15 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +0,2 °C

Кейинги авлод
6 Сен  2019 4276

Биринчи синф ўқувчисига таълим жараёнига мослашишда қандай ёрдам бериш мумкин?

4 сентябрь куни мактаблар кўплаб болаларга биринчи марта ўз эшикларини очади. Биринчи синф болакай ва унинг ота-онаси учун ҳам яхшигина стрессдир. Хўш, унинг мактабга кўникишига қандай ёрдам бериш мумкин? Бу ҳақда ўқитувчи-психолог Шаҳноза САБДАРОВАдан маълумот олдик.

 

– Мактаб остонасига илк марта қадам қўяётган болалар стрессни бошдан кечиради. Уларнинг ҳаёти тубдан ўзгарди, муайян талаблар пайдо бўлди, энди масъулиятли бўлишни ўрганишлари керак. Биринчи синф ўқувчиларининг ота-оналари турли қўрқувлардан қийналиши ҳам ҳайрон қоларли эмас. Қуйида энг кенг тарқалган қўрқувларни кўриб чиқамиз ва улар билан қандай курашиш лозимлигини тушунтириб беришга ҳаракат қиламиз.

Биринчи қўрқув: бола мактабга боришни истамаяпти

– Аслида етти ёшли бола аллақачон ўқитувчи томонидан бериладиган ҳажмдаги материални қабул қилиши ва ўзлаштириши керак. Аммо баъзида болакайнинг тайёрлиги ва мактаб муҳити ўртасида жарлик пайдо бўлади ва кейин муаммолар бошланади. У бутун дарс давомида жим ўтира олмайди, типирчилайверади, чалғийди. Бунда болага психологик ёрдам бериш талаб этилади, шунингдек, мутахассис хотирани яхшилайдиган ва интеллектуал фаолиятни рағбатлантирадиган ноотропик препаратларни тавсия этиши мумкин. Умуман олганда, боланинг мактабга мослашишига тўртдан олти ҳафтагача вақт кетади.

Иккинчи қўрқув: икки ёки уч баҳо учун болани уришиш керакми?

– Бунда асосийси, ота-оналарнинг фарзандининг ўзлаштиришдаги муаммоларга муносабат билдиришидир. Болага далда бериш ва рағбатлантириш одат бўлган оилалар бор. Бундай ота-оналар гарчи фарзанди бошқа тенгдошларидан ёмонроқ ўқиётган бўлса-да, бегоналарга: «У ҳамма нарсани жуда тез ўрганади, жуда ақлли!», дейди. Хуллас, бола бу сўзларни эшитиб, ўзлаштиришга кўпроқ ҳаракат қила бошлайди.

Бошқа оилаларда афсуски, ота-оналар бунинг учун болага дакки беради: «Шуниям эплолмайсан-а?!», «Калланг умуман ишламайди!» каби жумлаларни ишлатади. Натижада, бола ўзини ҳамма нарсага қолоқ ва нўноқ ҳисоблай бошлайди.

Мактабдан қайтган болангизни қандай баҳолар олганини сўраш билан кутиб олмаган. Яхшиси, унга: «Мактабда чарчамадингми?», «Бугун қанақа дарс ўтдинглар?», «Мактабингда нималарни ўргатишди?», деган саволлар беринг. Бола ўзига ва ўқишига бефарқ эмаслигингизни ҳис қилса, дарров нималарни ўргатишгани, кун қандай ўтгани, қанақа баҳолар олганини, нима хурсанд ёки хафа қилганигача сўзлаб беради.

Учинчи қўрқув: бола биринчи партада ўтириши керакми?

– Ўқитувчи одатда диққат-эътибор талаб қиладиган жуда фаол, тиниб-тинчимас шунингдек, кўриш қобилияти пастроқ болаларни олдинги парталарга ўтқазишга ҳаракат қилади. Агар боланинг ўзи шунақа жойни танласа, демак у, мақсадга жуда интилувчан. Орқа қаторлар - эътибордан қочиш имконияти, «бекиниб» ўтириш осонроқ. Лекин фарзандингиз олдинги партада ўтиришни истамаслигининг ҳам ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Бу боланинг ўргатиладиган материални ёмонроқ ўзлаштиришини ёки ўрганишини англатмайди.

Тўртинчи қўрқув: мактаб боласи қўлига мобиль телефон тутқазса бўлармикан?

– Умуман олганда, мактабга гаджетларни олиб келиш мумкин эмас, лекин кўпгина ота-оналар фарзандининг ўзи билан смартфон олиб кетганини билишса, хотиржамроқ бўлишади. Аммо бундай қурилмалар бугун ўқув жараёни учун ҳақиқий тўсиққа айланди: бола чалғийди, шўхлик қилади, ўқитувчига қулоқ солмайди. Ота-оналарга дарс жадвалини ўрганиш ва болани мустақил бўлишга ўргатишни тавсия этардим.

Фарзанд билан бирга уй вазифасини қандай тайёрлаш керак?

  1. Фарзандингиз мактабдан қайтгач, у билан тоза ҳавода сайр қилинг, бирга овқатланинг ва ярим соатча дам олинг. Кейин эса у дарсларини тайёрлашга ўтириши керак! Бола ўтириб дарс тайёрлайдиган алоҳида жой, китоб-дафтарлари учун жавон ажратинг, у ерга ёруғлик яхши тушадиган бўлиши лозим.
  2. Уй вазифасини бажаришнинг энг яхши вақти 15.00 дан 18.00 гача. Ушбу соатларда миянинг ишлаш қобилияти энг юқори даражада бўлади.
  3. Вазифаларни ҳамиша бир вақтда бажаришини назорат қилинг.
  4. Аввал мураккаброқ фанларни, сўнг осонроқларини бажаргани маъқул.
  5. Болани доимо назорат қилманг. Уни мустақилликка ўргатинг. Уйга вазифани олдин қорада бажарсин ва текширтириб олсин, сўнг оққа кўчирсин.
  6. Бола уй вазифасини бажарганидан сўнг, уни мақтаб қўйишни унутманг.

Таомномаси-чи?

Биринчи синф ўқувчисининг таомномаси 2400 Ккални ташкил этиши лозим. Бола учун муҳим озиқ-овқатлар – таркибида оқсил бўлган (пишлоқ, пишлоқ, сут, балиқ, гўшт, тухум) маҳсулотлардир. Ёғлар (сабзавот ва сариёғ, сметана) ҳам шунингдек, таомномада бўлиши керак, унга яна асосий энергия манбаи сифатида зарур бўладиган углеводлар ҳам (нон, картошка, дон, шакар) киритилиши лозим.

Бола таомномасида В1 (буғдой нони, буғдой кепаги, сули ва маржумак), В12 (жигар, сут маҳсулотлари, салат, кўк пиёз),  С (цитрус мевалар, резаворлар, карам, отқулоқ, картошка, помидор, олма), Е (ёнғоқ, рафинадланмаган ўсимлик ёғи, тухум) витаминлари, фолий кислотаси (кўкатлар, жигар, ловия, лавлаги, тухум, пишлоқ, ёнғоқ, дон), фосфор (олма, ёнғоқ, фундуқ, ерёнғоқ, гулкарам, пишлоқ, гўшт, тухум, кўкатлар), олтингугурт (карам, картошка, сабзи, ловиялар), рух (буғдой кепаги, ундирилган буғдой, товуқ, мол гўшти, қаттиқ пишлоқ) ва кальций (сут маҳсулотлари, кўплаб мева-сабзавотлар, буғдой кепаги, ловиялар) бўлиши лозим.

Юлия Резникова ёзиб олди.

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech