15 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +0,2 °C

Мамлакатимизда
24 Сен  2019 3614

Шов-шувлар кетидан қувиш ёки касб этикаси: судлар ва ОАВнинг ўзаро баҳамжиҳатлиги

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида бўлиб ўтган семинар-тренинг иштирокчилари суд-ҳуқуқ органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида профессионал ҳамкорлик модели қандай бўлиши ва бўла олиши мумкинлигини муҳокама қилдилар. Уни Ўзбекистон Республикаси ҳудудларидан ташриф буюрган  босма ва электрон нашрлар ходимлари учун АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Ўзбекистон журналистларини қайта тайёрлаш маркази ташкил этди.

– Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳоти бўйича USAID дастури (JRUP) Адлия вазирлиги ва бошқа давлат органларининг ҳамкорлик ва техник кўмак борасидаги сўровларига жавобан ташкил этилган бўлиб, республика ҳукуматининг қонун устуворлигини таъминлаш, келгусида қонунчилик ва суд-ҳуқуқ тизимларини ислоҳ қилиш, шунингдек, фуқаролик жамиятининг ўсиши ва ривожланиши борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган, – деди семинар-тренингни очиб берган лойиҳа вакили Раҳима Назарова. – Ҳукумат томонидан ОАВ ва фуқаролик жамияти ташкилотлари фаолиятининг либераллаштирилиши муносабати билан ушбу жараёнларга жиддий кўмак зарур. Аҳолининг суд-ҳуқуқ ислоҳотининг асосий мақсади, унинг сабаблари ва вазифалари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиши учун фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиш даражасини оширишга қаратилган самарали чора-тадбирларни амалиётга жорий этиш зарурати юзага чиқади. Шуни унутмаслик керакки, бу иккала ҳокимият - ОАВ ва судлар - бир ижтимоий муҳитда, умумий ҳуқуқий маконда мавжуд, шу боис улар жамият манфаатларига хизмат қилишда ягона миссияни бажарадилар.

Бундан ҳам кўпроғини айтиш мумкин, дастуримиз касбга оид факультетлар ва олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда юридик касбни ривожлантиришни назарда тутади (судялар, прокурорлар ва адвокатларни ўқитиш, ННТ билан ишлаш моделлари билан танишиш учун миллий маслаҳатчиларнинг чет элларга сафарлари). Лойиҳа шунингдек, ҳуқуқий ислоҳотларни ахборот билан қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилишни таъминлаш учун фуқаролик жамияти салоҳиятини ривожлантиришга, энг яхши халқаро амалиётлардан фойдаланган ҳолда мавзуга оид тадқиқотлар ўтказишда жамоатчиликнинг иштирокига қаратилган.

Оммавий ахборот воситалари ва адлия тизимининг биргаликдаги фаолияти ҳар икки томон учун ҳам фойдали. Лекин бу муносабатларнинг табиати қандай? Мутахассислар бугун ўзаро ишончсизлик доирасида бўлган судлар ва матбуотдаги шаффофлик даражаси паст эканини таъкидламоқда.

– Ҳуқуқий маданият пастлиги сабабли, жумладан, оммавий ахборот воситалари вакиллари орасида ҳам судлов органлари фаолиятини ёритишда улкан муаммолар мавжуд, – дейди Ўзбекистон журналистларини қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора Бобожонова. – Ҳуқуқий мавзуларда ёзадиган мухбирлар сони кам, журналист текшируви жанрида профессионалларча ишлайдиганлари ундан ҳам озчиликни ташкил этади. Жамиятнинг талабларини ҳисобга олсак, оммавий ахборот воситаларида суд-ҳуқуқ мавзуси бўлган, бор ва унга талаб ҳамиша бўлади. Шу боис, ҳозирги шароитда оммавий ахборот воситалари ходимларининг, хусусан, суд органлари фаолиятини ёритишда тўғри маълумот бериши масаласи айниқса, долзарбдир. Журналистнинг нуқтаи назари тўғрилиги текширилган ва объектив, ахлоқ ва касб доирасидан чиқиб кетмаган бўлиши керак. Бундан ташқари, ОАВ вакиллари ҳуқуқий атамаларга ҳам эътибор бериши лозим, чунки улар қонун ва процессуал меъёрлар ҳақида тўлақонли ахборотга эга бўлиш учун мос маълумотга эга эмаслар.

Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган босма ва электрон нашрлар мухбирларига Журналистларни қайта тайёрлаш маркази мураббийси Ёқутхон Маматова икки кун давомида суд-ҳуқуқ мавзусини тўғри ёритишни ўргатди. Тренинг дастури доирасида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг асосий жиҳатлари, миллий оммавий ахборот воситаларида ҳуқуқий мавзуларни ёритишдаги замонавий ёндашувлар, услубият ва жанрлар имкониятлари тилга олинди ва мақолаларни ёзишнинг медиа стандартлари таклиф этилди.

Семинар давомида суднинг ахборот борасида ёпиқлиги бир неча бор таъкидланди, бу эса жамоатчилик орасида, жумладан, оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан ҳам, турли асоссиз, уйдирма гаплар тарқалишига имкон беради. Чексиз ахборот маконида журналист ахборот тўплаш менежери вазифасини ўтайди. Шу боис ҳам судларнинг очиқ қарор қабул қилишнинг тушунарли механизми билан очиқлик ва шаффофлик имиджини шакллантириши муҳимдир. Бунинг учун тизим жамоатчиликни қизиқтирган мавзуларни ёпиш учун турли баҳоналару сабабларни қидирмаслиги, балки тўлиқ маълумотни, айниқса, акс садо берувчи ишлар бўйича, тақдим этиши лозим. Ўз навбатида, оммавий ахборот воситалари ҳам суд тизимини ривожлантиришда, жамиятга ҳуқуқий билим беришда фаол ёрдамчиларга айланиши керак. Семинар иштирокчилари ҳуқуқий амалиётнинг ўта нозиклигига, ўйин шаклида бўлса-да, кичик гуруҳларда ва вазиятли роль ўйинларида рўбарў келишди.

Шунингдек, суд-ҳуқуқ мавзусини ёритадиган журналистлар хавфсизлигини таъминлаш мавзуси, унинг гендер жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди. Баъзан шов-шув кетидан қувиш касб этикасидан кўра, муҳимроқ бўлиб қолади. Мухбирлар порахўрлар ҳамда бюрократлар ҳақидаги янгиликларни тез илиб олишади ва ривожлантиришади, бу айниқса, рақамли мигрантлар, деб аталадиган интернет-журналистларининг ҳозирги авлодига тааллуқли. Бундай мазмундаги ахборотлар сайтларга юқори рейтинг келтиради. Оммавий ахборот воситаларининг рақамли авлодидан олдинги, яъни бугун ўзининг яхши кунларини бошдан кечирмаётган газеталарга келсак, таъкидланганидек, уларнинг кўпига маҳаллий медиа бозорда қолиш вариантларини қидириб топиши керак бўлади. Мисол тариқасида ўқувчиларни кўпроқ жалб қилиш мақсадида нашрнинг ривожлантириб борилувчи, шунингдек, ўзбек тилида ҳам, электрон версиясини очган «Правда Востока» газетаси амалиёти таклиф этилди.

Семинар-тренинг якунида ташкилотчилар журналистларнинг олган билим ва кўникмалари ҳуқуқий мавзуларни ёритишда янада билимдонроқ бўлишига ёрдам беришига умид билдириб қолдилар.

Ситора Садиева.

Навоий вилояти.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech