09 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +3 °C

Кейинги авлод
14 Ноя  2019 977

Илк бор бошланғич синф ўқувчиларининг билими халқаро тизим бўйича баҳоланади

Бугун Тошкент шаҳридаги 238-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дениел Розенблюм иштирокида EGRA ва EGMA пилот лойиҳасининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилади вазирлик матбуот хизмати.

EGRA ва EGMA тадқиқотлари бошланғич синфларни ўқитишда тизимли бўшлиқларни ташхислаш ва уларни ҳал этишнинг энг мақбул ечимларини аниқловчи, ўқиш ҳамда саводхонлик кўникмаларини синовчи илмий асосланган моделлар ҳисобланади.

Ушбу тадқиқотлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан АҚШнинг Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа 2019 йил 28 сентябрда ХТВ ва USAID ўртасида 50 миллион долларга имзоланган беш йиллик ривожланиш мақсадлари тўғрисидаги битимнинг биринчи таркибий қисмидир.

EGRA ва EGMA тадқиқотлари юртимизнинг 12 вилоятида 7 тилда ҳамда инглиз тилида олиб борилиши режалаштирилган.

Пилот тадқиқотлар икки ҳафта давомида мамлакатимизнинг 70 та мактабида ўтказилади ҳамда 1,4 мингта 2-синф ва 1,4 мингта 4-синф ўқувчиларини қамраб олади.

Синовнинг асосий мақсади ҳар бир тил учун воситаларни синаб кўриш, маълумотларни йиғиш, шунингдек, ушбу тилларда имтиҳон топшириш амалиётини синаб кўришдан иборат.

Тест ўтказиш учун 5 нафар имтиҳон олувчилардан таркиб топган гуруҳлар ташкил этилди.

2020 йилнинг май ойида Ўзбекистон мактабларида тўлиқ тадқиқотлар ўтказилиши режалаштирилган. Тадқиқотлар 10 кун давомида тасодифий танланган 940 та мактабда ўтказилади. Мазкур жараёнга 11,28 мингта 2-синф ва 4-синф ўқувчилари қамраб олинади. Синовларда ҳар бир синфда 12 нафар ўқувчи иштирок этади.

EGRA ва EGMA тадқиқотларининг якуний натижалари 2020 йилнинг август ойида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бугунги кунга қадар ўқувчилар билимини баҳолашнинг объектив тизими йўқлигини таъкидлади:

– Ҳозирда Халқ таълими вазирлиги халқаро тажриба ва тадқиқотлар асосида бу каби тизимларни жорий этиш устида ишламоқда. Илк бора халқаро тизим асосида ўқувчилар билими баҳоланяпти. Ушбу тадқиқотлар Ўзбекистон натижаларини бошқа давлат маълумотлари билан таққослаш ва уларни ҳал этишнинг энг яхши усулларини топиш имконини беради. Шу муносабат билан директор ва ўқитувчиларни баҳолашнинг холислигини таъминлашга чақираман. Чунки маълумотлар таълим тизимидаги муаммоларни аниқлашга ёрдам беради, ­– дейди вазир.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech