24 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,3 °C

Урбанизация
10 Мая  2019 4014

Ишлаб чиқариш қандай қайта жонлантирилади?

Кўпчилигимиз ташландиқ цех ва фабрика биноларини кўрганмиз. Бир пайтлар ҳаёт қайнаган бинолар эндиликда керак бўлмай қолгандек туюлади. Улар ичи, атрофи чиқиндиларга тўла бошлайди ва атрофнинг ташқи кўринишини ҳам бузиб туради. Бундай объектлар яқинидаги аҳоли эса: «Шу ташландиқ бинони суриб-текислаб ташлашса ҳам бўларди», деб ўйлай бошлайди. Аммо бундан манфаатлироқ йўли ҳам бор – уларни қайта жонлантириш.

Президентимизнинг 2018 йил 11 октябрдаги «Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан тадбиркорлик субъектларига фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини сотиш тадбирларини тезлаштиришга қаратилган тажриба эълон қилинди.

Бўш турган кўчмас мулк қиймати баҳоланмай «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончасига инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаш билан бошланғич бир сўм миқдоридаги нархда савдога қўйилади. Ушбу усулнинг афзалликлари - тезкорлик, шаффофлик ва бунга имкониятнинг мавжудлигидир.

Бундай ислоҳотлар аҳоли энг зич яшайдиган Фарғона водийсида, айниқса, долзарбдир. Ушбу минтақада республика аҳолисининг учдан бир қисми яшайди. Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласини сифатли ҳал этиш учун иш ўринлари яратишга улкан эҳтиёж мавжуд. Бу асосан, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш орқали таъминланади.

2019 йилнинг биринчи чорагида вилоятда «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончаси орқали қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ 45 та объект сотилди ва яқин вақт ичида улар базасида замонавий ишлаб чиқариш ҳамда сервис шохобчалари ташкил этиш режалаштирилган. Уларда маҳаллий ёшлардан 600 киши иш билан таъминланади.

Фарғона водийсининг ҳар бир вилоятида илгари фойдаланилмаган ишлаб чиқариш объектлари ўрнида барпо этилган корхоналарга мисоллар кўп. Масалан, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида собиқ соғлиқни сақлаш бўлими биносида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташкил этилди. Тадбиркор объектга 550 миллион сўмга инвестиция киритди ва бунинг натижасида 35 нафар ёш юртдошимиз доимий иш билан таъминланди.

Андижонда «Сабо ҳамкор барака» МЧЖ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун бўш турган маъмурий ва ишлаб чиқариш биноларини хусусийлаштирди. Трикотаж маҳсулотлари, шунингдек, гидропоника ва сувни тозалаш ускуналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхонада 1000 нафардан ортиқ киши иш билан таъминланган ва уларнинг аксариятини маҳаллий ёшлар ташкил этмоқда.

Наманган вилоятидаги «Дилбар текс» МЧЖ томонидан бўш турган собиқ ётоқхона биноси тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун қайта жиҳозланди. Инвестиция лойиҳаси қиймати - 2,5 миллиард сўм. Бу ерда 50 киши ишламоқда.

Фарғона вилояти Бувайда туманида насос станциясининг бўш турган бинолари замонавий диагностика марказига айланди. Унга киритилган инвестиция ҳажми 300 миллион сўмни ташкил этди.

Руслан Бекчонов.

Давлат активларини бошқариш Агентлигининг

Давлат активларини хусусий мулкка бериш бошқармаси

бош мутахассиси.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech