19 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +31,7 °C

Ташвишли хабар
17 Дек  2018 5080

Кутилмаган таҳдид: ёхуд айрим ўсмирлар нега зарарли одатлар қулига айланмоқда?

«Правда Востока» газетасининг 30 октябрь сонида эълон қилинган «Лирика» ва трамадол: дорихона препаратлари нега наркотикларга айланмоқда?» мақоласи Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва бошқа ҳудудлардаги муштарийларимиз ўртасида катта акс-садо уйғотди. Шу муносабат билан таҳририятга исм-шарифи ошкор бўлишини истамаган аёл мурожаат қилди. Унинг айтишича, юқорида номлари келтирилган дорилар нотиббий мақсадларда суиистеъмол қилинаётган ягона воситалар эмас.

Уларни шартли равишда кўзларга томизилувчи №  1, 2 ва 3 дориси, дея қолайлик. Тушунарли сабабларга кўра, дори воситаларининг номини тўлиқ келтирмаяпмиз, агар ваколатли инстанция ва хизматларда бунга қизиқиш пайдо бўлса, таҳририят уларнинг номларини беришга тайёр. Бундай воситаларнинг ишлатилиши бўйича қўлланмаларида сотиш фақат рецепт орқали экани кўрсатилган.

Дорихоналарда ушбу препаратлар рецептсиз ва шифокор тавсиясисиз сотиладими-йўқми аниқлашга қарор қилдик. Шундай қилиб, биринчи навбатда пойтахтнинг Миробод, Яшнобод, Чилонзор, Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида 30 га яқин, шунингдек, Самарқанддаги саккизта муассасани айланиб, № 1, 2 ва 3 дориси борми ёки эркин савдога чиқарилганини ўргандик. Кўпгина муассасаларда бундай дорилар йўқ ёки улар талабга мувофиқ доринома бўйича сотилмоқда. Фармацевтларнинг айтишича, уларни асосан, ёши катта кишилар харид қилади, аммо баъзида ўсмирлар ҳам келишар экан. Бироқ дорихоналарни айлана туриб, уларни барибир топса бўлишини ва шифокор тавсиясини кўрсатмай харид қилиш мумкинлигини аниқладик.

Исм-шарифини ошкор қилмаслик шарти билан фармацевтлардан бири билан гаплашишга муваффақ бўлдик:

№ 1, 2 ва 3 препаратлари дориномага асосан, фақат ёши катталарга сотилиши керак. Аммо амалда айрим дорихоналарда ушбу дори воситасини ўсмирлар ҳам сўрашади ва харид қилишади. Агар ота-онаси бундан хабар топса, келиб, фарзандларига бундай дори воситаларини сотмасликни талаб қилиб, можаро қилишади.

Айрим болалар, уларнинг тили билан айтганда, «бўшашиш» учун ушбу кўзга томизиладиган дорилардан фойдаланади, - дейди ўғли препаратлардан нотиббий мақсадда фойдаланишидан азият чекаётган бир аёл. - Уларнинг нотўғри қўлланилишидан пайдо бўладиган ножўя таъсирини ўз шахсий тажрибамдан биламан. Фарзандингнинг кўз олдингда «сўлиб» бораётганини кўриш даҳшатли, сен эса сувга туша олмай муз устида питирлаётган балиқдай ҳеч нима қила олмайсан. Балки бундай ҳолатлардан қочиш ва ўсмирларни зарарли одатлардан сақлаш учун бу каби дориларни вояга етмаганларга сотишни тақиқлаб қўйиш керакдир?!

Дорихона препаратларидан нотиббий мақсадларда фойдаланишнинг оқибатлари қандай? Нима учун одамда унга нисбатан талаб пайдо бўлади? Тошкент шаҳар наркологик диспансери нарколог-психотерапевти Абдужамшид ПЎЛАТОВ шундай дейди:

- Бугун дорихона препаратларидан (синтетик ва  ярим синтетик) нотиббий мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Албатта, бунга қарши фаолият олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикасида айланиши тақиқланган ёки чекланган наркотик, психотроп моддалар ва прекурсор (наркотик моддалар рўйхатига киритилган модда)лар рўйхати мавжуд. Зарурат туғилганда рўйхат янгиланади. Аслида, шифокор тавсияси билан фойдаланилган ҳар бир дори - ўзига хос алмаштириб бўлмас препаратдир. Аммо ўзбошимчалик билан уларни нотиббий мақсадларда ишлатиш онгда ўзгаришларни келтириб чиқариши ва руҳий ҳамда жисмоний боғланиб қолишни ҳосил қилиши мумкин.

Атрофда содир бўлаётган ҳамма нарсага қизиқиш инсонга хос хусусиятдир. Унинг танлови эса, қизиқишлари доирасига айнан, нималар кириши билан асосланади. Агар енгил-елпи ҳаётни кўнгли тусаса, қандайдир восита ёрдамида ақл-идрокни ўтмаслаштириш истаги пайдо бўлади, у бундай воситани топиш ва қабул қилиш йўлларини қидира бошлайди. Бу ҳалокатли йўлни танлашда уларнинг атрофидаги одамларнинг ҳам роли катта. Гиёҳвандликка берилган ёки тақиқланган препаратларни тарқатаётганлар ҳам уларни тўғри йўлдан тойдириши мумкин. Бундай таъсирга эса, асосан, болалар ва ўсмирлар осон тушади. Негаки, уларнинг руҳияти ва қадриятлар тизими тўлиқ шаклланмаган бўлади.

 Бундай кишиларнинг яқинлари ва қариндошлари, ўз саломатлигига бўлган эътибори сусаяди. Улар моддий нарсаларга ўралашиб қолади, ҳамма нарсага тез ва осон эришишни истайди, айримлари эса қандайдир восита барча масалаларини ечиб бера олади, деган қарорга ҳам келади. Бу кўпинча ўз шахсий ҳаёти барбоди эвазига тўланадиган алдовдир.

Танлаш эркинлигини йўқотиш

- Дори воситаларини нотиббий мақсадларда қабул қилувчи кишига қандай оқибатлар хавф солади?

Улар хавфли. Жуда катта хавф. Бунга мос сўзни топиш мушкул. Инсон организмига тушувчи ҳар қандай кимёвий воситанинг ижобий ва салбий хусусиятлари бўлади. Мижозларимдан дорини қўллашдан олдин тўғри келиши ёки келмаслигини билиб олиш учун қисқача изоҳини ўрганганми йўқми тез-тез сўраб тураман. 60 фоизга яқини салбий жавоб беради (дарвоқе, дорихона ходими харидорнинг эътиборини дори воситаси ёки тиббий буюмларга оид қўлланмани диққат билан танишиб чиқишига қаратиши зарур - Дори воситаларини ва тиббий буюмларни улгуржи реализация қилиш тартиби тўғрисидаги Низом 5-боб, 28 пункт – муҳаррир иловаси).

Умуман, психоактив дорилар маълум дозаларда турли хасталикларда тайинланади: руҳий бузилишлар, оғир жароҳатлар, саратон касалликларида. Шифокор тавсиясисиз ўзбошимчалик билан бундай дориларни қабул қилаётган киши организмига, бош мия ҳужайраларига, жигарнинг ҳолатига (сурункали гепатит, цирроз) ва буйракларга, ошқозон-ичак тракти фаолиятига салбий таъсир қилувчи кимёвий моддалар тушади.

Психоактив моддалар қабул қилингандан кейинги асоратлар эса жуда даҳшатли. Негаки, зарарли эканини яхши англай туриб, инсон уларни қабул қилишда давом этади. У ўз идрокини, эркин фикрлашни, танлаш эркинлигини йўқотади (нима яхши-ю, нима ёмон ажрата олмай қолади). Идрок қилиш қобилиятидан мосуво бўлиб, бу қобилиятни моддага қўш қўллаб топширади, қўпол қилиб айтганда, унинг қулига айланади. Руҳий боғланиб қолиш, деб шунга айтилади. Амалиётимда: «Уни доим истеъмол қилмайман, исталган пайтда ташлаб кета оламан», дейдиганлар кўп учрайди. Айниқса, ёшлар ўзини шундай, деб оқламоқчи бўлади. Инкор этишнинг сабаби эса, бундай инсонларда организмига наркотик моддалар туша бошлагач, шахсда патологик қисм пайдо бўлади. Ва бу патология кун сайин кучайиб боради.

Одатда наркотикларга боғланганлар атрофида худди ўзига ўхшаган «ҳамфикрлар» пайдо бўлади, баъзан уларнинг ўзи ҳам кишининг бу оғир аҳволдан чиқишга йўл қўймайди. Ўта оғир ҳолатларда, инсонда тикланиш ресурслари тугаганда эса шахс таназзули кузатилади.

Баҳона – ҳаммамиз бандмиз

- Инсоннинг бирор препаратга боғланиб қолишини кўрсатадиган умумий аломатлари борми?

- Одамнинг қандай препарат истеъмол қилаётганини аниқлаш мушкул: биринчидан, унинг ўзини тутиши ва феъл-атворидаги ўзгаришларни билиш лозим, иккинчидан, бирорта кўринарли аломатлар бўлмаслиги мумкин ёки препаратнинг таъсири шунчалик тез ўтиб кетадики, бирорта ножўя ҳолатни сезишга улгурмай қоласиз. Баъзида, ҳатто, таҳлиллар ҳам манзарани тўлиқ кўриш имконини бермайди.

Агар киши ҳамма нарсага лоқайд, ҳиссиз, масъулиятсиз бўлса, ўзини тутиши бошқача бўлиб қолса, кун давомида кайфияти бесабаб ва тез-тез ўзгариб турса, шахсий ривожланиши тўхтаган бўлса бонг уриш керак.

Мутахассислар наркотикка боғланиб қолган кишиларни икки тоифага ажратадилар. Биринчиси, шахс сифатида шаклланиб бўлгандан сўнг препаратларни қабул қила бошлаганлар. Бунда организмдан зарарли модда кетгач, мияси равшанлашгач, тўғри йўлга қайтиш кераклигини дарров тушуниши эҳтимоли мавжуд. Иккинчиси, анча қийини – асосан, ички руҳий таянчи йўқ, оддий ҳаётий қоидаларни англаб етмаган, масъулият тушунчаси ҳали номаълум ўсмирлардир. Улар орасида фарзанди учун ота-онаси ҳаммасини ҳал қиладиганлари кўп. Бундай мижозлар реабилитация жараёнининг тўлиқ курсини ўташи лозим. Терапиядан сўнг ота-она ҳам унга янгича яшашига қўйиб беришлари керак. Борди-ю, яна ўша эски услуб, қонун-қоидаларга қайтилса, қайталанишни кутаверинг.

XXI аср муаммоси - оммавий бандлик эканини таъкидламоқчиман. Бутун диққат-эътиборимиз истеъмолга қаратилган, яқинларимизни билмаймиз, уларнинг хатти-ҳаракатларини тушунмаймиз... Ота-оналар фарзандини олиб келиб, унга нима бўлганини тушунишга ёрдам беришимни сўрашади. Шундаям мутахассис (ўқитувчи, шифокор)лар жигарбанди муаммосини бартараф этиши лозимлигига алоҳида урғу беришади. Нега ота-оналар ўзларининг тўғридан-тўғри мажбуриятларини бошқа бировларга юклашади, ўғли ёки қизалоғи қандай яшаб, қандай нафас олаётганини билишсайди?!

Ихтиёрийми ё мажбурий?

- Агар инсоннинг ўзи буни истамаса, терапия ёрдам берадими?

- Бир оддий нарсани тушуниш лозим, боғланиб қолиш танада ҳам касаллик бор дегани эмас. Бу психосоматика: инсоннинг дунёқараши, қадриятлари, ҳаёти асослари ўзгаради. Уни комплекс тарзда даволаш лозим. У ихтиёрий бўладими ёки мажбурий муҳим эмас. Акс ҳолда, вазият янаям чуқурлашиб кетади. Агар касал бирор жиноят қилган бўлса, терапия қамоқхонада ўтказилади.

Махсус муассасаларда хасталар ошкор этмаслик асосида даволаниш курсларини ўташлари ҳам мумкин. Илк маслаҳатда мутахассис касалга давомийлиги 25 кундан уч ойга қадар бўлган стационар терапия ўтказиш лозим.

Илк босқичда организм детоксикацияси (кимёвий моддаларни чиқариш), иккинчисида, тугаган ресурсларни тўлдириш (соғлик тикланади, иммунитет кўтарилади), учинчиси, руҳиятни мустаҳкамлаш (психотерапевт билан ишлаш) ўтказилади. Ижтимоий қайта қуришнинг ҳам ўрни катта (мижозни бирор иш топишга ундовчи суҳбатлар), эришилган ижобий натижани мустаҳкамлаш ва унинг яна қайталаниши олдини олиш мақсадида турмуш тарзини ўзгартириш лозимлиги борасида оилаларга маслаҳатлар берамиз. Агар инсон даволаниб чиққач, уч йил давомида психоактив ёки наркотик моддалар истеъмол қилмай юрса, терапиянинг омадли чиққани ҳақида гапира оламиз.

Хулоса қилиб айтишим мумкинки, бунда муаммо инсоннинг дори воситаларини нотиббий мақсадларда истеъмол қилиб, ўзига зарар етказишида эмас.  Кўплаб моддаларнинг ножўя таъсирини бунга айбдор қилиш, уларни тақиқланган ёки улар айланмаси чекланган препаратлар рўйхатига киритиш ҳам мумкин. Бироқ мияни қанақадир наркотик ёки психоактив моддаларга бўйсундирмай, мустақил равишда ривожланмасак, билимлар олиб ва ўзимиз ва яқинларимиз олдидаги масъулиятимизни оширмасак, турли заҳарловчи кимёвий воситаларга қарамлик билан курашишимизга тўғри келади.

Оксана МАЛОСАБИРОВА.

Юлия САРИМСАКОВА.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech