21 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +35,9 °C

Мамлакатимизда
13 Июн  2019 2723

Адолат сўраб, охирги умид билан...

- Сиз – сўнгги умидимсиз. Қаерларга шикоят қилмадим дейсиз, Олий судгача бордим, беш марта телевидениега мурожаат қилдим, лекин шундаям адолат қарор топмаса…

Тадбиркорлардан бири Адлия вазирлиги раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзоларига Бухоро вилояти Пешку туманидаги учрашувда ана шундай сўзлар билан мурожаат қилди. У Бош вазир қабулхоналарининг очилиши муносабати билан ишбилармонларнинг мурожаатларини ўрганиш мақсадида ташкил этилди. Яна бир сўзга чиққан кекса киши пойтахтда ҳақиқатни қандай излагани ҳақида ҳаяжон билан сўзлади. Бироқ салкам 600 километр йўл босиб, бир қатор давлат органларида ҳам шахсга, ҳам тадбиркорга нисбатан қўполлик ва бефарқликка дуч келган. Энди масъул шахслар билан шахсан учрашиш имкони туғилганидан хурсанд.

Бу ишда баланд чўққилар кўзлангани кўриниб турибди. Соҳанинг барча вакиллари ҳам Бош вазир қабулхоналарининг ташкил этилишини ҳали эшитмаган, эшитганлари эса унга улкан умидлар билан қарамоқда. Ишончни эса оқлаш лозим.

- Давлатимиз раҳбарининг Бош вазир қабулхоналарини очиш борасидаги ташаббуси тадбиркорларимизнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда катта аҳамиятга эга, - дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Ваҳоб Қаҳҳоров. - Биз мурожаатларнинг энг кўп учрайдиган мавзуларини ажратиб олдик, анча пайтдан бери бу борада ишлаяпмиз ҳам. Энг кўп мурожаатлар – ер участкалари, шунингдек, кредитлар ажратиш билан боғлиқ. Гарчи деярли ҳамма жойда «Ҳар бир оила - тадбиркор», «Ёшлар - келажагимиз» давлат дастурлари бўйича бўш ерлар, бинолар ва зарур пул маблағлари, жумладан, халқаро молия институтлари линиялари ҳам, мавжуд бўлса-да, банклар билан тузилган шартномаларнинг бажарилиши билан боғлиқ муаммолар мавжуд, турли муассасаларда гаров таъминоти ва бошқа масалаларга турлича ёндашилади. Бундай қарама-қаршиликларни бартараф этиш ва давлат органларининг бизнесни қўллаб-қувватлаш борасидаги ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришда худди шу янги қабулхоналар ёрдам беради.

Давлат органлари ўртасида бўзчининг мокисидек

Ишбилармонлик соҳаси муаммоларни эшитадиган, минтақасидан қатъи назар, мансабдор шахсларнинг қанчалик ўхшашлигига беихтиёр ҳайрон қоласиз. Улар мураккаб иш - тадбиркорликни олиб бораётган оддий инсонлар учун бир хил қийинчиликлар туғдиришади.

Масалан, мурожаат қилганлардан бири ишни яхши билмаслик ёки қонунни қасддан бузишга дуч келган, дейлик. У оби-нон ва патир ишлаб чиқарувчи оилавий корхонани ташкил этган. Бундайлар учун газга ҳақ тўлаш жисмоний шахсларнинг тарифлари бўйича бўлиши керак, ундан эса юридик шахслар тарифлари бўйича, яъни анча-мунча кўпроқ тўловни амалга ошириш талаб қилинади. Бунинг қандай тўғри ҳисобланиши ишчи гуруҳга ҳам яхши маълум ва у Мажбурий ижро бюросининг маҳаллий бўлимига даъвони ишбилармоннинг фойдасига ҳал этишга кўрсатма берди.

Султон Омоновга новвойхона очиш учун имтиёзли кредит керак эди, уни олди ҳам. Шундан сўнг ер майдони масаласида «Ягона дарча» маркази, ҳокимлик ва кадастр хизмати ўртасида бўзчининг мокисидай елиб-югуришлар бошланди. Кадастр аллақачон бор, аммо ерни ажратиш тўғрисида ҳеч қандай қарор йўқ. Ишчи гуруҳ бу муаммони бир кун ичида ҳал этишни топширди.

Унинг электр таъминоти билан ҳал этилмаган масаласи бор. Туман электр тармоғи (ТЭТ) вакили, агар тадбиркордан ариза келиб тушса, ходимлари ишни бажаришга тайёр эканини маълум қилди. Учрашувни олиб бораётган Адлия вазирининг ўринбосари Акбар Тошқулов ҳайрон бўлиб: «Мана, у сизга мурожаат қиляпти-ку?!», деди. Маълум бўлишича, ТЭТ ундан қандайдир техник шартларни олиш керак экан. Ишчи гуруҳ уларни тайёрлашни ўз зиммасига олди. Тадбиркорнинг шунча вақтдан бери асабларини қақшатиб келаётган масала муҳокамасига: «Бюрократияни авж олдириб юборибсизлар!» сўзлари билан хотима берилди.

Хусусий мактабгача таълим муассасаси раҳбари Санам Жумаева 1 июнь куни янги болалар боғчасини очишни режалаштирганди. Бироқ ўхшамади – молиявий маблағни тўлиқ ололмади, электр, газ ва сув таъминоти тармоқлари уланмаган. Ихтисослашган идоралар мутахассислари келиб, уланишни таъминлашга ваъда бериб кетишди ва қайтиб қорасини ҳам кўрсатмадилар. Ариза «Ягона дарча» маркази орқали тақдим этилган, марказ ҳам унинг ижросини назоратга олмаган…

Яна бир тадбиркор аёл тикув цехи қуриш учун бир гектар ер ажратишни сўради. Ҳозирча олти нафар ишчиси бор, аммо у кўпайиши мумкин. Масъул органлар ерни беришга ваъда беришди, лекин жуда чўзиб юборишди. «Бунинг учун ким жавобгар?», дея ишчи гуруҳ аниқлаштира бошлади. Туман комиссияси экан. Унда кимлар бор? Муаммони тезроқ ҳал қилиш шунчалик қийинми? Уч кун муҳлат беришди.

Икки йиллик ноаниқлик

Икки ой олдин Илҳом Ҳамдамов хусусий клиника қуриш учун ер сўраб мурожаат қилганди. Ишига уч миллиард сўм сармоя киритмоқчи бўлди. Лекин унга бирор аниқ жавоб беришмади - на ҳа, на йўқ, на ер участкалари кимошди савдоси бўлиши-бўлмаслиги борасида. Афсуски, ушбу масалани дарҳол иш тартибида ҳал этишнинг ҳам иложи бўлмади – учрашувда Бухоро туманидаги тегишли тузилмалар вакиллари шунчаки йўқ эди…

Гўзаллик салонини очиш мақсадида мурожаат қилган Нигора Эргашеванинг омади кўпроқ юришди. 30 миллион сўм кредит олиш учун банкка мурожаат қилди, аммо тўрт ойдан бери жавоб йўқ. Нега шошилишмаяпти? Бир у ҳужжатни олиб кел, бир бу ҳужжатни олиб кел, дейишади. Аслида бир кун ичида ушбу масалани ҳал этиш учун Тошкентдан десант келиши ҳам шарт эмасди. Маблағ борлигини банкнинг ўзи тасдиқлади. Маҳаллий банк судраган, ҳал этишини чўзган масалани молия муассасасининг республика идораси ўзига қайд этиб қўйди.

Улар Ҳакима Бердиеванинг мурожаатига ҳам муносабат билдиришга шошилмадилар. Ўзи туғилиб-ўсган маҳалла аҳолиси участкалари бузиладими-йўқми билолмай икки йилдан бери азоб чекишмоқда.

- Ўзим ўқув маркази қурганман, болалар боғчаси қуришни ҳам истайман, лекин бундай ноаниқликдан кейин... – қўлларини ёяди аёл. - Ва бу «бўзчининг мокиси»га оид ягона мисол эмас. Агар тадбиркорда бирор савол туғилса, «Ягона дарча» маҳаллий марказида фақат битта ходим ваколатли жавоб бериши мумкин. Қолганларига мурожаат қилишдан маъни йўқ. Агар бошқа органлар - ҳокимликдан то солиқ хизматигача борадиган бўлсангиз, улардаги мутахассисларнинг баъзан мавзуни билмаслигига ёки ҳар бири ўзининг норматив ҳужжатлардан келтирадиган шарҳларига тўқнаш келасиз. Бунда кимга ишониш керак? Уларнинг шундай ишлашлари керакми? Тадбиркорлар билан ўзаро мулоқотда бўладиган кўпгина расмийларнинг шахсан ўзи ҳеч қачон тадбиркорлик қилмаган. Ҳақиқий манзарани қаердан ҳам билишарди?

Бундан мураккаброқ ҳолатлар ҳам учради. Хурсана Хўжаева ун комбинати биносида ўз ишини очганди, уни бузиб ташлашди. Энди ходимлари ишсиз ўтирибди. Вазиятни ўрганиш жараёнида ўша ер майдонининг «Bukhara City» қурилиши ҳудудига киритилгани аниқланди.

Яна бир тадбиркор «Бухоро-Агро» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиши муносабати билан кутилмаганда ер майдонидан ажралган. Ушбу жойни ободонлаштиришга ўз маблағлари ҳисобидан 130 миллион сўмдан зиёд пул сарфлаганди, у ерда ҳовуз қуриб, балиқ етиштиришни йўлга қўйганди. Бироқ масалага ойдинлик киритиш жараёнида кадастр хизмати ходими ўз соҳаси бўйича жавоб бериш билан чекланиб қолмади, у тадбиркордан нега бирор марта ҳам балиқ овлаш ҳақидаги статистика ва бошқа тузилмаларга ҳисобот бермаганини сўрай бошлади. Ишчи гуруҳнинг бунинг сўроқ эмаслигини унга эслатиб қўйишига тўғри келди. Бироқ ана шугина мисол ҳам кўпгина мансабдор шахсларнинг тадбиркорларга ҳамма нарса борасида ҳисбот беришлари шарт бўлган кишилардек муносабат кўрсатишларидан далолат беради.  

«Анчадан бери тинчимизни йўқотганмиз...»

Ғиждувондаги учрашув ҳам ҳис-туйғулар билан бошланди. Бир муаммо ярим соатдан кўпроқ вақт давомида муҳокама қилинди, лекин бу жуда кўпчиликка таъсир қилди. Бир гуруҳ тадбиркорлар бозорнинг қисман бузилиши ва бошқа жойга кўчирилиши сабабли бозордаги ўринларидан ажраб қолган. Янги савдо нуқтасига эга бўлиш учун улардан 24 квадрат метрли дўкон учун 170 миллион сўмдан зиёд маблағ талаб қилинди. «Жуда қиммат-ку?!», дея пичирлайди ёнимда ўтирган аёл. Бошқа жабр кўрганлар ҳам баланд овозда ғазаблана бошладилар. Нархи чиндан ҳам қиммат, тасдиқлайди Савдо-саноат палатаси вакили. Маҳаллий ҳокимиятга кўра, нарх сметага кўра белгиланган.

Хусусий инвестор эски нуқталарда гипермаркет қуришга қарор қилибди. Уни қўллаб-қувватлашибди – бу яхши, лекин нима учун бошқаларни сиқиб қўйиш эвазига?

Ишчи гуруҳ биринчи навбатда собиқ дўкон эгаларига бозордан жой ажратиш керак, дея таъкидлади. Ҳокимлик вакили эса, одамлар учун компенсация сифатида бошқа жойлардан нуқталар таклиф этилганини айтди. Тадбиркорлар эътироз билдиришди: танлаш учун масалан, газ линиялари ўтган, ташландиқ ёки яроқсиз жойлар бериларкан. Марказий бозорда савдо қилиш ўз йўлига, аммо унинг ташқарисида туриб нолдан қандай қилиб харидорларни жалб қилиш мумкин? Одамларнинг эски жойларида тадбиркорлигини давом эттиришни исташи ажабланарли эмас. Баъзиларига бу ерда 25 йил олдин савдо нуқтаси тақдим этилган ва шу вақт ичида уларга нисбатан давлат органлари томонидан ҳеч қандай даъво бўлмаган. Ҳар бир киши кадастр ҳужжатларини олган, солиқлар вақтида тўланган, энди эса улар яна жой ва патент учун пул сарфлашлари керак. Нима бўлганда ҳам, кўпчиликнинг бу ерда бутун оила бўлиб ишлаши негадир ҳисобга олинмаган ва энди савдоси мажбурий тўхтаб қолиб, бекор ўтиришганда, албатта, уларда бундай пулнинг ўзи бўлмайди...

- Мен ёлғиз аёлман, кўп йиллардан бери тадбиркорлик билан шуғулланаман, - дейди сўз олган жабрланганлардан бири, аллақачон сочларига оқ оралаган буви, ҳаяжон ва титроқ овозда. Гўёки ғазабини ичига сиғдиролмай ва ўз ожизлигидан ҳозир йиғлаб юборадигандай. - Биз анчадан бери тинчимизни йўқотганмиз. Нима учун бизни алдашади, нима учун кечқурун ҳужжатлар билан зудликда ҳокимиятга чақиришади, борасиз, аммо у ерда нега ҳеч ким бўлмайди? Нима учун чалкаштиришга ёки қўрқитишга ҳаракат қилишади? Бутун умрим давомида оиламни ўзим таъминлаганман, бировдан ҳатто, хас сўрамаганман, фақат ҳар бир киши Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қонунлари, фармонлари ва қарорларини бажариши керак, шуни сўрайман. Муаммоларимиз наҳотки, Бухоро ёки Тошкентда ҳал этилса, шу ерда ҳал қилса бўлмайдими? Ўзим ҳам буларнинг баридан шунчалик чарчаб кетдимки...

Ҳокимликнинг бизнесга бўлган бундай муносабатини қандай оқлаш мумкин? Рисоладагидек ишлаш имкониятидан маҳрум этиб тадбиркорлардан янада кўпроқ пул ундиришга уринишларни қандай тушунтирса бўлади? Маҳаллий ҳокимият томонидан бир неча бор тилга олинган тадбиркорларни тинглашни истамаслик йиғилишда вазминлик, аммо очиқ-ойдин норозилик билан қарши олинди. Улар буни аллақачон эшитишган, аммо муаммонинг ҳал этилишини ҳали кўришмаган. Улар ўзларини тинглашга тайёр кишилар билан маданий мулоқотни йўлга қўйиш учун келишган. Ахир, ушбу учрашув улар учун ҳокимликка бундай туюлмайдиган оғриқли муаммолар ҳақида гапириш имкониятидир. Уларга эса ўта ишонч билан ҳаммаси яхши, тадбиркорлик ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ишлар изчил давом этмоқда, дея маълум қилаверишган. Бироқ халқнинг фикри билан ҳисблашмаса ҳам бўлмайди.

Сал илгари эллик нафар ғиждувонлик бозор билан боғлиқ масала бўйича Адлия вазири билан учрашиш учун Когонга йўл олишганди, Бош прокуратура раҳбариятига ҳам мурожаат қилишди. Энди ишчи гуруҳ қарор қабул қилди: етти кун ичида шундай ечим топиш керакки, барчани қониқтирсин.

...Учрашувлардан бирида сўзга чиққанлардан бири «ҳоким - туманнинг эгаси» иборасини ишлатди. Афсуски, бундай тасаввур афтидан, биргина тадбиркорларнинг муаммосига ўхшамайди. Бу ҳокимият тузилмаларининг баъзи вакилларига жуда қўл келади. Тўғри, уларни тайинлашади, аммо бирор жойнинг эгаси сифатида эмас. Барча даражадаги амалдорлар Президентимизнинг «халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши лозим», деган сўзларини эсга олишлари керак. Ишчи гуруҳ аъзоларининг кўп бор турли идоралар ходимларига буни эслатиб туришига тўғри келди. Шу боис чиндан ҳам, йиғилишлардаги мулоқот тадбиркорлар фойдасига бўлди.

Фикр:

Гулнора Маруфова,

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари, ишчи гуруҳ аъзоси:

- Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи - халқимиз учун муносиб яшаш, меҳнат қилиш, фаровонликка эришишга қаратилган улкан тараққийпарварлик ташаббусидир. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 14 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида соҳа муаммоларини кўриб чиқиш бўйича иккита ишчи гуруҳ ташкил этилди. Асосий мақсадимиз - тадбиркорларимиз ҳеч қандай бюрократик тўсиқларсиз ўз бизнесларини бошласин, ишлаб чиқаришни ривожлантирсин, инвестициялар киритсин.

Бунинг муҳим жиҳати - муаммоларни кўпи билан етти кун ичида бартараф этиш лозим. Асосан, деярли барча мурожаатларни жойида ҳал этиш мумкин. Агар мураккаброқ бўлса, улар минтақа ёки республика даражасига ўтказилади. Баъзилари жуда тор йўналишда бўлиб, тармоқ вазирликлари ваколатлари билан боғлиқ.

Айниқса, тадбиркор аёлларга алоҳида эътибор қаратилган. Улар ҳаётда ўз ўрнини эгаллаши зарур ва масалаларни ҳал этишда барча тузилмалар давлат органлари, молия институтлари ва бошқалар иштирок этади. Хотин-қизлар қўмитаси ҳозирда Миллий ва Микрокредитбанк орқали ишбилармон аёллар учун атиги саккиз фоизлик кредит маблаглари ажратадиган фондга эга. Улар хурсанд бўлиб кредит олишади, чунки бундай паст ставка ва икки-уч йил ичидаги ҳисоб-китоб даври ўз бизнесини бошлашга ёки борини кенгайтиришга қарор қилганлар учун улкан мададдир. Ресурслар бор, имтиёзли кредитлар борасида, айниқса, улар ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, бандликни таъминлаш имконини берса, ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги лозим.

Тадбиркор фаолиятини қайси жойдан бошлашни, кредит олиш учун кимга мурожаат қилишни ҳар доим ҳам билавермайди, бу ерда эса тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Умуман олганда, соҳа вакилларига баъзида молиявий саводхонлик етишмайди. Тадбиркорлик билан шуғулланишни хоҳловчилар тобора кўпаймоқда шунингдек, аҳолининг иқтисодий маданиятини мунтазам равишда ошириш вазифаси ҳам янада долзарб аҳамият касб этади. Ишбилармонлар кўпроқ ўқиб-ўрганиши, бозорни тадқиқ этиши керак. Давлат органлари ва банклар эса бунда уларга ёрдам бериши, ҳар бир мурожаат қилувчига ҳурмат билан муносабатда бўлиши лозим. Ахир, у ўз ҳудудига қандайдир иши билан ёрдам беришни, ўз минтақасини ривожлантиришга кичик бўлса-да, аммо қимматли ҳиссасини қўшишни хоҳлайди.

Рамиль Исломов.

«Правда Востока» махсус мухбири.

Бухоро вилояти

 

Мазкур мақола «Правда Востока» газетасининг 2019 йил 13 июндаги 118-сонида «Последняя надежда на справедливость» номи билан эълон қилинган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech