24 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +30,5 °C

Кейинги авлод
3 Мая  2019 6086

Мактаблар: ислоҳотлар қандай бормоқда?

Ўтган йилдан бошлаб республика мактаблари ҳаётида ўқитувчилар ва уларнинг ота-оналарига ҳам маъқул тушган жиддий ўзгаришлар юз берди. Соҳада ва амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича ватандошларимиздан кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Ана шу саволларга жавоб олиш учун таҳририят Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод ШЕРМАТОВга мурожаат қилди.

Тимур Кайсаров сурати.

Қоидабузарликлар аниқланса…

«Февраль ойи бошида Давлат молиявий назорати бош бошқармаси давлат тузилмаларида Халқ таълими вазирлиги (10,9 млрд. сўм) молиявий қоидабузарликлар бўйича иккинчи ўринда туришини маълум қилганди. Қайси ҳолатлар ҳақида сўз бормоқда ва улар қандай бартараф этилади?»

Х. Зоиров, Урганч ш.

– Молиявий қоидабузарликлар асосан, маош, турли тўловлар, касаллик варақаси ва ўқитувчиларнинг меҳнат таътили пулларининг нотўғри ҳисобланиши билан боғлиқ. Шунингдек, давлат харидлари ва бошқа соҳаларда ҳам қоидабузарликлар қайд этилган.

Халқ таълими вазирлиги бундай ҳолатларнинг, шу билан бирга, ХТВ ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари учун турли тренинглар ташкил этиш орқали олдини олиш бўйича чора-тадбирларни қўллади.

"Турмуш ўртоғим вақти-вақти билан навбатчилик деб мактабда тунаб қолади, кейин эрталаб дарс ўтгани жўнайди. Агар таълим бериш билан боғлиқ бўлмаган иш тақиқланган бўлса, унда нимага асосланиб тунги навбатчиликка жалб этиш мумкин?"

А. Раҳимов, Тошкент ш.

– Бундай навбатчиликлар муассасанинг хавфсизлигини таъминлаш учун байрамлар арафасида ўтказилади. Вазирлик бу борада мактабларга навбатчиликка техник ходимлар ва қоровулларни жалб этишни тавсия этган.

«Ёнгинамиздаги давлат умумтаълим мактабида доим болаларни шанбаликка жўнатишлари, мактаб атрофи, жумладан, стадионни супуртиришларини кўраман. Ўқувчиларни тозаловчилар ишини бажаришга мажбур қилиш қонунга қанчалик тўгри келади ва қандай мақсадда шундай қилинади?»

З. Ким, Тошкент ш.

– Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик чораларини кўрмоқда. Халқ таълими вазирлиги ҳам соҳада бундай меҳнатнинг олдини олиш бўйича ишлар олиб боряпти. Бунда Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ мамлакатимизда вақти-вақти билан ҳудудларни, жумладан мактабларни ҳам, ободонлаштириш учун умумреспублика ҳашарлари ўтказилмоқда.

"Дарсликни варақлай туриб, бир нечта хато топдим. Ўша дарсликнинг янги нашрида хатони тузатишлари учун қаерга мурожаат қилиш керак?"

А. Ермолова, Фарғона ш.

– Халқ таълими вазирлиги ўз сайтида http://eduportal.uz махсус бўлимини ишга туширди. У орқали ўз изоҳингизни қолдиришингиз ва дарсликлардаги хатоликларни кўрсатишингиз мумкин.

"Маҳалла фуқаролар йиғини раиси педагогик жамоа йиғилиши ва ўқув жараёнига, умуман, мактаб фаолиятига аралашишга, ходимларни турли ободонлаштириш ишларига жалб қилишга ҳақлими?"

М. Альмяшева, Тошкент ш.

– Маҳалла фуқаролар йиғини раисининг мактаб фаолиятига аралашишга ёки ходимларини ободонлаштириш ишларига жалб қилишга ҳаққи йўқ. Аммо у ушбу муассасада мавжуд муаммоларини ҳал этишда иштирок этиши мумкин.

Пуллар қаёққа кетади?

"Мактабларда ота-оналар мажлисларида синф фонди, мактаб фонди, деб пул йиғишади. Бу қанчалик қонуний ва бундай бадалларни тўлаш шартми?"

О. Петров, Самарқанд ш.

– Мактаблар турли мақсадларда пул йиғишга ҳақли эмас. Аммо ота-оналар ёки бошқа шахслар ўз ихтиёри билан шартнома асосида ҳомийлик воситаларини тақдим этишлари, шунингдек, ҳомийлар «MFond» тизимидан ҳам фойдаланишлари мумкин.

"MFond фаолиятининг дастлабки натижалари қандай ва олинган маблағлар қаёққа йўналтирилади?"

Ғ. Қодиров, Андижон ш.

– MFond жамоатчилик хайрия жамғармаси бўлиб, ХТВ томонидан таъсис этилган. Унинг вазифаси – Ўзбекистон Республикасида мактаб таълимини ривожлантиришга кўмаклашиш. Унинг мақсадлари ичида: мактаб таълими, маърифат, маданият ва шахснинг маънавий ривожланишига кўмаклашиш; мактабларнинг инфратузилмаси ва моддий-техника базаси, ҳамда ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштириш; имконияти чекланган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш. Фаолиятнинг асосий йўналишлари - ўқувчиларнинг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш; иқтидорли ҳамда кам таъминланган ўқувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш; ўқув жараёнини моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ускуналар билан таъминлаш, ўқув биноларини жиҳозлаш; мактаб инфратузилмасини ривожлантириш (мактаб бинолари, хоналар ва бошқаларни таъмирлаш)дан иборат.

Фаолияти давомида жамғарма томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди:

- хайрия маьлағларини жалб қилиш учун онлайн-платформа ишга туширилди;

- А. Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ҳудудий мактабларнинг 250 нафар директори учун MFond тақдимоти ўтказилди;

- Халқ таълими вазирлиги делегациясининг АҚШга расмий ташрифи доирасида Mfondнинг биринчи фахрий элчиси тайинланди;

- Ёшлар иттифоқи билан хайрия акциялари ўтказилди. Ташкилотчилар 9636 та мактабга умумий қиймати ўн миллиард сўмлик 47 та номидаги, орасида ватанимиз ва хорижий классиклар асарлари ҳам бўлган, 450 минг дона китоб тақдим этишди.

Айни дамда маблағларни жалб қилиш самарадорлигини ошириш учун портал такомиллаштириш жараёнида. Хайрия йиғимларининг ишлатилиши ҳамда улар бўйича ҳисоботларнинг шаффофлиги ва сифатлилиги устида ишланмоқда.

Ижтимоий вектор

"Уч фарзандимиз бор, эрим – ногирон, ўзим фаррош бўлиб ишлайман, маошим паст. Барча болаларимга яқинда ҳамма кийиши шарт бўладиган мактаб формаси сотиб олишга қурбим етмайди. Ёрдам сўраб кимга мурожаат қилсам бўлади?"

Л. Икромова, Ангрен ш.

– Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ тижорат банклари аҳолига мактаб формаси харид қилиш учун қисқа муддатли истеъмол кредитларини тақдим этади.

"Интернетда мактаб ўқувчиларини махсус автобуслар ташиши ҳақида ўқиб қолдим. Ростдан ҳам шундайми ва улар қачон пайдо бўлади?"

К. Ўролова, Термиз ш.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 2 ноябрда келгусида халқ таълими тизимини янада ривожлантириш бўйича белгиланган ислоҳотларни самарали амалга оширишни ташкил этиш бўйича йиғилиш ўтказди. Унинг бориши чоғида жойлардаги мактаблар филиалларини тўлақонли муассасаларга айлантириш бўйича вазифалар қўйилди. Бунда тўлақонли мактаб барпо этиш мақсадга мувофиқ бўлмаган жойларда ўқувчиларни ташиш учун автобуслар тақдим этиш масаласини ўрганиш ҳам топширилди. Ушбу ташаббус биринчи навбатда олис туманлардаги муассасаларга тааллуқли.

"Мактаб кутубхонасига нафақат ўқувчилар, балки қўшни кварталлар аҳолиси ҳам ёзилиши мумкин эканлиги ростми? Рост бўлса, қандай шартларда?"

С. Тихомирова, Навоий ш.

– Халқ таълими вазирининг 2011 йил 19 августдаги 189-сонли буйруғи билан тасдиқланган Умумтаълим муассасалари кутубхоналари тўғрисидаги Низомда «Ўқувчилар, ўқитувчилар, таълим ходимлари, умумтаълим муассасасининг бошқа ходимлари, ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи) кутубхонага аъзо бўлиши мумкин. Умумтаълим муассасасининг кутубхонаси зарурат бўлганда микрорайон (қишлоқ) аҳолисининг педагогика ва халқ таълими адабиётларига бўлган эҳтиёжларини қондиради. Кутубхонанинг ўқув залида фойдаланувчиларга хизматларнинг тўлиқ спектри тақдим этилади», дея келтирилади.

Юқорида келтирилганлардан келиб чиқиб, умумтаълим муассасалари кутубхоналаридан аҳоли ҳам фойдаланиши мумкин.

Кадрлар масаласи

"Мактабда ижтимоий фанлар ўқитувчиси бўлиб ишлашни истайман, гуманитар ихтисослик бўйича бакалавр ва магистр даражасига эгаман, лекин педагогик эмас. Мактаблар ўқитувчиларга муҳтож, улар қайта тайёрлаш курсларини тамомлагани ҳақидаги дипломсиз ишга олишмаяпти, курслар эса мактабда ишламайдиган одамни қабул қилишдан бош тортади. Нима қилиш керак?

Яна бир савол: олий маълумоти бўлмаган бироқ педагогик йўналишдаги коллежни тамомлаганлар мактабда дарс бера оладими?"

Ш. Ҳидоятов, Наманган ш.

– Президентимизнинг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига, шунингдек, Халқ таълими вазирининг 2018 йил 10 сентябрдаги «Халқ таълими тизимида келгусида олий маълумотли кадрларни профессионал-педагогик қайта тайёрлашни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги буйруғига мувофиқ олий маълумотли мутахассисларни профессионал ва педагогик қайта тайёрлаш амалга оширилади. Номзодларнинг ҳужжатлари буйруқнинг иловасида келтирилган кўрсатмаларига мос келиши лозим.

Унинг 4-чи «Халқ таълими тизимида профессионал-педагогик қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш тартиби» бандида бундай қайта тайёрлаш халқ таълими ҳудудий органлари тасарруфида бўлган вазирликлар, идоралар ва муассасалар буюртмалари бўйича амалга оширилади. Яъни, муҳтож бўлган мактаб талабгорга йўлланма бериши керак. Агар сиз мурожаат қилган умумтаълим муассасасида ўқитувчи керак бўлса, лекин сизнинг дипломингиз мос келмаса, унда сиз йўлланма бўйича курсларда ўқиш ҳуқуқига эгасиз, дея келтирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 октябрдаги «Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификаторини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган квалификацион талабларга мувофиқ умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларида педагогик йўналишдаги  коллежларни тамомлаган ва бошланғич синф, жисмоний тарбия, технология, мусиқа ва тасвирий санъат ўқитувчиси мутахассислигига эга шахслар ишлашлари мумкин.

"Икки йилдан бери иккита мактабда ўриндошлик асосида дарс бераман. Меҳнат таътилига чиқишим тартиби қандай?"

Х. Жалилов, Тошкент ш.

– Меҳнат Кодексининг 133-моддасига кўра, барча ходимларга, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга, дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади.

"Мактабдан сўнг репетиторлик қилиб пул ишламоқчиман. Бунинг учун ўзим ишлайдиган мактаб биносидан ижара шартномаси асосида фойдалана оламанми?"

Ф. Нозимова, Жиззах ш.

– Сиз мактаб билан ижара шартномаси тузишингиз мумкин. Бунда пул маблағи таълим муассасаси ҳисобига ўтказилади. Аммо сизнинг репетитеорлик фаолиятингиз ўқув жараёнига халақит қилмаслиги керак.

Янгича ўқиш

"Тошкент ва бошқа шаҳарларда Президент мактабларининг ташкил этилганини эшитдим. Бу мактабларга кимлар кира олади?"

Д. Аброров, Нукус ш.

– Президент мактабларига қабул тўртинчи синфларни битирган ўқувчилар ўртасида мантиқий фикрлаш, ёзма имтиҳон ва суҳбат тариқасида ўтказилади ва улар ХТВ томонидан ўрнатилган тартибда саралаб олинади.

Биринчи ўқув йилида 5-10 синфларга қабул қилинганларнинг умумий сони 144 кишига етди. Йиллик қабул квотаси 24 ўқувчини ташкил этади. Бир синфда 12 нафардан бола ўқитилади.

Қабул муддатлари ва шартлари тўғрисида алоҳида хабар қилинади.

 "Бир неча йил аввал халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий институтлари кадрлар тайёрлаш тизимининг турли даражадаги алоқаларини мустаҳкамлаш учун олий ўқув юртлари тузилмасига ўтказилди. Энди уларни ХТВга қайтаришмоқчи. Нима учун бундай қарорга келинган?"

Д. Оқилов, Шаҳрисабз ш.

– Президентимизнинг 2017 йил 26 сентябрдаги «Педагог кадрларни тайёрлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари тегишли ҳудуддаги олий таълим муассасалари тасарруфига берилди. Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари барпо этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ХТВ га педагог кадрларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш вазифаси юклатилди. Ҳужжатга мувофиқ унинг ижросини таъминлаш учун олий таълим муассасаларида фаолият кўрсатган ҳудудий Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Бу соҳада кадрлар тайёрлаш тизими тайёрлашнинг турли даражалари ўртасидаги муносабатлар самарадорлигини янада оширади. Олий ўқув юртлари ўқитувчилари томонидан ўқитилган ўқитувчилар сабаб мактабларда таълим жараёнини ва тизимда ўқитувчилар учун талабларни ўрганиш мумкин, бу эса университетларда ўқитувчиларни тайёрлашда эътиборга олиниши лозим.

Кўпгина мактабларда инглиз, немис ёки француз тиллари ўрганилмоқда. Бошқаларни, хусусан, Шарқ тилларини ҳам ўрганадиган синфлар сонини кўпайтириш режалаштириляптими?”

Н. Ёқубов, Қарши ш.

– Барчаси ҳудуддаги эҳтиёж ва имкониятларга боғлиқ. Агар дейлик, хитой тилини ўрганишга муҳтожлик бўлса, шундай синфларни ташкил этиш мумкин. Бироқ бунда ҳудудда ўша тилларни ўқита оладиган ўқтувчи бор-йўқлигини ҳам кўриб чиқиш зарур.

“Европа ва АҚШда жисмоний тарбия бўйича мактаб дастури бизникидан тубдан фарқ қилади нормативларни топшириш ўрнига асосий урғу болалар мазза қилиб ўйнайдиган ўйинларга қаратилади. Бизнинг дастуримизни ҳам ушбу предмет бўйича жаҳон талабларини инобатга олган ҳолда ўзгартириш қилиш режалаштириляптими?”

В. Надеждин, Чирчиқ ш.

– Ҳозирда Халқ таълими вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда нафақат Европа ва АҚШ давлатларининг, балки Россия Федерацияси, Япония ва Корея Республикаси каби давлатларнинг умумий ўрта таълим муассасаларида ҳам қўлланиладиган жисмоний тарбия ўқув дастурини ўрганмоқда. Ушбу йўналишда ўқитиш сифатини ошириш учун ижобий хорижий тажрибани қўллаш мақсадида ҳамкорликдаги иш якунларига кўра амалдаги дастурларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Шу билан бирга ички тизимда хорижий методологияни жорий этишда самарадорликка эришиш учун "ASIS" дастури бўйича жисмоний тарбия машғулотларини ўтказиш жараёнини таҳлил қилиш кўзда тутилган.

Республика мактабларининг биринчи рейтингида иштирок этадиган мактаблар қайси тамойил бўйича танланади ва бундай чекланган миқдордаги муассасаларда рейтингни шакллантириш нима беради?

Р. Қаюмов, Каттақурғон ш.

– Президентимизнинг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига ва давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 16 январдаги  таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига мувофиқ таълим муассасалари рейтингини аниқлаш, тузиш ва расман эълон қилиш масалалари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспексияси ваколатига киради.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech