20 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13 °C

Саломатлик
10 Апр  2019 1652

Янги мажмуада йилига 8 мингта травматологик операцияларни амалга ошириш режалаштирилмоқда

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг замонавий андозалар даражасида барпо этилган ва энг сўнгги тиббий технологиялар билан жиҳозланган етти қаватли янги мажмуаси фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Айни пайтда марказда консультатив поликлиника, тез ёрдам бўлими, 240 ўринга мўлжалланган 8 та стационар ва 6 та параклиник бўлим фаолият кўрсатмоқда. Йилига 85 мингдан ортиқ беморга юқори малакали даволаш-консультатив хизмати кўрсатиб келаётган марказ клиникасида 6 мингдан зиёд ноёб амалиётлар ҳам бажарилмоқда.

Барча қулайликларга эга янги мажмуанинг фойдаланишга топширилиши травматология соҳасида кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада такомиллаштиришга замин яратади. Марказдаги мавжуд ўринлар сони 300 тага етди. Бинода телемедицина, электрон ҳужжатлаштириш, юришни текширувчи лаборатория (GateLab), магнит-резонансли томография, интраоперацион микроскопия, интраоперацион нейромониторинг каби янги диагностика усуллари жорий этилади. Шу билан бирга, бу ерда елка, ошиқ ва майда бўғимларни эндопротезлаш, умуртқа диск чурраларини ёпиқ усулда олиб ташлаш, умуртқа дискларини лазер билан куйдириш, умуртқада эндоскопик операциялар, елка бўғимида артроскопик операциялар, туғма сколиозни оператив даволаш сингари замонавий даволаш технологияларини қўллаш имкониятлари ҳам пайдо бўлади.

Мажмуанинг биринчи қаватида шикастланган беморларга шошилинч травматологик ёрдам кўрсатиш бўлими, иккинчи қаватида консультатив поликлиника, учинчи қаватида диагностика лабораториялари, тўртинчи ва бешинчи қаватида травматология ва шикастлар асорати бўлимлари, олтинчи қаватида реанимация бўлими ҳамда еттинчи қаватида операция бўлими жойлашган. Унда тиббиёти ривожланган нуфузли хорижий давлатлардаги замонавий клиникаларда мавжуд бўлган тиббий асбоб-ускуналар ўрнатилди ва компьютерлашган хизмат тизими барпо этилди.

Марказда операциялар сонини йилига 8000 тага, улардан янги технологияли операцияларни 6400 тага ошириш режалаштирилмоқда. Яратилаётган кенг имкониятлар туфайли тиббиёт туризмини ҳам ривожлантирилиб, 1500 нафардан ортиқ беморга ёрдам бериш имкони пайдо бўлади. Сўнгги ютуқларга асосланган операцион блок ва технологиялар АҚШ, Германия, Буюк Британия, Россия давлатларининг нуфузли тиббиёт марказ ва клиникалари билан алоқалар ўрнатилишини таъминлайди.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech