21 Февраль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13,3 °C

Мамлакатимизда
25 Янв  2020 3528

Кенг кўламли ўзгаришлар траекторияси

Машҳур олим Альберт Эйнштейн ҳаётни велосипед ҳайдашга қиёслаган - мувозанатни сақлаш учун ҳаракатда бўлиш керак. Ўзгаришлар динамикаси муқаррар, буни бир кишига ҳам, мамлакат тараққиётига ҳам боғлаш мумкин. Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида нафақат мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида трансформация масалалари, балки ривожланишнинг янги босқичи жиҳатлари ҳам қамраб олинган. Шундай қилиб, 2017 йилдан бошлаб йилнинг ушбу форматда эълон қилиниши анъанага айланди. Воқеалар хроникасига назар ташласак, йил номи дастлаб Конституция куни муносабати билан қилинган маърузада эълон қилинганини эслаш мумкин. Сўнг келгусида Мурожаатноманинг тақдим этилиши ва тузилиши ўзгарди, аммо бунда дастлаб Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадлар ўзгаришсиз қолди.

Тимур Кайсаров сурати.

2017 йил. Ҳаммаси халқ учун

Ҳаётнинг барча соҳаларидаги ўзгаришларга қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Уларнинг бориши ҳам тез, ҳам босқичма-босқич бўлиб, муҳим муаммоларни ҳал этишга қаратилган. Мамлакат аҳолисида йиғилиб қолган саволлар халқ билан мулоқот қилиш ишларини тубдан қайта кўриб чиқишга асос бўлди. Виртуал ва Халқ қабулхоналари бунга айланиб улгурган ўртадаги боғловчи бўғиннинг зарурлигини кейинги бир неча йил тасдиқлади. Аҳоли транспорт, ижтимоий, коммунал ва бошқа соҳалардаги маҳаллий муаммоларга ҳамда тизимдаги камчиликларга эътибор қаратди.

Ҳар қандай мулоқотда нафақат тинглаш, балки эшитиш ҳам, бу алоҳида ҳолатда эса белгиланган вазиятларни назоратда ушлаб туриш ва уларнинг ечимини кузатиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Халқ билан мулоқотни мустаҳкамлаш вазифаси унда инсон асосий ўринга қўйилган 2017 йилги давлат дастури номи асосини ҳам ташкил этди. Айнан, халқ ҳокимияти тамойили Ўзбекистоннинг демократик ва прогрессив ривожланиш даражасини белгилаб беради. 2017 йилги Мурожаатномасида Президент истиқболда ижтимоий фаолликка таъсир кўрсатувчи ва эртанги кунга ишонч уйғотувчи устуворликларни ҳам белгилаб берди.

Ўзбекистон тарихида 2017 йил халқ билан бевосита мулоқотнинг янги тизимини яратиш, уларнинг ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш йили бўлди, дея таъкидлади мамлакат раҳбари. Ўзгаришлар суд-ҳуқуқ, прокуратура ва ички ишлар органлари тизимига ҳам таъсир кўрсатди. Қисқа вақт ичида мамлакат иқтисодиётида 161 та йирик саноат объекти ишга туширилди, 12 та эркин иқтисодий зона ва 45 та саноат зонаси ишга туширилди ва 330 мингдан ортиқ иш ўринлари ташкил этилди. Уч минг километрдан ортиқ ички йўллар таъмирланиб, реконструкция қилинди. Сўмнинг эркин конвертацияси, шунингдек, чет эл валютасини тижорат банкларида чекловларсиз сотиш бошланди.

Агар ижтимоий соҳага назар ташласак, рақамлар ҳар бири миллионлаб кишилар тақдири билан боғлиқлигидан сўзлайди. 2017 йилда Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлмаган мамлакатда истиқомат қилувчи 1 минг 100 кишига ушбу мақом берилди. Умумий майдони 800 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган кўп қаватли уйлар хонадонлари калитлари мамлакат бўйлаб ўзининг бахтли эгаларига, шу жумладан, ижтимоий кам таъминланганларга ҳам, топширилди.

Шунингдек, 12 та умумтаълим мактаби қурилди, 320 таси реконструкция қилинди, 152 та таълим муассасаси капитал таъмирланди. Бундан ташқари, 107 та болалар боғчаси қурилди ва реконструкция қилинди, 195 таси капитал таъмирдан чиқарилди. 15 та олий ўқув юртида эса сиртқи бўлимлар очилиб, унда коллежларни битирган беш мингдан ортиқ педагог олий маълумот ола бошлади. Янги ташкил этилган институтлар ва олий ўқув юртларининг филиаллари туфайли олий ўқув юртларининг сони 81 тага, вилоятларда филиаллар 15 тага, хорижий олий ўқув юртларининг филиаллари 7 тага етди. 2017 йилда Олмалиқдаги Москва пўлат ва қотишмалар институтининг филиали ва АҚШнинг Тошкентдаги Вебстер университети филиалини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Ўшанда Президентимиз Муҳаммад Ал-Хоразмий ва Мирзо Улуғбек номлари билан аталган аниқ фанларни чуқур ўрганиш бўйича ихтисослаштирилган мактабларнинг очилиши ҳақида сўз юритганди. Бугун ушбу муассасаларда машғулотлар олиб борилмоқда. Маданият соҳасида Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш «Илҳом» жамоат фонди, шунингдек, маданият ва санъат муассасалари, йирик компания ва банклар билан биргаликда «Дўстлар клублари» ташкил этилди. Атоқли ёзувчи ва шоирларимиз номлари битилган адиблар хиёбони ва ижодий мактаблар яратилди. Шунингдек, Қўқон шаҳри, Хоразм ва Жиззах вилоят драма театрлари реконструкция қилиниб, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона вилоят филиали ташкил этилди.

Ўзгаришлар кейинги даврда янада ривожланиш учун асос бўлди. Давлат ва жамият қурилиши тизимлари зиммасига иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсирни камайтириш ва бозор механизмларидан кенг фойдаланиш, давлат хизматлари доирасини кенгайтириш, коррупцияга қарши курашни кучайтириш ва парламент ролини мустаҳкамлаш мақсадлари қўйилди.

Бундан ташқари, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида учинчи секторни, оммавий ахборот воситаларини фаоллаштиришга ҳам эътибор қаратилди. 2018 йилда тадбиркорликни ривожлантиришга тўғаноқ бўлаётган тўсиқларни, жумладан, текширишларни ҳам, олиб ташлаш топширилди. Мамлакатимиз ва бошқа кўплаб соҳаларга каттагина даромад келтирувчи туристик салоҳиятни очиб бериш, янгича ёндашув ва иш усуллари, эркин рақобат, инвестицияларни жалб этиш зарурлиги қайд этилди.

2018 йил. Инновацион тезлашув

Орадан бир йил ўтиб, Президент Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида аҳолининг реал даромадлари 2017 йилга нисбатан 12 фоизга ошганини маълум қилди. Давлатимиз раҳбари буюк аллома Нажмиддин Кубро ҳазратларининг: «Муваффақиятни – саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса – лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим», деган сўзларини келтирди.

Шунинг учун, 2018 йилдаги Мурожаатномада 2019 йилда ишларни яхшилашга эътибор қаратилгани табиийдир. Шу билан бирга ўтаётган йил бўйича умумий статистика Асосий қонунимиз қабул қилинган кундаги маърузага киритилди. Шундай қилиб, иккинчи Мурожаатнома бутунлай янгича тарзда янгради. Рақам ва фактлар билан бир қаторда барча соҳаларда ишларни мустаҳкамлаш зарурлиги айтиб ўтилди. Бундай концентрация, сўзсиз, биринчи навбатда, суръатни секинлаштирмаслик учун керак. Турли даражадаги эришилган босқичлар ижобий деб баҳоланди, лекин айни пайтда матнда «ҳали жуда кўп ишларни қилишимиз керак», деган аниқ фикр янгради.

Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида бир қатор дастурларни амалга оширишда давлат бюджети маблағларидан фойдаланилди. Улар орасида - қарийб икки триллион сўм маблағ сарфланган «Ҳар бир оила - тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз» каби соҳаларда жойларда 2605 бизнес лойиҳа амалга оширилди.  «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла»ни амалга ошириш доирасида қурилиш-ободонлаштириш ишларига уч триллион сўм маблағ ажратилди.

Президентимиз ёшлар мавзусига яна қайтиб, таълим сифатини, шунингдек, фуқаролар саломатлигини яхшилаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. Вазирлар Маҳкамасига 2030 йилгача мамлакатни интеграциялашган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш топширилди. Бундан ташқари, рақамли иқтисодиётнинг Миллий концепциясини ишлаб чиқиш, «Рақамли Ўзбекистон-2030» дастурини, шунингдек, банк секторида АКТни жорий этиш ва валюта бозорини эркинлаштириш вазифалари белгиланди.

2018 йилдаги Мурожаатномада шунингдек, янги Солиқ концепцияси, солиқ юкини камайтириш, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ривожлантириш ва тадбиркорлар ва инвесторлар учун максимал қулай шарт-шароитлар яратиш зарурлигини эълон қилинди. Шу билан бирга, иқтисодиёт бошқарувига давлат аралашувини камайтириш, бир қатор субъектларни ислоҳ қилиш ва қайта ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

2019 йил учун аҳоли орасида ишсизлик даражасини камайтириш, даромадни ошириш ва пенсия ислоҳоти вазифалари белгиланди. Шундай қилиб, барча ишлайдиган пенсионерлар пенсиясини тўлиқ оладиган бўлди, яъни тажрибали ходимлар турли соҳаларнинг ривожланишига ҳисса қўшишда давом эта бошладилар.

  «Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус таълим масканлари битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш ўтган даврда 9-10 фоиз даражасида бўлиб келаётган эди. Сўнгги икки йилда кўрилган чора-тадбирлар туфайли, биз бу рақамни 15 фоиздан оширишга эришдик. Лекин бу ҳали етарли эмас. Чунки дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, бу кўрсаткич уларда 60-70 фоизни ташкил этади. Шунинг учун 2019 йилда мамлакатимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 20 фоизга етказиш ва келгуси йилларда ошириб бориш – муҳим вазифамиздир», дея таъкидлади Президент 2018 йилда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида.

Бундан ташқари, мамлакат раҳбари саратон муаммосига тўхталди, бу эса зудлик билан тизимни тубдан такомиллаштиришни талаб қилади. Бу замонавий ускуналар ва салоҳиятли кадрлар, дегани.

2018 йилда 3,520 маҳаллада ҳеч қандай жиноят содир этилмагани ҳам эсланади. «Одамлар тинч яшаши учун бутун мамлакатимизда жиноятдан холи муҳит яратишимиз шарт», деди Президентимиз.

2019 йил. «Йил мамлакати» учун инвестиция режаси

2019 йилда эълон қилинган Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида кўплаб муҳим ўзгаришлар юз берди, уларнинг баъзилари дастлаб, 2018 йилги Мурожаатномада эълон қилинганди. Бутун мамлакат қурилиш майдонига айланди, дейиш мумкин. Илгари аксарият ҳолларда қишлоқ жойларда намунавий уйлар қурилган бўлса, 2019 йилда кўпқаватли бинолар қурилишига эътибор қаратилди. Мамлакат аҳолиси тажриба ўтказишдан чўчимайдиган, экспертларнинг фикрларини тинглаётган, у ёки бу соҳада миллий ва халқаро тажрибани уйғунлаштираётган Ўзбекистонда янги тарих яратилишига гувоҳ бўлмоқдалар. Демократик жараёнлар чет эл ОАВ томонидан кўп бор тилга олинди, бу йил ҳам Ўзбекистон ҳақидаги фикрлар эътибордан четда қолмади. Мамлакатимиз ҳақида телевидение ва радиода гапирилди, босма журнал ва газеталар саҳифаларида, веб-сайтларда махсус мақолалар эълон қилинди. Шундай қилиб, Британиянинг «The Economist» нашри Ўзбекистонни йил мамлакати деб атаб, қатор соҳалардаги ривожланишларга урғу берди.

«Очиқлик» ва «ошкоралик» сўзларидан иборат 2019 йилда инвесторлар учун алоҳида ёндашув бўлди. Аввалги Мурожаатномада Президент ТИВ ва хориждаги ваколатхоналарга мамлакатга сармоя жалб қилиш мақсадида фаолиятини қайта кўриб чиқишни топширганди.

Шу билан бирга, давлат идоралари олдига фуқаролар билан бевосита ишлашни йўлга қўйиш, ягона кадрлар сиёсатини шакллантириш ва давлат хизматига қабул қилишнинг ошкора механизмларини яратиш вазифаси қўйилди. Бунга мос равишда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги қайта кўриб чиқилди.

Экологик хавфсизлик мавзуси ҳам ўзгаришлардан четда қолмади. Оролбўйида 500 минг гектар яшил ўсимликлар экиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.

2019 йилда ривожланиш натижалари ва 2020 йилда барча соҳаларни такомиллаштириш истиқболларини ўз ичига олган Президент Мурожаатномаси сиёсий майдондаги кенг кўламли ўзгаришлар билан кечди. Шундай қилиб, декабрь ойида Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди, иккинчи тур январь ойи бошида эълон қилинди. Кейин - Сенатнинг шаклланиши, ҳукумат таркиби, Бош вазир номзодини тасдиқлаш бўлиб ўтди. Парламент палаталарининг биринчи сессияларида, жумладан, қўшма сессияларда ҳам, давлат раҳбари соҳа вакилларига ҳам ўрта, ҳам узоқ муддатли истиқболдаги айрим вазифаларни эълон қилди.

Шундай қилиб, Президентимизнинг 2019 йил якунлари ва 2020 йилдаги ривожланиш устуворликлари тўғрисидаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси бошланган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Бироқ 2017 ва 2018 йиллардаги Мурожаатномалардан фарқли ўлароқ, у бутунлай янги ҳужжат бўлиши учун асос бор. Албатта, унда мамлакат тараққиётининг давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ, иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар соҳалардаги асосий йўналишлари ўз аксини топади. Зеро, 2020 йилги Давлат дастурининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишида Ўзбекистон тараққиётининг сиёсий ва ижтимоий «маёғи»га айланган Ҳаракатлар стратегиясининг асосий жиҳатларини ҳисобга олинади.

Юлианна Мороз.
«Правда Востока».

«Правда Востока» газетасининг 24.01.2020 йилдаги 18-сонида «Траектория масштабных преобразований» сарлавҳаси билан нашр этилган

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech