23 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +27,2 °C

Ижтимоий ҳаёт
23 Апр  2019 7076

Имконияти чекланганларнинг чекланмаган имкониятлари

Ўзбекистон Конститутциясига мувофиқ ҳар бир инсон меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. Аммо шифокорлар ишлаши мумкин, деганлар ҳам иш топишга қийналиб қолади, бандлик хизмати ногиронлиги бўлганларга ҳеч нима таклиф этмайди. Хўш, бунда қандай йўл тутиш керак?

Тошкентлик Анвар Ҳошимов болалигидан учувчи бўлишни орзу қиларди. Кейин бир сафар оиласи билан қариндошлариникига самолётда учдилар – баландликдан қўрқиш ҳисси пайдо бўлди. Хуллас, учувчи бўлиш орзусидан воз кечилди. Бироқ муҳим, керакли ва инсонларга наф келтирадиган касб эгаси бўлиш мақсади барибир қолди. Мактабга борганида бирдан келажакда ўқитувчи бўлишни истаб қолди. Устозлари унинг кўзига жуда қудратли ва ҳамма нарсани биладиган бўлиб кўринарди. «Кўзларимда бутун бошли коинотнинг юлдузлари порлади», дея эслайди ҳозир.

Мактабни олтин медаль билан тамомлагач, Тошкент давлат педагогика институтига (ҳозирда Низомий номли университет) ўқишга кирди. Устозлари бир овоздан ўқитиш зарур бўлмаган талабалар институтга жуда кам келишини таъкидлашарди. Намунали ўқитувчи болаларни яхши кўрадиган, фанини яхши билувчи, инглиз тилини тушунадиган, ўқувчиларига ёқадиган, қувноқ ва меҳрибон ва шу билан бирга етарли даражада қаттиққўл бўлиши керак. Яъни синф хонасига биринчи марта нотаниш киши сифатида кириб, беш дақиқадан сўнг уларнинг дўстига айланиши лозим.

Ўттиз бешга кирганда барқарор ишга эга бўлди, турмуш қуриб, фарзандлар кўрди. Бир сўз билан айтганда, ўрнак олса арзийдигандек. Кейин ота-онасиникидан уйига қайтаётганди. Биринчи совуқ кунлар тушиши биланоқ онаси касалланди, уни кўргани келиб ушланиб қолди. Ҳозирда ҳам ўша кунни эсалаб сира тушунмайди. Бу исталган киши билан содир бўлиши мумкин эди, бироқ афсусланган билан ёрдами тегармиди. Кун бўйи ёмғир қуйди, совуқ бўлгани учун йўл усти яхмалак бўлиб қолганди. Шусиз ҳам сирпанчиқ йўлдан кетаётганида чарчаган ва уйқусираган ҳайдовчи машинасини бошқара олмай қолиб, бошқарувидаги «буханка» билан қарама-қарши йўналишга чиқиб кетди. Ҳодиса жойига тез ёрдам дарров етиб келганига қарамай, бу Анвар Раҳматуллаевич учун бир умрга чўзилгандай туюлди. Бош-оёқ гипсланган ва боғлаб ташланган ҳолда шифохонада ўзига келди. Энг даҳшатлиси, ўнг қўлини қимирлатмоқчи бўлди, аммо у йўқ эди.

– Ногиронларга қанчалик қийин эканини тасаввур ҳам қилмагандим, – дейди суҳбатдошимиз. – Ҳаммамиз ҳам раҳмдил инсонлармиз, аммо бирон куни ўзим ҳам бунақа аҳволга тушиб қоламан, деб сира ўйламагандим. Менга III гуруҳ ногиронлигини беришди ва 2010 йилда «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонун кучга киргандан сўнг ва «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодекси» билан ушбу гуруҳга кирувчилар учун пенсия тўлаш бекор қилингач, пенсия олмай қўйдим. Шифокор ишлашимга рухсат берди. Мен ҳаракатлана олаётганим, гапираётганим ва нафас олаётганимга ҳам рози эдим. Аммо кўчага чиқиш энг мураккаби экан, ана шунга тўқнаш келдим. Бунда нима энг қийини бўлди? Одамлар. Ўшанда ўқув йили бошланган ва жуда жазирама иссиқ эди. Протез ёмон материалдан ясалган, ҳамма ёғимни ишқаб ташларди, енгсиз кўйлагим эса табиий ва ясама қўлни бир-биридан яққол ажратиб кўрсатиб турарди.  Менга ачиниб қарашлари ёки кўзларимиз тўқнаш келганда ерга қарашлари бу ҳали кўнгилсизликларни ярми эди. Энг даҳшатлиси, бунга ҳамкасбларим ва ўқувчиларнинг муносабати бўлди. Мени илгари яхши кўрган, қадрлаган ва ҳурмат қилганлар энди менга ачиниб қарашарди. Энди улар наздида мен аввалгидек, гаплашса, ҳазиллашса бўладиган мутахассис, одам эмасдим. Мен эса ўнг қўлсиз эркакка айлангандим, худди бу жисмоний камчилигим илгари эга бўлган нарсаларимни йўққа чиқариб, биринчи планга чиқиб олгандай эди.

– Одамлар кўпинча ёмон нарсаларни яширишга ҳаракат қилади ва барча яхши, кўзга ярқ этиб ташланувчан, бахтли нарсаларни кўрсатишга интилади, – сўзида давом этади Анвар Ҳошимов. – Жисмоний камчилиги бор кишининг ногиронликдан бошқа бирор муҳим вазифани бажараётган бирорта фильмимизни ёки замонавий китобни эслай оласизми, шунақаси борми? Шундай даражада ҳам бундай кишининг ижтимоий ҳаётда фаоллиги ҳақидаги фикр татбиқ этилмайди. ОАВ, кино, адабиётлар орқали бошқалардан ажралиб турувчиларга бағрикенглик қилишни кенг ёйиш борасидаги хорижий амалиётлар ҳақида жуда кўп ўқийман. Қўлимни йўқотгач, касбимни ёмон биладиганга айландимми, қўлимга қўшиб билимим ва тажрибамниям кесиб ташлашганми? Йўқ. Аммо баъзи хурофотларча қараш сабаб ногиронлиги бўлган кишиларга жуда камдан-кам ҳолларда қулоқ тутишади. Ҳамма ачиниш ва ҳамдардлигини бекитади.

Натижада-чи? Кимда-ким бундай муаммога илгари дуч келмаган бўлса, бундай инсонлар билан ўзини қандай тутишни, қандай гаплашишни ва улар орасидан ўзини қандай олиб қочишни билмай қолади. Болалар буни билмагани учун қўли билан кўрсатиб, кулишади. Бу билмаслик, бундан мутлақо бехабарлик натижаси.

Табиийки, ҳамма касалликлар ҳам кўзга бирдан ташланавермайди. Статистикага кўра, Ўзбекистонда қон айланиш тизими касалликлари эркаклардаги ногиронликка сабаб бўлса, аёлларда уни ёмонсифатли ўсмалар келтириб чиқарар экан. Аммо муаммо алоҳида тиббий эмас. Ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияда «ногиронлик - бу тадрижий ривожланиб борувчи тушунча, ногиронлик бузилган саломатлик ҳамда муносабат ва муҳит тўсиқлари ўзаро муносабатлари натижаси бўлиб, бу уларнинг жамият ҳаётида бошқалар билан тенг ва самарали иштирок этишига ҳалақит беради», дея келтирилади. Яъни бунда нафақат организмдаги бузилишлар ва уларнинг функцияларини тиклашга эътиборни қаратиш зарур. Ахир, кўриш, эшитиш қобилияти, қўл-оёқлари ёки аъзоларини қайтариб бўлмайдиган инсонлар ҳам бор. Бунда асосий эътибор уларнинг жамиятга қўшилишида мослашувига ва тўсиқларнинг бартараф этилишга қаратилиши лозим.

Бунга жамият ҳаётидаги чекланган иштирок касалликка тенглаштирилмайдиган Германия давлатини мисол келтириш мумкин, бандликка кўмаклашиш учун эса устахоналар мавжуд. Исталган киши умумий меҳнат бозорига жалб этилиши мумкин ва давлат ишга қабул қилиш кафолатини беради. 700 дан зиёд шундай корхоналарни 280 минг нафар алоҳида талабларга эга кишилар қамраб олган. Улар ўзлари ёқтирган ва бунга қобилияти бўлган меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари мумкин. Давлат ҳам бундай устахоналарни қуриш, жиҳозлаш ва кундалик харажатларни молиявий қўллаб-қувватлайди.

«Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунинг 7-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида ногиронларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам сонини захирада сақлайди, дейилган. Одатда бундай вакансияларга кам ҳақ тўланади ва алоҳида ваколатларни талаб этмайди. Аммо шунга қарамасдан, ноиложликдан ва бошқа варианти йўқлиги сабаб турли соҳанинг ўта қимматли мутахассислари ишга кирадилар. Бор-йўқ сабаб уларнинг ногиронлигида.

– Фирма ва компаниялар раҳбарлари уларга олдинданоқ янглиш муносабатда бўлади ва улар нуқтаи назаридан бу мантиққа тўғри келади, – дейди «Мастер Групп» консалтинг агентлиги директори Суҳроб Жалилов. – Бундайлар уларнинг тез-тез касал бўлиб қолишидан, алоҳида шароит яратиш зарурлигидан ва бу ишни бажара олмасликларидан қўрқишади. Қонун билан I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган имкониятлари чекланган кишилар учун қисқартирилган иш ҳафтаси (36 соатдан ошмаган), энг узоқ меҳнат таътили (30 кундан кам бўлмаган) белгиланган ва бу ёлловчиларга ёқмайди. Ахир, иш вақтининг қисқартирилган муддати маошга таъсир қилмайди (Меҳнат Кодексининг 116, 220-моддалари). Бундан ташқари, байрамолди кунлари улар бошқалардан бир соат камроқ ишлайди (МК 121-модда). Дарвоқе, ана шундай хурофатларча муносабатга аёллар ҳам дуч келади. Дунё тажрибасининг кўрсатишича, оддий фарзанд кўриши ва узоқ муддат декретга чиқиши, турмушга чиқиш ва ишни бутунлай ташлаб кетиши мумкинлиги сабаб масъулиятли вазифаларга гўзал жинс вакилларини камроқ қўйишга интилишар экан. Бу иккала ҳолатда ҳам нотўғри тушунча муҳим роль ўйнайди ва тагида маблағ йўқотишни истамаслик ётади.  Бундай нарсаларга туғма кўрмайдиган укам ҳам тўқнаш келган ва у билан ўз агентлигимизни ташкил этдик. Икковимиз ҳам ҳуқуқшуносмиз.

Ўзимда иш топишимда ҳеч қачон муаммо бўлмаган. Унга эса асосан, рад жавоби беришарди, яна бунда ногиронлигининг бунга дахли йўқ, балки ҳамма гап малака йўқлигидалигини ҳам айтишарди. Укам билан шундай сиёсат юритамиз: бирор вакансияга ходим излаганда унинг саломатлиги, жинси, ҳатто, тажрибасига ҳам қараб ўтирилмайди. Шунчаки унга бирор юмуш берамиз. Уддаладими – ишга қабул қилинди. Бироқ кўпгина бизнес эгалари бир оддий нарсани англаб етишмаган: улар, айнан, етти мучаси соғ ва керакли малакага эга, соғлом ва бошқаларни ишга ёллашади.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган бироқ ишлашни иистамайдиганлари ҳам учрайди. Биринчи қаҳрамонимиз Анвар Ҳошимов – етарли даражада кам учрайдиган мисол, у жамиятдан ажралиб қолмаслик учун нигоҳлару кулишларга дош беришга, севимли иши билан шуғулланиш ва тўлақонли умр кечиришга тайёр инсон. Кимдир яқинлари ва қариндошлари даврасида ғарқ бўлади, бу билан ҳаёт тугаб қолмаслигиниям унутиб, жисмоний реабилитацияга боши билан шўнғийди, бошқалари эса умидсизликка тушади. Бунда киши гўёки бутун олам сенга қарши ва сен эса ожизсан ҳолатига тушиб қолади.

– Бунда фақат мақсадгина ёрдам бериши мумкин. Дарҳол олдингизга мақсад қўйинг, – маслаҳат беради ҳозир дарс бошланади дегандай соатига қараб-қараб қўяётган Анвар Раҳматиллаевич. – Уйда ўзингга ачиниб ўтириш домига жуда кучли тортади. Тўрт девор ичида қўрқувларимиз ҳам кундан-кун орта боради, кўчага чиқмасликка эса баҳона асослироқ бўлиб туюла бошлайди. Шу боис ҳам агар бунинг иложи бўлса, биз учун ногиронлиги бўлмаганлар орасида ишлаш ҳаво ва дори-дармондек зарур.

Сабина Алимова.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech