19 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19,8 °C

Суҳбат
7 Мар  2019 23761

Ҳаёт гўзал, яшамоқ тотли...

Машҳур хонанда Муслим Магомаевнинг «Мовий боқийлик» («Синяя вечность») қўшиғи кўпчиликка таниш, албатта. Ундаги сўзлар гўёки тошкентлик Ольга Волкованинг ғаройиб ва шу билан бирга машаққатли синовларга тўла қисмати ҳақида сўзлаётгандек. Унинг ҳаётини ва ўзини кучли пўртаналар енгил шабадага айланувчи чексиз мовий денгизга қиёслаш мумкин. Мовий ва тинч денгиз эса унинг ғам-андуҳларини узоқ-узоқларга олиб кетади. Уруш йилларида мўъжиза туфайлигина газ камерасидан омон қолган, даҳшатли касалликни енгган ва бутун умрини ана шу хасталикдан шифо топиши учун бошқаларга ёрдам беришга бағишлаган инсоннинг аёллик бахти нима, деган саволга ўз жавоби бор. Унинг учун, ҳар куни қуёш нурларидан завқ олиш ва тунги сукунат аро юлдузлар оҳангини тута олиш, яна ҳеч қачон таслим бўлмаслик ва ҳаммаси яхши бўлишига ишониш, энг муҳими.

 

Байрам олдидан, хотин-қизларимизга бағишланган тезкор материалларни тайёрлаш билан боғлиқ ишлар қайнаган таҳририятда телефон жиринглади. Гўшакдан ҳаяжонланган қари кишининг овози эшитилди: «Менга шуҳрат керак эмас. Шунчаки узоқ йиллардан бери нафақат ўз тақдирим, балки тирик қолишимга ёрдам берган инсонлар ҳақида сўзлаб беришни орзу қиламан...»

Бунгача кўп бор интервьюлар олганман, турли кишилар билан мулоқотда бўлганман. Аммо Ольга Волкова билан суҳбатлаша туриб, англадим – инсон яшаган ва кутган... Эҳтимол, ўзини-ўзи кутгандир. Гўёки иқрор чоғи дилига чуқур кўмган нарсаларни тилига чиқаришни, узоқ йиллар азоб берган тиканни суғуриб ташлашни истаётгандай эди. Ҳикояси – барчамиз каби турмушнинг шодлигу ғамлари билан яшайдиган оддий, қандайдир лаҳзалар ичида муқаддасга айланган аёллар ҳақида. Материал устида ишлай бошлаганимда, томоғимга нимадир тиқилди. Аммо ўзимни қўлга олдим, ахир, бундай ҳеч нимага қарамасдан бахтли бўлган ғаройиб инсон ҳақида барчага маълум қилиш менинг бурчим.

- Келганингиз учун раҳмат, - дейди онахон кўз ёшларини рўмоли учи билан артиб. Кейин бироз тинчлангач, ҳикоясини бошлади.

1935 йилда Тошкентда туғилган. Кейин... миттигина Ольга суяк-бўғим силига чалинди. Хасталик унга ушбу касалликнинг очиқ туридан азият чеккан ва узоқ-узоқ вақт шифохонада ётадиган онасидан ўтган. Шусиз ҳам, бир-икки бор онасининг суратини кўрган қизалоқни отаси ва холасидан айириб, Евпаториядаги сил касалликлари санаториясида узоқ муддат даволашга жўнатишди. Тиббий ходимлар ҳаракатсиз, гипсда ётган болаларга нафақат дори-дармонлар билан ёрдам берарди, балки илиқ сўзлари билан ҳам далда бўлишарди.

- Турли байрамларда, эсимда, бизга чиройли кийимлар кийдириб, аравачаларда ҳар хил атиргуллар ўсадиган боққа олиб чиқишарди, - дейди Ольга Ивановна. – Бу биз учун байрам эди. Катталар эса кўз ёшларини тия олишмасди...

Уруш бошлангач, шифохонадаги ҳамширалар ва шифокорларга муолажа хонасига гипслаб ташланган болакайларни кўтариб олиб борадиган ёш эркак ходимларининг бари кўнгилли бўлиб фронтга кетди. Шунда барча оғирлик аёллар елкасига тушди. Қачонлардир болаларни кўзини қувнатган боғнинг тагида чуқур ковланган бомбапаноҳга болаларни кунига бир неча марта қўлларида кўтариб тушиб-чиқишарди.

Душманнинг тез-тез ҳужумлари сабабли шифохонани Шимолий Кавказдаги Тебердага кўчиришди.

- Биз болакайлар, - эслашда давом этади Ольга Ивановна, - нега ёши каттароқ болалар, айниқса, қизларнинг, кечалари чинқириб йиғлашини сира тушунмасдик. Улардан шифохона ҳамширалари ёки энагалар бунинг боисини сўрашганда, немислар бу ерга ҳам учиб келишидан қўрқишаётганини айтишарди. Уларни: «Қўйсанглар-чи! Қаранглар, бизни қандай баланд тоғлар ўраб олган! Осмонга тегай дейди, немисларнинг самолётлари ошиб ўта олмайди, қўрқманглар», дея юпатишарди. Афсуски, кейинроқ вақт уларнинг йиғиси безиж бўлмаганини кўрсатди. Немислар шифохонагача етиб келди. Кўчма газ камералари билан. Бизга қарайдиган аёллар болакайларни ўлдирмасликни, уларга раҳм қилишни ёлвориб сўрашарди. Уларнинг қанчалик истеъдодли эканини билдириш учун ясаган буюмларни, чизган расмларини кўрсатишарди. Аммо фашистлар учун барча майибларни йўқ қилиш ҳақидаги буйруқ бизнинг ҳаётимиздан ҳам устунроқ эди...

Аммо олти яшар Оля ва унинг 12 ёшли дўсти Витьканинг омади бор экан – Ольга Волкованинг холаси уларни муқаррар ўлим чангалидан қутқариб қолишга улгурибди. Қолган барчани, болалар билан газ камерасига йўл олган фидокор ва жасур энагалуру ҳамшираларни даҳшатли қисмат қарши олди.

Уй сари йўл узоқ ва машаққатли бўлди. Овуллардан бирида бир аёлнинг раҳми келиб, Ольганинг холасига чана берган ва у болаларни Доғистонгача тортиб борган. Бандаргоҳда кемани кутишганларида деярли барча кийимларини егуликка айирбошлаб бўлишди. Хуллас, Тошкентгача юк пароходида етиб олишган. Каспий денгизида сузишганлари ва кучли пўртаналарга дуч келишганини ҳали-ҳануз яхши эслайди. Ольга Ивановнанинг айтишича, ўша пайтлари шифохонада болаларга нисбатан амалга оширилган даҳшатли қотилликни ёритган «Правда Востока» газетаси деярли ҳар бир хонадонга кириб борган экан.

Вақти келиб, онаси вафот этган. Ўзбек отлиқ дивизияси таркибида фронтга кўнгилли бўлиб жўнаган отаси ҳам дом-дараксиз кетибди. Унинг номини барибир Хотира дафтарида абадийлаштиришмаган. Ўзларининг ҳам икки ўғли бўлган холаси ва амакиси уларга ота-она ўрнини босибди.

- Кейинги тақдирингиз қандай бўлди? – сўрайман ҳамсуҳбатимдан.

Саволни яхшироқ эшитиш учун онахон бошини мен томон эгади. Худди шу пайт чеҳрасида жилмайиш, кўзларида чақнаш зоҳир бўлди. Гўёки оғир синовлару ғам-андуҳлар, йўқотишлар ҳеч қачон бўлмагандай.

- Жуда яхши бўлди, - жавоб беради у.

Урушнинг бор даҳшатини кўрган, касалликдан мўъжиза туфайли соғайган қиз ҳаётини тиббиётга бағишлашга қарор қилди. Боровский номидаги тиббиёт билим юртини аъло баҳоларга тамомлади. У гуруҳ сардори ва аълочиси эди. Педагоглар унга тиббиёт олийгоҳида бемалол ўқиб кетиши мумкинлигини башорат қилишарди, у эса ўқишдан сўнг кўнгилли бўлиб Бухорога, сил касалликлари диспансерига йўл олди. Шаҳардан беш километр ташқаридаги ишига пиёда қатнарди. Кейинчалик Тошкентдаги ҳарбий госпиталда сил касаллигига қарши кураш диспансерида ишлади. Сўнг Фтизиатрия ва пульманология ИТИ (ҳозирги Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий маркази)да фаолият олиб борди.

Бугун ундаги бирор аломат бир пайтлар азият чеккан касаллигидан далолат бермайди. Фақат гипсдан сўнг нотўғри битган, уруш сабабли қайта операция қилинмаган оёғини айтмаганда. Ёш Ольга Волкова ҳамма қатори равон юра олмаслигидан узоқ вақт уялиб юрди, ҳеч қачон турмушга чиқа олмасам керак, деб ҳам ўйларди. Аммо ҳаётида унинг учун бир умр қадрли бўлиб қолган инсон учради. Унинг елкасидан меҳрибонлик билан қучиб: «Оббо, эсипастгинам-эй! Муҳаббат фақат шу билан бўларканми?» деганди. Унинг исми Георгий Перегонцев бўлиб, экскаваторларни таъмирлаш заводида механик бўлиб ишларди. Ольгадан 19 ёш катта эди, Лагерлар ва қамоқ жойлари бош бошқармаси (ГУЛАГ)нинг барча даҳшатларини кўрган, аммо шунда ҳам келажакка бўлган ишончини йўқотмаганди. Биргаликда аҳил-тотув яшадилар. Бугун Георгий Петрович орамизда йўқ, аммо бу соф ва ёрқин муҳаббатдан қиз ёдгорлик бўлиб қолди. Ҳозирда невараси-ю, эвараси хорижда яшаяпти.

Яқинлари уни олиб кетишмоқчи бўлган, бироқ ўзи бунга кўнмаган. Негаки, уни Тошкент билан кўп нарса боғлаб туради – болалик хотиралари, ўқиган йиллари, иши ва муҳаббати... Яна атрофдаги одамларнинг унга бўлган самимий муносабати. Ольга Волкованинг айтишича, барчамизни – турли миллат, маданият ва динлар вакилларини Ватанга бўлган муҳаббат бирлаштираркан. Осмонимиз ҳамиша мусаффо, ёши катталар эъзозланадиган, болакайлар яхши кўриладиган юртимиз тинч. Бошқа ҳеч бир жойда ҳатто, мутлақо нотаниш одамни ҳам бир пиёла қайноқ чой билан сийлашмайди.

Кечқурунлари, қадрдон шаҳримиз чироқлари милтиллаб, қош қорая бошлаганда Ольга Ивановна хаёлан олис ўтмишга йўл олади. Болалигидан яхши кўрган Лермонтов шеърларини ўнлаб, юзлаб марта қайта ўқийди. Мактабда «Мцири» достонини қандай ёддан ўқиб бергани ҳамон эсида, Кавказ тоғларида мангу қолганлар ҳақида ўй суради... Борис Васильевнинг «Тонглар сокин эди бу ерда» (қисса), «Эртага уруш бўлганди» асарларини қайта-қайта ўқийди. Салкам уваланиб кетай деган суратдаги эри ва ёш ўзига тикилади. Ана шу лаҳзаларда бунга ўзи ҳам қайта ва қайта ишонч ҳосил қилади, оғриқлару йўқотишларга, ҳар бир инсон чекига тушувчи турли ҳолатлару шароитларга қарамай – ҳаёт барибир гўзал.

Оксана Кадишева.

Шахсий архивдан сурат.

Рашид Галиев сурати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech