24 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23,3 °C

Ижтимоий ҳаёт
16 Июл  2019 2470

Айтилган сўз масъулияти

Журналист ким? «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ меҳнатга оид ёки бошқа шартномавий муносабатлар асосида оммавий ахборот воситалари учун хабарлар ва материалларни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ҳамда тарқатишга доир фаолиятни амалга оширувчи шахсдир.

ОАВ вакили олинган маълумотларни асоссиз ва бир томонлама акс эттирмаслиги, ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши шарт (ушбу қонуннинг 6-моддасига мувофиқ). Бироқ бошқа ахборот манбаларидан маълумотни олдинроқ тақдим этиш, журналистлик масъулиятини билмаслик ёки шунчаки юзакилик туфайли мухбирлар тез-тез «қовун туширадиган» далилларни эълон қиладилар, бу эса улар ишлаётган нашрнинг ва умуман, барча масс-медиа нуфузига путур етказади.

Мақолада келтирилган маълумотларнинг ёлғонлиги салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Айнан шу сабабли журналист ўзи тайёрлаган ва тарқатаётган хабар ҳамда материалларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳаққонийлиги учун жавобгар ҳисобланади.

Бунча узун кириш сўзи нимага керак, дерсиз? Ҳозир ўзингиз тушуниб оласиз. Вилоятда фаолият юритадиган кўп йиллик тажрибага эга журналистдан (одоб нуқтаи назардан исм-шарифи ва яшаш жойини келтирмадик) кўплаб йирик оммавий ахборот воситаларига мақола келди. Лозим топсаларингиз, нашр қиларсизлар, дегандай. Дайди ҳайвонлар тишлаши натижасида қутуришга чалиниш ҳолатларига оид материални юборган. Итнинг одамга ҳужум қилиши, даҳшатли касалликка чалиниш, унинг даҳшатли аломатларни тасвирланган узундан-узун кириш қисми. Ҳаққонийликдан ҳайратга тушасиз: «...ютиниш жуда оғриқли... Нафас олиш қийинлашиб бормоқда. Фикрлар айқаш-уйқаш, ...қақшаб оғрияпти. Елкалар оғриқдан зирқирайди, оёқлар қақшайди. Оғиздан кўпик чиқади. Касалнинг ёқалашгиси, тирнагиси, тишлагиси ва бор овозда ўкиргиси келади. Бемор на қариндошлари, на бирон яқинини танимайди. Ақл ўтмаслашади. Бутун танани ғазаб, нафрат, умидсизлик ва бемажоллик эгаллаб олади. Ниҳоят, бемор қутура бошлайди, стол, стулни синдириб, ромни учириб юборади, идишларни чил-чил қилади ва... беҳуш йиқилади. Лекин узоқ вақтга эмас. Ўзига келгач, ҳалиги азоблар яна янгидан бошланади. Одатда бу бир неча кунга чўзилади... Чарчаган юрак охир-оқибат тўхтайди». Ушбу сатрлар муаллифи қутуриш ҳақидаги батафсил маълумотларни қаердан олган? Бирор мутахассис шарҳи йўқ. Кейинги параграфга кўзимиз тушади ва ҳаммасини тушунамиз: журналист, қутуриш ҳолатларининг жуда кам кузатилишини таъкидлайди, шунинг учун ушбу касалликнинг даҳшатли тасвирини... бошлаётган ёзувчи, бир қишлоқ шифокорининг ҳикояси чоп этилган эски журналдан олганини келтиради.

Кейин муаллиф бир танишининг набираси билан содир бўлган воқеани барча бўёқларда тасвирлайди. Қизалоққа улкан қора ит ташланиб, хиппа томоғидан олибди. Қизалоқнинг куни битмаган экан, бироқ гапира олмай қолган. Сўнг бир пенсионер кампирни дайди итлар салкам тилка-пора қилаёзгани, итнинг йўлини кесиб ўтиши натижасида юзага келган ЙТҲ ва ҳоказолар тасвирланади. Журналист савол беради (ўзиям буни шафқатсизлик, деб таърифлайди): дайди итларнинг яшаши керакми?  Ахир, қутуриш - юз фоиз ўлимга олиб келувчи касаллик-ку?!

Мамлакатдаги вазиятни аниқ билиш учун (агар қутуриш қайд этилган бўлса, қайси ҳудудларда, ҳодисалар сони ва бошқалар) мутахассисга мурожаат қилиш зарур. Биз шу ишни қилдик - Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига тегишли саволни бердик. Бизни республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (ДСЭНМ)нинг ўта хавфли инфекциялар бўлимига йўналтиришди. Бироқ афсуски, мутахассислар фақат қутуришнинг олдини олиш ва сабаблари ҳақида изоҳ беришди, аммо мамлакат аҳолисига юқиши ҳоллари қайд этилганми, деган саволга жавоб бўлмади…

Муаммо пайдо бўлса, уни ҳал қилиш йўлларини излаш керак. Агар мақола муаллифи ҳудудида дайди ҳайвонлар билан аҳвол шундай бўлса, балки вазиятни ҳал этишни бошлаш керакдир? Кўнгиллилардан ёрдам сўраш, сонини камайтириш учун ит ва мушукларни стериллаш керакдир? Муаллиф гўёки буни эшитгандай, шундай таъкидлайди: «шахсан фикримча, канализация, сув таъминоти, иссиқлик тармоғини таъмирлаш ёки сифатли таъмирлаш учун етарли маблағ бўлмаган шаҳар ва туманларда дайди итларни стериллашга бошларини қотириб ҳам ўтиришмайди. Гарчи маълум бўлишича, бу қонун билан белгиланган. Худди шунингдек, бошпанасиз итларга ўқ узиш ҳам инсонийликдан эмас. Негадир кўзлар бирданига «ўқ узиш» сўзига тушаркан. Мамлакатда дайди ҳайвонларни отишга рухсат берилганми ўзи? Қуйидаги сатрлар ҳайратда қолдиради: «Адолат юзасидан айтсак, ҳудуддаги дайди итларни отувчи махсус бўлинма ўз вазифасини виждонан бажармоқда. Лекин уларда ҳам муаммолар етарли. Уларга ўқ берилмайди, балки ўзлари сотиб оладилар. Ягона милтиқ ҳам бригадирнинг ўзига тегишли. Менимча, агар қурол давлат томонидан берилса, уни сақлашни таъминлайдиган давлат идорасига тегишли бўлса, бу тўғри ва қонуний бўларди...»

Қачондан бери дайди ҳайвонларни тутиш хизмати дайди итларни отувчи махсус бўлинмага айланибди ва яна ўз қуролидан фойдаланиб? «Правда Востока» газетасининг 2019 йил 15 июндаги «Меҳр ва Оқибат» ЖҲҚ ННТ билан ҳамкорликда Вазирлар Маҳкамасининг «Уй ва қаровсиз ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш ва уларни сақлаш бошпаналарини яратиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси ҳақида «Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат билан қандай курашамиз?» мақоласи чоп этилди ва Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими (ҚҲТБТ) порталига ҳам жойлаштирилди (ўша пайтда). Ушбу ҳужжат ҳокимликлар ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўлинмасини «Қаровсиз ҳайвонларни қутқариш хизмати»га қайта ташкил этишни назарда тутади. Уларнинг тутишда энг кам жароҳат етказувчи усуллар қўлланилади - тўрлар, матраплар, тузоқлар, озиқ-овқат хўраклари ва бошқалар. Шафқатсиз усуллар ёки отиш билан қўлга олиш тақиқланади (қутуриш ёки одамларга ҳужум қилиш ҳоллари бундан мустасно). Бунга изоҳ беришлари учун тутиш хизматининг ўзига мурожаат қилдик.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги назоратсиз ҳайвонларни тутишга ихтисослаштирилган механизациялашган отряд бошлиғи Владимир РАВДИН:

- Хизматимизда отиш қатъиян ман этилади. Биз тутишнинг бундай ноинсоний усулларини қўлламаймиз. Эслатиб ўтилган шахсий қурол ва ўқлардан фойдаланиш-ку, айниқса - бу қоидани бузиш, дегани! Экстремал ҳолатларда, масалан, ҳайвон инсонга ҳужум қилганда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ва фақат давлат қуроллари ишлатилиши мумкин. Агар кимдир қўлига милтиқ тутиб, ўқ-дориларни сотиб олиб, ит ёки мушукни отган бўлса, бу ҳайвонларга бўлган шафқатсизларча муносабат, деб таснифланади*. Қутуриш масаласига келсак, бизга шундай итни тутиш борасида ҳеч қандай ариза келиб тушгани йўқ.

Кимнинг сўзларига ишониш керак?..

* Май ойи охирида Президент МЖ кодексининг 111-моддасига киритилган тегишли ўзгартишларни имзолади. Ўзгартишларга кўра, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Моддага янги қисм киритилди:

«Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади».

Нима бўлганда ҳам журналистнинг мақоласида барибир рационал мағиз мавжуд. Муаллиф статистикани келтиради: ҳудудда дайдиб юрган итларнинг 99 фоизи ўз соҳибларига эга. Уларнинг ҳеч бири паспортга эга эмас. Бу ветеринария бўлимларининг эгалари билан биргаликдаги иши, шунингдек, ҳайвонларни қутуришга қарши вақтида эмлаш ҳам амалга оширилиши керак. Яна бир муаммо бор: кўпчилик қишлоқ аҳолиси тунда итларини занжирдан бўшатиб юборадилар ва улар кўчага чиқиб кетадилар. Улар ўткинчиларни қўрқитиши ёки ҳатто, тишлаши мумкин. Ит эгаларини тегишли жавобгарликка тортиш керак, негаки ҳайвонларни жамоат жойларида занжирсиз ва тумшуқбоғсиз қўйиб юбориш мумкин эмас.

Ҳақиқатан ҳам, уларнинг эгалари бошқа одамларни ва уй ҳайвонларини хавф остига қўймаслик учун итларни сақлашнинг муайян меъёрлари мавжуд.

Дайди ҳайвонларнинг пайдо бўлиши - уларга нисбатан бепарво муносабат натижасидир. Ҳайвон эгаларида уй ҳайвонларига муносабат маданиятини ва масъулиятни ҳосил қилиш лозим. Кўчаларда ит ва мушуклар популяциясининг ўсишига қарши инсоний усуллар билан курашиш талаб этилади. Шунга ўхшаш мақолалар билан (чунки баъзи нашрларда бундай материал чоп этилиши ҳам мумкин!) одамларни даҳшатли суратлар ва касаллик оқибатлари билан қўрқитиб, эксперт изоҳини келтирмай ва мамлакатдаги қутуриш билан боғлиқ ҳаққоний вазиятни кўрсатмай, аҳоли орасида ваҳима уруғини сочиш керак эмас.

Ушбу жавоб билан нима демоқчимиз? Ҳурматли ҳамкасблар, жамоат норозилигига олиб келадиган материалларни ёзишда жуда эҳтиёт бўлинг ва чуқур ўйлаб иш тутинг. Бу каби исталган мавзуларни мутахассислар фикрини келтириб, турли исботи йўқ тахминлардан ва субъективизмдан қочиб, таъсирчанликка берилмай, объектив ёритиш керак. Зеро, сўз – яратишга ҳам, вайрон қилишга ҳам қодир бўлган кучдир.

Юлия Лафейсон.

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 16 июлдаги 142-сонида «Ответственность за сказанное слово» сарлавҳаси билан нашр этилган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech