27 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +16,8 °C

Ташвишли хабар
28 Фев  2019 4062

Шимолий Қутбга экспедиция... ёки табиий газимиз қаёққа кетмоқда?

Мана, қиш ойлари ҳам поёнига етди. Ҳар бир куз-қиш мавсуми аҳолини жуда муҳим ҳисобланган табиий газ ресурси билан таъминлашдаги муаммоларнинг юзага қалқиб чиқишига сабаб бўлади.

Қишнинг совуқ ва аёзли кунларида ушбу табиий неъматга бўлган талаб ошади: нафақат овқат пишириш, чой қайнатиш, балки уйни иситиш ҳам керак. Бугун жуда паст босим ёки умуман газ йўқ лиги сабаб тирикчилигини ўтин ёки кўмир билан ўтказаётган хонадонлар соҳиблари уйида зангори олов гуриллаб ёниб турганларга ҳавас билан қараши ҳам бор гап. Аммо кўмир ёки ўтин ёқилғисига бўлган нархлар ҳам сезиларли ошган.

Бир сафар Наманган вилояти Чуст туманидаги Варзик қишлоғига йўлим тушиб қолди. Тезда кеч тушиб, чор-атроф қоронғилашгач, Малика опаникида тунаб қоладиган бўлдим. Қишлоқда газ 11 йилдан бери йўқ экан. 2008 йилдан бери одамлар уйини ўтин ва кўмир билан иситади, айримлари ғўзапоядан фойдаланади. Деярли ҳар бир уйга голландча печка қурилган.

Малика опа менга энг иссиқ уйига жой солиб берди ва эрталабгача печка ўчиб, уй ичи совиб кетишини айтиб, ечинмай ухлашни тавсия қилди. Меҳмондўст оила аъзоларининг ўзлари ҳам қалин кийиниб олишган, болаларнинг бошидан тўқилган телпак тушмайди. Гўё Шимолий Қутбга экспедицияга кетишаётгандек бўлиб кўринади.

Кечга бориб, чироқ ҳам ўчиб қолди ва шу боис эртароқ ётишга тўғри келди. Туни билан совқотиб чиқдим ва эрталаб МФЙ раисига учраб бу борада гаплашиб олмоқчи бўлдим. Аммо кун бўйи кутсам-да, у келмади, шу боис фуқароларнинг ўзи билан суҳбатлашишга мажбур бўлдим.

- Маҳалламизда қачон газ бўлгани эсимдан ҳам чиқиб кетган, - дейди пенсионер Фаридахон опа. – Қиш яқинлашаверса, юракларимиз зириллайди. Ўтинни ёзда тайёрлаб қўямиз, негаки, қишда жуда қиммат бўлиб кетади. Агар қиш аёзли келса, ўтинимиз тез тугаб қолади. Бундай шароитда овқат тайёрлаш ҳам муаммо, хуллас, электрдан фойдаланишга тўғри келади. Қурби етганлар пропан гази тўлдирилган газ баллонлардан фойдаланади, аксарият одамлар уйини электр ускуналар билан иситади.

- Тўрт болали бева аёлман. Яқинда ўғлимни уйлантирдим. Бор топган пули ўтинга сарфланяпти. Барча уйларни бирдай истишнинг иложи йўқ, шу боис қишда битта хонага тиқилиб оламиз - у ер ҳам ошхона, ҳам ётоқхона. Тўғри, суюлтирилган газ баллон олиш мумкин, аммо у овқат пишириш ва чой қайнатиш учун, холос, уйни иситиб бўлмайди. Ўтиннинг нархи қиммат, боз устига, унинг тутунидан нафас олишга тўғри келади. Қишлоғимизга қачон газ келаркан-а? - дея хўрсинади қўшни аёл Санобар опа.

Қишлоқнинг бошқа кишилари ҳам худди шундай муаммоларни айтишди. Чиндан ҳам, муаммолар бир талай – йўллар ўнқир-чўнқир, ичимлик сув таъминоти йўқ ҳисоби.

Иситиш учун кўмир ёқиладиган мактабга бордик. Аммо уларнинг кўмири майда ва сифатсиз, яхши ёнмайди. Синфхонани иситиш учун анча терлаб-пишишга тўғри келаркан. Аҳолининг иш билан бандлиги қандай ва улар тадбиркорликка жалб этиляптими, деган саволга ҳаммаси елка қисишди. Бирор кишидан жўяли жавоб ололмадик. Маҳаллада бир нечта тегирмон, дўкон ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари бор. Бирорта йирикроқ тадбиркорлик субъектига дуч келмадик, очиғи, майдаларига ҳам. Фермер хўжалигида ишлайдиганлар чидаса бўладиган шароитда турмуш кечиришади, лекин улар ҳам ҳамма қулайлик етарли, деб мақтана олишмайди.

Ҳа, Варзикда шунга ўхшаган муаммолар кўп, аммо вилоят маркази ҳам ундан ортиқ эмас. Бу ерда ҳам ечилиши керак бўлган масалалар бир талай. Масалан, газ учун қарздорликни олайлик. Шаҳар газ хизматида миллион сўмдан зиёд қарзи борлигини эшитиб, «Истиқлол» маҳалласида яшовчи меҳнат ветерани Ғанижон Раҳимовнинг мазаси қочиб қолай деди.

- Газнинг ўзи таг-туги билан йўқ, уйларни исита олмаяпмиз. Бир неча йил олдин келиним Дилором вафот этган, - дейди ветеран маъюс тортиб. – Етарли шароит яратиб бермадим, уйни иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлай олмадим, деб марҳум келинимнинг ота-онаси кўзига қарай олмайман. Ўғлимнинг ногиронлиги бор, сурункали бод (ревматизм)дан азият чекади. Анча йиллар олдин газ таъминоти хизматининг талаби билан қувурлар сотиб олганмиз, уларнинг олиб келиниши ва пайванд-монтаж қилиш пулини тўлаганмиз. Айримлар ўлчагич ҳам сотиб олишган. 2014 йилда бизга газ беришни тўхтатиб қўйишди. Шикоят қилмаган жойимиз қолмайди, ҳамма жойда бир хил жавоб: суюлтирилган газ тўлдирилган баллон сотиб олинг. Бизни алдаб, ушбу табиий неъматнинг керак бўлмаган трассасини тортишга мажбур қилишди. Бу ҳалиям ҳаммаси эмас, биз иссиққина ва барча шароитларга эга уйларимизни ташлаб, бийдай далага кўчиб чиқдик. Компенсация тарзида берилган 21,5 миллион сўм пул янги уйларимизнинг пойдеворига ҳам етмади. Давлат нархида қурилиш материаллари билан таъминлашга ваъда беришганди, аммо сўзларида туришмади. Мана, кети кўринмас бу қурилишларга цемент ҳам сотиб ололмаяпман.

Шу ўринда аниқлик киритсак: бундан бир неча йиллар олдин Бобур кўчасидаги уйларни бузишга қарор қилишди. Аҳолига ер участкалари ажратишди, аммо улар кўчганидан жуда пушаймон бўлишди ҳам. Қурилиш жараёнида бир олам муаммоларга дуч келишди, жумладан, газ бўйича ҳам, аммо у ҳалиям йўқ.

- Ўтинга икки миллион сўмдан зиёд маблағ кетади, ҳатто, ёғоч қириндиси ҳам арзон эмас. Шу боис қишда ҳаммамиз битта хонага тиқилиб оламиз, - дейди Эхтибор Эшонова. – Уларга ишониб, бу ерга кўчиб келганимиздан афсусланяпмиз. Ўлчагичлару газ қувурлари ўрнатилди, аммо... ундан ҳамон дарак йўқ. Газ баллони сотиб олиш қимматлик қилади: ўзим пенсионерман, ўғлимнинг ногиронлиги бор. Маҳалла аёллари касаллик кўпайиб кетаётганидан нолийди, болаларимиз доим шамоллаб юради. Газ учун тўлаяпмиз, аммо қани у?

Муроджон Ҳамидовнинг янги уйида хоналар ва ҳаммомни иситадиган замонавий камин ўрнатилган, аммо ўзи, хотини ва уч фарзанди билан ертўласифат жойда яшашмоқда. Уйни иситиш учун газ йўқ, ёнғин чиқиши хавфсизлиги нуқтаи назаридан кўмирдан фойдаланиш мумкин эмас. Ота-онаси кичкинагина хонада туришади ва буржуйка ёрдамида жон сақлашади. Онаси – Муҳаббат Аббосова – инсультни, отаси – Собитхон Ҳамидов – инфарктни бошдан кечирган.

ҚФЙ раҳбариятининг сўзларига қараганда, табиий газ учун қарздорликни вақтида ёпиш учун қўлдан келадиган барча ишлар қилинган, аҳоли ҳатто, олдиндан тўлаган ҳам. Икки йил олдин 800 хўжаликдан 230 тасига, сал кейинроқ бутун маҳаллага газ беришни тўхтатиб қўйишган. Бу катта муаммоларни келтириб чиқаради, айниқса, ногиронлиги бўлганлар ва пенсионерларга.

Аҳолининг айтишича, ҳамма гап ҳар куни юзлаб автомобилларга газ тўлдириб бераётган қишлоқ яқинидаги автогазтўлдиргич станциясида экан. Мутахассислар эса автомобилларга газ қуйиш шохобчаси бошқа, алоҳида магистрал орқали газ билан таъминланишини, аҳоли эса шаҳар газ таъминоти рухсатисиз ўзбошимчалик билан қувурлар тортиб, ўзларича лойиҳалар тузаётгани муаммоларни келтириб чиқараётганини айтишди. Аммо аҳоли бу мутлақо нотўғри, ишларга вилоят газ таъминоти мутахассисларининг ўзлари раҳбарлик қилган, демоқда.

Яна бир нарсага эътибор қаратамиз, бу ерда яшил экинлар жуда кам: қишда ёнадиган нимаики қўлга илинса, печкага тиқилади. Аммо аҳолига янги участкаларда томорқалар ташкил этиш, мева-сабзавот етиштириш мумкинлигини ваъда қилишганди...

Феруза Отахонова

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech