23 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +20 °C

Мамлакатимизда
11 Мар  2019 1361

Ховоснинг янги тарихи ёзилмоқда

Аёллар юзидаги табассум – наинки оилалар, балки халқ ҳаётининг ҳам ўзига хос барометридир.  Мамлакатимиз раҳбари ғояси билан амалга оширилаётган  “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби дастурлардан кўзланган мурод-мақсад ҳам, аввало, чекка-олис ҳудудлардаги хотин-қизларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун етарлича шарт-шароит яратишдан иборат.

 

Айниқса, хотин-қизларни ҳам доимий иш ўрни, ҳам уй-жой билан таъминлашда ўтган йили ўзига хос “Мирзачўл тажрибаси” яратилди: Мирзачўл тумани маркази – Гагарин шаҳри қисқа мудддатда таниб бўлмас даражада ўзгартирилди, хусусан, эски барак кулбалар ўрнида янги-замонавий уй-жойлар қурилиб, бу уйларнинг катта қисми имтиёзли ипотека кредити эвазига ижтимоий ҳимояга муҳтож, меҳнатга лаёқати чекланган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга ажратилди. Бу аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг барқарор даромад топиб, кредит тўлаши учун эса “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси” барпо қилинди. Бу билан 300 нафар хотин-қиз доимий иш жойига, ҳам ўз уйига эга бўлди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур “Мирзачўл тажрибаси” мамлакатимиз миқёсида кенг маштабда татбиқ этилмоқда. Президентимиз шу йилнинг 19 февраль куни Ховос туманига ташриф буюриб, Ховос шаҳарчасининг бош режаси билан танишиш асносида «Мирзачўл тажрибаси» асосида Ховос шаҳарчасининг янги марказини бунёд этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бор хотин-қизларни ҳам доимий иш, ҳам уй-жой билан таъминлаш мақсадида вилоятда 32 та тикувчилик мажмуалари ташкил этиш ва шу асосда 4 минг 200 дан зиёд хотин-қизни иш билан таъминлаш бўйича топшириқ берган эди.

Мамлакатимиз раҳбарининг бу эзгу ташаббуси қарийб 40 йилдан бери эътибордан четда қолган, оғир-мураккаб турмуш тегирмонида қийналиб кун кечирган ховосликларни руҳлантириб, уларнинг кучларига куч, ғайратларига ғайрат қўшди. Ховос эли уйғонди. Шунга яраша марра ҳам катта олинди.

“Гулистон сити”дан кейин “Ховос сити” учун ҳам тамал тоши қўйилди, рамзий қозиқ қоқилди. Бу – вилоятда иккинчи марказий шаҳар қурилишига асос солинди дегани. Ховосда охирги эллик йил давомида биронта кўп қаватли уй қурилмаган. Одамлар эски, тор, зах уйларда яшаб келган. Янги марказ ҳудудида эса 5 қаватли 30 та турар-жой бинолари, уйларнинг биринчи қаватида савдо дўконлари барпо қилинади. Икки сотихли 100 та арзон уй-жойлар, мактабгача таълим муассасалари, мактаб, тиббиёт муассасаси, маданият саройи ва бошқа кўплаб маъмурий бинолар қад ростлайди.

Мана, бу лойиҳанинг илк натижаси ҳам бўй кўрсатди: Ховос тумани Бунёдкор маҳалласидаги қаровсиз, ташландиқ, шўр босган жойда қисқа муддат – 17 кун ичида энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган тикув мажмуаси янгидан барпо этилди. Бунинг натижасида маҳалладаги 140 нафар хотин-қиз доимий иш ўрни билан таъминланди.

“Sirdaryo baraka chevarlari” корхонасининг очилиш маросимида таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ғояси билан Ховоснинг янги тарихи яратилмоқда, мазкур корхона эса ушбу бунёдкорлик солномасининг илк муждасидир.

Корхона тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, йилига 8 миллион дона турфа тайёр маҳсулотлар – сочиқлар, болалар ва катталар кийимлари, чойшаблар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотнинг 60 фоизи экспортга, қолгани ички бозорга йўналтирилади. Хом ашё эса маҳаллий корхоналардан олинмоқда.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech