13 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +1,1 °C

Инвестициялар
21 Авг  2019 1441

Республикамизнинг инвестиция оҳанрабоси

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил март ойида вилоятга ташрифи чоғида Навоий вилоятини инвестиция ва инновация марказига айлантириш борасидаги улкан режалар ҳақида гапирди ва ўлкани комплекс ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Бундан буён Навоий вилояти ишбилармонлар ҳудуди бўлиши керак, деди Президентимиз ва тажриба тариқасида «Навоий - тадбиркорлар вилояти» лойиҳасини амалга оширишни таклиф қилди. Президентимизнинг мазкур ташаббуси мавжуд имкониятлардан максимал даражада фойдаланган ҳолда йирик лойиҳаларни бошлашга туртки берди.

Замонавий форматдаги оммавий маконни яратиш Навоий вилояти учун 2019-2020 йилларга мўлжалланган дастур билан белгиланди. Стратегик дастурий ҳужжатдаги асосий ўсиш нуқталари умумий қиймати 26,3 триллион сўмлик 511 та инвестиция лойиҳаларига тўғри келади. Ана шулар доирасида бир миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштириш, 15 964 иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шунингдек, Навоийнинг учта етакчи корхонасида, жумладан, «Qizilqumsement» акциядорлик жамиятида ҳам, ўн иккита йирик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, унда давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифидан сўнг бир ҳафта ўтгач, қурилиши икки йилга мўлжалланган клинкер (куйдириб, тошга айлантирилган цемент) ишлаб чиқаришнинг тўртинчи технологик линияси қурилиши бошлаб юборилди. Кўп миллиардли лойиҳа энергия ресурслари истеъмолини сезиларли даражада камайтириш ва иш ўринлари яратиш имконини беради. Навоий цементчилари ишга туширадиган технологик линия – жуда яхши таассурот қолдирувчи саноат мажмуасининг тайёр маҳсулотларидан атом станциясини қуришда фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Навоий вилоятининг потенциал бренди тарғиб қилишга муҳтож эмас. Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган индустриал ҳудуди ҳамиша катта қизиқиш уйғотади ва бугун кенг бизнес доираларида, жумладан, хорижда ҳам танилган. Инвестиция объекти сифатида минтақанинг рақобатбардошлиги замирида қулай географик жойлашув, ривожланган транспорт инфратузилмаси, катта ва кичик лойиҳаларни амалга ошириш учун иқтисодий ва инсон ресурсларининг мавжудлиги ётади. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур мавзу вилоят раҳбариятининг устувор вазифалари сирасига киради ва минтақанинг инвестицион жозибадорликни ошириш борасидаги ҳар қандай таклифлар учун очиқлиги ҳамиша таъкидланиб келинади. Биргина йил бошидан буён вилоят маъмурияти раҳбари кўплаб давлатлардан юзлаб хорижий компаниялар вакиллари, ишбилармонлар ва хусусий инвесторлар билан музокаралар олиб борди. Охирги ташрифлардан бири - хомашё етказиб бериш бўйича таклиф олган Гомель области делегациясидир. Маҳаллий бозоримиз мамлакатимизда рўй бераётган иқтисодий ўзгаришлар нуқтаи назаридан беларусликлар учун қизиқарли. Жорий йил баҳори охирида бўлиб ўтган иккита йирик халқаро бизнес-тадбир - «Invest in Navoi» ва Ўзбекистон-Америка-Канада бизнес-форуми иштирокчилари ҳам шулар ҳақида сўз юритдилар. Ташкилотчилар - минтақавий ҳокимиятлар Инвестициялар ва ташқи савдо ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари кўмагида тадбирларни сифатли майдончада ўтказдилар. Бунга иштирокчилар таркиби ҳам мос келди. Натижалар, айниқса, инвестицияларни жалб қилишда, ўзини узоқ куттирмади. Маълум қилишларича, икки бизнес-форум якунида 370 миллион долларлик 33 лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган.

Хорижий капитал иштирокидаги корхоналар йил бошидан буён 76 та, шундан саккизтаси 2019 йил июль ойида ташкил этилган. Ўзлаштирилган хорижий капиталнинг қарийб чорак қисми Жанубий Корея инвесторлари ҳиссасига тўғри келди, ундан сўнг Хитой ва Россия ишбилармон доиралари ҳамда Туркия бизнеси вакиллари инвестициялар бўйича деярли тенг позицияларда жалб этилди. Инвестицияларнинг асосий қисми қурилиш материаллари, электротехника, енгил саноат каби соҳаларга йўналтирилган. Жорий йил охирига қадар вилоят марказида сунъий қоплама тоши ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар, Зарафшонда - мармарни қайта ишлаш, Кармана туманида - МДФ ва ДСП ишлаб чиқариш корхоналари қувватларининг ишга тушиши кутилмоқда. Хатирчи туманида - замонавий иссиқхонага асос солинади. Бу ерда мутахассислар бугун минтақада 20 қўшма корхона фаолият кўрсатаётган Хитой капитали фаоллигига эътибор қаратмоқдалар, улардан олтитаси «Навоий» ЭИЗда модем ва IT-маҳсулотлар, кабель, гигиена воситалари, кенг кўламдаги металл конструкциялар ишлаб чиқармоқда. Буюк ипак йўли мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси доирасида «Navoiyazot» акциядорлик жамиятида поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш заводи қурилиши борасидаги кенг кўламли лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ҳамкорликка янада улкан динамика ва ҳажм қўшишда навоийликларга хорижий иш сафарлари кўмаклашмоқда. Улар географияси қуёшли Хитойдан тортиб, Финляндиянинг совуқ қирғоқларига қадар чўзилади. Бизнес вакиллари билан мулоқотни йўлга қўйиш бўйича амалга оширилган мураккаб ва машаққатли ишлар натижалар бермоқда. Масалан, жорий йил бошида Хитой инвесторлари билан имзоланган умумий қиймати 287 миллион долларлик лойиҳалар цемент, лифт, металл конструкциялар, сэндвич-панеллар ишлаб чиқариш, мармар, гранит, кахолонг (заргарликда ишлатиладиган опалнинг сутранг тусли тури), ферузани қайта ишлаш корхоналарини ташкил этишни назарда тутади.

Зарафшон маъмурияти раҳбари Анвар Ражабов минтақага хорижий капитални жалб қилиш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланмоқда. Жорий йил бошидан буён Хитой билан келгусида ҳам ҳамкорлик қилиш бўйича тўртта шартнома ва Қозоғистон билан иккита келишув вилоят ҳудудида инвестиция лойиҳалари сони кўпайишининг ижобий якунидир. Хитой компанияси билан тузилган шартномага кўра, олтин қазиб олувчилар шаҳрида пигмент бўёқлар ишлаб чиқарадиган кимёвий завод очиш режалаштирилмоқда. Қозоғистон корхоналари кутилаётганидек, Навоий вилоятида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, кварц қумдан шиша ишлаб чиқариш ва «Zarafshon-city» лойиҳасини амалга оширишни мақсад қилган. Кейинги икки йилда Зарафшонда қиймати 2,111 триллион сўмлик 37 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш дастурлари ишлаб чиқлган.

Президентнинг май  ойидаги фармони билан белгиланган минтақавий ривожланишнинг долзарб шакли мисли кўрилмаган ва ижодийдир. 2019 йил 15 майдан бошлаб Навоий вилоятининг бутун ҳудуди 2030 йил 1 январга қадар эркин иқтисодий зона, деб эълон қилинди ва ана шу давр ичида тадбиркорликни очиш ва йўлга қўйишдаги ғовлар минимум даражага туширилади. Республиканинг етакчи саноат ҳудудида бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, инновацион тадбиркорлик ва юқори технологияли саноатни ривожлантириш, шунингдек, минерал-хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ҳамда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватларни ташкил этиш - аниқ мақсад қилиб қўйилган.

Бугун «Навоий» эркин иқтисодий зонаси - бу сармоядорларни кутаётган улкан ва ҳали ўзлаштирилмаган қўриқдир. Саноат парклари билан ўхшашликларга эга бўлган ҳолда, сўнгги бир ярим-икки йил ичида Навоий ЭИЗ ижобий ўзгаришларни бошдан кечиряпти. Унинг иқтисодий харитасида саноат объектлари бинолари бирин-кетин қад ростламоқда. Хорижий инвесторлар ишлаб чиқариш соҳасида ишлаётган корхоналарга жуда фаол инвестициялар киритмоқдалар. 2019 йил 1 август ҳолати маълумотларига кўра, 50 тадбиркорлик субъекти томонидан 206,8 млн доллар миқдорида инвестиция киритилган. 22 корхона, улардан ўн бештаси қўшма корхоналар, қиймати 18,8 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширди. Улардан бири ПВХ-профилларини ишлаб чиқариш мажмуасидир. Бу ерда йилига 55,2 минг тоннагача тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилганининг ўзиёқ корхонанинг қанчалик миқёсга эга бўлишидан далолат. Бу «Навоий» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида «Akfa Group» компаниясининг иккинчи лойиҳасидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 июндаги қарорига биноан «Навоий» ЭИЗ таркибига киритилган собиқ ишлаб чиқариш мажмуаси негизида қурилиш материаллари бозорида юқори талабга эга бўлган автоклав газбетон ва темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган иккита завод қурилиши бошланди. Корхоналарни технологик ускуналар билан таъминлаш Испания, Хитой ва Туркия компаниялари томонидан амалга оширилади. Автоклав газбетон ишлаб чиқариш заводи қуввати 150 минг дона, темир-бетон маҳсулотлари эса йилига 400 минг кубометрни ташкил этади. Лойиҳа ташаббускорлари замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда заводларни ишга тушириш аҳоли учун қулай, чиройли ва, энг муҳими, хавфсиз уйларни қуришда талаб этиладиган материаллар ишлаб чиқариш ҳажмини бир неча баробар ошириш, объектлар қуриш муддатини сезиларли даражада камайтириш имконини беради, дея таъкидламоқда. Ишларни якунлаш ва заводларни ишга тушириш йил охирига режалаштирилган.

Президентимизнинг Навоий вилоятига ташрифи чоғида тасдиқланган дастур ўзининг аниқ чизгиларига эга бўлмоқда. Расмий статистика маълумотларига кўра, 511 та лойиҳадан 217 таси ишга туширилган, 2106 та янги иш ўрни яратилган. Лойиҳалар тижорат банклари томонидан 252,6 млрд. сўм миқдорида молиявий қўллаб-қувватланди. Навоий шаҳрида очилган йирик пахта ип-калава, Қизилтепа туманидаги Хитой технологияси асосида балиқ етиштириш, Карманада тут ипак қурти ишлаб чиқариш корхоналари кенг кўламли режалар тузмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Навоий бўлими тимсолида йирик илмий марказнинг минтақада инвестициявий жозибадорликни ошириш вазифасини ҳал этишга жалб этилиши кўзда тутилмоқда. Бўлим қошида ХХРдан инвестиция оқимини мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон-Хитой ахборот марказини ташкил этиш ҳақида хабар берилмоқда, у энг истиқболли йўналишлар бўйича потентциал инвесторларга зарур маълумотларни тақдим этади ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида воситачилик вазифасини бажаради. Бошқа янгилик ҳам хурсанд қилади. Навоийлик ёш олим Аҳмад Бурҳонов мамлакатимиз Фанлар Академияси тизимидаги барча иштирокчилар ўртасида докторантура таълим дастури бўйича ягона ғолиб ва «Эл-юрт умиди» жамғармаси сертификати соҳиби бўлди. Жорий йил кузи бошида у лойиҳалаш, эксплуатация қилиш ва эксплуатациядан чиқаришни ўз ичига олган ядровий энергетика қурилмалари мутахассислиги бўйича ўқиш учун Москвага, «МИФИ» Миллий ядровий тадқиқотлар университети аспирантурасига йўл олади. Ушбу етакчи университет атом энергетикаси соҳасида энг юқори даражадаги мутахассисларни тайёрлайди. Таълимини муваффақиятли тугатгач эса, А.Бурҳонов маҳаллий кадрлар ва янги авлод атомчиларни ўқитиш ҳуқуқини берадиган PhD доктори илмий даражасини қўлга киритади.

Дилфуза Ғуломова

«Правда Востока».

Навоий вилояти.

Сергея Никоненко сурати.

 

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 21 августдаги 167-сонида «Инвестиционный магнит республики» сарлавҳаси билан чоп этилган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech