16 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +16,6 °C

Агросектор
11 Сен  2019 1075

Қишлоқ хўжалиги: келгуси истиқболлар ҳақидаги ўйлар

Мамлакатимиз учун қишлоқ хўжалиги соҳаси устувор вазифалардан биридир. Етиштирилган маҳсулотлар нафақат аҳолимизнинг эҳтиёжларини таъминлабгина қолмай, балки чет элларга ҳам жўнатилмоқда. Ахир, мамлакат тараққиёти тармоқнинг самарали ривожланишига бевосита боғлиқ. Ўзбекистон Президенти 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор вазифаларига тўхталиб ўтди.

Серқуёш ўлка маҳсулотлари

Бозорларимизда юқори сифатли маҳсулотлар, дастархонимизда янги мева-сабзавотлар бўлиши йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Кўп нарса бошқарувнинг иқтисодий воситалари, янги техника ва технологиялар, илмий ютуқларни амалиётга жорий этишга боғлиқ.

Йиғилишда давлат харид нархларининг қарийб уч баробарга ошиши натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг қизиқиши ортиб бораётгани таъкидланди. Пахтачилик ва ғаллачилик ҳақиқий даромад манбаига айланмоқда. Ва бу аллақачон келажакка қўйилган қадамдир. Аввало, бундай ўсиш кўрсаткичлари аграр соҳа вакиллари оилалари фаровонлигига таъсир қилади. Ахир, ўз шартларини айтадиган бозор сезиларли даромад келтиради ҳам.

Шунингдек, бу борадаги ривожланиш ҳақида гапирсак, янги технологияларни жорий этиш атрофлича ўрганилди. Жалб қилинган ишчилар сони, вақт, ва албатта, масаланинг молиявий томони уларга бевосита боғлиқ. Жумладан, 76 та пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилди. Бу аҳолини жумладан, таълим муассасалари битирувчилари бўлган ёшларни иш билан таъминлаш имконини беради.

Аграр соҳада сувни тежайдиган технологияларга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Обиҳаёт – табиатнинг буюк инъоми, уни исроф қилиш ўнглаб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин. Мамлакатимиз бунга тўқнаш келган. Орол денгизи муаммосига нафақат республикамизнинг, балки жаҳон ҳамжамиятининг ҳам эътибори қаратилган. Ҳозирда оқибатлари билан курашишга тўғри келаётган бу ҳаётий ҳақиқат сувдан нооқилона фойдаланиш нималарга олиб келиши мумкинлигига жонли мисолдир.

Йиғилишда мамлакатимизда экин майдонларини суғоришга миллиардлаб кубометр сув йўналтирилаётгани ҳақидаги далиллар келтирилди. Бироқ фақат тахминан 60 фоизигина далаларга етиб боради. Шу билан бирга Жаҳон сув ресурслари институтининг прогнози тезкор чоралар кўриш зарурлигини кўрсатмоқда. Жумладан, институт мутахассисларининг фикрича, 2040 йилга келиб, Ўзбекистон дунёнинг сув ўта тақчил бўлган 33 мамлакати қаторига кириши мумкинлиги қайд этилди. Келажакда бу ҳолат кўплаб соҳаларга таъсир қилиши мумкин. Шу сабаб, ушбу ресурсни сақлаб қолиш устувор аҳамиятга эга. Ҳар йили 200 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш вазифаси қўйилди. Улар бу соҳада яратилган стратегиянинг бир қисмига айланади.

Наманган вилоятида тажриба

Глобал экологик жамғарманинг кичик грантлар дастури мамлакатнинг турли бурчакларидаги вакилларнинг нафақат қизиқарли, балки фойдали, ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларини, шу жумладан, юқорида айтиб ўтилган масалаларни ҳам қўллаб-қувватлайди. Шундай йўл билан улар биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши, ушбу жараёнга мослашиш, шунингдек, ерларнинг деградацияга учраши каби асосий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадиган аризалар муаллифларининг ғояларига эътибор қаратишади.

Амалдаги ташкилотлар орасида Наманган вилояти Уйчи тумани фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан ариза берилган. Унинг номидан томчилатиб суғориш ва тупроқни ҳимоя қилувчи деҳқончиликни қўллаш орқали ғўза етиштириш бўйича лойиҳа тақдим этилди. Уйчи туманидаги «Ғолиб» фермер хўжалигида муаммонинг бир неча томони экологик жиҳатдан ҳам, иқтисодий томони ҳам унутилмаган ҳолда ўрганилади.

Ишлаб чиқувчилар томчилатиб суғоришда пахта етиштиришнинг натижаларини анъанавий усулдан ва нол экиш технологиясидан фойдаланган ҳолда алоҳида солиштиришни режалаштирмоқда. Бунинг учун ҳудуд мавжуд – бу Икромжон Отавалиев раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигининг 87,3 гектар еридир.

– Сув ресурсларидан нооқилона фойдаланиш Наманган вилоятида, Фарғона водийси ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида суғориладиган деҳқончиликнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган асосий сабаблардан биридир, – дейди ижрочи. – Наманган вилояти, хусусан, Уйчи тумани аҳолиси жуда меҳнатсевар ва туманда кўплаб фермер хўжаликлари мавжуд. Аммо тупроқ унумдорлигининг пастлиги, сув тақчиллиги туфайли ғўза ҳосилдорлиги гектарига 15-21 центнердан ошмайди. Бироқ томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланганда, гектарига кафолатли равишда 30 центнер (45 гача)дан ҳосил олса бўлади. Айнан ҳосилнинг ошиши фермерларни томчилатиб суғоришга қизиқтириши мумкин. Бу қандай амалга ошади? Экин оддий томчилатиб суғориш жараёнида нафақат намликни олади, балки сувда эритилиб қўшилган керакли ўғитлар тўғридан-тўғри ўсимлик илдизларига етказилади. Бунда уч баробар кам сув сарф бўлади, 50 фоиз - камроқ минерал ўғитлар ва қатор ораларига ишлов бериш учун гектарига 58-60 литр камроқ ёқилғи ишлатилади.

Ушбу ғояни амалга ошириш бир кунлик иш эмас: асбоб-ускуналар сотиб олиш, жуда катта майдонда ўрнатиш керак ва фақат учинчи йилдагина натижаларни кутиш мумкин. Фермер ушбу тажриба журналини юритади, шунингдек, ушбу амалиётдан олинган маълумотларни Наманган вилоятидаги ҳамкасблари билан ўртоқлашишга ваъда беради.

Агар бу иқтисодий нуқтаи назардан усул чиндан ҳам фойдали ва жозибадорлигини кўрсатса, лойиҳа натижалари барқарорлигига эришилади. Шундан сўнг фермерлар ёндашувни ўзларида қўллашга киришишлари ва лойиҳа Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун ҳақиқатан ҳам инқилобий бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди ташаббус муаллифи.

Мамлакат бўйлаб экомарафонлар

Жорий йил Сув хўжалиги вазирлиги ва Давлат экология қўмитаси кўмагида «UzWaterAwar» лойиҳаси доирасида Марказий Осиё минтақавий экология маркази томонидан ташкил этилган Нукус ва Қўқондаги кенг кўламли акциялар билан ҳам эсда қоларли бўлди. Мутахассислар қатор тадбирларни ўтказдилар: семинар-тренинглар шаклидаги назарий қисмдан тўғридан-тўғри амалиётга, яъни гидрогель ёрдамида дарахт экишга ўтишди. Бунда кўчатлардан қарағай, павловния, катальпа ва сирень ўтқизилди.

Сезиларли самара – суғоришда сувнинг 50 фоизга тежалиши. Шунингдек, Нукусда экомарафон ўтказилиб, унинг доирасида тажрибали журналистлар учун сув-экологик мавзуларга оид масалаларга тўхталиб ўтилди.

Агроном Алишер Турдиматовнинг айтишича, гидрогель дарахтлар ва бошқа ўсимликларнинг илдиз тизимига яқин сув ва фойдали қўшимчаларни сўриб олиш, тўплаш ва ушлаб туриш ҳамда тупроқ юзасидан намликнинг буғланишини камайтиришга қодир полимердир. У уч-беш йилгача ўз хусусиятларини йўқотмайди, экология ва тупроқ ҳолатига салбий таъсир кўрсатмайди. Таркиби ўсимликларни турли зарарланишлардан ҳимоя қилувчи ва ўсиш ва ривожланишга ҳисса қўшувчи минерал ўғитлар ва микроунсурлардан иборат. Синов натижаларига кўра, турли экинлар ҳосилдорлиги 20-50 фоизга ошгани қайд этилди. Агроном шунингдек, маҳсулот зарур сертификатлашдан ўтганини таъкидлади.

– Давлат муассасалари, ташкилотлар ва маҳаллий ҳокимият органларининг лойиҳанинг Қўқон ва Нукусдаги экологик ташаббусларига эътиборини, шунингдек, тадбирларга жалб этилган нодавлат нотижорат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлигини алоҳида таъкидламоқчиман, – дейди Ўзбекистондаги МОМЭМ филиали директори Шаҳноза Умарова. – Бундай ўзаро ёрдам кичик «UzWaterAware» жамоасига уч кун ичида гидрогелдан фойдаланган ҳолда икки минг туп кўчат экиш имконини берди, жараёнга шаҳар ободонлаштириш хизмати мутахассислари ҳам жалб этилди. Сув хўжалиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари кўмагида сувни тежовчи маҳорат дарсларимизда бир нечта аграр ҳудудлардан фермерлар ҳам иштирок этдилар. Фермерларнинг жалб этилишидан келиб чиқиб айтилса, гидрогель ёрдамида сувни тежаш имкониятлари ҳақида олинган маълумотлар улар учун ҳақиқий қизиқиш уйғотди.

Таълим мактаблари ўқитувчилари ҳам қатор тадбирларда иштирок этишди. Масалан, кундалик ҳаётда ва қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланишнинг аҳамияти Қўқондаги 3-мактабидаги экодарсларда муҳокама қилинди. Ташкилотчилар илтимосига кўра, «UzWaterAware» лойиҳасининг маҳорат дарсларига Қўқондаги мактаблардан 40 нафар табиатшунослик, биология ва кимё фанлари ўқитувчиларини таклиф этилди. Иштирокчилар олинган маълумотларни очиқ дарсларда, ҳамкасбларига, шунингдек, мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари ўртасида тарқатишга ваъда беришди.

Сувни тежашни илова айтади

Маҳаллий экспертлар мутахассислар ва мавзуга қизиққан барча учун мўлжалланган табиий ресурсларни сақлаш соҳасидаги ноёб маҳсулотни ишлаб чиқдилар. Сув хўжалиги вазирлиги ва хорижий ҳомийлар кўмагида «ТОМЧИ» мобиль-иловаси ташкил этилди. Унинг фойдаланувчилари эса фермерлар, сув хўжалиги ташкилотлари ва бошқа ушбу обиҳаёт истеъмолчилари ходимлари, шунингдек, сувни тежайдиган суғориш технологияларини ишлаб чиқарувчи ва ўрнатувчи тадбиркорлардир. Бундан ташқари, ирригация ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайдиган мутахассислар, олий ўқув муассасалари талабалари ва профессор-ўқитувчилар ўзлари учун фойдали маълумотларни топишлари мумкин.

Ўтган йили тақдим этилган илова сувни тежайдиган суғориш усуллари ҳақидаги маълумотларга тезкор кириш имконини беради, уларнинг афзалликларини тушунтиради ва бундай технологияларни жорий этишнинг тахминий нархларини ҳисоблаш имконини беради. Бундан ташқари, у ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларни боғлаш учун ягона платформа бўлиб хизмат қилади ва фойдаланувчилар билан ҳамкорликни осонлаштиради.

Кадрлар ким?

Биргина жорий йилнинг ўзида сувни тежайдиган суғориш технологиялари 25 минг гектар пахта майдонларида жорий этилди. Шунингдек, йиғилишда Президентимиз раҳбарлигида 1,1 миллион гектар деградацияга учраган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар бошлангани таъкидланди. Кўлам ҳайратланарли,албатта, аммо қишлоқ хўжалигига жалб қилинган ҳудудлар бундан ҳам кўпроқ, яъни бу ишлар ҳали якунига етгани йўқ, дегани. Бундай аграр жойларни ҳисобга олиш «рақам»га ўтади ва бу узоқ куттирмайди. «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасига 2021 йил охирига қадар мамлакатнинг барча ҳудудларида ерларни инвентаризация қилиш ишларини якунлаш ва унинг ҳисобини юритиш учун ягона электрон база яратиш топширилди.

Президентимиз фақат бир кун билан яшамаслик керак, келажак ҳақида ўйлаш лозим, дея тўғри таъкидлаганди. Шунинг учун 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини жорий этиш бўйича ташаббуснинг қўллаб-қувватланиши ҳам шундан. Давлатимиз раҳбари экспорт салоҳиятини очиш ва ривожлантириш зарурлигини таъкидлаб, мамлакатимиз маҳсулотлари ташқи бозорда рақобатга бардош бера олмаётганини, чунки стандартларга мос келмаслигини таъкидлади. Маҳсулотларни сертификатлаштириш тизимини Европа Иттифоқи, Шарқий Осиё мамлакатлари ва араб дунёси стандартлари асосида жорий этиш юклатилди.

Шунингдек, минерал ўғитлар етказиб бериш соҳасидаги хизматлар турларини кенгайтиришнинг, техника ва рақамли технологиялар ҳамда космик зондлашнинг зарур чора-тадбирлар кўлами белгилаб олинди. Иккинчиси ерларнинг ҳақиқий ҳолатини баҳолаш имконини беради, бусиз ерларни ўзлаштириш борасидаги ҳар қандай режаларни тузиш қийин. Буларнинг барчаси ҳосилдорликни ошириш, мамлакатимиз аграр соҳасини ривожлантириш учун имкониятлар яратишга қаратилган.

Бу соҳада ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ кадрлар керак бўлади. Улар кўп нарсани ҳал қилади, деган гап қанчалик баландпарвоз бўлмасин, барибир таълим жараёнига эътибор соҳанинг келажагини белгилайди. Илғор таълим усулларини қўллаш, халқаро тажрибаларни жорий этиш, уларни миллий тажриба билан уйғунлаштириш, назария ва амалиёт ўртасидаги жипс алоқа янгича ҳаво олиб киради, бунинг бари охир-оқибат ўз соҳасининг профессионалларини тайёрлашга хизмат қилади.

Масалан, расмий веб-сайтида келтирилишича, Тошкент давлат аграр университетининг Нукус, Термиз ва Андижонда учта филиали, битта лицейи, тўртта маркази, олтита факультети ва 30 та кафедраси мавжуд. 500 дан кўпроқ префессор-ўқитувчилардан 46 нафари фан доктори, профессор, 207 нафари фан номзодлари, доцентлардир. Президентимизнинг 2019 йил 19 августдаги «Тошкент давлат аграр университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ замонавий кредит тизимини жорий этиш, шунингдек, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро жипс интеграцияси, давлат-хусусий шериклик асосида корхоналар ташкил этиш, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қибрай академик лицейи ва қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари базасида олий таълим муассасаси, иқтидорли талабалар учун алоҳида таълим дастурларини ишлаб чиқиш белгиланган.

– Мустақиллик йилларида университетимизда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда, – дейди ТошДАУ ректори, академик Ботиржон Сулаймонов. – Хорижий университетлар билан 50 га яқин шартнома ва меморандумлар имзоланди, 150 дан ортиқ талаба Германия фермерлари уюшмасига ташриф буюрди ва 300 дан ортиғи Россия Федерациясидаги Жанубий Урал давлат аграр университетида стажировка ўтади. Ҳамкорлик тўғрисидаги имзоланган битимларга мувофиқ дунёнинг турли мамлакатларидаги халқаро ўқув лойиҳалари ва семинарларида 200 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар иштирок этдилар. Университет талабалари халқаро ва республика танловларида фаол қатнашмоқда, айримлари халқаро ўқув курслари ва семинарлари иштирокчисига айланишди.

Ҳар биримиз бугун эришган ютуқларимизнинг асоси нима, деган саволга иккиланмасдан, бу халқимизнинг фидокорона меҳнати, келажакка бўлган ишончи, жавобини беради, деб ҳисоблайди ОТМ раҳбари. Шубҳасиз, буларнинг барчаси мавжуд, салоҳиятни ошириш эса Президентимиз соҳа ривожига аниқ мақсадлар қўйган минглаб мутахассисларнинг вазифасидир.

Юлианна Мороз.

«Правда Востока».

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech