27 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +16,8 °C

Маданият
5 Мар  2019 8849

Ноталарга жо бўлган Шашмақом

Ўзбекистон халқ артисти, этнограф, композитор Виктор Успенский бундан юз йилча бурун ёзувчи, олим, давлат арбоби Абдурауф Фитрат ташаббуси ва бевосита иштирокида Шашмақомни ноталарга туширди. Санъатшунослик доктори, профессор таваллудининг 140 йиллиги олдидан ушбу муҳим ҳодисанинг айрим тафсилотларига ҳужжатарга асосланган ҳолда тўхталамиз.

 

Тавсия-мактуб...

«Шашмақомга Бухорода катта эътибор берилади ва халқ уни севади. Бунга 1923 йилда ўзим гувоҳ бўлганман, Сайил байрамида ҳофиз Ота Жалол Носиров ижросидаги қўшиқларни минглаб одамлар сел бўлиб тингладилар... Мусиқани қандай тинглаш ва севишга жуда ажойиб мисол бу!», дея хитоб қилганди Виктор Александрович.

Илгари ҳам мақом истеъдодли санъат арбоблари томонидан ўрганилган. Ушбу санъат ҳақидаги фаннинг бойиши, кенг тарқалиши ва унинг бор нафосатини ўзлаштиришга ҳисса қўшган ҳамюртларимизни эслатиб ўтмоқчимиз. 1572 йилдаёқ ушбу соҳа назарияси ва амалиёти билан шуғулланган Дарвишали Чангийнинг «Рисолаи мусиқа»си нашр этилган. Унинг матни нафақат чуқур академик изланишлари билан, балки шоирона кайфияти билан ҳам кишини ҳайратга солади. Ўзининг қисқа умрини адабиёт ва давлатчилик фаолиятига бағишлаган Фитрат ҳам мусиқа билан шуғулланган. Давлат арбобига айлангач, Бухорода Шашмақомни нотага туширишга барча шароитни яратиб берди. Бу борада миллий оҳанглар билимдони дея тан олинган, шоир, драматург Ғулом Зафарий билан ҳамфикр эди. Худди ўша Успенский Москвадаги дўстига у ҳақда илиқ сўзларни ёзганди: «Самарқандда Ғулом Зафарий билан учрашдим. У билан алоқа ўрнатишни жуда тавсия қилган бўлардим, мусиқа ҳақида жуда кўп билади, асосийси, китобларга ҳатто, жуда ноёбларига ҳам яқин киши».

Ана шу машҳурларидан айримларини кўрдим ва тингладим, улар билан мулоқотда бўлганимга ҳам кўп бўлгани йўқ. Академик Юнус Ражабий бизникида, мусиқашунос Илёс ва композитор Икром Акбаровларникида тез-тез меҳмон бўларди. Унча катта бўлмаган хонадаги китоб жавони ёнига таниқли соз устаси Усмон Зуфаров томонидан ясалган дутор, тамбур, доиралар осиб қўйилган. Тўрда эса эртадан кечгача чалинадиган немисларнинг эскироқ пианиноси. Бу ерда жуда кам гапириларди. Асосан, созлар ва нота белгилари туширилган қоғозлар «гапирарди».

Юнус ака ва профессор Илёс Акбаровлар мақом ҳақида ҳам гап борадиган кўп томли «Ўзбек халқ мусиқаси» китобини нашрга тайёрлашарди. Академикнинг халқ артисти ва репертуаридан ана шу жанр ўрин олган Берта Давидова ҳақидаги гапи ҳам эсимда қолган: «Уни қайтаринг. Усиз мақомни ижро қилиб бўлмайди, у шунинг учун яралган!». Оилавий шароити туфайли Москвага кетган Берта опанинг қайтарилишини илтимос, талаб қиларди. Берта опа ҳам қайтди...

Ражабийлар сулоласининг бағрикенг ва донишманд вакилларидан бири шарқ мусиқий адабиётини аслидан ўрганган Исҳоқ Ражабов эди. Биз ҳам унинг кам ўрганилган материал устида узоқ ва машаққатли ишлагани гувоҳи бўлганмиз. Натижада «Мақом ҳақида»ги фундаментал тадқиқот дунё юзини кўрди ва бугун ҳам улкан илмий аҳамиятга эга.

Успенскийнинг ўзи ҳам қувноқ, қўли очиқ ва бағрикенг инсон эди. Болаларни яхши кўрарди, аммо ўзининг фарзанди йўқ эди. Ҳар йили ўрмон ҳиди келиб турган арчани безатарди ва маҳалланинг ёш болакайлари ва қизалоқларини таклиф қиларди. Турмуш ўртоғи, хизмат кўрсатган ўқитувчи Ксения Михайловна билан дастурхон тузаб, ўзига хос мусиқий томоша уюштирардилар. Шунда унинг уйи (уйлари Тошкентнинг ҳозирги Радио уйи корпуси жойлашган ерда эди) хурсандчилик, мусиқа ва ўйин-кулгига тўлиб кетарди. Фортепианога бир гал ўзи ўтирса, бошқа сафар уни хотини чаларди. Ушбу сатрлар муаллифи, яъни камина, ўша пайтларда ёшим саккиз-тўққизларда бўлиб, Успенскийнинг ўғил ҳуқуқидаги шогирди, ҳам ўша даврада қувноқ қўшиқлар куйлардим...

Бир куни меҳмонлардан баъзиларини кузатиб ортига қайтгач, Виктор Александрович роялга ўтирди-да, битта қўлида жуда ажойиб бир куйни чала бошлади. Кейин ўйланиб қолди... Сўнг: «Бу «Найларам» деб аталади», дея тушунтирди. У «Фарҳод ва Ширин» мусиқий драмасида ҳам жаранглайди. Кейин иккала қўлида, баланд овозда чала бошлади. Ҳамма беихтиёр рояль атрофига тўпланди. «Худди шу мусиқа билан Ширин ўлади... Мен ҳам ана шу мусиқа билан ўлишни истардим», деди ҳаммага эшиттириб. Бармоқларини клавишлардан олди ва жимликни ҳазин товуши билан бузиб: «Мен ўлишдан қўрқмайман. Яшамаслик қўрқинчли...», деди.

Оғир вазифа

Композитор М.Балакирев ва унинг яратган тўгарагига бағишланган тадқиқотларда, уларга таниқли Мусогорский, Кюи, Римский-Корсаков, Бородинлар ҳам киритилган, ана шу кучли инсонлар, «Қудратли тўда» ҳақида алоҳида меҳр ва миннатдорлик ҳисси билан сўз юритилади. Таниқли ижодкор арбобларнинг доирасини шундай номлашарди. Уларнинг меҳнати жуда юксак баҳоланган, «рус ва жаҳон мусиқий санъати ривожидаги» бутун бир давр эканини ёзишган. Шашмақомни нотага туширган ва унинг алоҳида китоб бўлиб нашр этилишини амалга оширган инсонларга нисбатан ҳам шу эпитетни қўллаш мумкин, деб ўйлайман. Бу нафақат Бухорода ўқиётган мусиқачилару тадқиқотчилар учун, балки бутун Туркистон ҳудудида ўша даврда ва бугунда ҳам бутун бошли мактабга айланди. Кейин Фарғона водийси ҳамда Хоразм воҳасига мусиқий-этнографик экспедициялар давом эттирилди. Аммо бари кўҳна шаҳардан бошланганди.

Мақомни нота ёзувига туширишни ташаббуси ўша пайтларда Бухоро республикаси ташқи ишлар нозири (вазир) бўлган Фитратга тегишли бўлса керак. Успенский унинг номига 1923 йил январида йўллаган мактубида: «Бухоро наволарини ёзиш бўйича Сизнинг таклифингизга мувофиқ...», дейилган. Демак, Петербург консерваториясини тугатган ва бадиий кенгаш қарори асосида (уни Александр Глазуновнинг ўзи имзолаган) халқ қўшиқларини тўплаш ва ўрганиш учун Туркистонга келган «эркин рассом»га расман ёзма ёки оғзаки таклиф берилган. Бунга жавобан Виктор Александрович унга уй-жой, ёзиб олиш учун хонандалар ва созандалар, Бухоро созлари ва Эдисон фонографини тақдим этишни сўраган.

Иш учун маошни ўз ичига олиб кўрсатилган харажатлар суммасининг айрим пунктларига ҳам изоҳ бериб кетишни истардим. Эсдаликларда Успенскийнинг Ашхободда бошдан кечиргани келтирилади: «Даҳшатли зилзила, асабий зўриқиш, у дудуқланиб қолди. Даволашди... аммо йўқота олишмади». Беляевнинг ёзишича, унинг «ўпкалари заиф», кейин «силнинг фаол жараёни бошланди», шу боис мунтазам даволаш курсларини олишга мажбур эди, бунга ҳам харажат керак бўларди.

Виктор Александровичнинг мактубида эса фақат маиший тавсифга эга ва техник таъминот масаласи билан боғлиқ ташкилий ҳамда молиявий жиҳатлар тилга олинади. Илмий концепция эса мақолаларда, шу билан бир қаторда «Правда Востока» саҳифаларида, мактубларда, Фитратнинг Ғулом Зафарий, Чўлпон, Илёс Акбаровлар билан суҳбатларида акс этган. 1922 йил 22 августда Виктор Александрович ўзининг Беляевга мактубида истаги ҳақида ёзади: «Россияда буни билишмайдиган чинакам шарқона мусиқа билан маданият марказини ҳамда назариячиларни қизиқтириш, бу мусиқада қизиқ ва ёрқин бўёқлар жуда-жуда кўп. Жуда қизиқарли иш, аммо мен каби кичкина ва мутлақо ёлғиз мусиқачи учун оғир вазифа (Успенскийнинг қайдлари - ишида)».

Фитрат жавоб хатида ёзганди: «Ҳурматли ўртоқ Успенский! Сиз тақдим этган ва кўрсатилган шартлар асосида ишлашга рози бўладиган БХСР мусиқий этнографияси бўйича таклиф этилган ишлар режаси айрим ўзгаришлар билан қабул қилинди...

Бухоро республикаси сиздан қуйидаги ишларнинг бажарилишини кутади:

  1. «Шарқ» мусиқий мактабида ноталар бўйича сабоқ беришингизни.
  2. «Шарқ» мусиқа мактабининг ҳозирги ўқувчиларидан мусиқий оркестр ташкил этишни».

Келишувга эришилди. Ҳамкорлик ҳақидаги шартнома 1923 йил 13 октябрда Успенский ва Маориф нозири Мусажон Саиджонов билан тузилган. Кўп ўтмай, бу лавозимни Фитрат эгаллайди. Унинг бошқарувидаги маҳкама илмий-педагогик соҳани назорат қиларди. Бундан келиб чиқадики, икки маънан бир-бирига яқин фан ва маданият арбоби ўртасида бевосита доимий алоқада бўлиш имконияти юзага келган. Бундан ўша оғир дамларда бошланган иш ва ҳар бири алоҳида-алоҳида ютарди. Улар мақомнинг янада кенг тарқалишига бўлган эҳтиёжни ва уни абадийлаштиришни ҳис этишарди.

Ёзувда қайд этиш

Ўша вақтлар жамиятдан қувилганлар фожиаси фонидаги шўх ритмлар ва оҳанглар композициялари даври эди... Мақомнинг монументал оҳангида Фитрат ва Успенскийлар бошлари узра қора булутлар яқинлашиб келаётганини ҳис этган зиёлиларнинг яширин ташвишларини топишди. Шундай бўлди ҳам. Кўп ўтмай, фавқулодда истеъдод соҳиби, ҳар томонлама ўқимишли Мунаввар қори Абдурашидхонов ҳибсга олинди ва олий жазога ҳукм этилди. Мақомларни нашр этишда бирга ишлаган ҳамфикрларни ҳам қайғули ва таҳликали кайфият чулғаб олди.

Сақланиб қолган ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, бундай ўзига хос ягона бирлашма яратганлар нафақат гуманитар фанлар, мусиқашунослик, этнографияга қизиқишган. Биофизика назарияси ва амалиёти ҳам тадқиқотлар объектига айланган. Бизнинг эшитиш аъзоларимиз қандай тебранишдаги тўлқинларни тута олади? Қандай ҳолларда биз уларни қабул қила оламиз? Ушбу йўналишдаги изланишлар бўёқлар гаммасига мос келувчи оҳангларнинг рангларини аниқлаш ҳақидаги фикрга туртки берган. Ушбу мавзуда бош қотирган Успенский ёзади: «Фитратнинг маълумотига қараганда, «Рост» мақомига қизил ранг, «Ироқ»қа – феруза ранг», «Бузург»га – тилларанг, «Наво»га – сандал дарахтидан олинадиган қизил бўёқ ранги тўғри келаркан». Шунингдек, у Ғулом Зафарийнинг ҳам вариантини келтиради: «Наво» - кулранг, «Муножот» - тўқ жигарранг, «Чоргоҳ» - оқ ранг».

Бухорода қаттиқ ишлаган Виктор Александрович мачитлардаги ранглар ечимининг ва ўша жойдаги товушларнинг жаранглаши ўхшашлиги ҳақида ҳам ўй сура бошлади. У бу қизиқ лекин ўта мураккаб масалани ўрганишни таклиф этади.

Ёзишмалар, шахсий алоқалар, Фитрат билан учрашувлар ва эски расм-русумларга амал қилувчи ҳофизлар билан узоқ мулоқотлар, кўҳна Шарқ маданий марказида мусиқий этнографияларни ўрганиш, мусиқашунос ва этнограф Успенскийнинг тадқиқотлар кўламини кенгайтиришига туртки берди, педагог ва композитор сифатида ижодий дунёқарашига таъсир кўрсатди. Хусусан, унинг Бухорода бўлишига ва Шашмақомни график асосда ёзилиши тарихига батафсил тўхталишимиз, айнан, шу билан изоҳланади.

Виктор Александрович ўзбек ҳамкасбларининг чуқур билимга эга эканини таъкидлаб, уларнинг синтетик тафаккурига қойил қолади, аниқ оҳангларга мос келувчи рангларнинг турли-туманлиги ҳақидаги муҳокамалардан ҳайратга тушади. Озоз ёзиш жараёнида жуда кўплаб марталаб тинглаш унинг тасвирлаш воситаларини бойитади, концепциясини чуқурлаштиради. Мусиқий фикрлар динамикаси ўнта хатда ўз аксини топган. 1927 йилда у Зафарийнинг бундай деганини келтиради: «Дугоҳ» соат 10 гача, «Баёт» – 10 дан 12 гача, «Чоргоҳ» - кечки 5-6 ларда, «Сегоҳ» - кечқурун, «Шаҳноз» - тун орасида, «Насруллойи» - тунги 12 дан эрталабки 6 гача ижро этилади. Бу Туркистон мақомлари, эҳтимол, Бухорода ҳам мақомлар шундай ижро этиш вақти билан боғлиқ бўлса керак».

Қайдлар яна Успенскийни нафақат ҳофизларнинг ўзини тутиши ва ижро техникаси, балки уларнинг таржимаи ҳоли ва ашулачилар ижодий ҳамдўстлигининг пайдо бўлиши ҳам қизиқтирганини кўрсатади. Масалан: «Ҳофиз Ота Жалол Носиров Бухоро мақомининг ягона ва сўнгги вакили ҳисобланади. Уч амир даврида сарой ҳофизи бўлган, етти ёшидан мусиқани ўргана бошлаган. Ўн олти ёшида амир созандалари орасида бўлган. У жуда таниқли ҳофизлар билан замондош эди...» дея ёзади.

Шундай усталар ижросидаги оҳангу тароналар фонограф валикларига ёзилди ва нота белгилари билан қайд этилди. Москвада нашр этилган китоб эса кейинчалик кўплаб композитор ва мусиқачиларга илҳом манбаи бўлиб қолди. Шу боис Шашмақомнинг вокал қисмларидаги шеърларнинг матни йўқлиги катта камчилик, деб ҳисобловчиларга Виктор Александровичнинг бир сатр мактуби орқали жавоб бермоқчимиз. Шундай қолишини Фитрат талаб қилган, дея хабар беради Успенский Беляевга. Дарвоқе, уларнинг ёзишмалари ўша даврдаги ўта мураккаб, машаққатли меҳнатдан ҳикоя қилувчи энг бой ва ишонарли қиссалар бўлиши мумкин.

Ўша тўпламнинг муқовасига бош ҳарфларда: «В.А. Успенский томонидан Бухорода ёзиб олинган олти мусиқий достон (мақом)», деб ёзилган. Уларнинг номи ҳам келтирилади: «Ироқ», «Рост», «Дугоҳ», «Наво», «Бузрук» ва «Сегоҳ». Улар Халқ таълими нозирлигининг махсус комиссияси томонидан текширилган ва 1924 йил 15 мартда олимлар кенгаши буни маъқуллаган. Муқованинг юқори қисмида – Успенский, мусиқачилар Ота Ғиёс Абдуғани ва Ота Жалол Носировлар портретлари қўйилган. Пастига аниқ қилиб ёзилган: «А.Фитрат ва Н.Н. Мироновлар таҳрири остида». Кимлардир кейинчалик қатағон қилинган маданият ҳомийси Фитратнинг номини ўчириб ташлашга уринган. Эплолмаган!

Ўшанда ХХ асрнинг феномен шахслари Фитрат ва Успенский раҳбарлигидаги кичик ташаббус гуруҳига, тадқиқотчилар ва ҳофизлар, мусиқачилар ҳамдўстлигига санъат ва фан илҳоми хайрихоҳ бўлган. Улар юқори маҳоратга эга усталар орасидаги фаол муҳитда ишлашган. Тиниб-тинчимас Виктор Александрович ҳам ушбу йўналишда фаолиятини давом эттирган – шаҳар ва қишлоқларда юриб мақомларни ўрганган, назарий жиҳатдан тушунишга интилган. Мақомнинг вокал қисмини ёзишга эса 1946 йилда ёзишга киришган.

...Ўшанда «Найларам» қўшиғининг мотам оҳангида чалиниши вақти ҳам яқинлашиб келаётганди...

Ҳамидулла Акбаров.

Филология фанлари доктори,

профессор.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech