди оила қурилишнинг марказида яшамоқда: уларнинг уйи келажакдаги маърифат марказига туташ. Бир томондан, бинонинг олд томони оқланмоқда, янги деразалар ўрнатиляпти, гулзор барпо этилмоқда. Ичкарида «Book Cafe», Wi-Fi алоқали компьютер хонаси, шахмат ўйнайдиган хона жойлашади. Бошқа томондан, ўзи тушлик тайёрлаяпти ва атрофида икки набираси югурмоқда.

- Шахсан ўзимга Муҳаммад Юсуф, Алишер Навоий шеърлари, Абдулла Қаҳҳор асарлари  ёқади. Китоблар билан турли ёшдаги қўшнилар ҳам қизиқишади. Иқтидорли ёшларимиз кўп, уларга йўл-йўриқ кўрсатиш, энг яхши мисоллар билан ўргатиш керак, ва бу борада китоблар ажойиб ёрдамчи, - дейди суҳбатдошимиз ишонч билан. - Барча кутубхонанинг тез пайдо бўлишидан ҳайратга тушмоқда, тинимсиз мендан унинг қачон очилишини сўрашади. Унга Ёшлар иттифоқи, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган етти мингга яқин китоб қўйилади. Бу ерда ёзувчи, шоир, адабиётшунослар ва бошқа соҳа вакиллари билан бадиий ва ижодий кечалар, китоб ярмаркалари ҳамда викториналар ўтказиш мумкин.

Турдинисо опанинг қизи ва куёви ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатади. Ҳар иккиси ҳам бошқа коллеж битирувчилари бўлгани учун, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида бир ойлик ўқиш учун йўлланма олишган.

- Уларга ёрдамим тегса, бундан фақат хурсанд бўламан! Бир пайтлар ўзим ҳам кутубхонада ишлаганман ва бир кун келиб ана шу ишимга қайтишга умид қиламан. Одамлар у ерга боришади, негаки ҳаммада ҳам улкан шахсий тўплам йўқ-да! - дейди ўзи шеърлар машқ қилишни ёқтирадиган Моҳира Сулаймонова. - Кутубхона очилишида китоб байрамини ташкил қилишни ўйлаяпмиз ва қишлоқ аҳолисидан ўзларида бор нашрларни олиб келишларини сўраймиз. Ахир, агар яхши китобингиз бўлса, ундан фақат битта оила фойдаланади, холос. Кутубхонада эса минглаб одамлар фойдаланиши мумкин. Фикримча, мутолаа - фикрлашни ривожлантирадиган ва инсонларга катта фойда келтирадиган улкан қувончлардан биридир.

5. Хотин-қизларни иш билан таъминлаш.

Қишлоқда талаб қилинадиган қанча мутахассисликлар бўлиши мумкин? Уларни бармоқ билан санарли - деҳқон, ўқитувчи, тракторчи, савдогар ва, эҳтимол, бутун қишлоқ учун битта журналист, у ҳам ҳамма жойда эмас, албатта. Аёллар, одатда, рўзғор ишлари билан банд бўладилар. Президентимизнинг бешта ташаббуси амалга оширилаётган «Бўстон» маҳалласида гўзал жинс вакилларини ишга жойлаштириш масаласини ҳал этишга жиддий ёндашилди.

 Юз бераётган ўзгаришларни ўз кўзингиз билан кўриб, гап биргина ватандош аёлларимизни иш билан таъминлашда эмаслигини, балки иш жойининг яқин бўлиши кераклигини ҳам тушуниб етасиз. Кўпчилик туман марказида ишлашга мажбур, аммо бу ноқулай. Уйда болаларга қараш, товуқ-сигирлардан бохабар бўлиб туриш керак. Ушбу маҳаллада уй-рўзғорми ёки иш, деган танлов муаммосига тўқнаш келмайдиган бахтли қизлар бор. «Ўзпахтасаноат» АЖ ихчамгина қишлоқда тикув-трикотаж мажмуасини барпо этиб, 300 та тикувчи хотин-қиз учун янги иш ўрни яратди. 150 тадан хотин-қиз смена алмашиб ишлайди.

Корхонага «Пойтахт барака чеварлари» номи берилди. Корхона ташқари ва ичкаридан ҳам дид билан безатилган. Ҳар бир иш жойида алоҳида махсус чироқ мавжуд. Цехни ишга туширишдан олдин у барча зарур хомашё ва ярим маҳсулотлар билан таъминланди. Улардан кийим-кечак, чойшаб ва сочиқ ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларнинг аксариятини экспортга йўналтириш режалаштирилмоқда.

2019-2020 йилларда барча туманларда сендвич-панеллардан фойдаланиб 195 тикув-трикотаж корхоналарини қуриш мўлжалланмоқда. Улар аҳоли зич жойлашган, катта меҳнат ресурсларига эга ҳудудларда жойлашади. Натижада аёллар учун 24 мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратилади.

«Пойтахт барака чеварлари»нинг ёнида кичик бино – оддий, унча катта бўлмаган дўкон ҳажмича келадиган жойга пойдевор қўйилибди. Биз, у ерда ғишт тераётган кишидан нима қилаётганини сўрашга жазм этдик.

- Қизимга сартарошхона қуриб беряпман, - дейди «Бўстон» маҳалласида яшовчи Раҳматилла Қурбонов, - Йўқса, туман марказида қатнашига тўғри келаётганди. Бу транспорт муаммолари туфайли ҳам қийин. Энди уйимиз ёнгинасида унинг ўз гўзаллик салони бўлади. Сартарошхона қурилаётган жой ҳам жуда қулай. Бу ерда канализация, шундоқ бир қадам жойда маданият маркази, парк мавжуд.

Раҳматилла ака бутун қишлоқни қамраб олган ўзгаришлардан илҳомланган. Шаҳардагиларидан қолишмайдиган сартарошхона қурмоқчи, айтишича, у сўнгги русумдаги мебеллар билан жиҳозланади ва олд кўриниши ҳам чиройли бўлади.

Яна бир қишлоқ фуқароси – бир мавсумда хусусий томорқасидан уч марта ҳосил оладиган Акбарали Бўрибоев ҳам жуда серғайратлилиги билан эсда қолди. Ҳозир иссиқхонасида помидор деярли пишиб-етилган, очиқ далада картошка ўсмоқда.

- Маҳсулотларни маҳаллий бозорга олиб чиқамиз, - дейди у. – Оладиган даромадимиз барча харажатларимизга етяпти. Одамлар ҳам мендан ўрганишга ҳаракат қиляпти, чунки кўпгина катта жойлар бўш турибди, қўшимча даромад зарар қилмайди.

...«Бўстон» маҳалласи қишлоқ аҳлининг ҳали «Book Cafe» нима эканини билмасликлари аниқ бўлди. Аммо китоб ўқишнинг тобора русумга кираётган бу янги усули билан шаҳарларда ҳам кўпчилик таниш эмас. Президентимизнинг бешта ташаббуси доирасида кўплаб қишлоқларда ана шундай нуқталар бунёд этилмоқда. Бу эса муҳим бир фикрга ундайди - ёшларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш, хотин-қизларни иш билан таъминлашни ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг қўшимча таъсири бошқа соҳалардаги муаммоларни ҳам ҳал этишга, қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга оқиб келиши камайишига ва урбанизация даражасини оширишга хизмат қиладиган қишлоқлар инфратузилмасининг шаҳарникига яқинлашишидир.

Рамил Исломов ва Муҳаммад Қаршибоевлар тайёрлади.
Тимур Кайсаров сурати.

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech