27 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +16,8 °C

Маданият
24 Янв  2019 1869

Ердаги мактабда етти йил ўқиган «Марсдан келган одам»

Кинорежиссёр Алиаскар Фатхуллин 1950-80-йилларда Ўзбекистонда яшаб ижод қилган ёзувчи Явдат Илёсовни ўзининг бир ҳужжатли фильмида «Марсдан келган одам», дея атаган. Унинг ҳаёт ва ижод йўли ақлбовар қилмас ҳодисалару синоатларга лиммо-лим. Ҳатто, мактабни ҳам тугатмаган бу инсон «Ғазаб сўқмоғи», «Сўғдиёна», «Олачипор ўлим», «Илон авровчи», «Анахитанинг қасоси», «Пайкон ва қуёш» каби китоблар муаллифидир. Улар нашр қилинганиданоқ қўлма-қўл бўлиб кетган, ҳозирда ҳам қайта чоп этилмоқда, улар асосида опера ва балетлар саҳналаштириляпти, бадиий фильмлар суратга олинмоқда.

Илёсовни асарларини тарихий сюжетлар устига қурган, Марказий Осиёнинг маълум бир даври ҳодисаларига бадиий шакл берган туғма ёзувчи, дейиш мумкин. Адиб асарларида ҳаққоний ҳодисалар фонида реал фактларни бадиий тўқима билан, ўша даврнинг ҳақиқий қаҳрамонлари-ю, тўқималарини ўзаро уйғунлаштира олган. Яна воқеаларнинг бари тасвирланаётган давр доирасида кечади. Унинг ёзиш услубини «вальтерскоттча услуб», дейиш ҳам мумкин. Таниқли британиялик ёзувчи Вальтер Скотт тарихий роман жанри асосчиси ҳисобланади. «Уэверли ёки олтмиш йил ортга», «Роб Рой», «Айвенго», «Квентин Дорвард» асарлари бунга мисол. Ушбу йўналишнинг ёрқин намояндаларига Виктор Гюго, Катта Александр Дюма, Лион Фейхтвангер, Александр Пушкин, Николай Гоголь, Лев Толстой, Алексей Толстой, Василий Ян, Валентин Пикуль, бизда - Ойбек, Одил Ёқубов, Шукрулло, Мақсуд Қориев ва бошқалар киради.

Явдат Ҳасанович, сўзсиз, ғоят истеъдодли адиб, адолатпарвар ва виждонли киши эди. Яхшигина таниқли бўлишига қарамай, муҳтожликда яшаган, бироқ тақдирнинг турли ўйинлари-ю, тўсиқларига қарамай, абадийлик учун тинмай ижод қилди. У нима ўткинчи-ю, нима айнимас эканини жуда яхши биларди. Шу боис ҳам унинг китоблари мамлакатимизнинг таниқли бадиий асарлари қаторидан жой олган.

Ўзбекистонда яшаган бошқирд миллатига мансуб, ва ўзи асосан, рус тилида қалам тебратган бу инсон, афсуски, яқин вақтларга қадар ҳозирги авлод китобхон ватандошларимизга нотаниш бўлиб қолаверди. Ана шу бўшлиқни тўлдириш учун ёзувчининг фарзандлари Илона ва Жангарлар эзгу ишга бел боғладилар. Улар отаси тўғрисида маълумотларни ҳужжатлару таниш-билишлари хотирасига таянган ҳолда, гўёки ўзга сайёрадан келган одамга маълумот тўплагандек, мисқоллаб йиғдилар. Уларнинг «Қарамай – ва қатъи назар» китоби 2018 йилда «Baktria press» нашриётида чоп этилди. Асарнинг номи рамзий, албатта, муаллифлар уни отасининг доим ишлатадиган бир иборасидан олишган. Маълум бўлишича, яхши ва ёмон кунларида, ҳаётининг оғир вазиятларида ундан ҳол-аҳвол сўрашса, бирдай «Қарамай ва қатъи назар», дея жавоб бераркан.

Чиндан ҳам, пешонасига ўта нооддий тақдир битилган экан. У Бошқирдистонда, Ермекеевск районидаги Исламбахти қишлоғида туғилган. Мазкур қишлоқ Кама ирмоқларидан бири бўлган Ик дарёси қирғоғида жойлашганди. Қулоқларнинг ашаддий душмани бўлган ўқитувчи отасини оқ гвардиячилар онасининг кўз олдида отиб ташлашган. Онаси ҳам отасининг фикрлари тарафдори бўлиб, иродали ва қатъиятли аёл эди. Болаларини ҳам ана шундай қисмат кутаётганини англаган она қишлоқдошлари билан хайрлашиб, уйидан минглаб километр узоқларга бош олиб кетди. Олдин Тошкентга келди, сўнг Янгийўлга яқин жойга ўрнашди.

Қўшниларининг айтишича, Явдатнинг қобилияти жуда эрта пайдо бўлган. Уч ёшида «Мен ким бўламан?» шеърини ёзиб, уни босиб чиқаришга ваъда берган темирйўлчилар альманахига юборган.

Уруш йилларида бахтли тасодиф туфайли у ўқиётган мактабга Ленинграддан бир неча юзлаб томдан иборат тарихий адабиётлар кутубхонасини олиб келишган. Ушбу китоблар Явдат учун ўзига хос устоз, ўзининг айтишича, «сиртқи таълим» вазифасини ўтаган.

Унинг истеъдоди жуда серқирра бўлганига мисоллар кўп: жуда чиройли чизарди, ҳатто, маданият саройида рассом бўлиб ҳам ишлаган, кўпгина созларда, айниқса, скрипкани яхши чалган. Бор-йўғи еттинчи синф маълумотига эга бўлса-да, ўнинчи синф болаларига ўзбек тилидан дарс берган. Олий маълумоти бўлмаса-да, «Комсомолец Узбекистана» (ҳозирги «Молодёжь Узбекистана»), «Ташкентская Правда», «Физкультурник Узбекистана» газеталари таҳририятларида самарали фаолият олиб борган, «Звезда Востока» журналида бўлим мудири, мамлакат Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб бўлиб ишлаган.

Газеталарда унинг шеърлари мунтазам босилиб турарди, 1956 йилда «Звезда Востока» журналида «Ғазаб сўқмоғи» қиссаси эълон қилинди. Асар, муаллиф уни достон деб ҳам атаган, реал тарихий ҳодисаларга асосланган. Унда форслар шоҳи Доро I ни узоқ ва кимсасиз, ҳалокатли саҳрога алдаб бошлаб борган, массагет қабиласидан бўлган Широқнинг қаҳрамонлиги ҳақида сўз боради. Муаллифнинг ана шу асаридаёқ унинг ўз такрорланмас услубига эгалиги яққол сезилади. Унда наср ва назм, тушунарлилик, узоқ ўтмишга оид мураккаб саволларга содда ва бир неча жумла орқали жавоб бериш ўзаро уйғунлашиб кетган. Шу боис ҳам Явдат Илёсовнинг ёзувчи дўстлари у ҳақда: «гўёки ўрма қамчи билан шарт этиб ургандай ёзади», дейишарди.

Қисса эълон қилингандан сўнг ҳудуднинг узоқ ўтмиши ҳақидаги асарлар серияси бошланди. Улар ичида энг кенг қамровлиси македониялик Александрнинг форс давлатига юриши ва Сўғдиёна аҳолисининг унга қаршилик кўрсатгани ҳақида ҳикоя қилувчи «Сўғдиёна» асаридир. Босқинчиларга қарши курашга сўғд Спантамано (Спитамен) раҳбарлик қилган. 1964  йилда нашр этилган «Олачипор ўлим» қиссаси эса форс шоҳи Буюк Кир II устидан ғалаба қозонган сак ва массагетлар ҳукмдори Тўмарисга бағишланган.

Я.Илёсовнинг «Илон авровчи» қиссаси Шарқнинг буюк шоири Умар Ҳайём ҳақида, муаллифнинг ўзи эса уни автобиографик, деб атаган. Унда ёзувчининг қийин ва мураккаб ҳаёт йўли ҳам яққол кўзга ташланади. «Сукут миноаси» унинг давоми бўлиши керак эди, бироқ у тугалланмай қолган. Муаллиф унинг биринчи иккита ва учинчисининг бир қисмини ёзишга улгурган. Бироқ шунга қарамасдан, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти ҳар иккита қиссани битта китоб шаклида нашр этди.

Ёзувчининг «Пайкон ва қуёш» деб номланган ягона романи ҳам ўзида икки минг йил олдинга воқеаларни жонлантиради. Қудратли Босфор шоҳи Асандр Қримдаги озодликсевар Херсонесни ҳам забт этишни дилига туккан. Ниятига етиш учун ўғлини маҳаллий ҳукмдорнинг қизи Гикияга уйлантиради. Бироқ шоҳнинг истило қилиш билан боғлиқ режаси маълум бўлгач, Гикия ватандошлари эрки-озодлиги учун эрига нисбатан бўлган муҳаббатидан воз кечади ва қаршилик ҳаракатига раҳбарлик қилади.

Ёзувчи кинодраматургияда ҳам ўз кучини синаб кўрган. Илк ёзган сценарийси «Ёш дорбознинг саргузаштлари» деб номланганди. У «Дорбозлар» номи билан бадиий фильм сифатида экранларга чиққан. Муаллиф ушбу мавзуни бекорга танлаган эмас: унинг иккинчи умр йўлдоши Анор Шакировна таниқли Тошкенбоевлар сулоласидан эди.

Шахс ва халқ, халқ ва ҳокимият, ижод ва ҳокимият, бадиий ижод моҳияти Явдат Илёсов асарларидаги бош мавзулар эди. Унинг тарихий асарларида романтизм усуллари ва реал ҳодиса ва шахсларнинг чуқур тасвири қойилмақом тарзда ўзаро уйғунлашиб кетган. Шу боис ҳам уни фақатгина тарихий адабиёт ихлосмандлари ўқишмаган.

Масалан, «Қарамай – ва қатъи назар» асарида шундай эпизод келтирилади: «Бир куни Ўзбекистон етакчиси Шароф Рашидовнинг компартия бош котиби Юрий Андропов билан суҳбати бўлиб ўтади. Ва унда Андропов Ўзбекистондаги аҳвол, ишлардан эмас, балки кутилмаган саволни сўраган:

- Шаров Рашидович, сизга ёзувчи Явдат Илёсов исми танишми?

- Албатта.

- Ўта синчков ва истедодли ёзувчи экан. Яқинда унинг бир тарихий қиссасини қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Ҳайратомуз ва мароқли чиқибди. Мени ёзувчининг ўлкангиз тарихини нақадар чуқур билиши лол қолдирди. Бундай ёзувчиларни асраб-авайлаш керак, ижод қилиши учун шароит яратиб бериш лозим.

Меҳмонхонага қайтгач, Шароф Рашидов Тошкентга, ёрдамчисига қўнғироқ қилиб, деди:

- Эртага эрталаб учаман, кечқурунга Явдат Илёсовни таклиф қил. У билан суҳбатлашмоқчиман...

Аммо учраша олмадилар. Худди ўша куни ёзувчи чўкиб кетди».

Афсуски, ҳаётлик чоғида унинг ижоди муносиб баҳоланмади. Унинг ўша даврларда бирорта асари Москвадаги нашриётлар томонидан чоп этилмагани боис иттифоққа унчалик танилмаган. Унинг муаллифлик ҳуқуқини ҳам поймол этишган. Масалан, Тошкентда Явдат Илёсов асари асосида либретто «Сўғдиёна қоплони» операси қўйилди. Бироқ қандайдир сабаб билан сюжет манбаси ва ёзувчининг ўзи ҳеч қаерда тилга олинмаган. Спитаменга бошқа бирорта тарихий манбада «қоплон» дея нисбат берилмаган. Бу номни унга айнан Илёсов берганди.

Бироқ адолат ҳамиша ўзига йўл топади. Бугун унинг асарлари Москвада фаол нашр этилмоқда, бошқа тилларга, хусусан, литва ва словак тилларига ўгирилган. Бугун унинг китобларини ўзбек ўқувчилари ҳам она тилида мутолаа қилиши мумкин. Унинг тўрт китоби: «Сўғдиёна» (таржимон Маъруф Жалил), «Илон авровчи» (Ҳабиба ва Шомуҳиддин Мансуровлар), «Олачипор ажал» ва «Ғазаб сўқмоғи» (Шомуҳиддин Мансуров) ўзбек тилига таржима қилинган.

Ёзувчи ижодига атоқли олим ва адабиётшунос, филология фанлари доктори, профессор, Фирдавсий номидаги халқаро мукофот соҳиби Шоислом Шомуҳаммедов юксак баҳо берган. У «Илон авровчи» ва «Сукут минораси» асарларидаги сўнгсўзда «Бу қиссалари билан Явдат Илёсов нафақат Умар Ҳайёмга, балки ўзига ҳам ҳайкал ўрнатиб кетди», деган сўзларни ёзган.

Юқорида номи тилган олинган «Қарамасдан - ва қатъи назар» китоби санъатшунос ва археолог Жангар Илёсовнинг: «Расман қабул қилинган санага мувофиқ 2019 йилнинг 16 февралида Явдат Илёсов таваллудига 90 йил тўлади. Бу санага бағишлаб бирор расмий тадбирлар ўтказиладими-йўқми, билмайман,  бироқ  ушбу китоб мураккаб тақдир соҳиби ва истеъдодли ёзувчига нисбатан ҳурмат-эҳтиромдир. Асарнинг ўқувчига «қарамасдан ва қатъи назар» яшаган ва ижод қилган Явдат Илёсовни яқинроқ билиш ва тушуниш имконини беришига умид қилиб қоламан», деган сўзлари билан якунланади.

Акмал Саидов,

Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 24 январдаги 16-сонида эълон қилинган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech