26 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +14,4 °C

Спорт
7 Мая  2019 978

Еттинчи тур. “Пахтакор”да яна ғалаба, “Локомотив” эса очко йўқотди

Ўзбекистон чемпионати. Суперлига. Еттинчи тур.  «Пахтакор» - «Металлург» - 2:1,  «Локомотив» - «Қўқон-1912» - 2:2, «Навбаҳор» - «Суғдиёна» - 3:1,  «Бухоро» - «Насаф» - 0:1, «Андижон» - «Динамо» - 2:2, ОКМК– «Сурхон» - 2:0,  «Қизилқум» - «Бунёдкор» - 1:0.

Футбол марафонининг биринчи чорагида етакчи клублар шоҳсупанинг юқори поғоналарига кўтарилиш учун яхшигина ҳаракат қилишди. «Пахтакор» ҳали бирор марта мағлубиятга учрагани йўқ. Тўғри, мураббий Шота Арвеладзе шогирдлари мавсум бошида жуда сифатли ўйин кўрсатишганди, аммо апрель ойидаги ўйинлари борасида бундай деб бўлмайди. Бу айниқса, «Металлург» жамоаси билан бўлган учрашувда яққол кўзга ташланди. Осонгина ютишни ўйлашганди. Бекобод клубида эса кўпгина собиқ «Пахтакор»чилар тўп сурмоқда. Аммо бир нарса азалдан маълум, енгил ғалабалар якунда кўнгилдагидек ва кутилган натижаларни бермайди.

«Локомотив» эса омадсизлик билан бошлади. Дастлабки учрашувда асосий рақиби «Пахтакор»га 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Шундан сўнг темирйўлчилар ўз ҳисобига бирданига бешта ғалаба ёзиб қўйишди. Аммо уларнинг айримлари катта қийинчилик билан қўлга киритилди. Ички чемпионатда камчиликлар таркибдаги юқори савияли ўйинчилар ҳисобига билинмай кетган бўлса, Осиё чемпионлар лигаси учрашувларида кучлари тенг бўлган клублар беллашувларида оддий хато ҳам кечирилмайди. Шу боис «Локомотив»нинг минтақадаги нуфузли турнирнинг кейинги босқичига чиқиши масаласи савол остида турибди.

Бугунги «В» гуруҳи етакчиси «Ал-Ваҳда» билан Бирлашган Араб амирликларидаги учрашувдан олдин тошкентликлар «Қўқон-1912» билан машқ қилиб олишди. Биринчи таймнинг ўрталарига бориб, ҳисоб иккита голга етди. Қўқонликларнинг мағлубияти аниқдай кўринарди.

Бироқ майдон эгалари ватанимиз ҳакамлари омилини ҳисобга олишмаган экан. Биринчи тайм охирида меҳмонлар ўйиндан ташқари ҳолатда туриб, шубҳали тўпни дарвозага йўллашди. Ҳакам қўшиб берилган вақтда эса пенальти белгиланди ва қўқонликлар ундан унумли фойдаланишди – 2:2. «Локомотив» ўзига ортиқча ишониб, бепарволикка берилиши натижасида икки очкодан маҳрум бўлди.

Ана шу турдан сўнг ҳозирча аниқ бўлмай турган чемпионат аутсайдерлари пайдо бўлди. Турнир жадвалининг қўйи поғонасидаги клубларни ҳозирча учинчи ўринда бораётган «Навбаҳор»дан атиги беш очко ажратиб турибди. Агар «Қўқон-1912» кейинги икки учрашувда ғалабага эришса, бронза медалига номзодга айланади. Бундай номзодлар эса бирталай.

Аммо наманганликларнинг имкониятлари юқорироқ. Хўш, нимага? Ниҳоят, Андрей Канчельскис жамоаси ўз «уйи»га эга бўлди. Футбол майдонидаги яшил майса фойдаланишга топширилди. Бу ёғига ишқибозларининг қўлловида жамоа ўз майдонида унча мунча жамоага ўйинни бой бермаса ҳам керак. Бунга «Сўғдиёна» билан бўлган учрашувда гувоҳ бўлдик. Ўйинчиларни фақат олға интилишга ундаган футбол ишқибозлари бир дақиқа ҳам жим туришгани йўқ. Бу рақиб жамоаси ўйинчиларига кучли руҳий прессинг ҳам бўлди, дейиш мумкин. Томошабинларнинг бундай қўллаб-қувватлаши сабаб жиззахликларнинг ўйиндаги имкониятлари пасайиб кетди.

Супер лиганинг энг ёш (ўйинчиларнинг ўртача ёши 22 да) жамоа ҳисобланган «Насаф» ҳам ҳақли равишда ғалаба қозонди. Қарши клуби жамоавий ўйини билан кучли. Ана шу усулдан жамоа устози Рўзиқул Бердиев тўла фойдаланади. Яъни ёш юлдузчаларнинг то ёрқин нур сочувчи юлдузларга айлангунига қадар. Ўшанда мураббийда ўйинни бошқача ташкил этиш имконияти пайдо бўлади. «Бухоро» жамоаси ёш истеъдодларнинг ўйинига етарлича қаршилик кўрсата олмади. Фақат уларни турли жамоаларга тортиб кетишмаса бўлгани. Эслатиб ўтамиз, қаршилик йигитлар Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ўзагини ташкил этади.

«Қизилқума»нинг хатоларга йўл қўйиши кутилмаганди, бироқ «Бунёдкор»нинг истеъдодли йигитлари уларни шунга мажбур қилишди. Шунингдек, тошкентликлар қулай имкониятларда фойдалана олишмади ва натижада жазоланишди. Ўйин давомида тўп кирита олмаган навоийликлар рақиб жамоаси жарима майдончасида белгиланган пенальтидан унумли фойдаланишди.

Умумий ҳисоби 1:7 бўлган ва қаторасига учта мағлубият аламини тортган ОКМКнинг ортга чекинишига йўли қолмаганди. Миржалол Қосимов шогирдлари «Сурхон» билан учрашувдан сўнг ўз ҳисобларига узоқ кутилган уч очкони ёзиб қўйишди. Бироқ бу Ўзбекистон кубоги эгаси ва Осиё чемпионлар лигаси иштирокчиси шуҳратини ушлаб қолишдаги заифгина бир таскин, холос. Ҳозирча ОКМК ўйин сифати бўйича етакчилар гуруҳига кириши учун анчагина тер тўкишга тўғри келади.

«Андижон» ва «Динамо» жамоалари аъзолари маҳоратидаги камчиликлар жон-жаҳди ва фидойилик билан ўйнаш тўлдирди. Гарчи беллашув дуранг билан якунланган бўлса-да, майдонда очиқ, романтик футбол намойиш этилди ва буни томошабинлар олқишлар билан мукофотлади. Меҳмонда, кўплаб андижонлик томошабинлар қаршисида тўп суришганига қарамай, самарқандликлар ҳам бўш келишмади.

Еттинчи турдан сўнг жамоалар ҳолати

   Клублар                 Ю Д  М  Т   О

  1. «Пахтакор» 6  1  0 13:5 19
  2. «Локомотив» 5  1  1  15:7  16
  3. «Навбаҳор» 3  2  2  11:9   11
  4. «Металлург» 3  1  3  13:9  10
  5. «Насаф» 3  1  3  11:8  10
  6. «Бунёдкор» 3  1  3  9:9    10
  7. «Динамо» 2  3  2  8:9    9
  8. «Сурхон» 2   3  2  5:6    9
  9. «Қизилқум» 2  2  3  8:11  8
  10. ОКМК 2  1  4 11:11 7
  11. «Андижон» 1 4  2  6:9    7
  12. «Бухоро» 1 3  3  6:9   6
  13. «Суғдиёна» 2 0  5 7:14  6
  14. «Қўқон-1912» 1 3  3 7:16   6

Тимур Низаев.

«Правда Востока» шарҳловчиси.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech