23 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,5 °C

Туризм
12 Фев  2019 8148

Кўз ўнгимизда ўзгараётган Шаҳрисабз

Яшил шаҳар, дея нисбат бериладиган Шаҳрисабзга хорижий сайёҳлар оқими олти мартага кўпайди. Ўтган мавсумда Амир Темур туғилган юртнинг диққатга сазовор жойлари билан бир ярим миллионга яқин ватандошларимиз танишган. Бу олдинги йилларга қараганда анча кўп.

Хўш, бундай улкан кўрсаткичларга қандай эришилди? Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Қашқадарё вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган ахборот тури давомида бу саволга барча ҳудудлардан ташриф буюрган журналистлару туроператорлар жавоблар олиш имконига эга бўлдилар.

Биз танлаган йўллар

«Афросиёб» тезюрар поезди эрталаб саккизда Тошкентдаги «Шимолий» вокзалидан жўнайди. Жўнаш вақти жуда қулай: авиарейслардаги каби каллаи саҳарлаб аэропортга йўл олиш керак бўладиган жуда эрта ҳам, пойтахтдан Шаҳрисабзга қош қорайганда кириб борадиган даражада кеч ҳам эмас.

– Мазкур темир йўл линияси илгариям фаолият олиб борарди, албатта, – дейди поезд бошлиғи Темур Тоғаев. – Ўнтача станцияда тўхтаб ўтиладиган рейслар ҳам ўн икки соатгача чўзилиб кетарди. Кўпинча йўловчилар манзилга жуда кечикиб етиб олардилар. Қаршидан Шаҳрисабзгача бўлган темир йўл тармоғи электрлаштирилгач, унда тезюрар поездлар ҳаракатлана бошлади. Бунда йўлга тўрт соатдан сал кўпроқ вақт кетади.

Дарвоқе, Т.Тоғаевнинг айтишича, 15 дақиқа ва ундан кўпга кечикиш учун «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ йўловчиларга дифферинциал пул компенсациясини тақдим этади. Агар кечикиш 60 дақиқадан кўп бўлса, чиптанинг тўлиқ нархи қайтарилади. Аммо ҳали бундай вазият кузатилгани йўқ. «Афросиёб»га қараб соатни тўғриласа бўлади.

Аммо нархлар бироз қимматроқ. Масалан, бизнес-класс чиптаси нархи 249 минг сўм. Тўғри, сайёҳларга имтиёзлар берилади. Президентимизнинг 2018 йил 7 февралдаги «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ йўловчилар ташиш тарифларини пасайтириш бўйича, нархларни белгилашнинг янада мослашувчан тизимини жорий этиш ва барча транспорт турларига агентлик орқали чипта сотиш сиёсати юритиш тадбирлари қўлланилди.

Тошкент-Шаҳрисабз поезди таркиби тўққиз вагондан иборат: иккита VIP-класс, шунча «бизнес-класс», тўртта «эконом-класс» ҳамда вагон-ресторан мавжуд. Йўловчиларга ишга жойлашишдан олдин танловдан ўтган тўққиз нафар стюардлар хизмат кўрсатди. Инглиз, рус ва испан тилларини билиш шарт, японча, хитойча ва италянча сўзлашиш малакаси ҳам қўллаб-қувватланади. Эътиборли томони, барча ёш стюардлар чиройли расмий кийимда, олий маълумотли, аксарияти Ўзбекистон жаҳон тиллари университети ва Тошкент шарқшунослик институтларини тамомлашган.

Йўлда чой, сув ва енгил нонушта таклиф этилади. Бундан ташқари, вагон-рестораннинг пулли хизматлари ҳам бор. Тортма столларга журналлар ва янги газеталар қўйиб қўйилган. Улар орасида ўзимизнинг қадрдон «Правда Востока» ҳам бор экан. Тан оламан, бундан ҳайратландим.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўтказган сўровномага кўра, сайёҳларнинг 12,5 фоизи темир йўл транспортидан фойдаланар экан. Бу таксилардан (52,9 фоиз) кейинги иккинчи ўрин дегани. Аммо Тошкентдан Самарқанд, Қарши, Бухоро, Шаҳрисабз, Урганчдан Хивага тортилган тармоқнинг ишга туширилиши натижасида «Ўзбекистон темир йўллари» рейтинги, сўзсиз, кўтарилади. Ҳатто, сайёҳлар кам бўладиган мавсумда ҳам поездлар юкламаси 96-98 фоизни ташкил этишини таъкидлаш жоиз.

Ён дафтардаги қайдлар

Вагон ойнасидан ташқарининг кўриниши ўзгарди, бутунлай бошқача манзара, ландшафт. Илгари ҳад-ҳудудсиз тақир чўлнинг у бошидан-бу бошига қадар пахта экилган майдонлар бўларди. Эндиликда бу ерларда боғ-роғлари ва яйловлари бўлган яшил воҳалар пайдо бўлган. Жиззах вилоятида қўй ва қорамол подалари ўтлаб юрибди, кичик йилқи уюри ирғишлаб югуряпти. Самарқандга яқинлашган сари кўпгина уйларда қурилган иссиқхоналарнинг устлари оқариб кўрина бошлади. Уйлар ҳам олдингиларини умуман эслатмайди, бир замонлар улар кўримсиз ва фақирона бўларди. Бугун улар оқланган, чиройли кўриниш касб этган. Бу нафақат темир йўлларга яқин жойлардаги кўриниб туради, балки сал узоқроққа назар солсангиз, узум ишкомлари, мевали боғлари ва омборхоналари кўриниб турган чиройли уйларга кўзингиз тушади. Янги ва чиройли коттежлар ҳам ипга тизилгандай бирин-кетин вагон ойнасидан ўта бошлайди. Бугун қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзи, ҳаётга муносабати ўзгарган.

Қашқадарёдан ўтганимизда Шўртанга иш юзасидан бораётган бельгиялик бизнесмен аёл Сьюзан Карнеги қизиқсиниб сўради: «Нега маҳаллий аҳолининг уй-жойларининг бирортаси тўсиқлар билан ўралмаган ва ҳамма ёғи очиқ?» Ҳатто, чўл аҳлининг меҳмонга уйи олдида дастурхон тузаши ҳам унга қизиқ туюлибди. Шунчаки, кенгликларга ўрганишган. Чўпон-чўлиқлар чегара ва чеклов нелигини билишмайди, қулф осиш ва эшикни ёпиб қўйиш уларга ёт. Ҳар ҳолда стюардлар буни шундай изоҳлаб беришди.

Бу ҳақда нега батафсил ёзяпман? Шундай бўлдики, гуруҳимиз «Афросиёб» тезюрар поездига чиқиш учун Шаҳрисабздан Самарқандгача автобусда етиб олди. Йўлимиз Чироқчи туманидан ўтди. Ҳайратланарли даражадаги бир-бирига ўхшамаслик. Йўлларнинг ёмон аҳволдалиги сабаб қадимий шаҳарга етиб олиш учун уч соатча вақтимиз кетди. Йўл четлари шиша идишлар синиқлари, бўш баклажкалар, чиқиндилар ва полиэтилен ўрамларга тўла. Ҳатто, туман марказида уйлар, сартарошхона, кафе, совун туз ва нонлар битта пештахтага қўйилган сохта маркетлар пала-партиш қуриб ташланган. Ҳаммаёқ чанг, лой.

Бир замонлар темир йўллар четлари ҳам шундай кўринишга эга эди. Шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, ёш болалар шўхлик қилиб, тош отиб вагонлар ойналарини синдиришган. Аммо «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тартиб ўрнатди. Ва ниҳоят, қўшни Шаҳрисабз туманидаги ҳайратланарли ўзгаришлар ҳам бунга ижобий таъсир кўрсатди. Чироқчиликлар учун вақт тўхтаб қолдими? Ахир, уйга меҳмон келадиган бўлса, ҳовли, уй олдига, чўл шароитида жуда қадрланадиган, яхшилаб сув сепиб, супуриб-сидирилади-ку?! Сайёҳатчилар эндиликда Шаҳрисабзга Чироқчи орқали автобусларда ҳам тез-тез ўта бошлайдилар. Туризм иқтисодиётнинг локомотивларидан бирига, умуман, одамлар турмуш фаровонлигини оширадиган манбага айланиб бормоқда.

Фестиваллар шаҳри

– «Коба» карвонсаройида ахборот тур иштирокчиларининг тўпланишини эшитиб, атай Китобдан келдим, – дейди 73 ёшли оқсоқол Шаҳобиддин Нуриддинов биз билан суҳбатда. – Дастур жуда қизиқарли: янги сайёҳлик йўналишилари тақдимоти ҳам бўлар экан. Шаҳрисабзда ҳар ой фестиваллар қандай ўтказилиши, туризм соҳасига инвесторлар жалб қилинадими-йўқми, билишни истардим. Ўзим меҳмон уйи очмоқчиман. Қанақа ҳужжатлар керак бўлади? Бу ҳақда Қашқадарё вилояти туризмни ривожлантириш департаменти раҳбари ва хусусий меҳмонхоналар очган оилалардан билиб оламан, деб турибман. Тажрибалари билан ўртоқлашишига умид қиляпман.

Бунгача узоқ йиллар давомида механизатор бўлиб ишлаганман, энди туризм билан шуғулланишга қарор қилдим. Негаки, бу соҳага Президентимиз ва ҳукумат ҳам катта эътибор қаратмоқда.

Қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларни синчиклаб ўрганиб чиқдим. Тадбиркорларга ҳам имтиёз ва преференциялар тақдим этилмоқда, кенг имкониятлар эшиклари очилмоқда. Асосийси, Китобда саноат корхоналарининг камлиги, иш йўқлигидан нолиш нотўғрилигини ўн икки нафар фарзандимга ўз намунам билан исботлаб бермоқчиман. Энди уларнинг ҳаммаси ишли бўлади. Бизнинг шаҳарда ҳам тарихий обида ва мажмуалар кўп. Ўлкамиз ҳақида кўрсатадиган ва сўзлаб берадиган нарсаларимиз бисёр. Сўнгги икки йил ичида Шаҳрисабзнинг кўриниши шунчалик ўзгариб кетдики. Бизнинг Кўксор қишлоғимиз ҳам чиройли бўлиб кетишига ишончим комил. Ана шу эзгу ишга оиламиз билан ҳам ҳисса қўшмоқчимиз.

Бугун чиндан ҳам, Шаҳрисабзни таниб бўлмай қолди. Ўзбекистондаги кўплар шаҳарлардаги каби бу ерда ҳам кенг ва чароғон кўчалар, янги қурилаётган кварталлар, турар-жой массивлари, маданий ҳордиқ бинолари, савдо нуқталари, гуллаган парклар пайдо бўлди. Бу энди ҳеч кимни ҳайратга солмайди, негаки, инсон яхши ва чиройли нарсаларга тез кўникади.

XIV аср охири XV аср бошларида Амир Темур буйруғи билан қурилган Оқсаройдан то буюк лашкарбошининг ўғиллари ва набиралари дафн этилган Темурийлар сулоласининг «Дорус-Саодат» даҳмасига қадар 90 гектар ҳудудни эгаллаган сайёҳлик маркази шаҳрисабзикларнинг ғурури ҳисобланади. Бу ерда биринчи қаватида халқ ҳунармандчилиги устахоналари, кафе ва ресторанлар жойлашган еттита янги хостеллар, мева-сабзавотлар, гўшт-сут, қандолатчилик  маҳсулотлари сотиладиган 500 дан зиёд савдо нуқтасига эга «Чорсу» бозори мавжуд. Амир Темур ва Темурийлар тарихи ва мақом музейлари, Маданият саройи эшиклари ҳамиша очиқ. Шаҳарнинг барча диққатга сазовор жойларини бориб кўришга бир кун камлик қилди. Аммо қадамўлчагичга таянсак, йигирма километрга яқин масофа босиб ўтилган.

Афсона ва ҳақиқат ўзаро қоришиб кетган. Қадимий меъморчилик замонавий, модерн дизайнга эга бино билан ёнма-ён турибди. Ажойиб сайёҳлик кластери. Энди ушбу марказдан самарали фойдаланиш лозим. Аммо қандай?

Транспорт ҳақида юқорида айтиб ўтилди. Меҳмонхоналар ва меҳмон уйлари инфратузилманинг муҳим таркибий қисмларидан биридир. Туроператорларни бу объектлар жуда қизиқтириб қўйди.

– Самарқанддан Бухорога йўналиш тузганда одатда сайёҳларга Шаҳрисабзга бориш таклиф этиларди, – дейди «Согда-тур» сайёҳлик фирмаси вакили Регина Мнацаканян. – Аммо бу тунаб қолиш кўзда тутилмаган икки-уч соатлик транзит йўналиши эди. Бугунги шароитлар билан танишиб чиққач, Амир Темур ватани салоҳиятидан тўла-тўкис фойдаланишни ўйлаб қўйдик. Масалан, Япониядан ташриф буюрадиган сайёҳлар бу шаҳарда узоқроқ қолишни ва тарихий жойларни бирма-бир кўришни, ўрганишни истайдилар. Сайёҳлик маркази ташкил этилгач, бундай имконият пайдо бўлди.

Ахборот тур иштирокчилари «Кеш Палас» меҳмонхонаси жамоаси билан танишади.

- Бу икки қаватли бино анча узоқ қурилди, - дейди отель директори Дилдора Қодирова. – Менга, хусусий тадбиркорга нима бўлса ҳаммасини сотиб олиб, меҳмонхона очишни тавсия қилишди. Банк ҳам имтиёзли шартларда бир миллиард сўм кредит ажратди. Ўзбекистонда Туризмни ривожлантириш жамғармаси ҳам қўллаб-қувватлади. Ўн тўрт фоизлик банк кредитининг беш фоизини Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизидаги ушбу тузилма тўлаб бермоқда. Ўзбекистон ресторатор ва отельерлар ассоциацияси билан «Кеш Палас»нинг тўлдирилиши юқори бўлиши борасида келишувга эришилган.

Меҳмонхонада турли тоифадаги, стандарт ва люкс (оилавий)гача 30 та шинам номерлар мавжуд. Уларнинг ҳар бирида йўлдошли телевидение, Wi-Fi, меҳмонларга нафақат ўзининг мазали таомларини таклиф этадиган, балки конференция, иш форумлари ва семинарлар ўтказиш мумкин бўлган 150 ўринли ресторан ҳам бор. Ёзги бассейн улар хизматида. Темир йўл вокзалида кутиб олиш ва кузатиб қўйиш, сайёҳлик йўналишларига чиқиш имконини берадиган ўз хусусий транспорт парки ҳам фаолият кўрсатади.

Миллий услубдаги меҳмонхона интерьери ҳам ғоят қизиқарли. Рассомлик ишлари ва барельефлар Ўзбекистон бадиий академияси аъзоси Жамшид Назаров томонидан бажарилган.

– Буюртмалар жуда кўп, – дейди у. – Ҳеч қачон талаб бўлмаса керак, деб ўйлаган ғояларимни «Дўлон» отели ва ёши 200 дан ҳам ошиб кетган «Эшонкўпир» меҳмон уйида амалга оширдим. У ерда ўтмишдаги миллий колоритни аслидай қилиб тиклашга муваффақ бўлдим.

Ҳунармандларнинг бутун бошли квартали ҳам сайёҳларни ўзига жалб қилмасдан қолмайди. Бу ерда нафақат антиқа-ю ғаройиб сувенирларни харид қилиш, балки қўлда гилам тўқиш бўйича маҳорат-дарси олиш, кулол чархига ўтириб лойдан бирор буюм ясаш, темирчи билан бирга ишлаш мумкин.

Каштачилик буюмлари савдо мажмуасига айланган устахоналардан бирида фирма раҳбари Юлдуз Мамадиёрова билан учрашдим.

– Қўлда тўқилган гилам ва сўзаналардан тортиб, турли-туман дўппи-ю, бетакрор аёллар сумкачаларигача бўлган маҳсулотларнинг бунчалик кўплиги қаердан, дейсизми? – саволимни қайта такрорлади директор. – Тўқизта қишлоқдан юздан зиёд энг моҳир чевар аёллар билан шартномалар имзоладим. Уларга хомашё - ип-калава етказиб бераман, улар эса менга тайёр маҳсулотларини тақдим этадилар. Бундан ҳеч ким зарар кўрмайди. Масалан, қўлда тўқилган асл гиламнинг бир квадрат метри 75 минг сўм туради. Бундай гиламни тўқишга икки кун вақт кетади. Энди уйда ўтириб ишлаган чевар ойига қанча пул ишлашини ўзингиз ҳисоблаб олаверинг. Каштачилик ўқув марказини очишни ният қилганман. Шукурки, ҳудудимизда асрлар оша чеварчилик сирларини сақлаб келаётган ва давом эттираётган моҳир каштачилар жуда кўп.

Туроператорларни қизиқтирган сайёҳларнинг кечки вақтларини қандай ўтказишига оид яна бир масаласи ҳам ҳал қилинмоқда. Бунда сайёҳларнинг Шаҳрисабзда бир неча кунга қолишига умид билдирилмоқда. Бу ерда бутун мавсум учун режалаштирилган турли байрамлару фестивалларнинг ташкил этилишини ҳам қайд этиб ўтиш жоиз. Бу ерда яна «тирик» Амир Темур ва Навоийлар иштирокидаги «Буюк одим» театрлаштирилган томошаси, мақом ижрочиларининг учрашув-беллашувлари ҳам ўтказилади. «Коба» карвонсаройининг ўзида агротуризм, Ҳисор ва Зарафшон тизма тоғлари бўйлаб саёҳат йўналишлари тақдимоти бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, археологлар етиб бориш анча қийин бўлган тоғ ҳудудида динозаврнинг йигирма тўртта изини топишган.

Пойтахтдан етакчи усталарни таклиф қилиб, миллий либослар, меъморий дизайнлар фестивалини ўтказиш режалаштирилган. Шаҳрисабзда нафақат республикамиздаги, балки Марказий Осиё давлатларининг энг таниқли бахшилари чиқиш қилади. Ўзбекистон аэронавтика федерацияси улкан ҳаво шарида парвозларни ташкил этади. Хуллас, баландликдан қўрқмайдиганлар учун айни муддао. Анъанага кўра, нафақат Осиё, балки Европа, Лотин Америкаси, Африка, яъни дунёнинг салкам қирққа яқин давлатидан ташриф буюрган полвонлар иштирокида халқаро кураш мусобақаси ҳам ўтказилади. Илк бор халқаро от спорти байрами, кўпкари ўтказилади.

Яна бир гап, агар бундай вазият юзага келмаганида, уни ўйлаб топиш керак бўларди. Журналистика соҳасидаги ҳамкасбим чарм ҳамёнини йўқотиб қўйди. Ичида нафақат пуллари, балки паспорти ва гувоҳномаси ҳам бор экан. Унинг бир неча дақиқа ичда топилганини кўриб, ҳайратдан қотиб қолдик.

– Туман ички ишлар бўлими қошида сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси барпо этилган, - дейди бўлим бошлиғи Бекзод Ўнгбоев. – Марказдан туриб, бутун сайёҳлик марказида содир бўлаётган вазиятни 123 та видеокамера ёрдамида кузатиб турамиз. Ихтиёримизда тўртта скутер ва шунча спидвей бор. Ариза тушгани ҳамоноқ ишга киришиб, сайёҳларга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Йигирма нафар ходимимиз йўл-пост хизмати вакиллари билан кеча-кундуз навбатчилик қилади. Чарм ҳамён эса репортёр сайёҳлик объектини суратга оламан, деб шошиб тушиб кетган автомобилдан топилди...

Тимур Низаев. 

«Правда Востока» шарҳловчиси.

Рашид Галиев сурати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech