18 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15 °C

Маданият
14 Мар  2019 5022

Наманганликлар учун миллионта китоб

Қўлида китоб тутган йигит-қизларнинг тўпланиб олиб ёки дарахтлар тагига қўйилган курсиларга ўтирганча ё кўчаларнинг ўзида нималарнидир жонли баҳслашаётгани манзарасига сўнгги йилларда қанчалик тез-тез дуч келяпсиз? Кутганингиздан сезиларли кам бўлса керак. Ундай бўлса, Наманганга бир келинг! Бу ерда сўнгги бир неча кун ичида худди шундай муҳит ҳукмрон.

 

Ана, уч нафар хушқомат, қорасоч, дугона талаба-қизлар шоира Зульфиянинг шеърларини ёддан ўқимоқда, ҳар замон-ҳар замон чиройли безак берилган китобга қараб қўйишади. Ана, бир тўда болалар келишмоқда, кийимидан мактабдан уйига қайтаётган ўқувчиларга ўхшайди. Қўлларига қарадим. Бирининг қўлида Умар Ҳайём асарлари тўплами, бошқасида Алишер Навоий асарларидан бир том, учинчиси, рус классик-шоирлари шеърлари тўпламини қизиқиш билан варақлайди. Хуллас, қанча жанр ва муаллифлар борлигини санаб ҳам бўлмайди. Мамлакатимизнинг нақ адабиёт пойтахти, деяверинг!

Бунинг бари Президентимиз ташаббуси туфайли, у маънавий бойликсиз баркамол авлодни тарбиялашнинг мумкин эмаслигини кўп такрорлайди. Бундан икки йил муқаддам давлатимиз раҳбари «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойишни имзолади. Унинг доирасида аҳоли, айниқса, ёшлар орасида бадиий жиҳатдан юксак, интеллектуал савияни ўстиришга хизмат қиладиган миллий ва жаҳон классик адабиёти дурдоналарига бўлган талабни ўрганиш борасида ишлар олиб борилади. Шу билан бирга, китобларни чоп этиш ҳамда аҳолига етказиб беришни ўз ичига олган бошқарув тизимининг, шунингдек, жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ва ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини чет тилларига таржима қилиш, китоб тарқатиш тизимини янада ривожлантириш ва аҳолининг кенг қатламини қамраб олиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш, чоп этилаётган китобларни аҳоли ўртасида оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш, китоб муаллифлари билан ижодий учрашувлари, китоб байрамлари ва ярмаркаларини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш ва бошқа кўпгина ишлар амалга оширилади. Хуллас, давлатимиз раҳбарининг аҳоли, айниқса, ёшлар орасида мутолаа маданиятини ошириш каби ҳаётий ўта муҳим муаммога эътибори сабаб республикамизда мислсиз ҳодисалар юз бермоқда... Хўш, бу борада аҳоли вакилларининг ўзи нима дейди?

- Куни кеча «Наманганни энг кўп китоб ўқийдиган вилоятга айлантирамиз» шиори остида «Китоб карвони» етиб келди, - дейди ҳаяжонини яширмай, саволларимизга жавоб бера бошлади Наманган педагогика коллежи ўқувчиси Мафтуна Раҳимова. – Буни сўз билан таърифлаш қийин, Президентимизнинг совғаси, яп-янги, ҳали босмахона бўёғи ҳиди келиб турган китобларни кўриб етти ёшдан етмиш ёшгача барча ҳайратда! Миллионта китоб олиб келишибди! Шеърият, наср, миллий ва жаҳон классик адабиётлари, замонамизнинг таниқли муаллифлари асарлари! Энди наманганликларнинг республикамизда энг кўп китоб ўқийдиган вилоятга айланиш учун бор куч-ғайратини ишга солишларига ишончим комил. Буни уддалашимизга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилишингиз мумкин, - дейди Мафтуна, «атрофга бир қаранг», дегандек қўлларини ёйиб.

Атрофда эса биз мақола бошида келтирган манзара. Ҳақиқатан ҳам, маҳаллий аҳоли ўтказиб юборилганлар ўрнини тўлдиришга ва яна қоғозда босилган китоб ўқишга қатъий бел боғлаган.

- Биз ёши улуғ кишиларнинг ҳозирги жуда кам мутолаа қиладиган ёшларни тушунишимиз қийин. Ёшларнинг қизиқиши бутунлай бошқачалигини кўриш афсусланарли эди, масалан, компьютер ўйинларига, - дейди ёзувчи Исоқжон Нишонов. – Ахир, айнан, китобларга инсонларнинг бой тажрибалари ва билимлари, олам-олам ғоялари, усуллари-ю стратегиялари жо бўлади. Босма нашр дунёқарашни шакллантиради – тўғри китобларни мутолаа қилган инсон дунёга ўзгача кўз, назар билан боқа бошлайди, билими ва тафаккури бойийди, дунёга бўлган муносабати ўзгаради, фикрлари тиниқлашиб боради.

Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, китоб ўқиш кўплаб саволларга жавоб топишга ёрдам беради, маълум ва керакли маънавий ҳамда ахлоқий қадриятларни пайдо қилади. Наманганликларнинг хурсанд чеҳраларини, ёшларнинг худди шундай иштиёқ ва кўтаринкилик билан кутубхоналарга боришини кузата туриб, ишончим комил бўлдики, энди одамлар мутолаа завқини яна қайта туяди, улардан янги билимлар олади ва китобларнинг жонли ва ғоят қизиқарли оламини тарк этишни истамай қолади. Президентимизнинг мутолаа маданиятини ошириш муаммосига эътибор қаратиши ва ёшлар маънавиятини ривожлантириш ва тарбиядаги бўшлиқларни тўлдиришга бор куч-ғайратини сарфлаётганининг ўзи жуда муҳим ҳодисадир, - дея таъкидлайди ёзувчи.

Чуст туманидаги 6-мактаб ўқувчиси Сабина Мубуллаева ҳам ҳаяжонини яшира олмай сўз устасининг айтганларини такрорлайди. Қизалоқ кўзларида ҳайрат билан атрофга боқмоқда.

- Мактабимизда узоқ йиллар давомида бадиий адабиётлар жуда танқис эди, энди турли жанрдаги, ўзбек ва рус тилларидаги китоблар кўпайди. Ёш авлод вакиласи бўлишимга қарамай, китобнинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини яхши тушунаман. Бугун кўплаб ёш қизлар ва ўғил болалар қимматли вақтини мутлақо фойдасиз ишлар ва эрмакларга совуради. Бу эса ҳозирги жамиятнинг нозик нуқтаси. Илгариги кишилар кўп китоб ўқишгани сабабли қизиқарлироқ, ақллироқ ва билимлироқ бўлишган, деб ўйлайман. Давлатимиз раҳбарининг бу муаммо билан курашаётганини, ёшлар орасида адабиётга бўлган қизиқишни уйғотишга ҳаракат қилаётганини кўриш қувонарли. Миллионта китобнинг уни барча ёшдаги одамлар орзиқиб кутган ҳудуддаги мактаблар ва маҳаллаларига тарқатилишини бир тасаввур қилинг-а?!

Шунингдек, ушбу тадбирни тарғиб қилиш мақсадида Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида шоирлар ўртасида «Мушоира» беллашуви ўтказилди. Тадбирга тўпланган биз мактаб ўқувчилари ва талабалар у ерда таниқли сўз усталари – драматург Ғофур Шермуҳаммад, шоиралардан Дилбар Ҳайдарова, Энахон Сиддиқова, Зуҳра Алиева, Хуршида Қўчқорова, Антонина Иплина ва бошқаларни ўз кўзимиз билан кўрдик. Улар ўзларининг келгусидаги ижодий режалари ҳақида гапириб беришди, соҳанинг сир-асрорлари билан ўртоқлашишди, маҳорат сабоқлари беришди. Ташриф буюрганларнинг кўпига бу ердаги адабий руҳият кўчди ва буни узоқ вақт эсларидан чиқармасалар ҳам керак.

... Бизга яна бир қанча наманганликлар ўзларининг ҳайрату қувончга тўла фикрларини изҳор этишди, ва афсуски, уларнинг барини саҳифаларимизга жойлаштиришнинг имкони йўқ. Президентимизнинг ушбу ташаббуси бадиий адабиёт мутолаасини нафақат биз ёш катта авлод вакиллари орасида, балки ёшлар ўртасида ҳам оммалашишига кучли туртки бўлиб хизмат қилади.

Феруза Отахонова.

Юлия Саримсокова.

«Правда Востока» мухбирлари.

Наманган вилояти.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech