24 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +29,1 °C

Спорт
8 Авг  2019 2064

Теннис маҳорат мактаби: олмосга жило бериш

Наполи шаҳрида (Италия) ўтказилган Бутунжаҳон ёзги Универсиадасида Ўзбекистон спорт делегацияси 122 давлатдан ташриф буюрган талабалар терма жамоалари ўртасида умумий ҳисобда ўн тўққизинчи ўринни эгаллади.Ватандошларимиз саккизта - иккита олтин, шунча кумуш ва тўртта бронза медалларни қўлга киритишди. Ушбу ютуққа Республика Олимпия захиралари теннис мактаби (РОЗТМ) тарбияланувчилари бўлган теннисчилар жамоаси катта ҳисса қўшди. Санжар Файзиев ва Ҳумоюн Султонов дуэти ғалабаси шарафига Италияда Ўзбекистон мадҳияси янгради. Шахсий биринчиликда ҳам муваффақиятга эришилди: наманганлик Султонов кумуш медаль соҳиби бўлди. Турнирнинг асосий сетларида иштирок этишса-да, шоҳсупага кўтарила олмаган талаба-қизлар Камола Умарова ва Лайло Баҳодировалар ҳам муҳим балларни қўлга киритишди. Тўпланган баллар миқдори бўйича юртдошларимиз тўртлиги Хитой Тайпэйи вакилларини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади. Хорижий экспертларнинг фикрича, мазкур натижа Неаполдаги энг катта шов-шувлардан бири бўлди. Шундай қилиб, ёзги Универсиада-2019 дастурининг саккиз турида иштирок этган 42 нафар теннисчидан иборат Ўзбекистон делегацияси ҳисобига яна битта «олтин» қўшиб қўйилди.

...Ўтган мавсумда РОЗТМнинг етакчи мураббийси, эркаклар терма жамоаси сардори Пётр Лебедь ихтисослаштирилган мактабнинг ўн йиллигини нишонлаш маросимида истеъдодли болаларнинг бутун бошли авлоди ўсиб келаётганини айтганди. «Ҳозирча уларнинг исм-шарифларини айтмайман, лекин тез орада барча уларнинг номларини билиб олади», деганди у.

Билиб айтган экан. Ушбу мавсумда ITF шафелигида Ўзбекистон кортларида Европа, Осиё ва Американинг йигирмадан зиёд теннис ривожланган мамлакатларидан ташриф буюрган иқтидорли болалар иштирокида ўтказилган учта халқаро ёшлар турнирида ҳам РОЗТМ тарбияланувчилари шоҳсупага кўтарилдилар. Ситора Нормуродова шахсий биринчиликда ҳам, жуфтлик баҳсларида ҳам тўртта ҳар хил рангдаги медалларни қўлга киритди. Хорижий мутахассислар икки олтин, кумуш ва иккита бронза медални қўлга киритган 17 ёшли Азизбек Дадабоевнинг тактик жиҳатдан етук ўйинини алоҳида таъкидладилар. Дарвоқе, Азизбек ёшлар терма жамоаси таркибида Малайзияда ўтказилган Девис Кубогида Осиё ва Океания терма жамоалари ўртасидаги беллашувларда кумуш медални қўлга киритди. Ўн олти ёшли болалар терма жамоаси ҳозирда жаҳон рейтингида ўн биринчи ўринда ва Осиё рейтингига етакчилик қилаётганини эътироф этиш лозим.

ITF-2019 турнирларининг ғолиблар рўйхатини давом эттирамиз. Мукофотланганлар орасида, албатта, иқтидорлилар кўп. Масалан, Амин Валихонов, Фарида Маримова, Дарья Корнилова, Моҳира Алимова, Мафтунабону Қаҳрамоновалар назарга тушишди. Ёшлар орасида Равшан Қодиров, Нуриддин Шодиевлар ўз иқтидори ва маҳоратини намойиш этди. РОЗТМнинг фойдали иш коэффициенти юқори. Ўтган йилларда ушбу махсус мактаб ўқувчиларига республикада тенги топилмаганди, бугун улар халқаро майдонларда ҳам ишончли иштирок этишмоқда.

Кимдир: «Шундай бўлиши ҳам керак-да!», дер. Негаки, РОЗТМда яратилган шароитларни бошқа ҳудудлардан келган ёш теннисчиларники билан таққослаб бўлмайди. Ушбу тасдиққа эътироз билдиришингиз ҳам мумкин, албатта. Аммо, чиндан ҳам, Тошкентдаги база АҚШ, Буюк Британия, Хитой ёки Япония каби машҳур теннис академиялариникидан сира қолишмайди. Ёш иқтидорлиларимиз ихтиёрига турли қопламали йигирмата корт берилган, улардан учтаси ёпиқ заллардир. Қишда иккита дам бериб шишириладиган модуль тикланади. Ўз спорт зали, ёзги ҳовуз, баскетбол ва волейбол майдончалари мавжуд. Бу - умумий жисмоний тайёргарлик учун. Тиббиёт маркази замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Бир гуруҳ малакали шифокорлар ишлайди. Қулай ва шинам меҳмонхона. Тахминан олтмиштача ўсмир кунига беш маҳал овқатланади. Умумий ўрта таълим мактаби шундоқ яқингинада. Ўсмирлар учун иккинчи ота-оналарга айланган ўқитувчилар уй вазифаларини бажаришда ёрдам берадилар. Ўз фарзандларидай ғамхўрлик ва устозлик қилишади.

РОЗТМда энг кучли болалар мураббийлари ишлайди. Пётр Лебедь ҳақида юқорида сўз юритдик. Қизларга мураббийлик қилувчи Константин Томашевичнинг ҳам нуфузи баланд. Шуни эътироф этиш керакки, худди ўша Ситора Нормурадова бошчилигидаги 14 ёшли қизлар жамоаси Осиё қитъасида энг кучли бешликка киради. Эътиборга молик жиҳати, таниқли ва тажрибали мураббийлар билан бирга вилоятлардан келган кўплаб мураббийлар, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университети талабалари бўлган РОЗТМ битирувчилари ишлашмоқда. Мураббийлар корпусида мактабнинг ўзгармас директори Самук Абидовнинг икки ўғли - Фаррух ва Ғайратлар ҳам фаолият олиб боради. Ғайрат, дарвоқе, Азизбек Дадабоев билан шуғулланади.

- Шогирдларимиз билан алоқани йўқотмасликка ҳаракат қиламиз, - дейди Самук Казимович. - Биз нафақат уларга иш топишда ёрдам берамиз, балки чет эллик мутахассислар иштирокидаги маҳорат-дарслари, малака ошириш бўйича семинарлар ташкил этамиз, маслаҳатлар берамиз. Бу ёш мутахассисларга нисбатан бизнинг принципиал позициямиз. Улар ўз жонажон ўлкасига мураббий сифатида қайтиб, жуда тез мослашадилар ва кўпинча ҳудуддаги етакчи мураббийларга айланишади.

С. Абидов бу муносабатлар ҳам муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди, чунки мураббийликни эндигина бошлаётганлар мактаб талабларини билади ва ўғил-қизлар билан ягона усул билан шуғуллана бошлайди. Уларнинг аксарияти РОЗТМга киришда халқаро стандартларга мувофиқ тест нормативларини жуда осон бажаришади. Шундай қилиб, ихтисослаштирилган спорт муассасасида селекция ва танлов сифат жиҳатидан бошқа даражага кўтарилади, иқтидорли ўйинчиларни излаш географияси ҳам кенгаймоқда. Бугун бу ерда таниқли ва кучли теннис мактабларидан нафақат пойтахт, Наманган, Фарғона, Андижон, Бухородан, балки Самарқанд, Термиз, Жиззах, Қарши, Нукус, Урганчдан келган ёш истеъдодлар ҳам ўқитиляпти.

Ўн йилдан сал кўпроқ вақт мобайнида юздан зиёд йигит-қиз теннис бўйича йўлланмани қўлга киритди. Биринчи битирувчилар орасида халқаро тоифадаги спорт устаси нормативини бажарган Сабина Шарипова ҳали ҳам мусобақаларда иштирок этмоқда. Яна ўн бештаси спорт устаси, 33 таси усталикка номзодлар, биринчи разрядга эга спортчилар гуруҳи эса жуда катта. Сарвиноз Саидхўжаева, Гўзал Юсупова, Темур Исмоилов ҳам турли ёш гуруҳларидаги терма жамоалар аъзоларидир. Юқорида номлари санаб ўтилган биринчи авлод тарбияланувчилари бўлган теннисчилар билан бир қаторда улар ҳам Боку (Озарбайжон)даги «Ислом бирдамлик ўйинлари» жаҳон спорт форумида, Ашхобод (Туркманистон)да ёпиқ иншоотларда ўтказилган Осиё ўйинларида ва Жакарта (Индонезия)да бўлиб ўтган ёзги Асиада-2018 мусобақаларида ўзбекистонликларнинг эришган ютуқларига салмоқли ҳисса қўшдилар. Ҳозирги мавсум ҳам муваффақиятли кечмоқда. Республика Олимпия захиралари теннис мактаби ўқувчиларининг учинчи авлоди ҳам ўзини кўрсата бошлади. Эҳтимол, бизнинг машҳур теннисчимиз Денис Истомин каби улар орасидан ҳам баъзилари Олимпиада, аммо Франция-2024 ўйинларига, йўлланмасини қўлга киритар.

...РОЗТМ директори билан суҳбатимиз ўн ёшли истеъдодларни тест синовларидан ўтказиш пайтига тўғри келиб қолди.

- Наманганлик анави қизга эътибор беринг, - дейди Самук Казимович. - Зарбаси кучли бўлмасаям, теннис тўпини квадратларга аниқ йўллайди. Орқа чизиқда ишонч билан ҳаракат қилади. Муайян кўникмалари бор. Мактабимиз мураббийлари деярли икки йилдан бери қизалоқ иштирок этаётган турнирларда уни кузатяпти. Яна бир нечта потенциал номзодлар ҳам бор, албатта. Олдин яхшилаб кузатиб, кейин танлаймиз. Бундай танлов ҳақиқий истеъдодли теннисчиларни юзага чиқариш имконини беради. Бизда тайёргарлик гуруҳлари йўқ, фақат маҳорат синфлари мавжуд.

Қизнинг исми Дилхуш. У биз юқорида тилга олган ва теннис оламига эндигина кириб келаёган Азизбек Дадабоевнинг синглиси.

- Албатта, бундай ёшдаги қиз болани бошқа шаҳарга юбориш бироз чўчитади, - дейди Юлдуз Дадабоева, - лекин ўғлимнинг спортда эришаётганлари, қизимнинг ҳам спортда ўз йўлини топиб олишига умид уйғотади.

Темур Низаев.

«Правда Востока».

Рашид Галиев сурати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech