19 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23,3 °C

Спорт
24 Сен  2019 3439

Бокс: дунёда биринчимиз!

Ўзбекистон бокс жамоаси ўзининг юксак мақомини яна бир бор намойиш қилди. Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида жамоамиз биринчи ўринни эгаллади. Спортчиларимиз ҳисобида учта олтин, биттадан кумуш ва бронза медаллари бор. Чарм қўлқоп усталарининг ҳозирги мундиали ХОҚ қарорига кўра, Олимпия саралаш босқичидан ташқарида бўлгани афсусланарли, албатта

Марат Қурбонов бошчилигидаги терма жамоа мураббийлар штаби бу сафар тажриба қилиб кўришга қарор қилди. Аввалги юлдузлар таркибидан фақат Олимпия чемпиони Шаҳобиддин Зоиров қолдирилди. Қолган йигитлар, янги тўлқин вакиллари, яъни юртимиздаги нуфузли бокс мактабларининг иқтидорли тарбияланувчилари бўлди.  

Тажрибали Зоиров кутилганидек, ҳаракат қилди ва жанглари сезиларли бўлди. Очиғи, ҳеч ким 52 кг вазн тоифасида унинг ғалаба қозонишига шубҳа қилгани йўқ ҳам. Ва, албатта, у том маънода рингнинг ҳақиқий эгасига айланди. У ҳеч кимга, жумладан, Куба, Россия ва Қозоғистондан бўлган асосий рақибларига мутлақо имконият қолдирмади. Ишончли ғалаба ва Шаҳобиддиннинг тўрт йил олдинги Рио-де-Жанейро (Бразилия)даги натижасини Токиода ҳам муваффақиятли намойиш эта олишига катта умид уйғонди.

Шарҳловчилар исм-шарифини тўғри ўқишга қийналган Миразиз Мирзахалиловнинг (57 кг) чиқишлари ҳам кўпгина хорижлик экспертлар учун кутилмаган бўлди. Лекин унинг энди тилга тушиб кетишига ишончимиз комил. Финалда у кубалик Ласаро Альварес билан жангда ғалаба қозонди. Рингда кубалик боксчининг қоши жуда чуқур ёрилди ва учрашув шифокорлари жангни тўхтатиш кераклигини маълум қилишди. Аммо Миразизнинг бу ғалабаси тасодифан бўлмагани қайд этилди. Бундан олдинги тўртта жангнинг барида ўз устинлигини намойиш эта олди.

Учинчи «олтин» - оғир вазн тоифасида Баҳодир Жалоловга насиб этди. Мундиал кашфиёти бўлгани, шубҳасиз. Нокаутга туширувчи зарба бериши билан томошабинларни ҳайратга солди. Айтганча, ҳал қилувчи жангда қозоғистонлик Камшибек Конкабаев билан тўқнаш келди. Олдинги жанглар натижаси - 2:2. Энди кучлар мувозанати Жалолов фойдасига ўзгарди.

Мураббийларимизнинг фикрича, жаҳон чемпионатида иккинчи ўринни эгаллаган Дилшодбек Рўзметов (81) ва бронза медалини қўлга киритган Бобоусмон Батуров (69) яхшигина старт майдонидан Олимп сари кўтарилишда давом этишади.

Жаҳон чемпионатидан улкан зафар билан қайтган боксчиларимизни Ислом Каримов номидаги Тошкент аэропортида тантанали кутиб олиш тадбири ташкил этилди. Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари, Республика бокс федерацияси раиси Очилбой Раматов йигитларимиз ва мураббийларни юксак муваффақият билан табриклади.

Тимур Низаев,

«Правда Востока».

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech