16 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,6 °C

Ижтимоий ҳаёт
26 Июн  2019 2531

«Ватан ҳавосидан нафас олиш – улкан бахт»

Наманганда Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари, халқимизга хос бағрикенглик ва инсонпарварлик билан юртига қайтарилган бир гуруҳ ватандошларимиз вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари томонидан кутиб олинди.

Барчани ҳайратга солгани: темирйўл вокзалига келган Тошкент-Андижон поездидан икки-уч яшар болани кўтарган бир аёл чиқиб келди. Боласини кутуб олаётганлардан бирига тутқазди-да, тиз чўкиб жонажон ерини узоқ ва қайта-қайта ўпди.

– Ҳозир ҳеч нима сўраманг, – дейди ўзини Баҳринисо Устабоева, дея таништирган ватандошимиз. – У ёқларда кўрган кунларим, чеккан азобларимни, ҳозирги қувонч, бахт ва ҳаяжонни тасвирлашга сўз топа олмайман. Бизни Ватанимизга қайтарган Президентимиздан жуда миннатдормиз! Энди янги ҳаёт бошлайман ва уч фарзандимни давлатимиз раҳбарининг ишончини оқлайдиган, мамлакатнинг ёрқин келажагини қуришга ҳисса қўшадиган қилиб тарбиялайман.

– Агар бизни қайтариб олиб келишмаганларида, ким билсин, қонли урушлар кечаётган ерларда ҳолимиз не кечарди, – дейди чап қўли елкасидан то тирсагига қадар боғланган ва ортопедик аппарат ўрнатилган Малика Исматиллаева. – Кўриб турганингиздек, ўқдан яраландим. Иккита ёш фарзандимга ҳам ўқ теккан, улар ҳозирда шифокорлар назорати остида. У ёқларда кўрган азоб-уқубатлардан ақлдан озишимга оз қолди. Энди у кунлар биз уйғонган даҳшатли туш бўлиб қолди.

Бу Суриядаги ватандошларимиз билан содир бўлган ягона фожиа эмас: фуқаро М. оиласи билан чет элга ишлаш учун жўнаб кетди. Ўша ерда қизини турмушга беришди. Бир муддат келин-куёв тинч ва бахтли яшашди, кейин тўсатдан ғойиб бўлишди. Ота-оналари қидира бошладилар ва янги турмуш қурганлар Сурияга жўнаб кетганидан воқиф бўлишди. Ақл бовар қилмас ҳаракатлар, уринишу чиранишлар билан у ерга етиб боришди ва қизини топдилар. Бу орада жангарилар тарафида туриб урушларда қатнашган эр ҳалок бўлган, хотини эса фарзанд кўришга улгурган. Турмуш ўртоғи ҳалок бўлгандан сўнг уни мажбурлаб бир суриялик жангарига никоҳлашган, ундан ҳам бир қизи бор. Бу эри ҳам жангда ўлдирилган. Ота-онаси қизи билан узоқ қололмаган, негаки, отаси ўта оғир яраланганди.

Бошқа бир оилада эр Сурияга биринчи бўлиб кетган, кейин оиласини чақириб олган. Турмуш ўртоғи ҳарбий тўқнашувларда ҳалок бўлган, ўғли динни ўрганиш мақсадида масжидга қатнай бошлаган…

– Бир куни масжидга снаряд тушиб, болам ҳалок бўлди, – деб эслайди Маҳмуда опа кўзларида ёш билан. – Ҳалиям сал тиқ этган товушдан «ана, авиазарба ёки артиллерия зарбаси бошланди», деб бир учиб тушаман. Уйни жуда тез тарк этиш ва бирор боғда ёки хароба орасида яширинишга мажбуран ўрганиб кетганман. Ушбу даҳшатлардан қутулиб, уйга қайтишга ёрдам берган Президентимизга мингдан-минг раҳмат!

Темирйўл вокзалига 57 нафар наманганлик – 15 нафар хотин-қиз, 42 нафар вояга етмаган болани олиб келган машиналар кортежи «Наманган» халқаро аеропортига йўл олди ва у ерда чет элдан қайтарилган фуқаролар билан суҳбат бўлиб ўтди.

– Эҳтимол, Ватан ҳавосидан нафас олиш – улкан бахтлигини ҳеч ким сиз каби кучли тушунмаса керак, – деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров. – Лекин билишингиз керак – сизларни қайтариш осон кечмади. Бундан буён сиз давлатнинг эътибори ва ғамхўрлиги остида бўласиз. Сизга клиникаларда даволаниш ва соғликни тиклаш, фарзандларингиз учун таълим олиш, қисқаси, нормал ҳаётга қайтиш учун барча шароитлар тақдим этилади.

– Суриядан қайтган аёллару болаларнинг психологик ва жисмоний мослашувини таъминлаш учун энг юқори даражадаги чора-тадбирлар кўрилди, – дейди Хотин-қизлар қўмитаси вилоят бўлими раиси Ирода Қўчқорова. – Малакали психологлар уларга зарур ёрдамни кўрсатдилар. 13 нафар ватандошимизга Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти, 40 нафар болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилди. Вилоятда тегишли давлат ташкилотлари ва муассасалари билан биргаликда уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, саломатлигини тиклаш, болаларни таълим-тарбия муассасаларига жойлаштириш, болалар соғломлаштириш оромгоҳларига юборишни ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

Аэропортда Суриядан қайтганларга совғалар - болалар учун озиқ-овқат маҳсулотлари, ўйинчоқлар ва кийимлар топширилди.

Феруза Отахонова.

«Правда Востока».

Наманган вилояти.

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 26 июндаги 127-сонида

«Операция «Добро»: спасти от трагедии» сарлавҳаси билан

нашр этилган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech