23 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +10,2 °C

Кейинги авлод
7 Фев  2019 6097

«Аълочилар иккитадан ошмасин!..»

Сессия пайтида ҳамиша баллни тушириб юборишгани ва билимни виждонан баҳоланмагани ҳақидаги баҳслар авж олади. Ана шу вазиятга ойдинлик киритиш учун мамлакатимизнинг бош таълим муассасаси – Ўзбекистон Миллий университетига йўл олдик.

Хўш, нега нотўғри баҳолаш мавзуси ҳеч барҳам топмаяпти? Таълим жараёнига эса маълум бўлишича, нафақат талабаларни, балки ўқитувчиларни ҳам чалкаштирадиган бир олам ўзгартиришлар киритилган.

– Ҳозир ҳаммаси бошқача бўлиб кетган. Кўпчилик шунчаки янги шароитларни тушунмаяпти, мослаша олмаяпти, – дея фикри билан ўртоқлашди физика факультети ходими. – Кичик курсларда яна беш баллик тизими жорий этилди, юқори курсларда ҳалиям энг юқори баҳо – 100 балл. Фарқ шу билан тугамайди. Юқори курсларда шунингдек, иккинчи қайднома бекор қилинган ва якуний баҳони ўша куниёқ рейтинг дафтарчасига қўйиб берамиз. Бу талабаларнинг ўқишга янаям жиддийроқ қараши ва шу билан бирга, имтиҳон олувчига пора беришга вақтлари қолмаслиги учун қилинган бўлса керак. Тизим бир неча соат ичида педагогнинг ўнларча дафтарни текширишини назарда тутади, баъзан эса улар сони 60-70 тагача етади. Талабалар ҳам охирига қадар кутиб ўтиришади, хуллас, борди-ю, фаннинг назарий томонлари кўпроқ бўлса, ҳаммамиз чарчаган ҳолда кечки соат саккиз-тўққизларга ишни якунлаймиз. Бунда талабага мос баҳо қўйиш ҳақида қандай гап бўлиши мумкин?

Кўпгина талабаларнинг айтишича, ўқитувчилар ўртасида тавсия кўринишидаги оғзаки қўлланма юраркан: ҳар бир гуруҳда аълочилар сони иккитадан ошмасин, деган. Уларни янаги йилга қолдириш учун беш дақиқаси кам битирувчилар учун ҳам иккинчи қайднома бекор қилинган. Яқинда Facebookда шов-шув бўлган ва ОТМ раҳбарларининг талабалар билан учрашуви ёритилган постида ҳам шу ҳақда сўз борган:

«Талабалардан бири туриб, ҳамма буни яхши биладиган ректорнинг «махфий» эълони ҳақида гапирди (бунинг моҳияти шундаки, энди бутун бошли гуруҳнинг 5 фоизи, яъни икки киши аълочи бўла олади. Айтишларича, бирданига чўкдиришмайди, бироқ биргаликда ҳаракат қилиб, талабаларнинг балларини пасайтирадилар).

Ректор қовоғини узоқ солиб ўтирди ва кейин деди: «Бунақа гап бўлмаган! Бўлмайди ҳам! Нима деяпсиз, нима ҳақида гапиряпсиз? Биз адолат тарафдоримиз, ким бешга лойиқ бўлса ўша баҳосини олади!»

Буни қатъиян рад этиш қанчалик тўғри? Яна изоҳ истаб, номи ошкор қилинишини истамаган ЎзМУ ходимига юзланамиз.

– Чиндан ҳам, ректор Авазжон Мараҳимовнинг ўқитувчилар таркиби билан очиқ мулоқот қилгани, уларга  йўл-йўриқлар бергани бор гап, – дейди у. – Бироқ бунда гап баҳоларни пасайтириш ҳақида эмас, балки талабларни ошириш ҳақида борди. Бунга оддий мисол келтириш мумкин. Бу йил биринчи курс талабаларидан имтиҳонни маъруза ўқиган ўқитувчининг ўзи эмас, балки уларга нотаниш ва ҳали дарс бермаган кафедра ходимлари олади. Агар илгари иккинчи қайдномада биринчи курсдаги бир-иккита талабанинг исм-фамилиялари кўрсатилган бўлса, энди бу рақам ўнлаб талабани ташкил этиши мумкин. Бу вазиятда икки хил хулоса чиқариш мумкин: ё бу йил билими паст талабалар ўқишга кирган ёки илгари домлалар қандайдир раҳмдиллик қилиб юқорироқ баҳолар қўйишган. Иккинчисига қўшилган бўлардим. Ҳар сессияда: «Ҳамма баҳоларим «беш» эди, «уч» қуйишди!», «Мени янаги йилга қолдиришмоқчи, контракт пулини тўлаб қўйганман-ку?!» каби қўнғироқлардан телефонимиз ёрилиб кетай, дейди. Талабалар ҳам ўқишнинг йилдан-йилга қийинлашиб бораётганидан аччиқланади. Бунда бизнинг ҳам айбимиз бор – узоқ вақт айрим бетакаллуфликларга имкон бердик, энди бунақаси бўлмайди. Бироқ тизимни янада замонавий қилиш ва натижаларни яхшилаш керак.

Юзага келган вазиятда ким ҳақу ким ноҳақлигини узил-кесил ҳал қилиш жуда мураккаб, негаки, ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор. Кўпгина талабалар кўпроқ стипендия олиш мақсадида каттароқ балл олишга ҳаракат қилишини тан олади. Агар контракт пули камайтирилган ёки ундан озод этиш варианти бўлганда эди, улар ҳозирги каби бошоғриқларга эътибор ҳам бериб ўтирмай, шунга ҳаракат қилишган бўларди. Бундан ташқари, паст баҳолар ўқитувчиларнинг ўзини ҳам хурсанд қилмайди, албатта. Улар талабаларга «имтиёзли» дипломга интилишдан олдин ўз билимига объектив баҳо беришни фаол маслаҳат беришади.

Рауза Мирзаакбарова.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech