25 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +8,8 °C

Ташвишли хабар
1 Фев  2019 1879

«Сизлар келасиз-кетасиз, биз эса ўз муаммомиз билан қолаверамиз!..»

«Еттикон» маҳалласи Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани марказига яқин жойлашган. Бу ердан Исҳоқхон Ибрат мажмуасига ҳам бир қадам. Маҳалланинг 742 хонадонида 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, мактаб ва болалар боғчаси, замонавийлик белгиси бўлган супермаркет ҳам ишлаб турибди.

Ҳар бир оила ҳаётида ичимлик сув тақчиллиги сезилади. Ҳамманинг оғзида шу гап. Обиҳаётни сотиб олишга тўғри келади. Асосан, ичимлик сувни челак, канистр, бочка ва бошқа сиғимли идишларда етказиш муҳокама қилинади. Кейин эса уни қайнатиш ва тиндириб қўйиш керак бўлади.

Маҳаллий аҳоли бу ерда қачон сўнгги марта меъёридаги тоза сув манбаси бўлганини эслай ҳам олмайди. Шу боис ичимлик сувни тежаб ишлатиш катта-ю-кичикнинг қон-қонига сингиб кетган.

- Кўриб турганингиздек, бу ердан канал оқиб ўтади, аммо суви истеъмолга яроқсиз. Фақат хўжалик ва техник ишларга: кир чайиш, томорқа ва экинларни суғоришга ишлатилади. Унда чўмилиб бўлмайди, ҳатто, совун ҳам яхши кўпирмайди. Нимаям қилардик?! Мутасаддиларга бу борада кўп марта мурожаат қилганмиз, аммо натижа йўқ, - дейди 63 ёшли Маҳмуджон Нурматов.

Мутасадди ташкилотлар бу вазиятни кўра-била туриб нега ҳеч қандай тадбир қўлламаяпти? Савол эса жавобсиз...

Яқинда аҳоли Адлия вазирлигига электрон мурожаат қилганди, уям айланиб-айланиб ўрганиш учун маҳкаманинг вилоят бошқармасига келиб тушган. Яна ҳеч қандай натижа йўқ.

- Ёзда ичишга яроқсиз бўлса-да, канал суви жонимизга оро киради. Аммо қиш ойлари анча қийналамиз, - дейди «Еттикон» МФЙ раиси Акромжон Азизов. – Талаб таклифни келтириб чиқаради, деб бежиз айтилмаган. Натижада уддабурон фуқаролар пайдо бўлиб, махсус мослаштирилган «Москвич»ларда ичимлик сувни сотишга олиб келишади. 4-мактаб ва болалар боғчасига 3-4 канистр ичимлик сувни бепул бериб кетаётганлари учун ҳам уларга раҳмат.

Бу ерда сув қувурлари тизими сўнгги марта узоқ 1988 йилда таъмирланганига ишониш жуда қийин. Ана шу йиллар давомида интернетнинг тити-питисини чиқарадиган ҳамда дунё ва жаҳондан нималар содир бўлаётганидан ҳамиша тезкор хабардор авлод вакиллари улғайди. Уларни ҳам нима учун ҳамма ёқда турли ислоҳотлар амалга оширилмоқда-ю, уларнинг маҳалласи янгиланишлардан четда қолаётгани ҳақидаги савол қийнамоқда. Яна бир нарса бизни хафа қилди, маҳалла аҳолиси журналистларга ишонмай қўйган. «Сизлар келасизлар, бонг урасизлар, ёритасизлар, аммо бизнинг муаммо барибир ечилмай қолаверади», дейди менга ёши улуғ бир онахон.

Мазкур мақоланинг ҳам бекор кетган уриниш бўлиб қолмаслигига ишонгимиз келади. Хуллас, мутасадди шахслар ҳам бу муаммога эътибор қаратиши ва уни бартараф этишга киришишига умид қилиб қоламиз.

  1. S. Норин туманидаги Ҳаққулободда – байрам. 14 та маҳалладан иборат шаҳарча аҳолисининг орзуси ушалди: «Ўзтекс» компанияси маблағлари ҳисобига умумий узунлиги 36,3 километрлик сув қувурлари коммуникацияси ётқизилган. Энди қарийб 30 минг киши тоза ичимлик сув билан таъминланди. Дарвоқе, ушбу ташкилот 500 иш ўрнига мўлжалланган тикув фабрикаси, ўз ходимларининг фарзандлари учун 160 ўринли МТМ қурмоқда. «Еттикон» маҳалласи аҳолисининг ҳам ана шундай орзуси ушалишини кутиб қоламиз.

Феруза Отахонова.

Наманган вилояти.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech