27 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +16,8 °C

Ташвишли хабар
22 Фев  2019 5082

Беш ойда нархи 84 миллионга кўтарилган квартира

Икки фарзандли онанинг арзон турадиган бошпанага эга бўлиш орзусидан келажакка бўлган улкан ишонч уфуриб турарди. Боз устига келгусида нуфузли ҳудудга айланиши кутилаётган вилоят марказининг янги микрорайонидаги кўпқаватли уйларнинг қурилиши жадал суръатларда кетмоқда. Яна ўша уйларга уюштирилган экскурсия ҳам яхши таассурот қолдирди: янги кўчиб кирганлар ичкарини яхшилаб кўриб олиш учун уйларига киритишга бажонидил рози бўлишди.

 

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси тезда керакли ҳужжатларни тайёрлаш лозимлигини айтганда эса жуда узоқда бўлиб кўринган имконият учқуни яқин келгандай бўлди. Улар рўйхатига шаҳардан уй олишга қарор қилган менинг ҳамкасбим ҳам киритилибди. Тўғри-да, ҳар куни узоқ қишлоқдан ўнлаб километр йўл босиб, анча-мунча вақт ва маблағ сарфлаб, ишига қатнарди. Барча навбатда турганларни, баъзи маълумотларга кўра, Навоийда улар сони икки ярим мингдан ошади, бир жойга йиғиб навбатдаги йиғилиш ўтказишганларидан сўнг орзу қилган уй-жойга эга бўлишни истаганлар сони камайган. Бундай вазиятларда энг кўп бериладиган савол: «Нима учун?», жавоби эса: «Нархи ҳаддан ташқари қиммат экан». Фуқароларни тўхтатиб қоладиган минуслардан бири, тураржойнинг, бюджетга оид ҳисобланса-да, амалда қўл етмас, жуда баланд нархидир.

2016 йилнинг октябрида Президентимиз 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича уйлар қуриш дастурини (кейинги матнларда - Дастур) татбиқ этиш ташаббуси билан чиқди. Бир ой ўтиб эса, шаҳарларда кўпквартирали арзон уйлар ҳам пайдо бўла бошлади. Унга миллий деган жуда юқори мақом ҳам берилди. Бундай уйлар, хусусан, тақдир тақозоси билан ўз бошпанаси бўлмаган, қариндошлариникида ёки ижара хонадонларда, ундан ҳам ёмони, эскирган уйларда яшаётганларнинг имкониятини оширишга мўлжалланган.

Ўз даромади ҳисобидан уй ёки квартира сотиб олишнинг имкони йўқ, негаки, нархлар кўпчиликнинг харид қилиш имкониятидан анча юқори. Ҳатто, шундай имкониятга эга-ю, лекин фақат маошга кун кўрадиганларни ҳам дастлабки бадал ва кредит ставкаларининг баландлиги ўйлантириб қўймоқда, булардан ташқари, қандайдир маблағ эвазига яшаш ҳам керак-ку?! Шу боис ҳам ижтимоий муҳим аҳамиятга эга муаммони ҳал этиш учун арзон уйлар қуриш муаммоларнинг ягона ечимига айланди. Дарвоқе, экспертларнинг айтишича, эҳтиёжни қондириш имкониятларидан кўра уй-жойга бўлган талабларнинг ортиб бориши шароитида ижтимоий турар-жой бозорини кенгайтириш ўта муҳим. Негаки бу, соғлиғи ёмонлиги, ишламаслиги ёки чекланган даромади сабаб бозор нархида уй сотиб ололмаган аҳолининг улкан қатламлашувига олиб келади.

Расмий ахборот бўйича Навоийда Дастурда белгиланган ўнта уйлардаги ҳар бир квадрат метр жойнинг нархи 3,659 миллиондан 3,682 миллион сўмгача атрофида. Унга кўра, 2020 йилга қадар вилоят марказида 840 квартирага мўлжалланган 20 та кўпқаватли уй қуриш режалаштирилган. Ўтган йили 420 квартирали ўнта етти қаватли бино фойдаланишга топширилди. Турар-жойларнинг олтитасини «151-сонли КПМ» МЧЖ, қолган тўрттасини маҳаллий бозорда кўп йиллик ижобий тажрибага эга «Темур Малик» МЧЖ қурган. Лойиҳа бўйича ҳар бир бинонинг нархи 7,9 миллиард сўмни ташкил этган. 2018 йил 25 декабрь ҳолатига кўра квартираларнинг баланс нархлари – 204 миллиондан 207 миллион сўмгача.

Уйларни олиш схемаси қатъий регламент асосида амалга оширилади. Уй-жойга муҳтож ёш оилалар, эски уйларда яшовчи аҳоли ва бошқалар еттита тоифага ажратилган, квартиралар ва ипотека кредитлари тақсимоти шаффофлигини таъминлаш учун электрон тизим жорий этилган. Қаватлар тақсимотида суиистеъмол қилишлар олдини олиш учун тўловлар миқдори дифференциаллаштирилди: қанча баланддан бўлса, дастлабки бадал шунча кам.

Аммо бундай шаффофлик таъминланган вазиятларда ҳаммаям бирдай уйга эга бўла оладими? Амалиётда жавоблардан кўра саволлар кўпроқ. Масалан, Дастур талабларига тўғри келадиган, аммо тўлов қилишга қурби етмайдиган оилалар борасида нима қилиш мумкин? Ёхуд ўртача даромади ойига икки миллион сўмча бўлган ёлғиз онани олайлик. Агар у уч хонали квартирани харид қилса, дастлабки уч йиллик имтиёзли даврда ипотека тўловлари 1,8 миллион сўмни ташкил этади. Уч йиллик имтиёзли давр тугагач, сумма уч миллион сўмгача ошиб кетади, яна маълум вақтдан сўнг олти миллионга кўтарилади. Аммо ана шу давр ичида уй-жойга бўлган нархлар ошганини маълум қилишса, нима қилиш керак? Худди шундай ҳолат Хадия (исм ўзгартирилган) билан содир бўлди. Унинг кўп болали оиласи 2018 йилда янги уйга кўчиб кирган. Онаси, уч синглиси билан ўн икки йил ётоқхонада яшаган. Алоҳида уй олиш имконияти пайдо бўлгач, ўйлаб ҳам ўтирмай, ҳужжатларни топширишди ва миллий лойиҳа иштирокчиларига айланишди. Орадан беш ой ўтгач, банкдан ташвишлантирувчи қўнғироқ бўлди: маълум бўлишича, сотиб олинган квартиранинг нархи деярли 84 миллионга кўтарилиб кетибди. Банкка бундай буйруқни ҳужжатларни нотариал расмийлаштириш маълум вақтни олганини асос қилган ва шу боис илгари ҳисобланган кредит фоизларига яна 60 календарь кунининг қўшиб ҳисобланиши ҳақида «Ўзшаҳар қурилиш инвест» МЧЖ инжиниринг компанияси берган.

Бундай уйларга эга бўлишни истаган танишларимдан бирининг тарихи ҳисоб-китоб қилиб кўргач,  муқобил тижорат уйларидан бирини сотиб олиш билан якун топди. Ҳисоб-китобига кўра, улар арзон уйларнинг белгиланган нархларидан пастроқ бўлиб чиқибди, боз устига, сифатдан ҳам ютиш мумкин экан. Бошқаси, молиявий имкониятларини чамалагач, иккиламчи кўчмас мулк бозорида нархларда сезиларли фарқ бўлган ва чўнтагига тўғри келадиган уй қидирмоқда.

Икки фарзандли она ҳар куни кечқурун ижара квартираси деразасидан туриб, яқингинада у ердан квартира сотиб олишни орзу қилган қаршидаги уйларга тикилади. Уларда ҳам ҳаёт ўз маромида кечмоқда.

Дилфуза Ғуломова.

Навоий вилояти.

 PS: биз ушбу долзарб мавзуга яна қайтамиз. Мазкур дастурни амалга оширишда иштирок этаётган маҳкамалардан изоҳ кутамиз. Мақола ўқилганидан сўнг пайдо бўладиган саволларга жавоб олишда уларни конструктив мулоқотга чақириб қоламиз.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech