25 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +14,8 °C

Ташвишли хабар
18 Янв  2019 10971

Болангиз мактаб ошхонасида овқатланадими?

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Бекобод Тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар шифохонасига 8-сонли болалар боғчаси тарбияланувчиларидан бир гуруҳи «овқатдан заҳарланиш» ташхиси билан олиб келинган эди. Худди шу ҳолат мени пойтахтимиз мактаб ошхоналарига бориб, фарзандларимиз нималар истеъмол қилаётгани билан қизиқиб кўришга ундади.

 

Аксарият ота-оналар фарзандларини мактабга билим олиш учун жўнатаётиб, уларнинг ўқиш пайтида оч қолиб кетмаслиги ҳақида ҳам ўйлайди. Кимдир боласининг сумкасига олдиндан олма, печенье солиб қўяди, айримларга боласининг бирон нима еб олиши учун қўлига пул тутқазиш қулайроқ кўринади. Бундай ота-оналар мактаб ошхоналари ошпазларининг ўз ишига ҳалол ва виждонан ёндашишига ишонишади. Аммо бу тўғримикан?..

Ўзбекистон Республикасининг 0288-10-сонли Санитария қоидалари ва меъёрларига мувофиқ ўқув муассасалари ошхоналарида қуйидаги озиқ-овқатлар, таомларни ва кулинария маҳсулотларини тайёрлаш ва сотишга йўл қўйилмайди: гамбургер, чизбургер, хот-дог, сосиска ва колбаса, печда пиширилган булочкалар, чипслар, кириешка ва хрустяшкалар, газланган ичимликлар, уйда (саноатда эмас) тайёрланган исталган озиқ-овқат тури, кремли қандолат маҳсулотлари, ёғда қовурилган ун маҳсулотлари, аччиқ соуслар, кетчуп, майонез, егулик консервалар, маринадланган мева-сабзавотлар, табиий қаҳва, тонус ва қувватни оширувчи ичимликлар, сақич ва бошқалар.

Аниқланишича, пойтахт мактабларида овқатланишни ташкил этувчи масъулларнинг ҳаммаси ҳам юқорида келтирилган қоида ва меъёрлар билан таниш эмас экан.

Бир пайтлар ўзим ўқиган Чилонзор туманидаги 182-мактабни эслайман. Мактабга кираверишдаёқ печда тайёрланган пишириқ ва какаонинг ҳиди димоққа уриларди. Эски қадрдон маконимга боришга қарор қилдим. Ҳеч нима ўзгармабди... Ўша эски, иштаҳани қитиқловчи таниш ҳидлар ҳалиям кенг ва шинам мактаб ошхонасига чорлайди. Миробод таманидаги 175-мактабда эса буфетнинг қайси тарафда эканини дарров аниқлай олмадим.

Бинога киришим билан бор-йўғи бир неча столга кўзим тушди (худди шу тумандаги 147-мактаб болалари ҳам шу ерда ўқишади (мактаб август ойидан бери капитал таъмир учун ёпиб қўйилган). Жуда ғалати кўриниш – жамоа шунчалик катта, зал ҳам кенггина, аммо столлар бор-йўғи 16 кишига мўлжалланган. Нималар сотишаётганини кўриш учун витринага яқин бордим. Унга эса сабзили гамбургер, ёғда қовурилган картошкали перашка, сабзили салат солинган пегодилар, орасига сосиска солинган пишириқлар, кириешка, газланган ичимликлар, конфетлару шоколадлар қўйилган. Юқоридагиларнинг барини ўқув муассасаларида сотиш тақиқланган. Бундан ташқари, СВЧ-печнинг очиқ, ҳеч нима билан ҳимояланмаган симлари ўқувчилар келадиган томонга қараган, электрга ҳам ўша ерда, столнинг устида, болалар қўл узатса етадиган масофада улаб қўйилган. Техника хавфсизлиги бўйича бунга йўл қўйилмаслиги керак. Ҳатто, полда ҳам ошпазларни ток урмаслиги учун диэлектрик тўшама йўқ. Энди қисқагина танаффус пайтида имкони борича пештахтага яқинроқ боришга интилаётган, тўғрироғи, ўзини ураётган болаларни ўзингиз тасаввур қилаверинг. Болалар ошхонасига боришдан олдин исм-шарифларини келтирмасликни сўраган бир нечта ота-она билан мулоқотда бўлдим. Маълум бўлишича, улар мактаб маъмуриятига бир неча бор чипс, кириешка ва бошқа шу каби зарарли маҳсулотларни сотмасликларини сўрашган. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмабди.  Оналардан бири болалар овқатланиши учун масъул мактаб тиббий ҳамширасини топиб гаплашмоқчи ҳам бўлибди, аммо уни тополмабди.

Аммо қизиғи шундаки, мактабга газета вакили келишини эшитибоқ тиббий ҳамшира қаердан бўлса ҳам етиб келди. Безовталанган ҳолда барча маҳсулотларнинг янги эканини тушунтира кетди. Бизнинг бундай маҳсулотларнинг мактаб ошхоналарида сотилиши тақиқлангани ҳақидаги эътирозимизга ушбу маҳсулотларни болаларнинг яхши кўришини ва улар орасида кетчуп ва майонез йўқлигини айтди.  Унда ёпилмаган, усти очиқ турган маҳсулотлар борасида нима деса бўлади? Витрина-музлаткич ҳақида айтмаса ҳам бўлади – унинг ўзи йўқ. Ота-оналардан бири тиббий ҳамширага ўтган йилги Бекобод ҳодисасини эслатди. Бироқ бунга ҳам қулоқ солинмади ва мактабда бу бинони кўришга ҳаққимиз йўқлигини бот-бот эслатишда давом этилди.

Унда истеъмолчи (айни вазиятда мактаб ўқувчилари) кўрсатилган хизматлар сифатини қандай текшириб кўра олади? Суткалик намунаси ҳақидаги саволимиз ҳам очиқ қолди.Яъни болалар заҳарланиб қолган вазиятларда лабораторияга микробиологик тадқиқот учун тайёр таомларни санитария қоидалари ва меъёрларига тўғри келиш-келмаслиги текширадиган ҳеч нима бўлмайди!

(Суткалик намуна таом порцияси тўлиқ ҳажмда – 100 граммдан кам бўлмаган миқдорда салатлар, суюқ ва қуюқ таомлар, гарнирлардан олинади. Улар қозон (тарқатиш жойи)дан стерилланган (ёки қайнатилган) қошиқ ёрдамида шиша ёки металл қопқоғи зич ёпиладиган стерил (ёки қайнатилган) шиша идишга солинади. Ва намуна махсус музлатгич ёки музлатгичда бунинг учун ажратилган жойда +20...+60С даража ҳароратда 24 соатдан кам бўлмаган муддатга (дам олиш ва байрам кунлари бунга кирмайди) сақлаб қўйилади).

 

Директор хонасида

Бор масъулиятни тиббий ҳамширага ағдаришга ҳаракат қилган ўқув муассасаси маъмурияти билан ҳам суҳбат бўлиб ўтди. «Бу унинг ошхонаси, нима қилишни ўзи билади», эмиш! Ўқув муассасаси директори мактаб буфети ассортименти қанақалигини, егуликлар қандай ҳолатда сотилаётгани ва энг асосийси, Санитария қоидалари ва меъёрлари ҳақида мутлақо билмас экан. Бундай вазиятда ота-оналар қандай йўл тутиши керак? Уларнинг саволларига ким жавоб беради?

Айланишда давом этамиз. Чилонзор туманидаги 217-мактаб. Фойега кирганданоқ ёшлигинг эсингга тушиб кетади: яхши жиҳозланган ошхонада ҳар бири алоҳида пакетларга солинган янги пиширилган булочкалар териб қўйилган. Суюқ овқатга – карам шўрва, қуюғига – ош. Нархлар ҳам чўнтакбоп. Овқат сузиб берилгач, витрина-музлатгичдан янги салат олиб беришади. Суткалик намуна ҳақидаги саволимга нафақат қониқарли жавоб олдим, балки зарурий ҳужжатларни ҳам кўрсатишди: тиббий ҳамшира ҳам ортиқча гап-сўз қилгани йўқ. Мактаб ошхонаси ишидан ота-оналар ҳам мамнун экан. Тўғри-да, улар фарзандларининг уйдан ташқарида ҳам соғлом овқатлар истеъмол қилаётганидан хотиржам. Олтинчи синфда ўқийдиган бир болани тўхтатиб, ундан ошхонага тез-тез кириб турадими-йўқми қизиқдим. У эса хотиржамлик билан: «Ҳар куни кираман. Бувим узоқда яшайди, ота-онам ишда бўлади. Уйда овқатни иситиб, сўнг идиш-товоқни ювиб қўйишга эринаман. Ота-онам шусиз ҳам, ҳар куни чўнтак харажати беришади. Мен эса уни тушликка сарфлайман». Бу орада олдимизда беш-олтита қизиқувчан болакайлар йиғилиб қолди ва суҳбатимизга аралашишди. Айтишларича, улар буфетга таомларнинг арзонлиги учун эмас, балки мазали тайёрлашгани учун ҳам келишаркан. Бунинг яна бир қулайлиги бор– тағин ичгинг келса, ошпазлар бепул чой қуйиб бераверишаркан. Бу болалар овқатлангандан сўнг жумракка югуриб, совуқ сув ичмасликлари учун, албатта.

Миробод туманидаги 60-мактаб ошхонаси ҳам бизни хурсанд қилди. Пишириқларнинг тури кўп. Иссиқ овқатлар ҳам пиширишади. Турли газланган салқин ичимликлар ва кириешкалар йўқ!

Мақола тайёрланиши чоғида 175-мактабда меҳмон сифатида ўқиган 147-мактаб ўқувчилари яна «ўз уйи»га қайтишибди. Ҳаммаёқ тоза, чиройли, янги мебеллар. Аммо битта «лекин»ни бор: сифатли овқатланишни барибир ташкиллаштира олишмабди. Тўғри, иссиқ ва мазали овқат тайёрланади, бироқ улар билан бир қаторда зарарли фастфудлар ҳам сотилмоқда. Бола танаффусда орасига сосиска солинган булочкани егач, мактабдан уйига бир аҳволда кириб келади, яъни заҳарланиш аломатлари билан. Болакайнинг ота-онаси тез ёрдам чақришди ва у заҳарланишнинг оғир тури билан шифохонага ётқизилди.

P.S.Бунда 12 ёшли ўқувчи жабр кўрган. Энди ҳурматли директорлар бунга нима деб жавоб бераркан? Болалар шу таомларни яхши кўради, дебми? Буфетда сотилаётган гамбургерлар орасида кетчуп ва майонез йўқ, дебми?

Хуллас, айрим ўқув муассасалари раҳбарларининг ушбу ҳолатдан кейин мактаб ошхонасини қаттиқ назорат остига олишларига ишониб қоламиз.

Людмила Калентьева.

 

Мутахассис фикри

Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг Болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими олий тоифали санитар шифокори Рауф Қосимовдан юзага келган вазиятни изоҳлаб беришини сўрадик:

- Мактабларда ўқувчилар учун овқатланишни ташкил этиш – нафақат болаларнинг яхши кайфиятини, балки ўқитиш самарадорлигининг ошишини ҳам белгилаб берадиган таълим тизими фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Турли касалликларнинг олдини олишда овқатланиш маданияти улкан аҳамиятга эга. Ушбу масала мактаб ўқувчилари учун долзарб ва у шифокор, педагог ва ота-оналарда ҳам қизиқиш уйғотиши табиий. Зеро, 17 ёшга қадар боланинг ривожланиши ўзи бўлган муҳитга кўп жиҳатдан боғлиқ. Айнан, организмнинг жуда тез ўсиши ва ижтимоий адаптацияси мактаб даврларида кечади. Бу эса жуда катта маънавий ва руҳий куч, яхши жисмоний тайёргарликни талаб этади. Саккизинчи синфдан бошлаб, ҳар ўқув йилида 17 соат соғлом турмиш тарзи дарслари ўтилади.

- Мактабда овқатланиш тизимини ким назорат қилиши керак?

- Ўзбекистон Давлат бош санитар врачининг 2010 йил 18 сентябридаги қарорига мувофиқовқатланиш блокларининг мос санитария-техник ҳолатини таъминлаш ва ўқувчиларнинг сифатли ва рационал овқатланишини ташкил этиш, шунингдек, ижарага махсус бино ажратгач, ижарачиларнинг овқат тайёрлашини назорат қилиш,мактаб директори ва ҳамшира зиммасига юклатилган.

Президентимизнинг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ хўжалик субъектларини текшириш максимал даражада қисқартирилди. СЭС вакиллари лаборатория тадқиқотлари учун ҳар уч ойда бир марта озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатлардан намуна олишлари мумкин. Ҳар ярим йилда – ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтгани ҳақида маълумотномаларнинг бор-йўқлиги текширилади.

- Мактаб ошхонаси учун суткалик намуна олиш шартми?

- Шарт. Буни назорат қилиш эса тиббий ҳамширанинг ваколатига киради. Афсуски, биз жойларда тез-тез бунга риоя қилмасликка дуч келамиз. Бироқ улар лоқайдлиги туфайли  бутун бошли гуруҳларнинг овқатдан заҳарланиши ва ичак хасталиклари юзага келаётган шахсларнинг масъулиятини қонунчилик тартибида ошириш мумкин, деб ҳисоблайман. Агар улар бундай ишлар учун жаоланишини билса, ўз ишига бутунлай бошқача ёндаша бошлайдилар.

- 175-мактабдаги вазиятни қандай изоҳлаган бўлардингиз?

- Бу вазиятда тиббий ҳамшира ва мактаб директори жавобгарликдан қочган. Тўғри, болаларга кирешка, чипс, газланган ичимлик, конфетлар жуда ёқади, аммо ўзлари уларнинг зарарли эканини билишмайди. Бундай маҳсулотлар тақиқланган, чунки таркибида хушбўйлантиргичлар, таъм берувчи ва таъмни кучайтирувчи воситалар, бўёқлар, юмшатгичлар, консервантлар ва бошқа қўшимчалар мавжуд. Бола организмига бундай кимёвий бирикмалар тўғри келмайди. Бундан асаб, қон ва эндокрин тизими азият чекади. Аллергик касалликлар тез-тез учрайдиган ҳодисага айланди. Болалар кун давомида нима истеъмол қилганини унутиб қўядилар ва шу боис ҳам унга нима салбий таъсир кўрсатганини аниқлаш қийин кечади.

- Ёғда қовуриб пиширилган перашка, пончиклар нега тақиқланган?

- Бу таомлар бир пиширганда бир йўла ҳаммаси ишлатилиб кетмайдиган кўп ўсимлик ёғида қовурилади. Қовуриш жараёнида унга хамир ва гўшт парчалари, ун тушади.  Амалда ошпазлар бу ёғдан бир неча кун, ҳатто, ҳафталаб фойдаланадилар. Бундай ёғда тўпланиб қолган канцерогенлар турли касалликларни, жумладан, саратонни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Шу боис ҳам мактабда болалар қандай овқатларни истеъмол қилаётганига жиддий эътибор қаратиш керак.

Шу ўринда ота-оналарнинг ҳам мактабга боргач, ошхонасига кириб, қандай маҳсулотлар сотилаётганига эътибор беришини, бирон нотўғри ишни аниқлашса ёки нимадир шубҳа уйғотса, ваколатли инстанцияга бу ҳақда мурожаат қилишларини истардим.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech