20 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +32,2 °C

Спорт
28 Мар  2019 9731

«Эврика!», деб ҳайқириш учун...

Спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик дастури ёш авлодни фаол турмуш тарзига жалб қилишнинг янги босқичидир.

– Тўққиз ёшли набирамни қанақа спорт секцияларига олиб бормадим дейсиз, – сўзлайди пенсионер Елизавета Хан. – Сузишга борди, таэквондо ва стол тенниси билан шуғулланди. Кейин кутилмаганда қиличбозликка қизиқиб қолди.

– Худди ҳозирги болалар каби набирам Юра ҳам соатлаб компьютер қаршисидан кетмасди, – давом этади бувиси. – Уни монитордан «узиб» бўлмасди. Бундай боғланиб қолишидан хавотирга тушдик, албатта. Шу боис неварамнинг ота-онаси ҳам, ўзим ҳам уни фаол турмуш тарзига, машқ қилишга жалб этишга урина бошладик. Бундай ёшдаги ўғил бола ўйнаши, сакраши, жисмонан ривожланиши керак. Бу табиий ҳолат. Ҳар ҳолда шундай, деб ҳисоблардик. Бироқ ўзбек ва инглиз тилларини ўрганаётган Юрий бунга сира кўна қолмасди. Ё униси ёқмасди ё буниси. Шовқин-суронли жойларни хушламасди. Аммо давлат-хусусий шериклик дастури доирасида ва Республика федерацияси кўмагида очилган «Миллий қиличбозлик клуби»га келгач, дарров ўзгарди. Энди машғулот бўладиган кунларни интиқлик билан кутади.

Набирасининг феъл-атворидаги бу туб бурилишни биринчи галда клуб мураббийларининг иши билан боғлайди. Эр-хотин Олег ва Светлана Тихомоловлар раҳбарлигида машғулотлар турли-туман ва ўйин шаклида ўтказилади. Ҳар хил машқлару ҳаракатлар бир-бирига ўхшамайди ва такрорламайди. Ўзи учун ҳамиша ниманидир кашф қилишга интиладиган болакайларга ҳам худди шу нарса қизиқ. Гап шундаки, болалар «Эврика!», деб ҳайқиришга мажбур этадиган машғулотнинг ўзида бевосита иштирок этади.

–  Турмуш ўртоғим билан хорижда ўн беш йил мураббий бўлиб ишладик, – дейди Светлана Тихомолова. – Тўрт йил –Таиландда, саккиз йил – Малайзияда, уч йил – Баҳрайнда. Мураббий сифатида яхшигина тажриба орттиридик. Шогирдларимиз Жануби-Шарқий Осиё турнирининг ғолиб ва совриндорлари бўлишган, Форс кўрфазининг Араб ўйинларида медалларни қўлга киритишган. Ўз устида ишлаш юқори натижаларга эришишга ёрдам беради, албатта. Бошқа давлатлардан ҳам қизиқтирувчи шартномаларни таклиф этишган, албатта. Аммо Ватан соғинчи кучли бўларкан. Тўғри, меҳнат таътилларида ўзимиз туғилиб-ўсган, қиличбозлик бўйича спорт устаси талабларини бажарган Тошкентга келиб турардик. Интернет орқали республикамизда содир бўлаётган ўзгаришлар ва ўтказилаётган ислоҳотларни кузатиб борардик. Президентимизнинг «Мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган барча чет элдаги юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этаман. Мен уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман... Ҳаммамиз жонажон Ватанимиз равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб бирлашсак, олдимизга қўйган ҳар қандай юксак маррага албатта етишимизга ишонаман», деган мурожаатидан сўнг бутунлай қайтишга қарор қилдик. Давлатимиз раҳбарининг бу самимий сўзларини бир умрга ёдимда қолди. Мен ҳам мамлакатимизда жадал суръатларда кечаётган ислоҳотларга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Бундан ташқари, дўстларимизу мураббий ҳамкасбларимиз ҳам қайтинглар, деб қўйишмади. Негаки, бир пайтлар машҳур бўлган ўзбек қиличбозлик мактаби қайта тикланмоқда. Жонажон «Пахтакор» стадионидаги махсус залдан яна қиличларнинг шарақ-шуруқи эшитила бошлади. «Умид» спорт мажмуаси ва Республика олимпия захиралари интернати ареналари модернизация қилинди.

Светлана Тихомолованинг таъкидлашича, нафақат Тошкентда, балки республикамизнинг бошқа шаҳарларида ҳам қиличбозлик моддий-техник базаси мустаҳкамланган. Андижонда ҳақиқий мушкетёрлар учун меҳмонхона ва тикланиш марказига эга сарой қурилди. Яқинда Чирчиқ шаҳрида ҳам шинам арена очилди. Ўзбекистонда тобора кўпроқ ўтказила бошланган турли маҳаллий ва халқаро турнирлар ғолиблари ичида Нукус, Бухоро, Навоий, Самарқанд шаҳарларидаги қиличбозлик мураббийларининг шогирдлари ҳам бор. Хуллас, география кенгаймоқда.

Марказий Осиё қиличбозлик конфедерацияси штаб-квартирасининг Тошкентда очилгани ҳам муҳим ҳодиса бўлди. Февраль ойида ушбу ташкилот шафелигида Ёшлар ва кадетлар ўртасида биринчи очиқ чемпионат ўтказилди. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистондан ташриф буюрган ёш истеъдодлар ҳам медаллар учун беллашдилар. Дарвоқе, шоҳсупага кўтарилганлар орасида Тихомоловларнинг шогирдлари, яъни «Миллий қиличбозлик клуби» вакиллари – Екатерина Толкачёва ва Илёс Молинлар ҳам бор эди.

– Давлат-хусусий шериклик асосидаги клублар тизими жаҳонда жуда оммалашган, – дейди ушбу тадбиркорлик ташкилоти раҳбари Гулнора Саидова. – У қисқа фурсатлар ичида нафақат спортда юқори натижаларга эришиш имконини беради, балки турли ёш вакилларини ҳам фаол турмуш тарзига жалб қила олади. Бизда бир нечта оилавий жуфтлик шуғулланмоқда. Аммо олдимизга қуйган мақсадимиз истеъдодларни қидириб топиш, маҳоратли усталарга муносиб ўринбосарларни тайёрлашни назарда тутадиган селекция фаолиятидир. Бунда бизни Республика федерацияси қўллаб-қувватламоқда. Федерация клубга тўртта қиличбозлик йўлакчасини, зарур аппаратура ва ускуналарни тақдим этди. Бизнинг спорт туримиз – техник жиҳатдан мураккаб. Қиличлар ва махсус кийимларни ўзимиз сотиб оламиз, ҳатто, ўз филиалимиз бор. «Келажак таълими» хусусий мактабида ўз секциямизни очдик ва у ерда қирққа яқин ўғил-қизлар шуғулланмоқда. Жами шуғулланувчиларимиз сони эса саксондан ошади. Клубнинг ўзини-ўзи оқлаши учун бу ҳозирча кам, албатта. Аммо Сергели ва Чилонзор туманларида ҳам шундай бўлимларни очиш борасида дастлабки келишувларга эришилди.

Болаларни қизиқтириш учун клуб мунтазам равишда «Олтин шамшир» турнирини ўтказмоқда. Мусобақалар мактаблардаги қишки ва ёзги таътиллар чоғи ташкиллаштирилади. Ёш истеъдодларга, сўзсиз, хорижий клублар билан келишувлар ҳам кучли туртки бериши аниқ. Хусусан, Тихомоловлар ўз алоқаларини ишга солиб, ўқув-машқ йиғинларига Малайзиядан ёшлар жамоасини таклиф этишди. Кейин Куала-Лумпурга жавоб ташрифи бўлади. Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси билан ҳамкорликда худди шундай формула асосида Жанубий Корея ва Франция давлатларига сафарлар уюштирилади.

Тимур Низаев.

«Правда Востока» шарҳловчиси.

Рашид Галиев сурати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech