11 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +8,3 °C

IT-хабарлар
30 Окт  2019 4659

Мобил қурилмалар: рўйхатга олишми ёки қонунийлаштириш

Ижобий жиҳат: мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш ноқонуний фойдаланишнинг олдини олади, шунингдек, ўғирланган гаджетни топишга ёрдам беради. Мобил телефон, планшет ёки шунга ўхшаш бошқа қурилмани йўқотиш ёки ўғирлатиб қўйиш - кўп учрайдиган ҳолат. Аммо уларнинг эгасига қайтарилиши - жуда кам учрайди. Ички ишлар органлари ходимлари иши ёки йўқотилган телефонни тасодифан топиб олган ва уни тезда эгасига қайтаришга ошиққан битта-яримта виждонли ватандошимизни айтмаса.

Мобил телефонларда, серия рақамидан ташқари, IMEI-код ҳам мавжуд. IMEI - ҳар бир мобил телефон учун ноёб халқаро идентификатордир, завод уларни ишлаб чиқаришда телефонга кодни, яъни барча мобил қурилмалар учун умумий қабул қилинган стандартни «ўрнатиб» юборади. Бу худди тармоқдаги телефонни авторизация қилишда операторга узатиладиган серия рақами каби.

IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш бу каби масалаларга барҳам бериши керак. Мобил қурилмани йўқотган ёки ўғирлатганлар ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилишади, у ердан эса тизим операторига қурилманинг IMEI-кодини «қора рўйхатга олиш» ҳақида сўров юборилади. Унга SIM-карта киритилиши билан, дастур буни дарров қайд этади ва янги фойдаланувчини аниқлайди. Шундан сўнг уни топиш деярли қийинчилик туғдирмайди.

Бундан ташқари, рўйхатга олиш GSMA халқаро стандартларига жавоб бермайдиган ва фойдаланувчи соғлиғига зарар етказадиган сифатсиз мобил қурилмаларнинг сотилиши олдини олади. Ички бозорни контрафакт мобил қурилмаларини олиб кириш ва сотишдан ҳимоя қилиш ҳам муҳимдир. Масалан, 1 ноябрдан бошлаб мамлакат ҳудудига ноқонуний йўллар билан олиб кирилган мобил қурилмалар UZIMEI ягона маълумотлар базасида рўйхатдан ўтказилмайди. Бу шуни англатадики, улар орқали маҳаллий мобил алоқа операторлари тармоғида чиқувчи ва кирувчи операциялар, яъни қўнғироқлар ёки SMS хабарларни амалга ошириш мумкин бўлмайди.

UZIMEI тизими ўз фаолиятини дунёнинг 43 мамлакатида 750 та оператор ва 400 га яқин компания (мобил телефон ишлаб чиқарувчилар, дастурий таъминот ишлаб чиқувчилари, ускуналарни етказиб берувчилар ва интернет-компаниялар, шунингдек, тармоқлардаги тегишли ташкилотлар)ни бирлаштирган «GSMA» халқаро ассоциацияси билан ҳамкорликда амалга оширади.

Ноқонуний телефонларни олиб киришдан бозорни ҳимоя қилишнинг бундай юқори даражасини таъминлаш унда соғлом рақобат муҳити учун шароит яратади. Яъни, халқаро мобил қурилмалар брендлари ишлаб чиқарувчилари республика бозорига кириш учун яхши имкониятга эга бўлади. Бу истеъмолчи учун нимани англатади? Бу нафақат юқори сифатли телефонларни харид қилиш, балки керакли хизматни ҳам олиш имконини беради. Халқаро компанияларнинг мамлакатга кириши ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасига ихтисослашган ёшлар учун янги истиқболлар эшикларини очади: амалиёт, тажриба, ишга жойлашиш.

Мобил алоқа аллақачон одатий алоқа усулига айланган маҳаллий истеъмолчи IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш амалиётидан зарар кўрмаслиги учун қандай ишлар қилинмоқда?

Бундай мобил қурилмалар эгалари учун кодни рўйхатдан ўтказиш - осонгина жараён. Шундай қилиб, жорий йилнинг 1 апрелидан 1 ноябрига қадар SIM-модулга эга смартфон, тугмачали телефонлар ва планшетлар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш қурилмани мобил алоқа операторлари тармоқларига улашда (фаоллаштиришда) автоматик равишда амалга оширилади. Оддий фойдаланувчига рўйхатдан ўтиш учун Ўзбекистон мобил алоқа GSM-операторларидан бирининг фаол SIM-картасини мобил қурилманинг мавжуд SIM-слотига киритиш ва биринчи тармоқ жараёнини (телефонни абонентнинг SIM-картасидан фойдаланиш орқали мобил алоқа оператори тармоғига улашни) амалга ошириш кифоя.

Мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган. Унга кўра, 1 ноябрдан бошлаб рўйхатга олиш тизимини жорий этиш бўйича лойиҳани амалга оширишнинг иккинчи босқичи бошланади. Ушбу босқичда IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш UZIMEI тизими операторига мурожаат қилиш орқали амалга оширилади. Бу импортёрлар ва мобил қурилмалар ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, мамлакатнинг резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.

Рўйхатга олишни тизим операторининг www.uzimei.uz расмий веб-сайтида, SMS (1170) ёки USSD-сўров (*1170#), ягона интерактив давлат хизматлари портали www.my.gov.uz орқали, шунингдек почта алоқаси пунктларида амалга ошириш мумкин.

Бундай тартиб UZIMEI ягона маълумотлар базасига илгари рўйхатдан ўтмаган мобил қурилмалар IMEI-кодлари ўтади. Шуни эсда тутинг, жараён бир марта амалга оширилади. Республика ҳудудида роумингда бўлган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш талаб этилмайди.

Агар мобил қурилмада икки ёки ундан ортиқ SIM-слот мавжуд бўлса, яъни битта мобил қурилмада икки ёки ундан ортиқ IMEI-кодлари мавжуд бўлса, ҳаммасини рўйхатдан ўтказиш талаб этилади. Акс ҳолда, рўйхатдан ўтмаган IMEI-кодлар «қора рўйхат»га киритилади ва ушбу SIM-слотдан уни қулфдан чиқармагунча фойдаланиб бўлмайди, бунинг учун тизим операторига мурожаат қилиш талаб этилади.

Юқорида келтирилган ҳужжатга асосан, 1 декабрдан бошлаб мобил қурилмалар IMEI-кодларини пулли асосда рўйхатдан ўтказиш бошланади. Жисмоний шахслар, шунингдек, импорт қилувчилар учун ҳам, бу мамлакатда ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 20 фоизини, лекин маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рўйхатга олиш учун фақат ўн фоиз тўлайди.

Рўйхатдан ўтмаган телефонни сотиб олишдан ўзини ҳимоя қилишни истаганлар учун www.uzimei.uz сайтидан мобил қурилманинг IMEI-коди ҳолатини ёки сотиб олишдан олдин SMS (1170) ёки USSD-сўров (*1170#) орқали текшириш тавсия этилади. Бундай текширув, шунингдек, «қора рўйхат»да бўлган ўғирланган ёки йўқолган қурилмаларни сотиб олишдан сақлаб қолади.

Рўйхатга олиш эгасининг шахсий номига боғлаб қўйишни ўз ичига олмайди, телефонингизни сотишда ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги керак. Мобил алоқа операторини ўзгартирганда ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Нотўғри ёки клонланган IMEI-кодлари бўлган мобил қурилмалар UZIMEI ягона маълумотлар базасида рўйхатдан ўтказилмайди. Агар мобил қурилма тўғри IMEI-кодига эга ва мамлакат ҳудудига қонуний олиб кирилган, лекин импортёр ёки ишлаб чиқарувчи томонидан рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, жисмоний шахс UZIMEI ягона маълумотлар базасида қурилманинг барча IMEI-кодларини маҳаллий мобил алоқа операторлари тармоғида биринчи тармоқ жараёни содир этилгандан сўнг 30 календарь кун ичида рўйхатдан ўтказиши керак.

Мобил қурилмангизнинг IMEI-кодини билиш учун клавиатурада *#06# комбинациясини киритишингиз керак. Худди шундай код қурилма қутисига ҳам қўлланилади ва баъзи моделларда у батареяси остида мавжуд бўлади.

Юқорида айтиб ўтилганидек, 1 декабрдан бошлаб IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш пуллик бўлади. Ҳар бир қурилма учун импортёрлар БҲМнинг 20 фоизини, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар - БҲМнинг ўн фоизини, биринчи тармоқ жанаёнидан бошлаб 30 календарь кун ичида мустақил рўйхатга олган жисмоний шахслар - БҲМнинг 20 фоизини тўлайди. 30 календарь кунидан ошган ҳолда рўйхатдан ўтказилган тақдирда, унинг учун тўлов миқдори БҲМнинг 25 фоизига кўтарилади.

Мақоланинг нашрга тайёрланиши жараёнида муштарийдан: «Айни дамда чет элда ўқияпман, у ерга сентябрда кетган бўлсам, шундан энди май ойида қайтаман. Агар мобил қурилмамдан шу йилнинг май-сентябрь ойларида Тошкентда фойдаланган бўлсам, кодни рўйхатдан ўтказишим керакми? Ва агар келганимдан сўнг мобил операторини ўзгартирсам-чи?», деган савол келиб тушди ва унга вазирлик мутахассислари зудлик билан жавоб бердилар.

Жавоб: мобил телефонларнинг IMEI-кодларини 2019 йил 1 апрелдан 1 ноябргача рўйхатдан ўтказиш автоматик режимда амалга оширилади. Ушбу давр мобайнида мобил телефондан фойдаланганингиз учун ушбу мобил қурилманинг IMEI-коди аллақачон UZIMEI ягона маълумотлар базасида автоматик тарзда рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак ва уни Ўзбекистонга қайтганингизда рўйхатдан ўтказиш шарт эмас.

Александр Зотов

«Правда Востока».

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech