18 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,3 °C

4 Июн  2019 3654

Қоғозбозлик ва лоқайдлик лабиринти: бунда тадбиркор қандай йўл топиши керак?

Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорлар муаммоларини ҳал этишнинг янги механизми яратилди - Бош вазир қабулхоналари.

Ҳужжатларни расмийлаштириш чексиз жараёнга айланади, кредит ажратиш чўзилиб кетади, мос келадиган жой тақдим этилмайди, маҳсулотлар божхоналарда туриб қолади, қўшимча солиқлар ҳисобланади - бу хусусий сектор ҳар куни дуч келадиган муаммолардан бир нечтаси, холос. Буларнинг барчаси ҳақида тадбиркорларнинг ўзи мамлакат бўйлаб ўтаётган республика вазирликлари, идоралари ва банклари вакиллари билан учрашувларда сўзлайдилар.

Муаммоларни қайд этиш эмас, балки ҳал қилиш лозим

Тадбиркорлар қанча мураккабликларга дуч келишади? Афсуски, ислоҳотларга қарамай, ҳали кўп мураккабликларга, шу боис улар билан ишлашни қайта ташкил этишга қарор қилинди. Бунинг учун Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди ҳамда унга кўра, ҳар бир туман ва шаҳарларда янги тузилма - Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари тажрибаси самарали экани исботланган, бироқ тадбиркорликка алоҳида эътибор зарур.

Ҳужжатларни тушунтириш ва тадбиркорларни тинглаш учун Адлия вазири ва Савдо-саноат палатаси раиси бошчилигидаги икки йирик ишчи гуруҳ ҳудудларга йўл олди. Таркибига - 50 га яқин деярли барча республика ҳокимияти ва молия тузилмаларининг биринчи шахслари, маҳаллий ҳокимликлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда бошқа ходимлар киритилган. Келгуси ҳафталарда хусусий секторнинг ўн мингдан ортиқ вакиллари, жумладан, хорижий инвесторларни ҳам, қамраб олиш режа қилинган.

– Бунинг оддий учрашувлардан сезиларли фарқ бор. Ҳозиргиси маърузалардан иборат бўлиб қолмаслиги,  балки ҳақиқий мулоқот бўлиши лозим. Бироқ шикоятлар қайд этилиши билан чекланмаймиз - ишга жуда жиддий киришилган, – дейди ишчи гуруҳ раҳбарларидан бири, Адлия вазири Русланбек Давлетов. – Давлатимиз раҳбари тадбиркорларнинг ҳар бир мурожаатига қисқа муддат ичида ечим топиш вазифасини қўйди. Агар имкони бўлса – ўша жойнинг ўзидаёқ. Энг кўп муддат - бир ҳафта ичида. Бирорта мурожаат эътибордан четда қолмайди. Мамлакат келажаги уларнинг қарорига боғлиқ, чунки тадбиркорлик - иқтисодиётнинг юритгичидир.

Тўрт йиллик оворагарчилик... ечим қандай?

...Соат эрталабки тўққиз бўлди, Когон тумани ҳокимлиги мажлислар залига одамлар ҳали келишда давом этмоқда. Бу ерда Адлия вазирлиги бошчилигида гуруҳнинг биринчи учрашуви - Бухоро, Когон, ва Қоровулбозор туманларидан ишбилармонлар ташриф буюрган. Ишчи гуруҳга мурожаат қилишни истаганлар жуда кўп - залда 200 дан ортиқ киши ўтирибди. Биринчи бўлиб вилоят марказида аҳолига маиший хизмат кўрсатувчи «Ҳалим обод савдо» МЧЖ раҳбари Ҳаким Бобоқулов мурожаатини бошлади. У тўрт йиллик сарсонгарчиликдан ғазабда.

– Олдинги 1750 квадрат метрлик участкани давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишди ва ўрнига нима беришди? Фақат 600 квадрат метр жой беришди, холос, – дейди тадбиркор. – Қолгани кафолат мактубида ваъда қилинган, аммо амалда - узоқ куттириш, қуруқ расмиятчилик учун ёзилган хат, яроқсиз участкаларни таклиф қилишди, боз устига, ҳатто, фойдаланилмаган жой учун солиқ ундиришга ҳаракат қилишди. Қаерга бормайин, ҳеч қандай ёрдам беришмади.

Маҳаллий ҳокимият вакиллари: «Бу масалани ўрганиш керак», деди. Бироқ учрашувни олиб борган Адлия вазирининг ўринбосари Акбар Тошқулов шундай деди: «Етар, тўрт йил мобайнида етарли ўрганибсизлар. Шаҳар меъмори, кадастр хизматини чақиринг. Бугуноқ бу масалани ҳал қилиш керак». Шунингдек, бизнес-омбудсман аппарати вакили ҳам қўшимча қилди: «Вазият илгари назоратга олинган, тадбиркорга нисбатан чиндан ҳам адолатсизликка йўл қўйилган». Хўш, ҳал этиш йўлини топишдими? Бу ҳақда қуйида.

Қамбар Қулиев ҳам юрагидаги оғриқ билан гапирди. Оҳактош ишлаб чиқариш бўйича «Мироншоҳ Автотранс Сервис» МЧЖ раҳбари газ етказиб бериш узиб қўйилгани сабабли корхона ишини тўхтатишга мажбур бўлибди. Тадбиркорликни 1997 йилда бошлаган, ўз биноси бор ва маҳсулотига бўлган талаб ҳам катта. Боз устига 2018 йилда 250 млн. сўмлик кредит олган. Агар фаолият тадбиркорнинг айби билан тўхтаб қолмаган бўлса, кредитни қандай қайтариши мумкин? Энди мол-мулкини сотишига тўғри келадиганга ўхшайди…

«Ўзтрансгаз» АК мутахассиси қарор уларнинг ваколатига кирмаслигини тушунтирди. Газ бор, бу муаммо эмас. Унинг таъминоти эса қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларга «зангори олов» етказиб беришни тўхтатиш тўғрисидаги марказлашган қарор билан тўхтатилган.

– Вилоятдаги тегишли корхоналарнинг бир қисми газ олади, уларнинг рўйхати тасдиқланган, – дея изоҳ берди вилоят ҳокими ўринбосари Жамол Носиров. – Рўйхатга мазкур МЧЖни ҳам киритиш қолган истовчиларга нисбатан тенг кўрмаслик бўлади.

«Унда мен нима қилишим керак?» сўрайди тадбиркор. Унга ҳам, кўплаб ҳамкасблари сингари, кўмирдан фойдаланишга ўтишни таклиф қилишди. Аммо бунда маҳсулот ўз истеъмол хусусиятларини йўқотади, яъни қорайиб кетади.

Бугун ушбу муаммо бутун Ўзбекистон бўйлаб кўплаб ишбилармонларни ташвишга солмоқда. Шу боис муаммони республика даражасида кўриб чиқишга қарор қилинди. «Ўзтрансгаз» АЖ қонунчилик жиҳатини ҳисобга олмоқда, унинг ҳудудий филиаллари юқорида тасдиқланган рақамларни кутмасликлари керак, балки ўзлари қанча маҳаллий корхоналар газга фавқулодда муҳтожлигини асосли ҳисоб-китоблар билан тақдим этишлари лозим. Савол мураккаб ва ҳукумат томонидан назоратни талаб қилади.

Кредит тузоғи

Бухоро туманидан «Рухсат Шаҳноза» ХК раҳбари Шавкат Қудратов яна бир умуммиллий оғриқли нуқтага тўхталиб ўтди. Валюта курсини либераллаштиришдан олдин музлатгич омбор қуриш мақсадида хорижий валютада кредит олган ва ундан кейин унинг миқдори кескин ошиб кетган, яъни сўм эквивалентида 624 миллиондан қарийб икки миллиард сўмгача! Тадбиркор тўғри айтди: «Курснинг либераллаштирилишини олдиндан билганимда кредит олмаган бўлардим? Энди уни қайтаришнинг сира имкони йўқ».

Банк вакилининг айтишича, унга имконият берилибди, шу ва шунга ўхшаш ҳолатларда тўлов муддати етти йилдан 10-12 йилгача узайтирилибди. Бироқ доллар курсининг ўзгариши молия муассасасининг ваколатига кирмайди. Ишчи гуруҳ ушбу масалани Вазирлар Маҳкамасига тақдим этди.

Умумдавлат даражасида кўтарилиши керак бўлган яна бир масала замонавий тиббий асбоб-ускуналарни олиб кириш билан боғлиқ. Жанубий Кореянинг «Korea Medikal Fund Sangwon Clinik Himchan» ҚК инвесторлари Бухорода замонавий клиникани очишга қарор қилишди, аммо даволаниш учун ускуналар етказиб берилмади. Аввал уларни рўйхатдан ўтказиш керак ва бу Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун масъулият. Божхона эса ускуналарга код берилиши билан ўтказиб юборишга тайёр…

Қизиғи шундаки, лойиҳа учун инвестицияларнинг умумий миқдори жуда катта - олти миллион доллар, унинг ярми ўша ускуналар учун, улар эса божхонада тўхтаб қолган. Тўғри, технология янги ва бизга нотаниш. Бироқ ишчи гуруҳнинг қайд этишича, бунинг учун жуда кўп ҳужжатлар талаб этилади ва уларни кўриб чиқиш муддати ҳам катта. Камайтириш керак. Масалани ҳал этишда Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси ёрдам бериши лозим.

Яна қанча чўзиш мумкин?

Ўнлаб мурожаатлар орасида турли муаммоларнинг умумий хусусиятлари - масъул шахсларнинг тадбиркорлар ҳолатига бефарқлигидир. Кўпчилик ўз ишини рисоладагидек бажаришни истамайди. Қоровулбозор туманидаги тадбиркор аёл ҳаммом қурмоқчи бўлди. Ер ажратилган, «Обод қишлоқ» дастури бўйича 200 миллион сўмлик кредит ҳам таклиф этилган. Фақат бунинг учун гаров керак. Гаров сифатида ҳаммомни илгари қурилиши тугалланмаган бино сифатида расмийлаштириш режалаштирилган. Лекин унга ҳали ҳам кадастр берилмаган. Ишчи гуруҳ фақат ҳайратга тушди – бунда муаммо нимада? Майли, расмийлаштираверишсин, ниҳоят...

Бошқа бир тадбиркор ҳам ер майдони ололмаган – у қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш корхона қуришга ва бунинг учун 1,3 млрд. сўм сармоя киритишга тайёр эди. Бунинг учун 20 сотих ер керак бўларди, яна 50 киши иш билан таъминланарди. Аммо бухоролик амалдорлар жой топиб бера олишмади... Лекин учрашувда Когон туманидан мос жой топиш варианти танланди.

Яна бир ҳолат бозордаги жой билан боғлиқ. Учрашувда маҳаллий ҳокимият органлари бунда қуръа ташланиб, унга кўра жойлар ажратилганини айтишди. Тадбиркор эса ишонч билан ҳеч қачон бунинг бўлмаганини айтди. Айтишича, 65 млн. сўм қўшимча харажат талаб қилишган.

Кредитлар билан боғлиқ муаммолар тез-тез янгради. Бир жойда кредит берилмайди, бошқасининг шартлари тўғри келмайди ва гоҳо тадбиркорнинг ўзи лойиҳанинг барча жиҳатларини тўлиқ ҳисобга олмаган бўлади. Жумладан, сўзга чиққанлардан бири «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури бўйича экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун саккиз фоиз ставкали имтиёзли кредит сўраган. Унга бундай фоизли кредит, биринчи навбатда, аҳоли бандлигини таъминлашда сезиларли ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар учун ажратилишини тушунтиришган. Ва унга Марказий банкнинг маҳаллий бошқаруви ёрдам берадиган тегишли банкни топишни таклиф қилишди.

Зарарни ким қоплайди?

Агар Когон қабулида сўзга чиқишни истаганлар кўпчиликни ташкил этган бўлса, Қоракўлда улар сони камроқ эди. У ерга, Жондор ва Олот туманлари аҳолиси ташриф буюрди. Чандир қишлоғидан Рустам Рўзиевга нисбатан қилинган ўзбошимчалик, айниқса, эсда қоларли бўлди.

– 2018 йилнинг январь ойида маҳаллий ҳокимият 19 йилдан бери ишламай ётган болалар боғчасини тартибга солишни топширди. Мен бу топшириқни ўз ҳисобимдан харажат қилиб, уддаладим ва хусусий МТМни очиш ҳақида ўйлай бошладим, лекин ер майдонининг берилиши ҳақидаги ҳеч қандай қарорни кўрмадим. Бир йилдан ошиқ вақтдан бери кутяпман, – дейди Р. Рузиев. – Маълум бўлишича, бу орада бинони Мактабгача таълим вазирлиги балансига ўтказибдилар, улар эса уни тендерда сотиши мумкин. Хуллас, кўрган зараримни ким қоплаб беради?

Бу ерда Тошкентдан юксак меҳмонлар келишини кутиб ўтирмай, қоғозбозлик лабиринти бўйлаб овораю-сарсон қилмай ҳал этса бўладиган вазиятлар жуда кўп эди. Ижарада тўқувчилик цехи фаолиятини юритаётган тадбиркор аёллардан бири «Ёшлар – келажагимиз» дастури бўйича ер майдони сўради. ННТ оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича раҳбари ҳам ижтимоий аҳамиятга эга ишлаб чиқариш учун жой сўради. Фермер - чорва моллари сотиб олиш учун кредит. Наҳотки, маҳаллий ҳокимият органлари улар учун мос вариантлар топа олмаган?

Учрашувни туманда яшовчи фуқаро аёллардан бири тадбиркорликни қўллаб-қувватлагани учун Президентга миннатдорлик билдириб якунлади. Ишчи гуруҳнинг келишини ўзининг туғилган кунига мос келиб қолган байрам, дея атади. Учрашувларнинг биринчи куни ана шундай кўтаринки руҳда ўз якунига етди. Унинг натижаларига кўра, ишчи гуруҳ 40 кишининг мурожаатини шахсан тинглади ва деярли эллик кишининг ёзма мурожаатларини қабул қилди. Масалаларнинг бир қисми, масалан, мақола бошида келтирилган Ҳаким Бобоқуловнинг иши, жойида ҳал этилди. Биринчи натижалар – кўзга кўринарли.

Фикр:

Акбар Тошқулов,

Адлия вазирининг ўринбосари:

– Президентимиз май ойида тадбиркорлик бўйича алоҳида учрашув ўтказиб, олдимизга муаммоларнинг ҳал этилиши кераклиги борасидаги муҳим вазифани қўйди. Жойида ҳал қилиниши мумкин ва керак бўлган кўплаб мисолларга дуч келдик. Барчаси умумий маълумотлар базасига киритилди ва энди одамларнинг ўзидан қарордан мамнунми-йўқми эканини шахсан билиб олиш мумкин. Уларнинг розилиги олинмагунча, масала ёпилмайди. Хусусий сектор вакиллари ушбу янги механизмнинг амалда ишлашига ишонишлари лозим. Айрим масалалар маҳаллий даражада кўриб чиқилиши мумкин, баъзилари вилоят, энг мураккаблари эса республика даражасида кўриб чиқишга ўтказилади. Албатта, барча мурожаатлар - Бош вазирнинг назоратида. Мурожаатларга нисбатан бепарволикка йўл қўйганларни тегишли чоралар кутмоқда.

Сардор Ғаниев,

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил девонининг етакчи инспектори:

– Ишбилармонлар билан бевосита мулоқот қилиш – яхши амалиётдир. Ҳозирда кенг тарқалган муаммоларни аниқлаяпмиз, масалан, агар 100 мурожаатдан 50 таси ер хусусида бўлса, демак улар тизимли тавсифга эга. Ҳар бир вазиятнинг ўз илдизлари мавжуд. Уларни бартараф этиш учун баъзи ҳолларда норматив ҳужжатларни ўзгартириш керак бўлади. Биз қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тегишли таклифлар тайёрлашда иштирок этяпмиз ҳам. Агар бузилишлар мавжуд бўлса, уларни бартараф этиш борасида тақдимнома киритамиз. Кўплаб камчиликларни жойида бартараф этиш ҳокимиятнинг ҳудудий органларга боғлиқ. Бироқ ўз ҳуқуқлари ва юридик жиҳатларни билиш масаласи ҳам муҳим ҳисобланади. Баъзилар оғзаки ваъдаларга ишонади, лекин ҳар қандай ҳаракат ҳамиша расмий тасдиқланиши лозим. Шу боис ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш ва қарор қабул қилишнинг шаффофлигини ошириш керак.

Рамил Исломов.

«Правда Востока»нинг махсус мухбири.

Бухоро вилояти.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech