16 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,6 °C

Фикр
12 Апр  2019 7034

Космос, ўқитувчилар ва китобсеварлар ҳақида

Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг ўтган йил октябрь ойидаги давлат ташрифи якунларига бағишланган матбуот анжуманида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев келгусида иқтисодиёт, фан, техника, маданият, таълим, туризм, спорт ва бошқа соҳаларни янада ривожлантириш борасида эришилган икки томонлама манфаатли келишувларга батафсил тўхталди. Давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳақида гапира туриб, мамлакатимиз раҳбари яқин келажакда Ўзбекистон фуқароси ҳам космосга парвоз қилиши мумкинлигини эслатиб ўтди.

 

Ушбу сўзлар ҳар бир ватандошимизнинг қалбига чуқур муҳрланди. Албатта, ҳаммамиз бу қачон содир бўлишини интиқлик билан кутяпмиз. Ўша кун келса, журналист ҳамкасбларимизнинг қизиқишларини тасаввур қиляпман. Нимани ва қандай ёритиш, суратга олиш лозим, суҳбатни қандай ташкил этиш керак? Бунда, масалан, таниқли публицист ва ёзувчи Анатолий Аграновскийнинг биринчи ва кейинги космонавтлар тўғрисида тайёрлаган мақолалари асқотган бўларди.

Бунда дарҳол унинг Герман Титов ҳақидаги «Қандай биринчи бўлдим?» очерки ёдга келади. Парвоз санаси ва вақтини олдиндан билган марказий «Известия» газетасининг ўз мухбири радио орқали хабар қилинишидан олдинроқ бутун Олтой ўлкасини жаҳонга машҳур қилган Полковниково қишлоғига ташриф буюради. У ерда бўлғуси космонавт ўқиган, бугун собиқ мактабда мемориал музей фаолият кўрсатмоқда. Мақолада келтирилишича, радиода парвоз эълон қилинганидан сўнг «Титовлар уйида ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Ҳамма бараварига гапирар, унинг онаси кўзларига ёш олган, отаси эса уни юпатарди, ҳаммаёққа валерианка ҳиди анқиб кетди». Журналистлар бирин-кетин югуриб келишарди. Ахборот олиш даражаси матбуотнинг қишлоқдан узоқлигига тўғри пропорционал эди. Дастлаб, москваликлар етиб келишди, кейин бошқалари. «Фақат эртаси куни космонавтнинг ота-онасини пойтахтга жўнатиш учун аэродромга олиб кетишаётганларида район газеталаридан икки нафар журналист югуриб келишди». Улар барибир Титовларга етиб олишди ва машинадан туширишди. (- Нега қараб турибсан? Тезроқ суратга ол! – Тасма тугади…)» Бунинг бари батафсил ва қизиқарли тарзда баён этилган.

Аммо публицистнинг муҳимлик борасида бунисидан ҳам қолишмайдиган бошқа топшириғи ҳам бор эди. Эртасига ўзи биладиган инсон билан учрашиши кераклигини тушуниш анча қийин бўлади. У учрашадиган кишининг олдига эрталаб етиб келди ва ўзини таништирди: «Аргановсикий, «Известия»нинг ўз мухбири».

«Унинг кўзларида нимадир йилтиллаб кетди, тушундим: мени билади. Ўқиган ё эшитган. Унга дедим:

– Мен Топоров масаласида келгандим. Адашмасам, уни танийсиз, тўғрими?

– Шошманг… – деди у. – Топоров ҳақида сиз ёзган эдингиз-а? «Известия»да… ҳа, бир минг тўққиз юз ўттизинчи йилда.

– Йигирма саккизинчи йилда, - дедим мен.

– Ёмон мақола эди, – деди у. – Зарарли.

1928 йилда мен олти ёшда эдим. Аммо мақола чиққан, бу аниқ. Тўғрироғи, фельетон… Унинг тагига эса «А.Аграновский», деб ёзиб қўйилган, - илгариям мени отам билан адаштиришган, шу боис кўникиб кетганман». Катта Аграновсикий Олтой ўлкасининг узоқ қишлоғидаги кулбалардан бирига киради. У ерда эса Глафира исмли бир қиз Генрих Ибсеннинг китобини ўқиётган экан. Бу нарса меҳмонни қандай ҳайратда қолдирганини кўрган кулба эгаси, чол унга: «Биз билан бир муддат яшаб кўр, шунақа нарсаларни кўрасанки…» дейди. Чиндан ҳам мухбир мўъжизага дуч келганди - «Май тонги» коммунасидаги чол-кампирлару ёшлар ҳар куни кечқурун клубга бориб, Толстой, Тургенев, Лесков ва бошқа кўплаб ёзувчиларни ўқишаркан. «Гоголь, Чехов, Островскийларни тўлиқ ўқишган. Бунга яна қатор Есенин, Катаев, Леонов, Шишков каби янги номларни ҳам қўшинг… Саккиз йил ичида кунма-кун ўқиб бўлишган. «Мольер, Ибсен, Гюго, Гейне, Мопассан, Гауптман, Матерлинк… Яна ёз, тўхтама!»

Улар нафақат китобни ўқишган, балки муҳокама ҳам қилишган, ҳукм ҳам чиқаришган («Бу қишлоқ учун керакли китоб» қабилида). Уларнинг устози ва бунинг барини уюштирган киши Топоров эди. Кейинчалик улар асосида ўз фикрларини қайд этиб бориб, «Деҳқонлар ёзувчилар ҳақида» китобини ёзган. Унга эса Абрам Аграновский кириш сўзи ёзган ва китоб бир неча марта қайта нашр этилган. Аслида махсус мухбир Адриан Митрофанович Топоровни таъқиб қилган ҳасадгўй ва жоҳил одамлардан ҳимоя қилиш мақсадида беш минг километр йўл босиб келганди. У ўзининг «Генрих Гейне ва Глафира» мақоласида ашаддий китобсеварлар, беаёв танқидчилар, «Лапти кийган Белинский» ва уларнинг устози ҳақида ҳайрат билан, унинг душманлари тўғрисида эса нафратланиб ёзади.

Орадан ўттиз йил ўтиб, Аграновскийнинг ўғли, у ҳам махсус мухбир, Топоровни таъқиб қилганларга бош-қош бўлган, ҳозирда эса безовта, қарилик чўктирган ва таёққа суяниб зўрға юрадиган кимса (этика нуқтаи назаридан унинг исм-шарифи айтилмайди) ҳузурида пайдо бўлади. Ўшандан бери узоқ бу қишлоқ Полковниково қишлоғига айланди, космонавт Титовнинг ота-онаси барчага Топоров ҳақида сўзлаб беришган: айнан у, уларни ўқитган ва инсонлар қаторига қўшган.

«Адриан Митрофанович тирик, дейсизми… Ай-яй-яй! Балки тузалгандир… Аммо сиз, ўртоқ Аграновский, ўз мақолангиз билан биз қари курашчиларнинг юзига оёқ қўйдингиз, шундай. Эҳ, бу топоровчилар…»

Ё тавба, орадан шунча йиллар ўтган, иккови ҳам қариб-қартайган, аммо душманликнинг чек-чегараси йўқ экан, у адовату хусумат билан тўйинган, ҳалиям қоралашда давом этади-я?! – ҳайратга тушади публицист, суҳбатдошидан далиллар келтиришини сўраганда у узоқ ўйланиб қолади. «Далиллар. Яна қанақа далиллар? Топоров жуда усталик билан ниқобланганди… Ўшанда Косихда ишлардим, мактаб раҳбари эдим… Менга штатдан ташқари инспектор бўлишни таклиф қилишди… Бир куни чақиришиб, шундай дейишди: «Нима дейсан, «Май тонги» мактабига борсакмикан? У ердан сигнал тушган… Тушуняпсанми, бу керак. У ерда бир ўқитувчи бор экан… Уни кузат, у ҳақда қандай ёмон гаплар эшитсанг ва ҳоказоларни тўпла».

Мана, унинг томонидан йиғилган айрим «далиллар»: Топоров ўзини жуда катта олади, ҳаддан ташқари кеккайган ва ўзига бино қўйган, жуда кам одам билан қўл бериб кўришади… Фақат ўз сигиридан соғилган сутнигина ичади… Мана, сизга унинг маънавий қиёфаси… мана бу Топоровнинг китоби – унда қашшоқлар қатламининг ўзи йўқ, деб ҳисоблаш мумкин. Мана у, бекиниб олган ва тутиш қийин бўлган душман».

Бунинг бари таъқибчи учун – жиддий, ўқувчи учун – кулгили. Космонавтнинг отаси Степан Титов кейинчалик шундай дейди: «Ҳасад, деб ўйлайсизми? Улар ҳасад қилишни билишарканми? Бу аслида кучли ҳиссиёт, дегани. Ҳасад қилиш учун ҳам ҳасад қилаётган нарсангнинг улуғворлигини тушунишинг керак. Йўқ, бу ҳасаддан ҳам баттари. Бу ўзингдан яхши, ақлли нарсаларни қийратиш, эзиб-янчиб ташлаш истаги… Улар бу дунёда қандай юришаркан-а?»

Таъқибчи-чолнинг сўнгги маслаҳати шундай бўлди: «Агар Топоров ҳақида яна нимадир чиқса, ва у яна мақталса, бу биз қари курашчилар учун ҳақорат бўлади. Яхшиси, ёзманг».

– Йўқ, – дедим унга. – Топоров ҳақида ёзишади ҳали, албатта, ёзишади. Герман Титовнинг космосга чиққанини радиодан эшитгансиз, албатта. У айнан, ўша қишлоқдан, ўша «Май тонги»дан. Унинг ота-онаси менинг олдимда журналистларга эришган барча яхши нарсалари учун биринчи ўқитувчи – Топоровдан бир умр миннатдор эканини айтишди. Хуллас, бу борада сизга ҳеч қандай ёрдам бера олмайман: энди Топоров ҳақида, албатта, ёзишади».

Узоқ жим тургач, чол деди: «Мен ўшанда сизларга ҳам мактуб ёзганман… синфий кураш кескинлашиши  нуқтаи назаридан баҳо берганман унга… Аммо жиддий жавоб бермадинглар… Нима эмиш, мен ўзимдан ўн калла юқори турадиган Топоровни муҳокама қилганмишман, мендай мактаб ўқитувчисининг хатида олтита грамматик хато бор эмиш. Тамом-вассалом. Ва «А.Аграновский», деган имзо».

Мақоланинг боши ҳам, якуни ҳам қизиқарли чиқди: «Мени отам билан жуда кўп адаштиришади: негаки, исмларимиз ҳам битта ҳарфдан бошланади… – Биласизми, Топоров ҳақидаги мақолани мен ёзмаганман, – дедим ўша одамга. – Мақолани отам ёзган. Сизга ҳам хатни отам жўнатган. Мен ҳам ўшандай жавоб ёзган бўлардим. Худди ўзидай қилиб».

Дарвоқе, Адриан Топоров узоқ умр кўрди ва бутун умр адабиётга қизиқди, баъзан матбуотда мақоласи эълон қилинарди, бир неча китоблар ёзди, жумладан, ўзи ҳақидаги «Мен, ўқитувчиман» номли асарини ҳам. Анатолий Аграновский унинг китобларини нашрдан чиқаришда ва таҳрир қилишда унга ёрдам берган.

Юқорида келтирилган ҳодисада, умуман, ўз ишида журналист далилларга таянган. Аммо ҳаммаям бундай қилавермайди. Космонавтлар, бошқа инсонлару ҳодисалар ҳақида тузуккина ёзилган, дейиш мумкин бўлган айрим мақолаларда, афсуски, ёлғон деталлар, уйдирма ва мишмишлар бекиниб олган бўлади. Гўёки бир қошиқ қатрон бир бочка асални аччиқ қилиб юборгандек. Шу маънода Аграновскийнинг эҳтиёткорлик борасида айтган сўзларини эслаш, ортиқчалик қилмас: «Табиат бўшлиқни ёқтирмайди. Бўшлиқни эса асосан, бегона ўт тўлдиради. Ахборот етишмаётган исталган жой эса мишмишлар билан тўлади. Булар бизга фойдаси тегадиган мишмишлар бўлмайди. Улар фақат зарар келтирувчи бўлади». Бу таниқли публицист томонидан берилган яна бир муҳим сабоқдир.

Сайди Умиров.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech