22 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,4 °C

Маданият
14 Мая  2019 3673

Туризмдан... циркни инқироздан чиқаришгача...

Санъат ва маданият - йўқолмас маънавий қадриятлар манбаи. Халқ, давлат келажаги ҳам уларнинг даражасига боғлиқ. Хўш, мамлакатимизда уларнинг ривожланиши қандай? Соҳанинг сифатини янги даражага кўтариш учун нималар қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш талаб этилади? Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ўқувчиларимизнинг бу ҳақдаги саволларига жавоб беради.

«Туризм инфратузилмасини кенг кўламда қуриш даврида Самарқанднинг тарихий меросини сақлаб қолиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?»

А. Алимов. Самарқанд ш.

– ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси қўмитасининг 2001 йил Хельсинкида (Финляндия) бўлиб ўтган 25-сессиясидаги буйруғи билан «Самарқанд - цивилизациялар чорраҳаси» Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Унинг ҳудудида жойлашган маданий мерос объектлари ЮНЕСКО Конвенцияси томонидан ҳимояга олинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига тарихий-маданий қийматига кўра киритилган республикадаги ҳудудлар алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланади ҳамда уларда режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ҳамда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширилади.

Ҳазрати Хизр масжиди ҳудудида мақбараинг қурилиши муносабати билан ҳисобот тайёрланган ва Умумжаҳон мероси қўмитасига юборилиб, келишилган.

«Бойсун тоғларида археологлар буюк Хитой деворининг муқобилини топганини эшитдим. Шу ҳақда батафсилроқ маълумот берсангиз...»

В.Ҳасанов. Тошкент ш.

– Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Санъатшунослик институти археологлари Россия фанлар академияси Археология институти ходимлари билан биргаликда қадимий Бақтриянинг шимолий чегараларида тадқиқотлар олиб боришаётганда, эрамиздан аввалги III асрда қурилган яхлит мудофаа деворлари тизимини кашф этдилар.

Тадқиқотлар Бақтриянинг шимолий чегараларини аниқлашга ёрдам берди. Илгари олимлар чегаранинг Амударё ёки Ҳисор тоғи тизмалари бўйлаб ўтганини тахмин қилишган, аммо девор тизимининг мавжудлиги унинг Бойсун тоғларида жойлашганлигини кўрсатади.

Шундай йўл билан табиий тўсиқ яратилган ва улар орасидаги ўтиш йўллари умумий мудофаа тизимига кирувчи қалъалар билан ҳимояланган ҳамда археологлар унга Буюк Бақтрия девори дея ном беришга улгуришди ҳам. Қалъалар занжири Амударёдан 80 километр масофага чўзилган бўлиб, алоқа учун гулхан ва тутун сигналларидан фойдаланилган.

Тадқиқотлар олиб борилган асосий жой Узундара дараси ва Қора камар табиий тоғ чегараси ўртасида денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда жойлашган Узундара қалъасида олиб борилган.

2018 йилда олимлар қалъа ичидаги ҳарбий иншоотни тўла очиб, унинг батафсил меъморий режасини туздилар ва Бақтрия чегарасида кўчманчилар ҳужумларидан ҳимоя қилган улкан яхлит мудофаа деворининг бир қисми эканини исботлашга муваффақ бўлишди.

Марказий Осиё археологик экспедицияси Бақтрия отряди раҳбари Нигора Двуреченскаянинг айтишича, Узундара – олимларга таниш бўлган ягона эрта салавкийлар давридаги шарқий эллинистик қалъа намунасидир. Йиғилган маълумотларга таяниб хулоса қилинса, у 150 йил давомида Бақтирияни ҳимоя қилган. Археологлар уни забт этиш жойида 200 та камон ўқлари учини, отиладиган жанговар калта пайконлар ва найзалар учларини топишган.

«Бугун ҳамма жойда замонавий компьютер ечимлари жорий этилмоқда. Маданият вазирлиги ва «Рақамли ишонч» жамғармасининг соҳада блокчейн технологиясини қўллаш борасидаги ҳамкорлиги ҳақида сўзлаб берсангиз

З. Абдуллаева. Бухоро ш.

– 2018 йил 23 ноябрь куни Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармалари ва «Рақамли ишонч» ўртасида меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжатга кўра, соҳага блокчейн технологияси лойиҳаси киритилади.

Блокчейн ҳар қандай фаолият соҳасини ўзгартириши ва сезиларли даражада соддалаштириши мумкин. Кўпчилик унинг чегаралари ва имкониятлари борасида етарлича тасаввурга эга эмас. Бироқ маданиятга нисбатан тизимни қандай самаралироқ қўллаш мезонлари борасидаги тушунча мавжуд. Мисол учун, бу статистика маълумотларга тааллуқли. Бизнинг мақсадли аудитория - музейлар, театрлар, концерт залларига ташриф буюрувчилар ҳақида ҳақиқий маълумотларни билишимиз жуда муҳим. Аммо бугун бундай имконият мавжуд эмас. Блокчейн маълумотларни тўплаш имконини беради ва барча ахборот тизимларида қўлланила бошлайди, бироқ маълумотлар шундай жойга сақланиши керакки, уларни четдан туриб, сездирмай сўнгги сана билан ўзгартириш, бошқаришнинг иложи бўлмасин.

Шунингдек, у чипталарни онлайн режимида сотиш имкониятини беради, бу эса охирги истеъмолчига кўпроқ фойдали келтиради ва туризмнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Бунда тизим маданий тадбирларга чипталар сотишдан манфаатдор компанияларнинг ушбу платформа билан алоқа қилишлари мумкин бўлган тарзда ишлаб чиқилиши ҳам муҳимдир.

Янгиликлар Президентимизнинг 2018 йил 26 августдаги «Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида жорий этилмоқда. Томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги асосий йўналишлар бўйича амалга оширилади: чипта операцияларини ҳисобга олишнинг ягона электрон тизими (ЧОҲОЯЭТ)ни яратиш, биргаликда илмий материаллар тайёрлаш, ахборот тадбирлари, ўзаро стажировкалар ва маслаҳатлашувлар ўтказиш, мунтазам равишда маълумотлар ва тажрибалар алмашиш.

Чипталарни электрон сотиш тизими дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўз самарадорлиги ва шаффофлигини исботлади. Ўзбекистондаги мавжуд моделда камчиликлар мавжуд: сотишнинг паст ҳажми, «қора бозор», офлайн режимнинг устунлиги. Блокчейн элементлари билан ягона платформани яратиш мавжуд камчиликлар ва ортиқча чиқимларни бартараф этган ҳолда маданият соҳасини модернизация қилиш имконини беради.

«Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг асосий вазифалари нималардан иборат

В.Иванова. Тошкент ш.

– Маданий мерос департаментининг асосий вазифаларига моддий маданий мерос, шу жумладан археология мероси объектлари, музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда маданий бойликларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш; моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритиш, тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган объектларни аниқлаш, уларни ҳужжатлаштириш ва давлат ҳисобига олиш, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тоифалари ва қўриқланадиган теграларини белгилаш, шунингдек улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш; тарихий-маданий ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига асрашга доир экспертизасини амалга ошириш; археологик топилмалар давлат каталогининг юритилиши, тадқиқотлар ўтказиш тартиби ва шартларига риоя этилиши, археологик топилмаларни ўз вақтида ҳисобга олиш ва давлатга топшириш, шунингдек уларни фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириш; миллий музей фондининг давлат каталогини юритиш; олимлар, халқ усталари, реставраторлар ва экспертлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, таъмирлаш ишларининг ноёб усуллари, анъаналари ва мактабларини ривожлантиришга кўмаклашиш, жамоат назоратини амалга ошириш; халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик, жумладан, грантлар, молия институтлари кредитлари ва хайрия эҳсонларини жалб қилиш ва яна кўп нарсалар киради.

«Мен барча санъаткорларга жонли ижро этиш мажбурияти юқлатилиши ҳақида эшитдим, чунки кўпчилик ўз чиқишларида фонограммадан фойдаланади. Бугун бу масалани ҳал этишда қандай ишлар амалга оширилмоқда?»

Д. Зуҳурова. Наманган ш.

– Маданият вазирлиги, шунингдек, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси жонли ижро этувчи хонандалар, фонограммадан фойдаланилмайдиган концертлари сонини кўпайтиришга доимий эътибор қаратмоқда.

Шу муносабат билан 2018 йил 29 сентябрь куни вазирлик ва «Ўзбекконсерт» томонидан янги лойиҳа ишга туширилди. Пойтахтимизда Халқлар дўстлиги саройи олдида таниқли ижрочилар билан бирга ёш хонандалар ҳам иштирок этган жонли ижрода гала-консерт бўлиб ўтди.

Самарали ишлар сирасига 2018 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилингани юбилейига бағишланган жонли ижрода ўтказилган давлат концертини киритиш мумкин. Бироқ бундай кечалар бугун кўплаб машҳур артистларнинг жонли ижродан узоқ эканини кўрсатди. Шундан сўнг, муайян талабларга зарурат туғилди.

Жонли қўшиқ айтолмайдиган қўшиқчини тўла қонли ижрочи деб айтиш мумкинми? Албатта, йўқ!

Шундан келиб чиққан ҳолда, 2019 йил 8 февралда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот конференциясида «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директори О.Абдуқаҳҳоров жонли чиқишлар ҳақида расмий баёнот берди. Унга кўра, фонограммадан фойдаланиб қўшиқ куйлайдиган санъаткорлар, бу йилдан бошлаб концертларда 30 фоиз жонли ижро эта бошлашади. Кейин кўрсаткич 60, 90 ва 100 фоизга етказилади. Бунга босқичма-босқич эришиш керак. Бугун қатъий назорат қилинадиган бундай жараёнда ёш истеъдодларга ҳам йўл очилади.

Бундан ташқари, жорий йилдан бошлаб лицензия берилишида ҳар бир хонанда Бадиий кенгаш томонидан жонли ижро этиш қобилияти бўйича текшириб кўрилади. Жонли ижро билан чиқиш имкониятига эга иқтидорли йигит-қизларни аниқлаш мақсадида «Ўзбекконцерт» бутун республикадан ёш ижрочилар иштирок этган кўрик-танлов ташкил этди. Бадиий кенгаш томонидан саралаб олинган иштирокчиларга Тошкент ва вилоятларда ўтказиладиган Наврўзга бағишланган анъанавий байрам тадбирларида иштирок этиш имконияти берилди.

«Яқин келажакда циркни инқирозли вазиятдан чиқариш учун қандай чора-тадбирлар кўриш режалаштирилган (моддий-техника базаси эскирган, жониворларни тайёрлаш даражасининг етарли эмаслиги ва уларнинг соғломлигининг сустлиги, шунингдек халқаро ҳамкорликнинг паст даражаси ва кадрларни ўқитиш ҳамда тайёрлаш тизимининг йўқлиги)?»

В. Петров.Тошкент ш.

– Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 январдаги «Ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ва «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан қатор тадбирлар амалга оширилди.

«Ўзбек давлат цирки» раҳбарияти томонидан 2022 йилгача «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Олмалиқ кон-металлургия комбинати билан ҳамкорликда «Дўстлар клуби» фаолияти режаси тайёрланди, бу эса моддий-техник базани яхшилашга ёрдам беради. Бизнинг вазирликка эса циркнинг техник жиҳозлари режаси тақдим этилди.

«Ўзбек давлат цирки» ва Республика эстрада-цирк коллежи раҳбарияти билан бирга акробатика, спорт гимнастикаси, жонглёрлик ва бошқа йўналишлар бўйича етакчи артист ва ўқувчилар билан амалий машғулотлар ўтказишни назарда тутадиган ҳамкорлик шартномаси тузилди.

Айни пайтда «Ўзбек давлат цирки»да 65 та жонивор бор. Ҳар икки йилда бир марта уларга зарур эмлашлар амалга оширилади ҳамда касалликларни аниқлаш ва бартараф этиш тадбирлари ўтказилади.

Кадрлар масалаларини ҳал этиш учун Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан кейинчалик ишга жойлаш шарти билан акробатика ва гимнастика турлари бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Бундан ташқари, бир неча хорижлик цирк артистлари ишга қабул қилинди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech